Сайт бўлимлари
“Абулқосим” куняси билан кунялашнинг ҳукми
- Подробности
- Бўлим: Исмлар
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
“Куня” сўзи арабча бўлиб, у “маълум бир исмнинг ўрнини босувчи” маъносини англатади. Арабларда биринчи туғилган фарзандининг исмига “Абу” ва “Умму” қўшиб чақириш одати бор. Масалан, бош фарзандининг исми “Ҳорис” бўлса, отаси “Абу Ҳорис” (Ҳориснинг отаси), онаси “Умму Ҳорис” (Ҳориснинг онаси) деб чақирилади. Одатда кўпчилик кишиларнинг асл исмига қараганда унинг куняси машҳурроқ бўлади. Масалан, Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг исми “Абдуллоҳ”, Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳуники “Абдураҳмон”, Абу Айюб Ансорийники “Холид”, Абу Дардо розийаллоҳу анҳуники “Уваймир”, Умму Ҳабиба онамизники “Рамла”, Умму Салама онамиз розийаллоҳу анҳо онамизнинг исмлари эса “Ҳинд” бўлган.
Шунингдек, араб тилида баъзи сўзларга “Абу” қўшиб исм ясалади. Масалан, “Абулфазл” (фазилат ва юқори мартаба эгаси), “Абулхайр” (яхшилик қилувчи). Бу ҳолат муаннас (аёлларга ишлатиладиган) шаклда ҳам кузатилади. Масалан, “Уммулфазл”, “Уммулхайр” ва ҳоказо. Аммо бу ерда “Абу” ва “Умму” қўшимчалари куняни эмас, балки “эгаси, соҳиби” каби маъноларни англатиб келади.
Бундан ташқари “Ибн” ва “Бинти” сўзлари ҳам куня таркибига киради. Масалан, “Ибн Абдуллоҳ” (Абдуллоҳнинг ўғли), “Бинти Хувайлид” (Хувайлиднинг қизи).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари “Муҳаммад” ва “Аҳмад”, кунялари “Абу Қосим” (ёки “Абулқосим”)дир. Чунки у зотнинг биринчи фарзандларининг исми “Қосим” бўлган. Гарчи Қосим исмли ўғиллари узоқ яшамаган бўлса-да, у зот мазкур куня билан куняланганлар.
Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламларнинг исмлари билан исмланиш мусулмонлар орасида кенг тарқалган. Аммо у кишининг кунялари билан куняланиш борасида мўмин-мусулмонлар орасида баъзи-бир ихтилоф ва тушунмовчилик бор. Шу сабаб қуйида мазкур масала борасида келган ҳадис шарифлар, уларнинг шарҳи ва уламоларнинг фикрларини келтириб ўтамиз.
٢٤–وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تَسَمَّوْا بِاسْمِي وَلاَ تَكْتَنُوا بِكُنْيَتِي. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ.
24 –Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар”(Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан “Муҳаммад” деб исмланиш жоиз экани, айни пайтда кунялари билан “Абулқосим” деб куняланиш мумкин эмаслиги айтиб ўтилмоқда.
Имом Нававий айтади: “Абулқосим куняси билан куняланиш борасида уламолар ихтилоф қилишган ва улар уч гуруҳга бўлинадилар. Биринчи тоифа вакиллари исми “Муҳаммад” ёки бошқача бўлишидан қатъий назар “Абулқосим” куняси билан куняланиш мутқлақо мумкин эмас, дейдилар. Бу фикрни Имом Шофеъий ва аҳли зоҳирлар илгари суришган. Уларнинг баъзилар ҳатто: “Куняси “Абулқосим” бўлиб қолмаслиги учун биронта ҳам одам ўғлига “Қосим” исмини қўймаслиги керак”, дейишган.
Иккинчи тоифа вакиллари эса бу нарсага мутлоқ рухсат бор, бу қайтариқ Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликлари чоғида амалда бўлган, дейишади. Буни Имом Молик ибн Анас ёқлаб чиққан, у: “Муҳаммад исми билан исмланиш, “Абулқосим” куняси билан куняланишнинг ҳеч қандай ёмон жиҳати йўқ, бу ҳукм Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт бўлиб турганларидагина амалда бўлган”, деб айтган. Ал-Қозий: “Имом Моликнинг фикрини жумҳур уламолар, фуқаҳолар афзал кўришган”, деган.
Учинчи тоифа вакиллари “Муҳаммад” исмли кишиларга “Абулқосим” деб куняланиш жоиз эмас, бошқаларга мумкин, дейишган.
Имом Табарий тўртинчи гуруҳ вакилларини келтиради ва уларнинг фикрича, “Муҳаммад” исми билан исмланиш ва “Абулқосим” куняси билан куняланиш мутлақо мумкин эмас.
“Абулқосим” куняси билан куняланиш мумкин эмаслиги Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларигагина хосдир, деган фикр энг кучли саналади. Чунки саҳобалар ичида ўғлини “Муҳаммад”, деб номлаб, унга “Абулқосим” кунясини қўйганлари ҳам бўлган. Масалан, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ўғлининг исмини “Муҳаммад” деб қўйган, унинг куняси “Абулқосим” бўлган. Шунингдек, Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ, Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб, Муҳаммад ибн Ашъас ибн Қайсларнинг ҳам кунялари “Абулқосим” бўлган.
Ибн Қаййим ал-Жавзийянинг “Зодул маъод” номли китобида: “Бу қайтариқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликлари пайтида амалда бўлган, у зот вафот этишлари билан бу ҳукм мансух қилинган”, деб айтилган.
٢٥–وَعَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي السُّوقِ فَقَالَ رَجُلٌ: يَا أَبَا الْقَاسِمِ ، فَالْتَفَتَ إِلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنَّمَا دَعَوْتُ هَذَا فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: سَمُّوا بِاسْمِي وَلاَ تَكَنَّوْا بِكُنْيَتِي. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ.
25 –Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорда эдилар. Шунда бир киши: “Эй Абулқосим”, деди. Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол унга қарадилар. У бўлса: “Мен буни чақиргандим”, деди. Шунда Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Ушбу ривоятда юқорида зикр қилинган ҳадиснинг айтилишига сабаб бўлган ҳодиса келтирилмоқда. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақийъдаги бозорда эдилар. Шу пайт бир киши: “Эй Абулқосим”, деб чақириб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўгирилиб унга қараган эдилар, у: “Эй Расулуллоҳ, мен сизни эмас, фалончини чақирган эдим, “Абулқосим” деб сизни назарда тутмаган эдим”, деганида Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куня билан кунялангманглар!” деганлар.
٢٦–وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدَ لِرَجُلٍ مِنْ الأَنْصَارِ غُلاَمٌ فَسَمَّاهُ الْقَاسِمَ فَقَالَتْ الأَنْصَارُ: وَاللهِ لاَ نُكَنِّيكَ بِهِ أَبَدًا فَبَلَغَ ذَلِكَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَثْنَى عَلَى الأَنْصَارِ خَيْرًا ثُمَّ قَالَ: تَسَمَّوْا بِاسْمِي وَلَا تَكَنَّوْا بِكُنْيَتِي. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
26 –Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ансорлардан бир киши фарзанд кўрди ва уни “Қосим” деб номлади. Шунда ансорлар: “Аллоҳга қасамки, сени зинҳор бу куня билан чақирмаймиз!” дейишди. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борди ва у зот ансорларга яхшилик сўраб дуо қилдилар ва сўнгра: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар”, дедилар”(Имом Аҳмад ривояти).
Ансорлардан бири фарзандли бўлгач, унга “Қосим” деб исм қўйибди, аммо баъзи иймонда пешқадам бўлган ансорлар унга: “Сени “Абулқосим”, деб чақирмаймиз”, дейишди. Бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб боргач, Аллоҳ ва Расулига итоат этувчи ансорларга мақтов айтиб, уларнинг ҳаққига дуо қилдилар ва ўғлининг исмини “Қосим” деб номлаган кишига бундай деб кунялаш мумкин эмаслигини билдирдилар.
٢٧–وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدَ لِرَجُلٍ مِنَّا غُلاَمٌ فَسَمَّاهُ مُحَمَّدًا فَقُلْنَا: لا نَدَعُكَ تُسَمِّيهِ مُحَمَّدًا بِاسْمِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَى الرَّجُلُ بِابْنِهِ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنَّهُ وُلِدَ لِي غُلاَمٌ وَإِنِّي سَمَّيْتُهُ بِاسْمِكَ فَأَبَى قَوْمِي أَنْ يَدْعُونِي قَالَ: بَلَى تَسَمَّوْا بِاسْمِي وَلاَ تَكَنَّوْا بِكُنْيَتِي فَإِنِّي قَاسِمٌ أَقْسِمُ بَيْنَكُمْ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
27 –Яна Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Орамизда бир киши фарзандли бўлди ва унга “Муҳаммад” деб исм қўйди. Шунда биз: “Сен фарзандингни “Муҳаммад” деб – Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан номлашингга рози эмасмиз”, дедик. Сўнгра ўша киши ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борди ва: “Эй Расулуллоҳ, мен фарзандли бўлдим, унга сизнинг исмингизни қўйдим, лекин қавмим мени бундан қайтаришди”, деди. Шунда у зот: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар. Албатта, мен Қосимман, ўрталарингизда тақсимот қиламан”, дедилар”(Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадис ўзидан олдинги ривоятга ўшаб кетади. Ансорий саҳобалардан бири фарзандли бўлгач, унга яхши ният билан “Муҳаммад” деб исм қўйибди. Бундан хабар топган баъзи саҳобалар, биз сенга ўғлингни “Муҳаммад” деб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларини қўйишингга рухсат бермаймиз, дейишди. Шунда у киши ўғлини кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди ва, эй Расулуллоҳ, мен фарзандли бўлдим, уни сизнинг исмингиз билан “Муҳаммад” деб исмладим. Аммо қавмим мени бу нарсадан қайтаришмоқда, деди. Буни эшитган Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг исмим билан исмланинглар, бироқ куням билан куняланманглар”, дедилар.
٢٨–وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَسَمَّى بِاسْمِي فَلاَ يَتَكَنَّى بِكُنْيَتِي وَمَنْ تَكَنَّى بِكُنْيَتِي فَلاَ يَتَسَمَّى بِاسْمِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَفِي لَفْظِ التِّرْمِذِيِّ: إِذَا سَمَّيْتُمْ بِي فَلاَ تَكْتَنُوا بِي.
28 –Жобир розийаллоҳу анҳу Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимга менинг исмим қўйилган бўлса, бас, менинг куням билан куняланмасин. Кимки менинг куням билан чақирилса, бас, менинг исмим билан исмланмасин” (Абу Довуд, Термизий ва Имом Аҳмад ривояти. Термизий келтирган лафзда: “Агар менинг исмим билан номласангиз, бас, куням билан куняланманг” деб келтирилган).
Бу ҳадис Имом Нававий келтирган учинчи тоифа вакилларининг далили саналади. Унга кўра, кимнинг исми “Муҳаммад”, бўлса, у “Абулқосим” деб куняланмаслиги, кимнинг куняси “Абулқосим” бўлса, у “Муҳаммад” деб исмланмаслиги лозим.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз исмлари ва куняларини (бир кишида) жамланишидан қайтарганлар” (Имом Бухорий “Ал-Адабул муфрад”да ривоят қилган).
Иккисини жамлаш жоиз экани
Бу бобда Имом Молик ва аксар уламолар айтиб ўтган фикрнинг далили сифатида икки ҳадис келтириб ўтилади.
٢٩–وَعَنْ مُحَمَّدِ ابْنِ الْحَنَفِيَّةِ عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ ، أَرَأَيْتَ إِنْ وُلِدَ لِي بَعْدَكَ أُسَمِّيهِ مُحَمَّدًا وَأُكَنِّيهِ بِكُنْيَتِكَ ، قَالَ: نَعَمْ ، قَالَ: فَكَانَتْ رُخْصَةً لِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: هَذَا حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.
29 –Муҳаммад ибн Ҳанафийя Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у: “Эй Расулуллоҳ, сиздан кейин агар фарзанд кўрсам, уни “Муҳаммад” деб номлайман ва сизнинг кунянгиз билан кунялайман”, деган. Шунда у зот: “Ҳа”, деганлар. Али: “Бу нарса менга рухсат берилди”, деди” (Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳадис санадини ҳасан-саҳиҳ, деган).
Ҳадис ровийси Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмуттолиб ал-Қуроший ал-Ҳошимийдир. У “Ибн Ҳанафия” куняси билан машҳур бўлган. Катта тобеинлардан саналади. Ишончли ҳадис ровийси. Онасининг исми Хавла бинти Жаъфар ал-Ҳанафиядир. Муҳаммад ибн Ҳанафия ривоят қилган ҳадислар сиҳоҳи ситта соҳиблари китобларида келтирилган.
Кунларнинг бирида Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: “Эй Расулуллоҳ, сиз Аллоҳнинг даргоҳига риҳлат қилганингиздан сўнг агар фарзандли бўлсам, унга “Муҳаммад” исмини қўяман ва сизнинг кунянгиз билан кунялайман, шундай қилсам бўладими?” деди.
Кўринишидан Али розийаллоҳу анҳу бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари охирларида айтган бўлса керак.
Али розийаллоҳу анҳу томонидан берилган саволга Сарвари Олам қисқагина қилиб: “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Яъни, ҳа, бўлади, исмимни ҳам, кунямни ҳам қўйиш мумкин.
Табарий айтади: “Али розийаллоҳу анҳуга ўғлини “Абулқосим” деб кунялашга рухсат берилиши мазкур куня аввалда ҳаром эмас, балки макруҳ бўлганлигига далолат қилади. Агар бу нарса ҳаром бўлганида саҳобалар Алини бу ишдан қайтаришган, унга ўғлини “Абулқосим” деб кунялашига рухсат бермаган бўлар эдилар. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, саҳобалар бу маънода келган қайтариқларни танзиҳ ва адаб (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳурматлаш, эҳтиром қилиш) маъносида тушинишган”.
Али розийаллоҳу анҳунинг: “Бу нарса менга рухсат берилди” деган гапини далил қилиб, баъзилар: “Бу нарса фақат Али розийаллоҳу анҳунинг ўзигагина хос”, деб айтишган. Лекин қуйида келадиган яна бир ҳадисни кўриб чиқиб, сўнгра умумий хулоса қиламиз.
٣٠–وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْ امْرَأَةٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ ، إِنِّي قَدْ وَلَدْتُ غُلاَمًا فَسَمَّيْتُهُ مُحَمَّدًا وَكَنَّيْتُهُ أَبَا الْقَاسِمِ فَذُكِرَ لِي أَنَّكَ تَكْرَهُ ذَلِكَ فَقَالَ: مَا الَّذِي أَحَلَّ اسْمِي وَحَرَّمَ كُنْيَتِي أَوْ مَا الَّذِي حَرَّمَ كُنْيَتِي وَأَحَلَّ اسْمِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
30 –Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аёл келиб деди: “Эй Расуллоҳ, менинг кўзим ёриди ва уни “Муҳаммад” деб номлаб, “Абулқосим” деб куняладим. Аммо менга айтилишича, сиз бу ҳолатни ёмон кўрар экансиз”. Шунда у зот: “Исмимни ҳалоллаб, кунямни ҳаром қилиш ёки кунямни ҳаром қилиб, исмимни ҳалоллаш нимасси?!” дедилар” (Абу Довуд ривояти).
Бу ҳадис Имом Молик ва жумҳур уламолар айтган фикрни яна бир бор тасдиқлайди. Улар бу бобда келтирилган қайтариқларни Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида амалда бўлган, ҳозирда эса “Муҳаммад” исми билан исмланиш ва “Абулқосим” куняси билан куняланиш жоиз”, дейишган. Шунингдек, бу ҳадис “Муҳаммад” исми ва “Абулқосим” куняси билан куняланиш ҳаром ҳам, макруҳ ҳам эмаслигига далолат қилади.
Бизда ўғлининг исми “Қосим” бўлмаган ҳолда “Абулқосим” деб исмланиш ҳоллари учраб туради. Демак, бу исм билан исмланиш ҳам, фарзандининг исми “Қосим” бўлган тақдирда “Абулқосим” деб куняланиш ҳам жоиздир.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 48 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар