1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Фарзандига чиройли ва маънодор исм қўйиш лозимлиги

وَعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.

1 АбуДардорозийаллоҳуанҳуРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламданривоятқилади:“Албатта сизлар Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар. Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!” (Абу Довуд, Имом Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да,Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда бандалар Қиёмат кунида ўз исмлари ва оталари исми билан чақирилиши таъкидланиб, уларни чиройли ва маънодор исмлар қўйишга тарғиб қилинмоқда.

Вақти соати келиб Қиёмат қоим бўлганида, барча инсонлар ҳисоб қилиниш учун Аллоҳ таолонинг ҳузурига тўпланадилар. Ана ўшанда Аллоҳ бандаларини Ўз ҳузурига бирма-бир чақириб, уларни ҳаёти дунёда қилиб ўтган амаллари ҳақида ҳисоб қилади.

Кишини отаси исми билан чақириш унинг яхшироқ танилиши ва бошқалардан ажралиб туришини таъминлайди.

Имом Табароний Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан заиф санад билан ривоят қилган ҳадисда: “Қиёмат кунида Аллоҳ таоло бандаларидан беркитган ҳолда одамларни уларнинг оналари исми билан чақиради” дейилган. Шу икки ҳадисни бир-бирига солиштириб, баъзилар: “Бир тоифа одамлар оталари исми билан, яна бир тоифа одамлар эса оналари исми билан чақирилади”, дейишган. “Файзул қодийр” китобида: “Насаби тоза бўлганлар оталарининг исми билан, бошқалар эса (масалан, валади зинолар) оналарининг исми билан чақирилади”, дейилган. Шайх Шамсуддин ибн Қаййим: “Ушбу ҳадисда “одамлар Қиёмат кунида оналари исми билан чақирилади”, дейдиганлар учун кучли раддия бор”, деб айтган.

Қиёмат кунида одамларнинг ота ёки оналари исми билан чақирилишлари ҳақида уламолар қилган ихтилоф ва турли фикрлар ўз йўлига, аммо бу ҳадисдан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, мўмин киши ўзи ва фарзандларининг исмини чиройли қилишга, шунингдек Қиёмат кунида нажот топишига, унинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амалларни қилишга қаттиқ эътибор бериши керак.

“Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!”

Яъни, ўзларингиз, фарзандларингиз, яқин кишиларингиз ва қўл остингиздагиларнинг исмларини чиройли қилинглар, уларга “Абдуллоҳ”, “Абдураҳмон”, “Ҳорис” ва “Ҳаммам” каби гўзал исмларни қўйинглар.

“Чиройли қилинглар” деганда исмнинг ҳам тузилиши, ҳам маъносини гўзал ва чиройли қилиш назарда тутилади.

 

٢وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ أَحَبَّ أَسْمَائِكُمْ إِلَى اللهِ عَبْدُ اللهِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ وَالدَّارِمِيُّ.

2Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Исмларингиз ичида Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлгани “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”дир” (Имом Муслим, “Сунан” соҳиблари, Имом Аҳмад ва Доримий ривояти).

Бандалар қўядиган исмларнинг қайси бири Аллоҳ учун маҳбуб экани ушбу ҳадисда айтилмоқда. Демак, мўмин бандалар ичидан қайси бирининг исми “Абдуллоҳ” ёки “Абдураҳмон” бўлса, мана шу ҳолат Аллоҳ учун севимли экан. Шу сабаб бўлса керак, мусулмон уммати ичида мазкур икки исм жуда кенг тарқалган. Қуртубий айтади: “Ушбу икки исм қаторига уларнинг маъносини ифодаловчи ёки улар билан маънодош бўлган “Абдураҳим”, “Абдумалик” ва “Абдусамад” исмлари ҳам киради. Мазкур исмларнинг Аллоҳ учун маҳбуб бўлишига сабаб, бу сифатлар фақат Аллоҳгагина тегишли эканидир ва бу нарса убудият (Аллоҳга бандалик изҳор қилиш) маъносини англатади”.

Хайсама ибн Абдураҳмон Ибн Абу Сабрадан ривоят қилишича, унинг отаси Абдураҳмон бобоси билан Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганида, у зот: “Ўғлингнинг исми нима?” деб сўраганлар. Шунда у: “Азиз”, деб жавоб берган. Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Уни “Азиз” деб номламагин, балки унга “Абдураҳмон” деб исм қўйгин. Чунки исмларнинг энг яхшиси “Абдуллоҳ”, “Абдураҳмон” ва “Ҳорис”дир” деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи мажидида айтади: (Эй Муҳаммад): “Аллоҳ деб чорланглар ёки Раҳмон деб чорланглар, қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро, У Зотнинг гўзал исмлари бордир”, деб айтинг” (Исро, 110).

Ушбу ояти каримадан “Аллоҳ” ва “Раҳмон” сифатлари Раббимиз учун маҳбуб эканини билиб оламиз ва табиийки, ушбу сифатлардан ясалган киши номлари ҳам У Зот учун маҳбуб бўлади. Ўз навбатида мўмин киши Аллоҳга маҳбуб, севимли бўлган ишни бажаришга аҳамият бериши керак.

 

٣وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدَ لِرَجُلٍ مِنَّا غُلاَمٌ فَسَمَّاهُ الْقَاسِمَ فَقُلْنَا: لاَ نَكْنِيكَ أَبَا الْقَاسِمِ وَلاَ كَرَامَةَ فَأَخْبَرَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: سَمِّ ابْنَكَ عَبْدَ الرَّحْمَنِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

3 Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Орамиздан бир киши фарзандли бўлди ва унга“Қосим” деб исмқўйди. Шунда биз: “Сени “Абулқосим” куняси билан чақирмаймиз, унда яхшилик йўқ”, дедик. У (биз айтган гапни) Набийсоллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар қилганида, у зот: “Ўғлингга “Абдураҳмон” деб исм қўйгин”, дедилар(Имом Бухорий ривояти).

Саҳобалардан бири фарзандли бўлганида унга “Қосим” деб исм қўйибди. Аммо баъзи саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Менинг исмим билан исмланинглар, аммо куням билан куняланманглар” деб айтган ҳадисларига мувофиқ, янги туғилган ўғлининг исмини “Қосим” деб қўйган саҳобани “Абулқосим”, яъни “Қосимнинг отаси” деб чақирмасликларини маълум қилишибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орадаги низо ва ихтилофни бартараф қилиш мақсадида чақалоқнинг исмини “”Абдураҳмон”га ўзгартирибдилар. Бошқа кўплаб ривоятларда ҳам номақбул исмларнинг аксариятини “Абдураҳмон”га алмаштирилгани айтиб ўтилган. Бундан “Абдураҳмон” исмининг нечоғлиқ фазилатли эканини билиб оламиз.

 

٤وَعَنْ أَبِي وَهْبٍ الْجُشَمِيِّ وَكَانَتْ لَهُ صُحْبَةٌ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تَسَمَّوْا بِأَسْمَاءِ الْأَنْبِيَاءِ وَأَحَبُّ الأَسْمَاءِ إِلَى اللهِ عَبْدُ اللهِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ وَأَصْدَقُهَا حَارِثٌ وَهَمَّامٌ وَأَقْبَحُهَا حَرْبٌ وَمُرَّةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

4 СаҳобийларданбўлганАбу Ваҳб ал-Жушамийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Пайғамбарлар исми билан исмланинглар. Аллоҳ учун исмлар ичида энг маҳбуби “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”, энг содиқи “Ҳорис” ва “Ҳаммам”, энг ёмони “Ҳарб” ва “Мурра”дир” (Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадис ровийси Абу Вуҳайбнинг “саҳобалардан бўлган” деб айтилишига сабаб, муҳаддис уламолар ичида унинг саҳобий экани борасида ихтилоф борлигидир. Лекин Ибн Ҳажар ва Заҳабийлар уни саҳобий сифатида зикр қилишган. Мазкур саҳобий Шом юртида яшаган. Абу Довуд, Насоий ва Имом Бухорий “Ал-Адабул Муфрад”да ушбу саҳобийдан ҳадис ривоят қилишган.

“Пайғамбарлар исми билан исмланинглар”.

Аллоҳ таоло бандалари ичида маълум зотларни Ўз Рисолатини одамларга етказиш учун танлаб олди. Улар одоб-ахлоқ, муомала ва бошқа кўпгина жиҳатларга кўра инсониятнинг энг комили саналадилар ва уларнинг исми ҳам энг гўзал ва чиройлидир. Шу сабаб ҳам ҳадисда Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари исми билан исмланишга тарғиб қилинмоқда. Қуръони каримда номлари зикр қилинган йигирма бешта пайғамбар исми билан исмланиш, айниқса пайғамбарлар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан исмланиш марғуб ва маҳбуб бўлган амаллардан саналади.

Ушбу ҳадисда кўпчилик орасида тарқалган бузуқ бир эътиқодга қаттиқ раддия берилмоқда. Баъзилар фарзандига бирон-бир пайғамбарнинг исмини қўйганларидан сўнг, маълум сабабларга кўра ўша фарзанд хасталаниб қолса, буни исмдан кўриб, пайғамбарнинг исмидан шумланадилар, “Пайғамбарнинг исми унга оғирлик қилмоқда”, деб ҳар хил нотўғри тасарруфларни қиладилар. Аслида пайғамбарларнинг исми бандага фойдали бўлса бўладики, ҳеч қачон зарар келтирмайди. Тўғри, пайғамбарлик вазифаси ва масъулияти жуда оғир, аммо бу билан маълум пайғамбарнинг исми орқали унинг масъулияти ва вазифасининг оғирлиги янги туғилган чақалоққа ўтиб қолмайди. Бундай бузуқ тасаввур ва шумланишлар, шубҳасиз, шайтоннинг васвасасидандир. Шу сабаб бу борада эътиқодимизни тўғрилаб олишимиз, пайғамбарларнинг исмидан шумланмаслигимиз лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари: “Пайғамбарлар исми билан исмланинглар”, деб тавсия қилиб турганларидан кейин, қайси бир банда: “Пайғамбарнинг исми фарзандимга оғирлик қилди”, дейишга журъат қила олади. Агар ростдан ҳам пайғамбарлар исми болага оғирлик қилганида ёки унинг бирон дардга чалинишига сабабчи бўлганида, ўз умматлари учун ўта меҳрибон бўлган зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни бу нарсадан огоҳлантириб кетган бўлар эдилар.

“Аллоҳ учун исмлар ичида энг маҳбуби “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”дир”.

Бундан олдинги ҳадисда ҳам мазкур икки исм Аллоҳ таоло учун севимли исмлардан экани айтиб ўтилган эди.

(Исмларнинг) энг содиқи “Ҳорис” ва “Ҳаммам”дир”.

“Энг содиқи” деганда “энг холиси”, “энг ҳақиқийси” ва “энг чиройлиси” деган маънолар кўзда тутилади. Демак, “Абдуллоҳ”, “Абдураҳмон” ва Аллоҳнинг гўзал исмларига “Абду” қўшиб ясаладиган исмлардан кейинги ўринда “Ҳорис” ва “Ҳаммам” исмлари туради. “Ҳорис” исми “зироатчилик билан шуғулланувчи; дунё ва Охирати учун манфаатли амаллар қилувчи”, “Ҳаммам” эса “қалбида яхши ва эзгу ниятларни тугиб юрувчи” каби маъноларни англатади.

Ҳасан ибн Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлар ўзингизга “Язид” исмини лозим тутинглар, зеро у кўп яхшиликлар касб қилади. “Ҳорис” исмини ҳам (лозим тутинглар). Чунки у Охирати ва дунёси учун амал қилувчидир. Шунингдек, “Ҳаммам” исмини ҳам (лозим тутинглар). Сабаби у Охират ва дунёси учун қайғурувчидир. Агар бундан бошқа исм қўймоқчи бўлсангизлар, бас, бандалик маъносини англатувчи исмлар қўйинглар” (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ учун энг севимли исм ва уларнинг энг гўзалини зикр қилганларидан сўнг, энди ўз умматлари қандай исмлардан саланишлари лозимлигини ҳам таълим бериб ўтадилар:

“Энг ёмони “Ҳарб” ва “Мурра”дир”.

“Ҳарб” исми “уруш, жанг, жанжал; қирғин, мусибат” каби маъноларни англатади. Бу исмдан қайтарилишига сабаб, унда мусибат, зулм ва қатағон маъноларни борлиги учундир. Али розийаллоҳу анҳу фарзанд кўрганида, унга “Ҳарб” деб исм қўяди, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўзгартириб, “Ҳасан” деб номлайдилар. Ҳар сафар ўғил фарзанд кўрганида Али розийаллоҳу анҳу “Ҳарб” деб исм қўяверади. Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлсалар, уни “Ҳусайн” ва “Муҳассин”ларга ўзгартирадилар. Бу ҳақида ворид бўлган ҳадис қуйида шарҳи билан келтирилади.

“Мурра” исми “аччиқ, тахир” маъноларини ифодалайди. Маълумки, мазкур икки сифатлар одамлар томонидан ёқимсиз нарса сифатида қабул қилинади.

Ибн Шиҳоб ривоят қилади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Исмларнинг энг ёмони “Ҳарб” ва “Мурра”, энг яхшиси “Абд” ва “Убайд”, энг содиқи “Ҳорис” ва “Ҳаммам”дир”, деб айтганлари хабар қилинди” (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

Ибн Шиҳобдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Абу Мурра” (“Аччиқлик отаси”) куняси билан куняланишдан қайтардилар ва уни “Абу Ҳулва” (“Ширинлик отаси”) деб номлаганлар (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Саид ибн Зурора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “(Фарзандларингизга) “Ҳарб”, “Мурра” ва “Ханнос” деб исм қўйманглар. Чунки улар шайтоннинг исмларидандир” (Ибн Ваҳб “Ал-Жомеъ”да ривоят қилган).

Ушбу ривоятдан “Ҳарб” ва “Мурра” шайтоннинг исмларидан экани маълум бўлмоқда.

 

 

 

* * * * *

 

Маълум бир исм исмланаётган нарса ёки шахсга таъсир қилишини кўп йиллар ва даврлар давомида олиб борилган кузатув ва текширишлар тасдиқлайди. Булар ҳусн, оғирлик ва енгиллик, латофат ва нозиклик, эпчиллик ва ялқовлик, жасурлик ва қўрқоқлик ва бошқа сифатларда ўз аксини топади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир нарсада чиройли бўлишни яхши кўрардилар. Чиройли ва озода кийиниш, юриш-туриш, гўзал кўринишга эга бўлиш ва шунингдек, чиройли исмга эга бўлиш у зотнинг бош шиорлари эди. Бирон мамлакатга элчи юборишда ҳам вакил қилиб юборилаётган одамнинг исмини сўраб, маъқул келса кейин жўнатардилар. Ўзга юртлардан келган элчиларнинг исмларини сўраб, агар исмлари у зотга хуш келмаса, уни яхши маъноли исмга ўзгартирар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳаётлари давомида зинҳор бирон нарсадан шумланмаганлар. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг хоҳиши ва иродаси билан юз беришига аниқ ишонар эдилар. Аммо у зотга “яхши фол” ёқар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “яхши фол”ни “чиройли сўз” дея ифодалаганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чиройли исмларни яхшиликка йўйишларини тарихий мисол орқали кўриб ўтамиз. Маккани тавоф қилиш ниятида йўлга отланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобалари билан Ҳудайбияга жойлашишгач, қурайшийлар у зотнинг ҳузурларига бир неча элчилар юбордилар. Аввал Бадийъ ибн Варқо ал-Хузоъий, сўнгра Мақриз ибн Ҳафс, Ҳулайс ибн Алқама, Урва ибн Масъуд ас-Сақофийларни, энг охирида эса Суҳайл ибн Амрни элчи қилиб юборишади. Суҳайл ибн Амрнинг келаётганини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ишимизни енгиллаштирадиганга ўхшайди!” деганлар. Шу ўринда айтиб ўтиш керакка, “Суҳайл” исми “енгил, осон” маъноларини ифодалайди. Суҳайлдан олдин келган элчиларнинг ташрифи бирон натижа бермаган эди. Суҳайл ибн Амрнинг келиши эса, Ислом динининг гуркираб ривожланиши, Ислом ўлкалари сонининг ортиши ва умуман олганда Ислом тараққиёти учун асос бўлиб хизмат қилган “Ҳудайбия сулҳи”нинг тузилиши билан якун топди.

Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам, шунингдек, мункар исмлар билан аталувчи маконлар ва у ердан ўтишни ҳам ёмон кўрар эдилар. Ғазотларнинг бирига кетаётганларида икки тоғ ўртасига етиб келиб, унинг номини сўраганларида, ерли аҳоли: “Фозиҳ ва Мухзин”, деб жавоб беришган. Буни эшитган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у икки тоғни четлаб ўтиб, бошқа ердан юрганлар.

Ушбу икки сўз “масхара қилувчи, айбини ошкор қилувчи” каби мазмунга эга.

Ҳозир сайтимизда 253 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ