1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Эътикоф бўлими

Эътикоф суннати муаккададир. У рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф ибодати нияти билан қолишидир. Аёлнинг эътикоф ўрни уйнинг намоз ўқиладиган жойи ёки бурчагидир, чунки аёл киши учун энг яхши жой ўшадир.


Эътикофнинг ози бир кундир. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ: «Эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади», деганлар ва шунга фатво берилган. Ким эътикофни бузса, қазосини ўтайди. Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон эҳтиёжидан бошқа нарса учун чиқмайди. Жума намозига қуёш оғгандан кейин боради.
Кимнинг эътикоф ўтирган масжиди Жума ўқиладиган масжиддан узоқ бўлса, жуманинг суннати ва фарзига бемалол етишадиган вақтни чамалаб йўлга чиқади. Шунинг учун ҳам уламолар жума ўқиладиган масжидда эътикоф ўтиришни афзал ҳисоблаганлар.
Жума ўқиладиган масжидда намоздан сўнг кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди. Чунки бу жой ҳам масжид, ҳам эътикоф жойидир.
Шунингдек, масжид йиқилгани, жамоат тарқалиб кетгани, золимнинг мажбуран чиқариб юборгани, жиноятчининг жонга ёки молга таҳдид солгани учун масжиддан чиққани туфайли эътикоф бузилмайди. Бошқа ерга бориб эътикофини давом эттираверади.
Агар узрсиз бир зумга ҳам ташқарига чиқса, вожиб эътикоф бузилади ва қазоси лозим бўлади.
Эътикофга кирган одам масжидда еб-ичиши ва ухлаши жоиз. Бошқаларга бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас. Ўзи ёки оиласининг рўзғорини тебратиш учун молни масжидга киритмай олди-сотди билан шуғулланиши мумкин. Эътикофдаги одам жим ўтирмайди, балки намоз ўқиш, Қуръон ўқиш, зикр, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш билан машғул бўлади.
Жинсий алоқа, шунингдек, шаҳват суви келишига сабаб бўлган аёлнинг олдидан бошқа ерига жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш каби ишлар ҳам эътикофни бузади.
Аммо шу ишлар сабабли шаҳват суви келмаса, эътикоф бузилмайди, гарчи мазкур ишларнинг ўзи эътикофчига ҳаром бўлса ҳам. Чунки булар жинсий алоқага олиб борадиган нарсалар бўлса ҳам, уларда жинсий алоқанинг маъноси йўқ.
Киши бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечалари ҳам бу назрга киради. Бу ҳолатда шарт қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет эътикоф ўтирилади.
Агар бир неча кечаларда кетма-кет эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кечаларнинг кундузларида ҳам ўтириши лозим бўлади.
Икки кун эътикоф ўтиришни назр қилган киши икки кеча ва икки кундуз ўтиради.
Кечаларни қўшмасдан фақат кундузларни ният қилиб ҳам эътикоф ўтириш мумкин.
Рўзадор бўлиш фақат назр қилинган эътикофда шарт.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан