1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Кексалик одоби

 

 

 

Чеҳрасида ой балқиб турган нуроний отахон-онахонларни кўрганингизда хаёлингиздан нималар кечади? Гўёки фариштага дуч келгандек, кўнглингизда хотиржамлик инадими? Ёнингиздан муаттар кексалик ҳидини таратиб ўтишса ортидан кўзларингиз тўла ҳавас билан қараб қоласиз-а? Кейин ўз-ўзингизга, “ажинлари ҳаёт машаққатлари, турмуш синовларидан сўйлаб турган бўлса-да, бунчалик ам ёқимли, нуроний бўлмаса бу одам? Илоҳим, менга ҳам шундай пиру бадавлатлик насиб этсин” деб қўясиз. Илоҳим, ҳар биримизга шундай кексалик, шундай иймон сифатлари юзидан ёғилиб турган қарилик насиб этсин. Ахир, зил-замбил ҳаёт йўлларининг машаққатини енгиб, кексалик саодатига етиш ҳам бахт. Фариштали кексалар ўзига ярашиқли кийинади, ярашиқли сўзлайди. Юриш-туришида ҳам, насиҳатомуз кузатишларида ҳам сабоқ бор уларнинг. Бундай нуроний, фазилатли кексаларимизнинг ҳар бир босган изи ҳикмат, ҳар бир оғзидан чиққан сўзи илм.  Бежизга қариси бор уйнинг париси бор, демайди, халқимиз.
Аммо  ҳамма ҳам кексайган билан нуроний, фариштали бўлиб қолмайди. Шундай суратли одамларни кўрамиз: улар дунёда кўп яшашган-у, аммо дунё кўришмаган. Тевараклари тор. Қариб-қартайган бўлсалар ҳам ҳаёт дарсини уқишмаган. Инчунин, юзлари қуёшдай балқмайди, аксинча совуқ рафторларидан ёвқур булутларнинг қутқуси томчилаб туради. Бундайлардан ҳамма ҳайиқади. Улар ўзларидан ҳайиққан одамларни «Ҳамма мени ҳурмат қилади» деб ўйлашади ва ўзларининг бу ўйловларидан керилиб, мақтаниб юришади. Айниқса, кўриниши қартайиб, юз-кўзидан файз ариганларнинг кийиниши, гап-сўзи, феъл-атворига назар солиб таъбинг хира бўлади.
—    Кўчага чиқиб бундоқ одамларга разм солсангиз, кампирлар қиз бўламан, дейди,- деб оғринади наманганлик муштарийимиз Абдусаттор ота таҳририятга қўнғироқ қилиб бу хусусда  мулоҳазаларини билдирар экан.- Уларнинг кийган кийимини, гап-сўзини эшитиб, ёш қизлардан ўпкаламасак ҳам бўлади, дейман баъзида. Доғ тушиб, буришиб, қаришиб кетган терисидан ҳам хижолат тортмай, енги калта кийимлар кийишади, оқариб кетган сочларига ҳар балоларни суркаб, бош яланг юришади. Энди бундоқ мулоҳаза қилганда, кампирлар- момою бувиларида андишаю ҳаё бўлмаса, уларнинг невара қизида қандай бўлсин аёлга хос фазилатлар? Мен ёшларни айблайдиганларни унча ёқламайман. Негаки ёшлар- болаларимиз бизда кўрганларини ўзларида акс эттирадилар. Агар ҳозир уларнинг юриш-туриши, кийиниши, гап-сўзию муомаласидаги қусурлар бизга малол келаётган бўлса, демак бу  ўзимизнинг феъл-атворимиз бадастир эмас дегани. Хўш, кўчага чиққанда кимёвий бўёқларни юз-кўзидан аямайдиган буви, ёшига ярашиқ кийинмаган ёки олтмишдан ошиб аллақачон охират тадоригини кўришга ҳозирланиши керак бўлгану бунинг ўрнига кечаю кундуз пивохонаю қаҳвахоналардан бери келмай, ичиб юрадиган бобо қандай қилиб неварасига юқорида тилга олинган салбий иллатларнинг охири войлигини, инсоннинг қадри, шаънига халал беришини  қандай тушунтирсин?! Албатта ундайлар ўсиб келаётган ёш ниҳолни тарбиялашга, уларга ҳаёт йўлидаги оқ-қора, баланд-пастларни ўргатишга уқувли эмаслар. Шундай экан биз ёшлрдан эмас, уларнинг атрофидаги аслида ўзи тарбияга муҳтож бетарбия катталардан ўпкалашимиз керак...
Отахон муштарийимизнинг оғриқли ўйларини эшита туриб, бир куни ўзим гувоҳ бўлган хунук манзара кўз ўнгимда гавдаланди. “Чорсу” бозори яқинидаги бекатда ўзимга керак автоуловни кутиб тургандим. Бекатда уч-тўрт ёши катта йўловчилар ва ёшлар ҳам транспорт кутаётган экан. Шу пайт тахминан 55-60 ёшлар атрофидаги бир эркак оёғида туролмайдиган даражада маст ҳолда ўтган –кетган аёлларга гап  отиб юрганига кўзим тушди. Ўша атрофдаги эркаклар ҳам ҳалиги қариб қуюлмаганга тиржайиб қарашар, бирорта марди унга қаттиқ гапириб танбеҳ берай демасди. Бир қарасам пиён чол бекат яқинида тирикчилик важидан кўкат сотиб ўтирган аёлга хиралик қиляпти экан... Минг афсуски, бекатда ўтирган ёши катталар бу ҳолатни кўриб кўрмаганга олиб, юзларини терс буриб олишди. Ёшлар эса ўзаро шивирлаб-кулишиб томошабин бўлдилар. Шу ёқимсиз воқеадан жуда қаттиқ таъсирландим. Ҳақиқатдан ҳам ёшлар андак қалтисликка йўл қўйса, катталар уввос солиб уларни айблашга, келажакдан хавотирдалигини айтиб ваҳимага тушишади. Бироқ ҳеч ким ёшларнинг кўз ўнгида уларга сабоқ бўлаётган кексаларнинг одоби-ахлоқи ҳақида тафаккур  қилай демайди. Бу борада ёшларнинг мулоҳазаларини билиш истагида уларни суҳбатга тортдик. Севара Абдураҳмонова исмли юртдошимиз дейдики:
—    Қайси куни метродан пиёда чиқиб уйга кетаётсам, йўлимдан етмишларга бориб қолган бир чол чиқиб, “чиройли қиз, соат неччи бўлди?” деб ишшайганча гап отяпти. Хунук башарасига қарасам, ичавериб турқи совуқлашиб кетганидан афт-андоми одамни сескантириб юборади. Шу ҳолида яна қизларга гап отиши-чи?! Уялмайдими, кекса одам, ичиб, кўча-куйда неварасидан ҳам кичик қизларга гап отиб юрганча, намозини ўқиб, юртга хотиржамлик, элга офият сўраб, ёшларга ибрат бўлмайди. Бунақанги турқи қуриб кетгурларни кам дейсизми?! Чоллар шунақанги сурбет бўлиб кетган бўлса, ёш йигитлардан нимани ҳам кутиш мумкин?! Ўша куни роса таъбим тирриқ бўлди. Аллоҳ инсонни инсофию диёнати билан қаритсин экан-да...
—    Биз ёш қизларнинг кийиниши, жамоат жойида ўзини тутиши, одоби-ахлоқидан норозиланиб юрамиз, -дейди Улуғбек Файзуллаев исмли ҳамшаҳримиз.- Аммо бундоқ теварак-атрофга назар ташласак, ўша қилиқлари бизга маъқул келмаган қизларнинг оналари ёки бувиларининг ўзи аслида тарбияга муҳтождирлар. Бир куни автомаршруткада рўпарамда ўтирган хотин диққатимни тортди. Калта кесилган сочлари, буришиб, ажин тушиб хунук аҳволга келган  юзларидаги бўёқлари, калта, на енгу на ёқаси бор уст-бошидан бошқа миллат вакиласининг кўринишини эслатадиган кампиршо ўзларига мафтун бўлганча одамларга юқоридан назар солиб кетяптилар экан. Бир пайт ул “санам”нинг қўл телефонлари жиринглаб қолди. Шу пайт қаримсиқ “малика” ўзбек тилида гапира бошлагандилар, ҳайратдан қолтиб қолдим. Боз устига кекса хоним невара қизларига келган совчилар ҳақида аллакимгадир маълумот бериб кетдилар ва ора-сирада ҳаттоки кўчадаги безори йигитлар тилига олишдан уяладиган жаргонларни ҳам ишлатишдан тортинмадилар. Қариганида одамнинг юз-кўзидан файз қочса, фариштасиз кексайса бундан хунуги бўлмас экан. Буви жониворнинг туриши шу бўлса, невара қиз ҳаёт учун ўзига асқотадиган фазилатларни, одобу андишани кимдан ўргансин? ..
Фарғоналик мухлисамиз Наргиза Камолованинг айтганлари эса таҳририят ходимларини қаттиқ ларзага солди:
—    ...Уйимиз катталарининг айтишича, бобом билан бувим турмуш қурганларидан бери ҳеч тинч яшамаган эканлар. Уруш- жанжалларидан қўни-қўшни  ҳам безиб кетишган. Қариб бирлари  етмиш бешга, яна бирлари емишга бориб қолибдилар ҳам ҳанузгача уларнинг муаммолари якун топмаган. Уларнинг дилхираликларидан ҳаммамиз безор бўлиб кетганмиз. Онам бир неча марта даадмларга, “қудаларнинг олдида, келиннинг олдида ота-онангизнинг тўполонларидан роса хижолат бўламан...” деб зорланганларини эшитганман. Бобом бувимдан алоҳида яшайдилар. Энг шармандалиси бобом шу ёшга кирибдилдар ҳам ароқ ичиб, кўча-куйдан ёмон хотинларни топиб, уйга бошлаб келадилар. Тўғриси уларнинг бунақанги қилиқларидан биз невараларнинг кўчада юргулик ҳолимиз қолмади...
Ёшларнинг мулоҳазалари анча ўринли. Кўпчилигимиз деярли кунда кунора шундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Бирда эътибор берамиз, бирида йўқ. Биз одоб-ахлоқ, ўзбекона андиша, шарқона тарбия ҳақида кўп гапиряпмиз ва бу хусусиятларнинг тобора йўқолиб бораётганидан хавотир туяяпмиз. Ва аксарият ҳолларда юқорида тилга олинган хислатланинг ёшларда кўринмаётганидан афсусланяпмиз. Аммо биродар,  бир тафаккур қилсангиз, халқнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақли фикр дунёингиз осмонини чақиндек ёритиб ўтади. Эътибор беряпсизми, “кўрганини” деяпти, “эшитганини” эмас. Биз ёшларга одобу андишадан ваъз ўқисагу уларнинг уйидаги кекса бобо-бувиси, ота-онаси ўзлари ўқиётган “оташин нутқ”ларга қарши равишда кексалик одобига риоя этмасалар, ёшларига ярашиқли гап-сўзу юриш-туришдан айро бўлсалар, устларига илиб олган эгин –бошдан, кунда қаҳвахонаю емакхоналарда спиртли ичимлик ичиб, ўтган-кетганнинг асабини бузиб юришдан хижолат чемасалар, айтган гаплари ёшларга қандоқ ибрат бўлсин? Қандай қилиб ёш авлод  ҳаёт йўлида ўзига яқин бўлган катталарнинг умр йўлини сабоқ билсин? Ахир у оиласида, теварак-атрофида тамомила бошқа нарсаларни кўриб улғаяяптику?..
Биз бу билан юртимизнинг ҳамма кексаларини иймон сифатларидан йироқ, чеҳрасида нуронийлик кўринмайди, улар ҳавасга нолойиқ дейиш фикридан йироқмиз. Шукр, умр йўларини тафтиш қилсанг, ўргансанг, бахт томон бошловчи, саодат ва ҳикмат томон элтувчи кексаларимиз кўп. Уларнинг умрлари зиёда бўлиб, дуолари ҳамиша ижобат бўлишини тилаймиз. Фақат бугунги мулоҳазаларимиз билан айрим кексаларнинг хулқларидаги носоз нуқсонлардан оғринганимизни билдирмоқчи эдик. Ахир, ҳаёт синовларига 60-70 йилдан буён кўкрак тутаётган одам қайсидир маънода авлиёсифат бўлиб кетади. Истагимиз ана шундай пиру бадавлатлар кўпайсин. Ёшлар эса уларга ҳавас билан, уларга интилиб  турмуш машаққатларининг чиғириқларини ошиб ўтишда кексаларни ўзларига маслаҳатгўй, догўй билсинлар...

Умида Азиз

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 184 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ