1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Муҳаббат ва ширк

Аллоҳ Таъоло Қуръони Каримнинг “Аъроф” сурасида: «У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилдилар. Уларга солиҳ (фарзанд)ни берганида эса, Аллоҳ берган нарсада Унга шериклар қила бошладилар. Аллоҳ улар келтирган ширкдан олийдир», дея марҳамат қилган (“Аъроф” сураси, 189-190).

Инсон муҳаббатсиз яшай олмайди. Кимдир ўз завжасини яхши кўради, кимдир эса автомобилларни жонидан ортиқ севади. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Инсоннинг баъзи нарсаларга муҳаббат қўйиши Қуръони Каримда ҳам зикр этилган. Уларнинг орасида бола-чақа ва мол-мулкка бўлган муҳаббат алоҳида ажралиб туради. Масалан, “Каҳф” сурасида: «Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир», дейилган (“Каҳф” сураси, 46).
Ҳақиқатдан ҳам биз бола-чақа учун кўп нарсаларга тайёр турамиз: ўзимизни ўтга-чўққа урамиз, улар учун саломатлик ва қимматбаҳо вақтларимизни ҳам аямаймиз. Биз жуфтларимиз ҳомила бўлганида уларни эҳтиёт қиламиз, асраб-авайлаймиз. Фарзандларимиз бирон нарсага мухтож бўлмасин дея туну-кун тинимсиз ишлаймиз. Шундай бўлишига қарамай, нега кўпчилик ўз саъйи-ҳаракатари эвазига умуман тескари натижаларга эга бўлишади. Яъни, вақт ўтиши билан куйиб-пишиб вояга етказган бола-чақалари негадир ношукр бўлиб вояга етган бўлади. Биз келажакда туғилажак фарзандлар учун ғам чекамиз. Бу нормал ҳолат. Ҳеч ким ўз фарзанди касал бўлиб туғилишини истамайди. Агар тақдир бўлиб туғилажак авлод касал ёки қандайдир ақлий нуқсон билан дунёга келадиган бўлса сабр қилиб, тақдирга рози бўлиш керак. Хуллас, Аллоҳ Таъоло бизни тақвога чақиради ва ақлан, жисмонан соғлом бўлган солиҳ фарзанд сўрашимизга буюради. Ҳомиладорлик вақтида қуйидаги оятдаги дуони ўқишда фойда бор: «Робби, ҳаб лии милладунка зурриййатан тоййиба, иннака самии‘уд-ду‘а» (Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан). (“Оли Имрон” сураси, 38).
Эр, аёл ёки уларнинг ота-оналари ҳомила осон бўлишини дуо қилиб сўраши мумкин, масалан қуйидаги дуо билан: «Аллаҳумма яссир ва ла ту‘ассир» (Маъноси: Аллоҳим осон қил, қийин қилиб қўйма). Ҳамда қуйидаги дуо ҳам фойдалидир: «Аллаҳумма-рзуқна валадан солиҳа» (Маъноси: Аллоҳим, солиҳ фарзанд билан ризқлантир).
Мақола бошида келтирилган ояти каримани баъзи муфассирлар Одам алайҳиссалом ҳақларида деб айтишади. Бироқ бу хато фикр, чунки пайғамабарлар гуноҳлардан маъсум бўладиллар, айниқса ширкдан. Масалан, Аллоҳ Таъоло “Зумар” сурасида Пайғамбаримиз с.а.вга «Батаҳқиқ, сенга ва сендан олдин ўтганларга ҳам: «Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан", деган (“Зумар” сураси, 65). Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини, унинг нурафшон ахлоқини (хулқини) ҳамда олий даражадаги тақводорлигини билганимиз ҳолда у шундай огоҳ этилишга лойиқ бўлиши мумкинлигини тасаввур эта олишимиз мумкинми? Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ аслида пайғамбарлари воситасида бизга, оддий гуноҳларга мойил бўлган инсонларга, яъни Одам алайҳиссалом авлодларига мурожаат қилмоқда. Одам алайҳиссалом шу маънода бизга солиҳ фарзанд сўраб Аллоҳга қандай қилиб дуо қилиш бўйича намуна бўлиб қолмоқда.
Бироқ, фарзанд туғилгач, баъзи ота-оналар, ёхуд бобоси ёки бувиси янги чақалоққа нисбатан бўлган муҳаббати туфайли уни кўкларга кўтариб юборишади, хатто сиғиниш даражасигача боришади. Чақалоқ ҳақида гап очилгудек бўлса барча нарса унут бўлиб, ниҳояси йўқ мақтовлар бошланиб кетади. Улар чақалоқнинг ҳақиқий Эгаси ким эканини унитиб қўйишади.
Албатта биз ўз фарзандларимизни Аллоҳ Таъолонинг бизга омонат қилиб берган буюк туҳфаси сифатида қараб севишимиз мумкин ва севишимиз ҳам керак. Маълумки, Аллоҳ Таъоло Қуръони Каримда Одам болаларини мукаррам қилиб яратилгани ҳақида айтган. Ва бундай муҳаббат фарзанднинг гуноҳкор ёки кофир бўлиб улғайишидан доимий хавотир ва қўрқувни намоён қилади. Шундай қилиб, фарзандимизни эркалаб, бошини силаб, ёки ўпиб, унга Аллоҳ Таъоло ҳақида гапириб беришга ҳаракат қиламиз. Умумий қилиб айтганда, уни охират йўлига керакли барча нарсалар билан таъминлаб беришга интиламиз.
Аммо агар ота-оналарни бу масалалар ташвишга солмаса, агар улар бу ҳақида қайғурмасалар, ўзлари сезмаган ҳолда ширкка мубтало бўлишга бошлайдилар. Улар Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтирган мўъмин бўлишлари мумкин, аммо уларнинг феъл-атворидаги мазкур хислат ширк аломатидир. Бунақа ота-оналарни биз мушрик дея олмаслигимиз табиий, чунки улар Аллоҳга ва унинг расулига иймон келтирганлар, бироқ уларнинг қилаётган амаллари мушрикларга хос аломат саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир!» Яна: «Сизлар хусусингизда қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк», дедилар. «Кичкина ширк нима?» дейишди. «Риё» дедилар. Халқ орасида “хўжа кўрсин” деган сўз ҳам бор. Масалан қандайдир бир одам истамаган ҳолда намоз ўқиётган бўлади, унинг ёнига кимдир келиб қолса, у намозини гўзал тарзда адо қилишни бошлайди, келган одам эса: “Бу қандай ҳам солиҳ мусулмон экан”, деб ўйлайди. Ҳақиқатда эса, бу одам холи, ёлғиз қолганида намозини зўрға ўқийди. Бу риёнинг ўзгинаси, ҳамда мунофилик ҳамдир. Аллоҳ Таъолонинг Ўзи сақласин!
Бир воқеа эсимга тушиб кетди, буни биродарлар айтиб беришган эди. Арофат тоғида дуолар қабул бўладиган соатда ҳожиларимиздан бир домла катта жамоат номидан дуо қилмоқда. Дуолар шундай чиройлик қилиняптики, жамоат кўзидан ёшлар дув-дув дарё бўлиб оқмоқда. Ҳамма йиғлаган, йиғламаган қолмаган. Домланинг ўзи ҳам қалбларни титратган. Хуллас дуолар қилиб бўлингач, домла олдига бориб: “Домла, қойилман”, деганларга домла: “Қалай, бопладимми?”, деярмиш...
Шундай қилиб, фарзандларимизга бўлган муҳаббатга ширк аралашиб қолиши мумин. Ҳақиқий мўмин ўз қалбини, ўз ҳиссиётларини бу гуноҳдан худди виждони ва шарафини ҳимоя қилгани каби ҳимоя қилиши керак. Мўмин ўз қалбини такаббурлик, манманлик ва нифоқдан сақлаши керак, чунки бу худосизларнинг сифатларидир. Бу сифатларни инсонни ҳалокатга олиб келувчи вирусга қиёсласа бўлади. Афсуски, баъзи мўминларда даҳрийларнинг сифатлари, баъзи даҳрийларда эса мўминларнинг сифатлари бор. Даҳрийлар эга бўлган сифатлардан қуйидагиларни мисол қилса бўлади: дангасалик, меҳнат усулларига бефарқлик, вақтни кайф-сафога сарф қилиш, ҳаётда нега яшаётгани, мақсад нима экани ҳақида тафаккур қилмаслик, ҳақиқатни излашни истамаслик ва ҳоказолар. Бироқ, мўмин кишида даҳрийлар сифатини кўрсангиз, уни асло даҳрий деб бўлмаслигини доим ёдда тутишингиз керак.
Бундай одамларни агар “қалб вируси”га эга бўлсангиз, ҳаётда мақсадларингизга ета олмайсиз, деб огоҳлантириш керак. Яна, биз баъзи даҳрийлар ёки бошқа бир ботил диндагиларнинг ҳақиқий мўмин каби ҳаракат қилаётганларини ҳам кўриб қоламиз. Масалан, улар орасида жуда ҳам меҳнаткашлари, вақтларини ўта пухта режалаётганлари (яъни вақтларини исроф қилмайдиганлари), билимга интилаётган ўртоқларини қўллаб-қувватлаётганлари бор. Биз шундай одамларнинг мисолларини биламизки, улар илонларнинг ҳаётларини ўрганиш учун оддий кулбаларга рози бўлиб ўн йиллаб ўрмонларда яшайдилар. Оҳ, қани эди бу одамларнинг тадқиқотларидан кўзланган мақсадлари Аллоҳга қурбат ҳосил қилиши бўлса! Агар шундай бўлганида эди, Аллоҳ Таъоло уларни бошқа бандаларидан афзал қилган бўлар эди: бироқ уларда бундай мақсад йўқ: улар фақат оддий табиатшунос ва материалистлардир. Аллоҳ таоло уларга бу дунёда мувоффақият ато қилади, бироқ мўмин-мусулмонларда бундай мақсадлари бўлмагани учун ҳам Аллоҳ Таъоло уларга муваффақият ато қилмаётган бўлса ҳайрон қолиб, ажабланмаслик керак. Шунинг учун ҳам мусулмонлар мағлуб бўлмоқда. Бугунги мусулмонларнинг ҳолати ҳам бунга ёрқин мисолдир.

“Аллоҳумма инний аъувзу бика мин жаладил-фажир ва ажзис-сиках!” (Маъноси: Аллоҳим, мен Сендан шижоатли фожир-у, ожиз мўминдан паноҳ беришингни сурайман!)
Бу ҳазрати Умар Форуқ розияллоҳу анҳу томонларидан айтилган бениҳоя ҳикматга эга бўлган сўздир. Дарҳиқиқат, ботил йўлда, ботил ақидада, ботил маслакда бўлган қанчадан-қанча ўз йўлида шижоаткор, пўлат иродали, бардошли, ўз маслагига жонкуяр одамларни кўрамиз. Улар охират диёридаги мукофотга иймонлари бўлмагани ҳолда не-не молу давлатларини ўз маслакларини ривожлантириш учун сарф этадилар. Валид ибн Муғийра, Умайя ибн Халаф ва бир қанча мушриклар охиратга ботил эътиқодини ҳимоялаш учун не-не мол-давлатларини сарф килган эдилар. Ва шунинг қаршисида эса, тўғри йўлда, тўғри ақидада бўлса ҳам, бироқ ниҳоятда дангаса, ланж, бахил биродарларни кўрамиз. Мана, шу-да – "фожирнинг саботи билан мўминнинг ожизлиги!!!"

Аллоҳ Таъоло барчамизга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу паноҳ сўраган нарсадан паноҳ берсин!

Баъзи манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

(Давоми бор, Инша Аллоҳ)

Ҳозир сайтимизда 95 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ