1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Виртуал дунё – ҳақиқий дунёнинг кушандаси

Бугунги кунимизда кенг тарқалиб бораётган ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар шариат белгилаб берган чегарадан чиқмаслиги зарур. Инсоннинг кундалик ҳаётига ижтимоий тармоқларнинг таъсири ортиб бораётгани ҳам сир эмас. Ахборот уруши давом этаётган бугунги тонгда энг қадрли маълумотлар – ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ва маълумотлар бўлиб қолмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бўлаётган мулоқотлар аслида виртуал бўлсада, маълум одоб чегараси, худудидан чиқиб кетмаслиги керак. Жуда кўп одамлар виртуал мулоқот деб, ҳақиқий воқеъликдан воз кечмоқдалар. Аксар ҳолатларда ижтимоий тармоқлар одамларни ишдан чалғитмоқда, оила тинчлигини бузмоқда. Бир қарашда зоҳиран  буларда мулоқот ва дўстлик борга ўхшайди. Аслида эса...
Миллион-миллион одамлар ижтимоий тармоқларда ўзларининг биринчи муҳаббатлари, синфдошу-курсдошлари, таниш ва нотанишларини излашга тушиб кетди. Интернет ва компьютер ҳақида озгина тасаввури бор одамларнинг аксари шундай сайтларда умрларини бекорга ҳавога совуришмоқда. Дунё бўйлаб мулоқот истаганлар ижтимоий тармоқларга бутунлигича ғарқ бўлишди. Виртуал ҳамжамиятларга аъзо бўлганлар кун сайин тобора ортиб, ўсиб, кўпайиб бормоқда. Қарамлик бўйича олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, ижтимоий тармоқ ва виртуал мулоқотга катта-ю кичик бирдек мубтало бўлган экан. Эҳтимол, виртуал мулоқот –авваламбор романтикадир, лекин, нима бўлганда ҳам бу ҳақиқий ҳаётдан тубдан фарқ қилувчи воқеъликдан қочишдир.
Улар бу ишга шу даражада берилиб кетганидан дўстлари, ҳатто оилаларидан ҳам воз кечиш ҳолатлари нодир бўлмай қолди. Бугун ер юзида миллион-миллион одам виртуал ҳаёт чакалакзорларида йўқолиб бормоқда. Нега шундай бўлмоқда? Нега ажойиб коммуникация воситаси ҳисобланган Интернет тузоққа айланмоқда? Вақт, куч ва ҳиссиётларни ямламай ютаётган баҳайбат тузоққа?!
Биз доим қаергадир шошамиз, доимо бандмиз, кўп ишлаймиз. Дўстлар ва муносабатлар учун доим вақтимиз етавермайди? Бироқ, шундай бўлсада бизнинг муносабатларга мухтожлигимиз ва кимгадир ёқиш истагимиз ҳеч қаёққа йўқолмаган. Буни реал ҳаётда қандай амалга оширса бўлади?
Ўтган асрда одамлар бир-бирларига меҳмонларга боришар, кино ва театрларга тушишар эди. Боғ ва ҳиёбонларда ўтиришар, кутубхоналарга ташриф қилиб туришар эди. Бироқ энди биз бандмиз-ку! Энди булар биз учун муҳим эмас.
Интернет ҳақиқий дунёни ўзига алмаштиришга муваффақ бўлди. Виртуал оламда ҳамма нарса ҳақиқий ҳаётдагига нисбатан жуда осон; тез танишиш, дўстлашиш ва тезда ажрашиш мумкин. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар асосан ўз ҳаётидан норози бўлган одамларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Кўп оилаларда эр ёки хотиннинг ижтимоий тармоқлардан воз кеча олмаётгани боис турмушлари бузилиб кетмоқда, ришталар узилмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўп ўтирадиган одамларнинг гормонал баланслари, иммунитет тизими бузилмоқда, ақли заифлик касалига мубтало бўлиш ҳолатлари содир бўлмоқда.
Интернет – ҳам яхши, ҳам ёмон нарсадир: кимдир ўз ҳожатини чиқаради, кимдир эса ундан вақтиҳушлик учун фойдаланади. Сиз ҳақиқий ҳаётдан воз кечиб, аслида йўқ бўлган воқеъликка уни алмаштирмоқчи бўласиз. Ўйлаб кўрингчи: сиз буларнинг эвазига нимага эришасиз? Керак пайтда ёнингизда туриб бермайдиган дўстми ёки ҳеч қандай аҳамияти бўлмаган ноз-карашмаларни-ю, “ёқди” деган тугмачаларнинг босилишиними? Ҳар бир нарсанинг ўз чегараси, меъёри бўлиши керакда: “Синфдошлар”га, оила ва фарзандларга қанча вақт ажратиш ва ҳакозо. Бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида валдирашиб, ҳаётингизни исроф қилманг. Оилангиз бузилиб кетиши мумкинлигини доим ёдингизда сақланг. Ўзингизга яқин бўлган одамлар билан муносабатларингизга зарар келтириб қўйманг.

Ноз-карашма (флирт) – хиёнатми?

Кўпчилик Интернет орқали ўз “жуфтини” топишга муваффақ бўлмоқда. Танишув сайтларида эса кўпчилик енгил-елпи муносабатларга ўрганиб ҳам бўлишди. Танишишади, барча нарсалар ҳақида дарҳол гаплашиб олишади, қалбига мос шерик танлайди. Агар бирон нарсаси ёқмай қолса ёки бирон бир хато қилиб қўйса, энди уни дарҳол ўчириб, унутиб юборса ҳам бўлаверади-да ахир. Шунга шунчами, озгина виртуал мақтов, лайклар ва гулдаста смайликларини (“табассум”ларини) олса нима қилибди, шу ҳам хиёнат бўлиб қолармиди?

Сўнг, воқеалар ривожи икки йўналишда якун топиши тайин.
Биринчси: инсон ҳақиқий ҳаётда ҳам гул олгиси (оддий смайлик бўлса ҳам), мақтов эшитгиси (кўпроқ лайк олгиси) ва кўпроқ эътиборда бўлишини истаб қолади (ҳаётдаги ҳақиқий шериги эса, ўзининг тинч ҳаётини гул савдо расталарига югур-югурга алмашишни истайдими ёки йўқ, бу бошқа масала). Бир даста гул ва совғалар – ҳаётдаги энг муҳим нарсаларми?

Иккинчиси эса: “Тармоқдаги флирт хиёнат ҳисобланармиди? Виртуал номаҳрам шерик билан ҳақиқий ҳаётда романтик учрашувлар ҳам қилиб туриш унчалик қўрқинчли нарса эмаску, бу нарса оила ришталарини янада мустаҳкам қилиши мумкин”, дея шайтон ҳаёлингизга астагина шивирлаб қўйди. Ҳаётда буларга етишиш учун жуда кўп ғовларни ошиб ўтиш керак, Интернетда эса ҳаммаси осон экан (деб ўйлайди киши).

Ҳақиқий ҳаётда кимнингдир ўзаро муносабатлари рисоладагидек силлиқ кечмаяпти – ўртада турли низолар бор, қайсидир оила аъзосини «Одноклассники» ўзига магнит каби тортиб турибди. Ўз жуфти олдига бориб узр сўраш ўрнига виртуал дунё орқали завқланиш давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ўтирганларнинг ҳаммаси бирдай ёмон дея олмаймиз, албатта. Ҳаммаси эмас, кўпчилиги. Энди, камдан-кам эркакларгина истисно. Зеъро, оилали бўлганлари ҳам ўзининг “яхши” экани ҳақидаги фикрни ижтимоий тармоқлардаги ўзгалардан (дўстларидан) эшитгиси келмайди, дея оламизми?! Наҳотки бировларнинг мақтовлари ва совғаларидан, улар виртуал бўлса ҳам воз кеча олади? Ёлғиз, бева ёки ўрта ёш инқирозини бошидан ўтказаётган аёллар комплекслари, турмуш ташвишлари кучайиб кетмаслиги учун муносабатлар балки ҳаводек зарурдир. Шариат белгилаб берган худуддан чиқиб кетмаслик шарти билан (!) ижтимоий тармоқлардаги бундай мулоқотларнинг зарари йўқдир.

Ислом ҳаддан ошмаган мулоқот-муносабатларга рухсат берадими ва булар қандай мулоқотлар экан? Бир-бирини танимайдиган одамлар бировларнинг эрлари ва аёллари билан нима ҳақида суҳбатлашишлари мумкин экан-а? Танишув сайтларининг кўпида оилали эканини яширмаган жуда кўп эркак ва аёллар бор. Уларнинг ёзишича, улар вақтларини мароқли ўтказишлари учун ўзларига виртуал йигит ва қизларни излашаётган эмиш. Шундай нарсаларга Ислом рухсат берадими? Ижтимоий тармоқлар – инсоннинг ўз олдига қўйган маълум вазифаларини осонлаштирувчи бир восита холос. Ҳамма нарса ўз меъёрида бўлиши керак. Шундай экан, мазкур восита – ёрдам бериш ўрнига сизнинг шахсий ҳаётингизни бузишга киришяптими, ёҳуд оила тинчлиги учун раҳна соляптими, ундан дарҳол воз кечиш лозим. Ҳамда жорий ҳолатга бўлган қарашларни қайта кўриб чиқиш керак, чунки ҳаёт кўп қиррали ва қизиқарлидир. Яқин келажакда одатий (классик) муносабатлар – яъни, (шариатга зид келмаган ҳолда) танишув ва ҳақиқий ҳаётда муносабатлар ўрнатиш ҳолати такроран одат бўлишини умид қилиб қоламиз. Гарчи бундай мулоқот тури виртуал муносабатлардан кўра анчагина мураккаб бўлиб, инсондан катта саъй-ҳаракатларни талаб қилса ҳам.

Ҳақиқий ҳаётдаги одамлар орасидаги муносабатларда, сизга “кимдир” саҳифангизда қолдирган маъносиз хабари билан эмас, балки ҳақиқий амалий ёрдами билан фойда келтириши мумкин. Ҳақиқий дунёда яшаётган одамлар... Улар хафа бўлишади, азоб чекишади, хурсанд бўлишади. Бир-бирларини яхши кўришади, биргаликда бахтлидирлар. Ва бошқалар, яъни ёлғиз бўлганлар ҳам бахтсиз ва бундан азоб чекадилар. Ёлғизлик чўчитади, ҳамда ситамларга сабаб бўлади. Ёлғиз, ёрдамсиз ва далдасиз инсон яшай олмайди-ку, ахир. Моддий тарафдан ўзига тўқ бўлиб, лекин том маънодаги мулоқотлар, муносабатлардан маҳрум бўлса, у инсон бахтсиз бўлиб қолаверади. Виртуал майдонда ўзини кучли, жасур, муваффақиятли қилиб кўрсатган ҳолда мулоқотга киришар, муносабатлар ўрнатилар экан, у ўзини бахтли дея ҳис қила бошлайди. Агар бунгача унинг ҳақиқий дўстлари, муносиб иши бўлмаган ва у ўзини бечораҳол ва хўрланган деб билган бўлса, энди виртуал воқеъликни у нажот деб била бошлайди. Қайсидир нуқтада, қайсидир лаҳзада инсон мониторда ўзини ва бошқаларни алдаётганини, лақиллатаётганини унутиб қўяди. Бу – ҳаёт эмас, бу – бир ўйиндир. Ўйин бўлганда ҳам (зоҳиран бошқача), шавфқатсиз, инсон рухияти (психикаси) учун беозор. Виртуал ҳаёт – бутун виртуал дунё каби  иллюзиядир (хомҳаёл ва пучҳаёлдир).

Виртуал дунёдаги ҳаёт – қайсидир маънода қарамликни келтириб чиқаради. Сени яхши кўришади ва сен воқеалар қайнаган жойнинг қоқ ўртасидасан, гўё. Сенинг атрофингда ҳам ҳаёт қайнаётганини ҳис қиласан, ўзингча. Аммо, компьютер ўчиши билан, ушбу дунё ҳам йўқ бўлади ва унинг билан бирга ҳаёт ҳам. Ўшанда инсон бундай ҳаёт компьютер мониторидагина жойлашганини аста-секин тушуна бошлайди. Албатта, бундан у ўзини бахтли ҳис қилмайди. У яна қизиқарли бўлмай, ёлғиз ўзи, ҳеч кимга керак эмаслигича қолаверади. Чунки у билан суҳбатлашадиган гапнинг ўзи йўқ, у қизиқарли эмас, у ҳатто бизларга тушунарсиз бўлган қандайдир ўзининг тилида сўзлашади. Баъзан уни ҳеч ким тушунмаётганини ҳам билмай қолади.
У одамлар ва ҳаётдан янада хафа бўлиб, ўзининг гўзал виртуал оламига янада чуқурроқ шўнғиб, ғарқ бўлади, чуқурдан эса чиқишни истамайди.
Яъни, бугунги кунда виртуал ҳаёт – ҳақиқий ҳаётни ўғирламоқда. Шундай экан, ўйлаб кўринг: виртуал ҳаёт ташвишлари саломатлигингиз учун арзийдими?

Ижтимоий алоқаларни кенгайтириш учун ҳақиқий ҳаётдан фойдаланинг. Ҳақиқий дунё, инсоннинг ҳаёти – доимий ўзлаштириш, кенгайтириш, ҳамда ички ва ташқи воқеъликни ўзгартиришдан иборатдир. Шу йўл билан инсон камолот сари юксалиб бораверади. Ҳақиқий ҳаётда ўз мақсадингиз ва жойингизни (маконингизни) аниқлаб олинг. Ким бўлишни истасангиз ҳам, бу ниятингизга етишиш учун реал (ҳаққоний, ҳаётий) йўлларни изланг. Мақсадга эришиш учун оддий услублардан сақланинг: “Текин пишлоқнинг фақатгина қопқонда бўлишини” унутманг. Виртуал воқеълик ҳуддики ҳаётдаги йиртиқлар учун ямоқ кабидир. Шундай экан ямоқларсиз яшашга уриниб кўринг!
Компьютер – сизнинг имкониятларингизни кучайтирадиган бир ускуна холос, у асло мақсад эмас.  Интернетда ҳамма нарса очиқ-ойдин. Реал ҳаётда қилмоқчи бўлган нарсаларни қилинг. Дўстларни эса, ҳаёлий оламдан эмас, ҳақиқий ҳаётдан изланг. Виртуал ҳаёт фақат қандайдир гуруҳга мансубликнинг сохта ҳиссиётини беради; ва асло муносабатлар учун керакли кўникмаларга асос бўла олмайди. Ҳаётингизни ижобий нарсалар билан тўлдиришга ҳаракат қилинг.

Мустаҳкам қараш ва эътиқодга эга бўлинг. Виртуал майдондаги сохталик ва ёлғон нарсалардан сақланинг. “У ёқда” эмас “Бу ерда ва ҳозир” бўлинг. Ватқтингизни ва компьютерга кетадиган умрингизни назорат қилишни ўрганинг. Ҳурматли ака-укалар, опа-сингиллар! Тармоқдаги нотаниш кимсаларга ишонманг. Интернетда истаган кишининг асл юзини яшириб, бошқача бўлиб олиши жуда осон. Фарзандларингизнинг ҳам сизнинг назоратингизсиз Интернетдан фойдаланишларига рухсат берманг, чунки улар ўзларига керак бўлмаган ва тақиқланган жуда кўп нарсаларни билиб олишлари мумкин.

Ушбу мақолани тайёрлар эканман, ака-ука ва опа-сингилларимизнинг ҳам мазкур мавзунинг муҳимлиги ва долзарблигини англашларини; ҳар ким ўзининг хурсандчилиг-у қайғуларга тўла ҳақиқий ҳаётини – қандайдир тўқиб чиқарилган виртуал дунёга алмаштирмаслиги лозимлигини тушуниб етишларини истар эдим.

Аллоҳ Таоло шариат чегарасидан чиқиб кетмаслигимизни ва Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларини маҳкам тутишимизни насиб қилсин. Омин!

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 83 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ