Сайт бўлимлари
Ҳазрати Умму Ҳоний бинти Абу Толиб
- Подробности
- Бўлим: Мақолалар
- Чиққан санаси: 21 Май 2021
- (Нашр қилинган санаси)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Умму Ҳоний! Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз”, деб марҳамат қилдилар.
Исро ва Меърож воқеалари ҳақида гапирилганида албатта Умму Ҳонийнинг ҳам номи тилга олинади. Чунки Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Меърож кечаси унинг уйида меҳмон бўлган эдилар ва у Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Меърож воқеасини хабар берган ровийлардандир.
Хўш, Умму Ҳоний ким? Асл исми нима? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қариндошлик даражаси қандай?
Насаби
Умму Ҳоний Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Абу Толибнинг Фаҳита исмли қизи бўлиб, Ҳазрати Алининг опаларидир.
Исми қандайлиги ҳақида турлича фикрлар бор: Ҳинд, Атиқа ёки Фотима дегувчилар ҳам бўлган. Лекин энг машҳур бўлгани Фаҳитадир.
Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча ёш кичикдир. Гўзал ахлоқли аёл эди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналари Оминанинг вафотидан сўнг Ҳадича бинти Ҳувайлидга уйлангунларига қадар Абу Толибнинг уйида яшадилар.
Бу йиллар давомида ўзларини Абу Толиб оиласининг бир аъзосидек кўрар, асло ёлғизликни ҳис этмас эдилар. У пайтда Фаҳита кичкина бир қиз эди.
Оила ҳаёти
Ҳубайра ибн Ваҳб Махзум ўғилларининг энг кўзга кўринган кишиларидан эди. Қавми ичида мавқеи улуғ бўлиб, сўзини ўтказа оларди. У Фаҳитани сўраб келганида Абу Толиб розилик билдирди. Фаҳита Ундан икром ва эҳтиром кўрди. Унинг ҳимоясида бахтиёр ҳаёт кечирди.
Орадан кунлар, кунлар кетидан ойлар ўтди. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлик тушди. Оила аҳлини, қариндошларини, қавмларини Исломга даъват этдилар. Бир қисми ишонди ва тўғри йўлни топди, бир қисми ишонмади ва кофир бўлди.
Ҳубайра адашганлар орасида эди. Бу адашганлар имон келтирмайгина қолмай, зулм ва жафо билан янги диннинг ёйилишига тўсқинлик қилардилар. Аммо Ҳубайра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўрталаридаги ақраболикка риоя қилиб, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шахсиятларини тақдирлар, ҳурмат кўрсатарди.
Фаҳита ҳам дастлаб эрига эргашиб, Исломга кирмади.
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Ҳоний уйларида меҳмон бўлиб қолдилар. Бу кеча Аллоҳ таоло Пайғамбармизга энг буюк эҳсон ва икромлар берган хайрли, узун бир кеча эди.
Умму Ҳоний бу кеча ҳақида шундай ҳикоя қилади:
“Исро воқеаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг уйимда қолганларида бўлди. Бу кеча Аллоҳ Расули хуфтон намозини ўқиб, ухладилар. Биз ҳам ухлаётган эдик. Эрта билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни уйғотдилар ва:
— Эй Умму Ҳоний! Кўрганингдек, хуфтон намозини ҳам бу ерда ўқидим. Ҳозир ҳам сизларнинг ёнингизда бомдод намозини адо қилдим, — деб марҳамат қилдилар.
Сўнгра уйдан чиқиш учун ўринларидан турдилар. Мен кетмасинлар деб ридоларининг бир учини тутдим. Қоринлари кўринди. Кўйлаклари Мисрда тўғилган, катандан қилинган охорли кўйлакка ўхшар эди.
— Эй Аллоҳнинг пайғамбари, буни одамларга айтманг. Сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади, — дедим.
— Аллоҳга қасамки, бу воқеани уларга айтаман, — дедилар.
Шунда мен бир ҳабаш жориямга: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқаларидан бор. Одамларга нима ҳақида гапирганларини ва уларнинг жавобларини эшит”, дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг олдимиздан чиқиб, бошқа кишиларга ҳам бизга айтган гапларини айтдилар. Кўпчилик ўзини йўқотиб қўйди ва:
— Буни қандай исботлайсан, эй Муҳаммад. Биз бундай нарса ҳақида ҳеч эшитмаганмиз, — дедилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
— Далил шуки, мен фалон водийда, фалон кишиларнинг карвонига дуч келдим. Уларнинг туялари бир ҳайвондан ҳуркиб, қочиб кетган экан. Мен уларга туялари турган жойни кўрсатдим. Бу воқеа мен Шомда бўлган пайтимда юз берди. Сўнгра йўлимда давом этдим. Макка яқинидаги Тихома деган жойда Дажнон тоғига дуч келганимда фалон-фалон кишиларнинг қофиласига тўқнаш келдим. Улар ухлаб ётардилар. Сув солинган бир идишлари бор эди. Устига бир нарса ўралган экан. Ёпқични олиб, ичидаги сувни ичдим. Кейин қандай бўлса, шундай қилиб устини ўрадим. Ҳозир уларнинг қофиласи Макка яқинида, Танъим йўлидаги Байзо тепалигидан тушяпти. Олдинда рангги қорага мойилроқ кулранг туя келяпти. Туянинг устида бири қора, бошқаси олача иккита ҳарор бор, — дедилар.
Бу гапни эшитганлар дарҳол Расулуллоҳ, (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган йўлга югурдилар. Илк кўрганлари туя бўлди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тасвирлаганларидек кўринишда эди. Кейин карвондагилардан идишни сўрашди. Улар идишда сув тўла бўлганини, сўнг устини ўраб қўйганларини, уйғонганларида эса, ичида сув қолмаганини тасдиқлашди.
Маккага қайтишда бошқа қофилани ҳам учратишди. Берилган саволга улар ҳам: “Тўғри айтипти, валлоҳи, у айтган водийда туямиз ҳуркиб қочди. Шунда бир овоз эшитдик. У овоз туямизнинг турган жойини айтди. У ерга бориб, туяни топдик”, дея жавоб беришди”.
Ҳижратдан сўнг
Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларида Фаҳита эри ва болалари билан Маккада қолди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эришган зафарлари ҳақида эшитса, беҳад қувонарди. Фаҳита мусулмонлар Маккага кирадиган буюк зафар кунини интизорлик билан кутарди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккага кирдилар. Барча бутларни синдирдилар. Билолнинг (розийаллоҳу анҳу) овози тавҳид, такбир ва шаҳодатлар билан жаранглаб, Каъба узра юксалди: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ...”
Бу овозларни эшитган Умму Ҳонийнинг эри Ҳубайра орқа-олдига қарамай Маккадан қочди. У Аллоҳ таолонинг динига киришдан қочаётган, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зафарларини кўришни хоҳламаётган эди.
Ҳубайра Умму Ҳонийни ҳам ўзи билан кетишга даъват этди, аммо Умму Ҳоний қабул этмади. Чунки у Аллоҳ таолонинг динига кирган, мусулмон бўлган эди.
Хорис ибн Хишом Макка фатҳ этилган кун қони ҳалол қилинган кишилардан эди. Аммо Хорис Умму Ҳонийнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қошларидаги мавқеини билгани учун, ҳимоя қилишини сўраб, унинг уйига борди. Буни кўрган Али ибн Абу Толиб (розийаллоҳу анҳу) Хорисни ўлдириш учун изма-из келди. Умму Ҳоний: “Эй онамнинг ўғли! Мен унга омонлик бердим”, деб уни ҳимоясига олганини билдирди.
Али (розийаллоҳу анҳу) эса бу гапларга қулоқ солмай, қиличини суғурди. Умму Ҳоний унинг қўлларидан тутди: “Аллоҳ хайрингни берсин, ўлдирма. Мен унга омонлик бердим”, деди.
Али (розийаллоҳу анҳу) ундан қутулишга ҳаракат қилди, аммо оёқларини ердан кўтаролмади. Шу пайт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кириб қолдилар. Умму Ҳоний:
— Ё Расулуллоҳ, мен Хорис ибн Хишомни ҳимоямга олдим. Али эса уни ўлдирмоқчи. Нимага буюрасиз? — деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
— Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз. Аммо Алининг жаҳлини чиқарма. У қизишса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келади. Уни қўйиб юбор, — деб буюрдилар.
Шундан сўнг Умму Ҳоний Алини қўйиб юборди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазиллашиб:
— Ё Али, бир аёл сендан ғолиб келди, — дея марҳамат қилдилар.
Али:
— Аллоҳга қасамки, оёқларимни ердан кўтаролмадим, — деди.
Қаҳрамонлар қаҳрамони, довюраклар довюраги Али ибн Абу Толибнинг (розийаллоҳу анҳу) бу гапи Умму Ҳоний ҳақидаги одил бир шаҳодатдир. Аллоҳ ҳар иккисидан ҳам рози бўлсин.
Умму Ҳоний эридан айрилганидан сўнг бутунлай фарзандларининг тарбияси билан банд бўлди. Фарзандларининг қалбига фазилат уруғларини экди. Ислом ва имон билан уларни ўстирди. Фарзандларининг бари олим, фозил кишилар бўлиб етишдилар.
Баъзи фарзандлари Умму Ҳонийдан ҳадис ривоят этишган. Улар орасида набиралари Жаъда ал-Маҳзумий, Яҳё ибн Жаъфар ва Ҳорунлар ҳам бор.
Умму Ҳоний укаси Ҳазрати Алининг халифалик давригача яшади. Ҳижратнинг қирқинчи йили вафот этди.
Аллоҳ ундан рози бўлсин ва уни ҳам рози этсин. Омин.
Маҳмуд МАҲКАМ таржимаси
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 133 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар