1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Тийиқсиз шаҳват домида

Чуқур иқтисодий бўҳронни бошдан кечираётган бугунги дунё улкан маънавий-ахлоқий инқироз чоҳи ёқасида ҳам турибди. Буни ҳатто ғарб оламининг ақл ва фикр эгалари ҳам тан олиб ёзишяпти. Таниқли инглиз тадқиқотчиси Тимоти Ж. Уинтер бундай ёзади: «…Ижтимоий фазонинг шаҳвонийлашуви маданиятимизнинг бир қисмига айланиб қолди…

Ишратпараст Оврупанинг фожиаси шундаки, ўзини ишратнинг ҳаракатлантирувчи кучи деб ҳисобловчи ушбу иллатни бир куни келиб журналист ва сиёсатчилар ҳайрат ва нафрат билан четга супуриб ташлайди» («ХХI асрда Ислом», Тошкент, «Шарқ», 2005 йил, 98-99-бетлар). Англиялик бошқа бир мутафаккир Ричард Билл эса: «Оврупа катта инқирозлар арафасида турибди. Унинг ялтироқ, кўз ўйнатувчи кўриниши ортида ахлоқсизлик, жоҳиллик, ваҳшат, қалб касалликлари, номус топталиши, бузуқлик, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик каби иллатлар яширинган. Ўзаро ҳурмат, муҳаббат, ишонч, уят йўқолиб боряпти», дейди.
«Сиёсат муҳитнинг энг қайғули намунасидир», дейишганидай, оддий халқ қолиб, катта-катта давлатларнинг раҳбарлари ҳам ишратпарастликда пешқадамлик қилишаётгани фожиа кўламини яққол кўрсатиб турибди. АҚШ собиқ президентининг Оқ уйда маъшуқаси билан қўлга тушиб қолиши, Италия бош вазирининг бутун дунёга шов-шув бўлиб кетган ишқий «саргузаштлари», яна бир давлат раҳбарининг шаҳватпарастлик учун қамалгани, дунёдаги энг катта банкирнинг ҳатто меҳмонхона ходимаси билан зино қилиши каби аянчи ҳолатлар ахлоқий инқирознинг аччиқ меваларидир. Ғарб олами бугун эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан жинсий алоқа қилиши, бесоқолбозлик, фоҳишабозлик, бузуқлик ўпқонига ғарқ бўлган. Муқаддас оила тушунчаси аллақачон барбод бўлган: никоҳсиз яшаш, фарзанд кўришни «эскилик сарқити» деб ҳисоблаш, оталарнинг ўз қизларини зўрлаб номусига тегишлари, ака ва сингилларнинг бирга турмуш қуришлари, «феминизм», «аёл эрки» каби сохта ғоялар баҳонасида аёлларнинг эрларга итоатсизлиги каби иллатларга ҳамма кўникиб бўлди.  
Аллоҳга шукр, бундай шаҳватпарастликнинг тийиқсиз балолари юртимизга ҳали тўла кириб келганича йўқ. Аммо глобаллашув жараёни ва маданиятларнинг яқинлашуви оқибатида бу кулфатнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шундай экан, ёшларимизни бугун улар ҳаётига жиддий хавф солиб турган бузуқликлар кўлами ҳақида огоҳлантиришимиз, уларни ота-боболаримизнинг юксак ахлоқ ва исломий маданиятга асосланган ҳаёт тарзи асосида тарбиялашимиз керак бўлади.
Тан олиш керак, ғарб оламини чуқур ларзага солиб турган ахлоқсизликларнинг ҳозирча беозор кўринган, аммо келгусида миллат бошига улкан бало сифатида тушиши мумкин бўлган айрим кўринишлари илдиз отишни бошлади. Ўзи бундай бузуқликлардан қандай қутилишни билолмай боши қотган Ғарб бугун ўзининг расво «маданияти»ни ёш, мустақил мамлакатларга «экспорт» қилишга уринаётгани, бу борада анча-мунча ютуқларга эришаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу «маданият» параболик антенналар, интернет тизими, турли йўллар билан ўлкамизга яширинча олиб кирилаётган шаҳватпарстлик ва бузуқликни тарғиб қилувчи газета-журналлар, компакт дисклар, китоблар ва филмлар, клип ва бошқа манбалар ёрдамида ҳеч қандай сўроқсиз хонадонларимизга кириб келяпти. Бир қарашда беозордай кўринган бу «маданий юриш» аслида узоқни кўзлаб, аниқ ва пухта режалар асосида амалга оширилаётган улкан қўпорувчилик хуружидир. Чунки илгари ўзга мамлакатлар катта армиялар ва ваҳшатли қурол-яроғлар воситасида босиб олинган бўлса, ҳозирга келиб мустамлакачилик сиёсати миллатларнинг ахлоқи ва дунёқарашини ўзгартириш орқали дунёни забт этишга қаратилган. Чунки асосларидан узилган, ўзлигини йўқотган, миллий ғурури ва номусини бой берган манқурт кимсаларни енгиш, қулликка солиш, бошқариш анча осон кечади.
«Касални бекитсанг, иситмаси ошкор қилади», дейди доно халқимиз. Яшириб нима қиламиз, ҳозир Ғарбдаги шаҳвоний ва бузуқ «маданият»нинг айрим кўринишлари халқимизнинг озчилик бир қисми орасида ниш ураётгани, илдиз отаётгани сир эмас. Эҳтимол, кимлардир каминани «бўёқни қуюқлаштириб юбораётганлик»да айбламоқчи бўлар? Лекин масалага жиддий қарайдиган бўлсак, аҳвол ўша кимлардир ўйлаётганидан ҳам хавотирли, қўрқинчли…
Бир вақтлар номаҳрам киши ҳовли эшигини тақиллатса, овозимиз ташқарига чиқмасин, дея томоқ қириш билан жавоб қилган момоларнинг невара-чеваралари бугун ярим яланғоч, қорниларию сийналарини кўз-кўз қилиб юришдан уялмайдиган аҳволга тушишди. Бир вақтлар ҳатто никоҳдаги эрлари кўзига қарашга ботина олмаган ҳаёли оналарнинг фарзандлари бугун шалоқ сўзлар билан сўкинадиган, эрлари билан тиккасига айтишадиган, ҳатто уларга қўл кўтаришгача борадиган шаллақиларга айланаётгани ҳам бор гап. Кўча-кўйда ҳалол эрларининг қўлидан ушлашга ийманган момоларнинг зурриёдлари бугун танфурушлик қилишдан, ҳатто бошқа ўлкаларга бориб фоҳишабозлик қилишдан тортинишмаяпти. Келин ва қайнотанинг ўпишиб кўришиши, сингилнинг ака олдида ярим яланғоч, сийнасини кўрсатиб бемалол юриши, ҳали никоҳдан ўтмаган келиннинг куёвжўралар билан бемалол мулоқотга киришиши, ҳатто рақсга тушиши, боғча болаларининг эркак ва аёл жинси ҳақида катталардай фикр юритишини ҳам замонга тўнкаш ғирт жоҳиллик ва ғофилликдир.
«Қуш уясида кўрганини қилади», деган мақол бор. Ҳаё ва иффат унутилган, катталар бемалол шалоқ сўзларни тилга оладиган, болалар ҳузурида уятли филмлар ёки қўшиқ клиплари хотиржам томоша қилинадиган, ота-оналари балоғатга етган қизлари билан беҳаё саҳналарни кўришдан уялмайдиган хонадонларда ўсган болаларнинг жинсий тарбияси яхши бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Фоҳишабозлик, бузуқлик йўлини танлаган йигит-қизларнинг аксарияти ана шундай ҳаёсизлик уфурган оилаларда «камолга етганини»нинг ўзиёқ фожианинг бутун кўламини акс эттиради.   
Онда-сонда бўлса-да, ёшлар орасида бундай номуссизликларнинг турли кўринишларига дуч келинмоқда. Яқинда журналист дўстимиз аянчли бир воқеани сўзлаб берди: коллежлардан бирининг муаллими ўзи дарс бераётган группа қизларининг барча қўл телефонларини йиғиштириб олиб, ичидагиларини текшириб кўрибди. Натижа у кутганидан ҳам даҳшатли чиқибди: олтмиш бешта қўл телефонининг эллик учтасида бузуқ, уятсиз филмлардан лавҳалар ёзиб олинган экан. Қолганларининг эгалари ҳаёли экан-да, деб ўзингизни овутманг, уларнинг телефонлари бундай нарсаларни ёзолмайдиган оддийси экан.
Ёки бошқа бир воқеа: туппа-тузук бир оиланинг ёлғизгина қизи кечқурун бир дугонасини уйга бошлаб келибди. Ота-онасига «дугонам билан имтиҳонга тайёрланмоқчимиз, бизга ҳалақит берманглар», дея тайинлаб хонага кириб кетишибди. Уларнинг узоқ вақт жимиб кетганидан кўнглига шубҳа тушган ота ташқаридаги деразадан қия қолган парда орқали қизининг хонасига қарабди. Не кўз билан кўрсинки, икки дугона каравотда яланғоч ҳолда рўпараларидаги экранда намойиш этилаётган бузуқ саҳналарни ҳаётда «ижро этишар» эди. Бундай мисоллар ёзувчи хаёлининг маҳсули ёки камёб ва нодир ҳодиса бўлганида эди, бу ҳақда ёзиб, муҳтарам ўқувчининг қимматли вақтини олмаган бўлур эдик. Аммо, минг афсуски, булар ҳақиқат ва тобора урчиб бораётган иллатлардир.
Бир марта ҳаё пардаси йиртилса, кейинча бузуқлик одатий ҳолга айланади. Масалан, танфурушликка илк бор чиққан аёл уятдан минг бор қизариб-бўзаради, аммо кейинчалик умуман кўникиб, бирор туки жимирламайдиган бўлиб қолади. Болалигимиздаги «фалончининг ўғли фалончининг қизининг қўлини ушлабди» деган ваҳимали сўзлар бугун кулгили туюлиб қолди, чунки қўл ушлаш уёқда қолиб, ҳамманинг кўз ўнгида қучиб ўпса ҳам ҳеч ким мушугини «пишт» деяётгани йўқ. Илгари маҳаллада бирор аёлнинг сал бежо қадам ташлаши барчанинг муҳокама мавзуига айланган бўлса, бугун маҳалла ёки «дом»даги ёши улуғ насиҳатгўйлар фоҳиша аёлларни номма-ном санаб беришади. «Нега уларни тартибга чақирмайсиз?» деган саволга «Э, уларни йўлга солиб бўлармиди!» деган жавоб қилишади ёки ҳафсаласизлик билан қўл силташади ёхуд «оч қорним – тинч қулоғим» маъносида ўзларини муаммони кўрмаганга олишади. Агар жамиятда онда-сонда учрайдиган бу каби иллатлар олди олинмаса, эртага булар одатий ҳолга айланади, ҳеч кимнинг иши бўлмай қолади. Оқибати эса ниҳоятда аянчли, хатарли…
Ислом дини шаҳватга қул бўлишни, зино ва бузуқликни қаттиқ қоралайди. Динимизда ҳатто номаҳрам аёлнинг қўлини ушлаш ёки у билан суҳбат қуриш уёқда турсин, ҳатто иккинчи бор назар ташлаш кўз зиносига тенглаштирилади. Аллоҳ таоло айтади: «Зинога яқинлашманглар, албатта у фаҳш иш ва ёмон йўлдир» (Ал-Исро, 32). Саҳлдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсани ва икки жағи орасидаги нарсани муҳофаза қилиб берса, мен унга жаннатни муҳофаза қилиб бераман», деганлар» (Имом Бухорий ва Термизий ривояти). Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Фаҳш нарса борки, шармандалик келтиради. Ҳаёли нарса борки, зийнат келтиради», деганлар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти). Яна: «Қаерда номаҳрам эркак ва аёл ёлғиз қолса, учинчилари албатта шайтон бўлади», деган ҳадис ҳам бор.
Қаерда бузуқлик, фаҳш ишлар кўпайса, ўша ердан барака қочади, оила инқирозга юз тутади, жамият қаттиқ бетоб бўлади. Энг даҳшатлиси, ана шундай бузуқ қавмлар бошига Аллоҳнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган балолари келади. Тарихда бузуқлиги билан ном чиқарган Садум ва Ғоморра , Помпей каби бутун-бутун ўлкалар Парвардигор ғазабига учраб, аҳолиси батамом қирилиб кетганининг ўзи ҳар қандай оқил кишини ҳушёр торттириши керак. Ҳозирги пайтда ҳам телевидение ва интернет орқали хабар топаётганимиздай, бузуқлик урчиган курортларда бўлаётган табиий офатлар, тунги клублар, ресторан ва ишратхоналарда содир бўлаётган беҳисоб фалокатлар ҳам ҳар биримизни огоҳликка чорлаши лозим. 

Ҳозир сайтимизда 94 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ