1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар, жамиятдаги етакчи доираларнинг ёш авлодни оилали қилиш борасидаги бурчлари уларни никоҳлаб қўйиш билан чекланмайди. Балки, келинлик ва куёвликка номзод ёшларга никоҳ, оила, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари, оила тутиш сирлари, эр-хотинлик муносабатлари каби нарсаларни ўргатиш ҳам зарур. Бу борада ҳам қилишимиз лозим бўлган ишларимиз анчагина. Ҳозирги кузатишлар натижасига қараганда, кўпчилик ота-оналар фарзандларини оилали қилиш мақсадида мол-дунё ва сеп йиғадилар, совчилик, қудачилик борди-келдиларини қиладилар ва каттароқ тўй қилиш билан ўз бурчларини адо этган бўлиб, эркин нафас оладилар. Аммо энг муҳим масалалардан бири бўлган нарса – қизларини келинликка, ўғилларини куёвликка тайёрлаш эсларидан чиқиб қолади. Минг афсуски, кўпчилик ёшлар гўшангага оила, эр-хотинлик ҳаёти, уларнинг ўзаро муносабатлари, ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда бурч ва масъулиятлари ҳақидаги динимиз таълимотларидан бехабар ҳолда кирадилар.
Одатда, тўй вақтида ва оилавий ҳаётнинг бошланишида келин-куёвнинг яқинлари, куёв жўралар, келин янгалар уларга қандай қилиб бўлса ҳам умр йўлдошини «гаҳ деса, қўлга қўнадиган қилиб олиш» ҳақида ва бошқа бачкана нарсалардан иборат бўлган маслаҳатларни берадилар.
Бундай маслаҳатлар кўпинча маслаҳатгўйнинг ўта тор, тубан тажрибаларига асосланган бўлади. Яъни, қўполроқ қилиб айтганда, ўзига енг бўлолмаган бошқа бировга ёқа бўлгиси келади. Бундай «жайдари» маслаҳатларни ўйласанг, уялиб кетасан, киши.
Аслида, «Эр оилада қандай бўлиши керак?» деган саволларга мазкур маслаҳатлар ҳеч қачон жавоб бера олмайди. Аксинча, улар оилада алоқаларнинг кескинлашувига сабаб бўлади, холос.
Баъзи танишларнинг айтишларича, айрим доираларда келинлик ва куёвликка номзодлар тўй куни ғарбча рақс тушишга бир неча ой давомида катта миқдорда маблағ тўплаб, алоҳида дарс олишар ва машқ қилишар экан. Бир неча дақиқалик ҳавас учун анчагина ҳажмдаги пул, вақт, ҳаракат, ақл, заковат сарфлашар экан.
«Улар ана шу пул, вақт, ҳаракат, ақл, заковатни ўзининг оилавий бахти учун керак бўладиган илоҳий таълимотларни ўрганишга сарфлашса бўлмайдими?» деган ҳақли савол пайдо бўлади. Нима учун ушбу ўта аҳамиятли иш ота-оналарнинг эътиборидан четда қолмоқда?
Бу масалага алоҳида эътибор бериш ҳар бир ота-онанинг бурчидир. Авваллари имкони бўлмаган бўлса, алҳамду лиллаҳ, ҳозир имкони бор. Китоблар чиқиб турибди, маърузалар қилиниб, овоз ёзув воситалари орқали таралиб турибди. Халқаро ахборт тармоғи саҳифаларида ҳам кўплаб маълумотлар бор. Билмаганлар сўраб, ўрганишлари мумкин.
Балки, имконини топиб, келин-куёвлар учун ўқув курслари очиш зарур. Бошқа керакли чораларни кўриб, бу аҳамиятли иш бўйича ҳар бир соҳанинг мутахассислари ўз имконларида бор ҳиссани қўшишлари яхши натижаларга олиб боради, иншоаллоҳ. Вақтнинг борида мазкур мутахассисликларнинг фаолиятларини мувофиқлаштириш ва самарали бўлишини таъминлаш керак.
Ўғил болаларнинг тарбиясига оталари катта аҳамият бериб, уларда эркакларга хос бўлган олий сифатларнинг шаклланиши учун ўзларидан талаб қилинадиган барча масъулиятларни шараф билан адо қилишлари, фарзандларини етук кишилар этиб тарбиялаб боришлари лозим.
Шунингдек, қизларнинг алоҳида тарбиялари оналарга топширилади. Уларда етук қиз, келин, уй бекаси, хотин, она бўлиш қобилиятларини оналар тарбиялашлари ва камолга етказишлари талаб этилади.
Шариатда бу нарсаларга алоҳида эътибор берилган. Мисол учун, одам шаклидаги мужассам нарсаларни ясаш ва тутиб туриш манъ қилинган бўлса ҳам, қизларни оналикка тайёрлашда хизмат қилганлиги учун, одам шаклидаги қўғирчоқларни ясаш, сотиш, сотиб олиб бериш ва ўйнашга рухсат берилган.
Маданий меросимизга мурожаат қиладиган бўлсак, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида кўплаб гўзал намуналарни кўрамиз.
Мусулмончиликда катталар, хусусан, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ҳаётий тажрибаларни сўзлашлари одат тусига кириб қолган. Айниқса, келинларга қилинган насиҳатлар китобларимизда кўплаб сақланиб қолган.
Улкан саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюрар эдилар», – деганлар.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар:
«Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилгувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, зийнатларнинг энг афзали шудир».
Амома бинти Хорис исмли аёл ўз қизининг келин бўлиб, куёвнинг уйига узатилишидан олдин саодатли оила асосларини баён қилувчи қуйидаги насиҳатларни қилиб, кузатган экан:
«Эй қизгинам! Агар аҳли фазл ва аҳли одобларга насиҳат керак бўлмаганида, сенга ҳам насиҳат қилмасдим. Лекин насиҳат – ғофилга эслатма, оқилга ёрдамдир.
Агар қиз бола ота-онасининг камбағаллиги сабаблигина эрга берилиши керак бўлганида, сен ҳеч қачон узатилмаган бўлар эдинг. Чунки отангнинг бойлиги, мартабаси етарлидир. Лекин Аллоҳ белгилаб берган ҳаёт қонунларига кўра, аёллар эркаклар учун ва аксинча, эркаклар аёллар учун яратилганлар.
Қизгинам! Энди сен ўзинг ўсган ҳаводан айрилдинг. Ўзинг яйраб-яшнаган ошёндан чиқдинг ва нотаниш жойга бориб, аввал ўзинг билмаган шерикка учрайсан. У энди сенинг хожанг, дўстинг ва маҳбубингдир.
Сен унга чўри бўлсанг, у сенга қул бўлади. Сен унга ер бўлсанг, у сенга осмон бўлади. Сен унинг учун қуйидаги ўн хислатни адо этсанг, оилада масъуд ва бахтиёр ҳаёт кечирасизлар:
1. Қаноат соҳибаси бўл, ундан ҳайиқиб тур. Эринг уйга нима кўтариб келса, хушфеъллик ва одоб-назокат билан қабул қилиб ол, ташаккур айт.
2. Эрингга ҳамиша итоатда бўл, амрларини яхшилаб тингла ва бажар.
3. Эрингнинг назари тушадиган жойларга эътибор қил. У сенда хунуклик кўрмасин. Уй ичи ва ҳовлини ниҳоятда озода ва тартибли тут.
4. Эрингнинг бурнига ҳушёр бўл. Димоғига сендан ёмон ҳид кирмасин, фақат хушбўйлик сезсин.
5. Овқатни вақтида тайёрла, асло кечиктирма. Эринг уйга келиши билан, дастурхон сол.
6. Унинг уйқу вақтини, уйғониш пайтини билиб ол. Чунки, очлик ва уйқунинг бузилиши эркакларнинг ғазабини қўзғайди.
7. Хожангнинг моли ва ашёсига эътиборли бўл, исроф қилма, авайлаб асра! Чунки унинг мол-дунёси сеникидир.
8. Эрингнинг қариндоши ва яқинларини иззат-ҳурмат қил. Бу билан хожангни ҳурмат қилган бўласан.
9. Эрингнинг сирларини бошқаларга айтувчи бўлма, унинг ишончини йўқотасан.
10. Хожангнинг амрига осий бўлма, унинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил. Шуни яхши билиб олки, хожанг хафа бўлганда хурсанд кўринишдан, у қувонган пайтда ғамгин бўлишдан ўзингни эҳтиёт қил!»
Куёвларга насиҳат қилиш ҳам ўз ўрнида бўлган.
Аввало, Қуръони Карим ва Суннатдаги насиҳатларнинг кўпчилиги эркакларга қаратилганини эслатишимиз лозим. Аммо, шу билан бирга, алоҳида уларга қаратилган насиҳатлар ҳам мавжуд. Мазкур насиҳатлардан баъзиларини тақдим этишга ижозат бергайсиз.
«Сен эр ўлароқ, билки, аёлинг аёл бўлганлиги учун сендан бошқача услуб билан тафаккур ва тасарруф қилади, унинг нафсониятини фаҳмлашинг ва эҳтиромини қозонишинг учун қуйидаги насиҳатларга амал қилишинг керак бўлади:
1. У ҳам сен каби тасарруф қилиши керак деб ўйлама. Чунки, у сендан бошқача яратилган.
2. Уни эътиборсиз қолдирма. Унга муҳаббат, меҳр ва омонлик ҳадя эт. Чунки, у аёллик табиати ила мазкур нарсаларга муҳтождир.
3. Унинг шикоятларини эътиборсиз қолдирма. Аёл киши ҳар доим маънавий ва меҳрли қўлловни истайди.
4. Унга совғалар тақдим қилишда бахил бўлма, чунки, аёл зоти бахил эрни ёқтирмайди.
5. Аҳлини зиёрат қилишига қарши бўлма, агар бунга қарши бўлсанг, унинг муҳаббатини йўқотасан. Аёллар ўз аҳлига кўпроқ боғлиқ бўлади.
6. Гоҳ-гоҳи рашк қилишингни билдириб тур. Бу унинг аёллик иззат-нафсини рози қилиб туради.
7. Унга лутф кўрсат, аёллигини қондириб тур.
8. Унинг айбларини юзига солма. У танқидни ёқтирмайди.
9. Ундан юз ўгирма. Аёл киши ўзига қулоқ тутганни яхши кўради.
10. Унга хиёнат қилма. Аёл учун энг оғир нарса эрининг хиёнат қилишидир.
11. Унинг ўзини ҳам, ҳис-туйғуларини ҳам масхара қилма, чунки у нозик хилқатдир, жароҳатни кўтара олмайди.
12. У сендан талаб қилган нарсани унутма. Акс ҳолда унда «қадр-қийматим йўқ экан» деган тушунча пайдо бўлади.
13. Ундан ёрдамингни аяма. Чунки, аёл зоти доимо ўзи ишонадиган ва суянадиган шахсга муҳтождир.
14. Оилавий масъулиятларинг ва ваъдаларингни зинҳор эътиборсиз қолдирма. Уларга амал қилишинг аёлингга бўлган муҳаббатингни ҳис қилдиради.
15. Унинг иккингизнинг муаммоларингизни ҳал қилиш бўйича таклифларини эътиборсиз қолдирма. Агар ундай қилсанг, бу унга аҳамият бермаганлигингни билдиради.
16. Ундан муаммоларни оқилона ва мантиқий ҳал қилишини талаб қилма. Чунки, аёл киши одатда кўпроқ отифага – ҳис-ҳаёжонга берилган бўлади.
17. Уйнинг майда-чуйда ишларига кўп аралашма. Бу борада унга ишон. Бу унга уйнинг ҳақийқий бекаси эканлигини сездириб туради.
18. Уни мақтаб туришдан ғофил бўлма. Унинг кийими, зийнати, пиширган нарсаларини, уй тутишини мақтаб тур. Бу унинг аёллик туйғусини рози қилади.
19. Аёл кишининг ҳомиладорлик, туғиш ва ҳайз каби оғир ҳолатларни бошидан ўтказишини асло унутма. Ўша пайтларда унинг ҳис-туйғуларини яна-да кўпроқ риоя қилиш лозим.
20. Унинг шахсий ҳурриятини кўп чеклама. Хусусан, ижтимоий алоқаларда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 258 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ