1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳайз кўрган аёлнинг сафари (Ҳаж ва умра боби)

«(Сафарга чиққан) ҳоиза аёл қасд қилган жойига етиб боришидан икки кун олдин ҳайзидан пок бўлса, саҳиҳ қавлда келтирилишича, етиб боргунича ва етиб борганидан сўнг намозларини тўлиқ қилиб ўқийди (яъни мусофирга айланмайди)» («Раддул мухтор»).
Аёл киши ҳайз кўрган ҳолатида сафарга чиқса-ю, шаръий масофани босиб ўтганидан кейин ёки кўзлаган манзилига шаръий масофадан озроқ қолганда пок бўлса, у аёл мусофирга айланмайди. Мисол учун, бир аёл ҳаж сафарига ҳайз кўрган ҳолатида чиқса, Маккаи Мукаррамадаги тушиши кўзланган меҳмонхонасига етиб борганидан кейин ёки етиб боришига сафар масофасидан (Ҳанафий мазҳаби ўлчовига кўра, 96 км масофа сафар масофаси ҳисобланган) озроқ масофа қолганида ҳайздан покланса, бу ҳолатларда Маккаи Мукаррамада мусофирга айланмайди ва намозларини қаср қилиб ўқимайди, балки муқим ҳолатдагидек тўлиқ қилиб ўқийди. Чунки у шаръий сафарни бошлаган вақтида намозга мукаллаф эмас эди (намозга ҳайздан поклангач, мукаллаф бўлади).
«Агар пок ҳолатда сафарга чиқса-ю, сафар мобайнида ҳайз қони кела бошласа, ундай аёл шаръий мусофирга айланади. Ҳайзи тўхтагандан кейин намозларни қаср қилиб ўқийди. Шунингдек, ҳайз ҳолатида сафарга чиқса-ю, кўзлаган манзилига энг ками сафар масофасича (96 км) қолганда пок бўлса, бундай ҳолатларда ҳам шаръий мусофирга айланади» («Раддул мухтор»).
«Агар балоғатга етмаган бир бола сафар мобайнида балоғатга етса, балоғатга етган жойидан кўзлаган манзилигача бўлган масофа сафар масофасича (96 км) бўлса, у шаръий мусофирга айланади. Агар шаръий масофадан камроқ бўлса, шаръий мусофирга айланмайди» («Баҳрур-роик»).

Ҳоизанинг эҳромга кириши

1-масала:
Ҳайздан пок аёлларга эҳромга кириш учун ғусл қилиш мустаҳаб бўлгани каби, ҳоиза аёлга ҳам эҳромга кириш учун ғусл қилиш мустаҳабдир. Лекин ҳоиза эҳромга кирганда ўқиладиган икки ракъат нафлни, масжидга киришни ва тавоф қилишни тўхтатиб туради.

2-масала:
Савол: Аёл киши Жидда шаҳрига жўнашдан олдин ҳайз кўриб қолса, эҳромга кириши жоизми?
Жавоб: Бу ҳолатга тушган аёл тозалик маъносида ғусл ёки таҳорат қилади. Намоз ўқимасдан, ҳаж ёки умранинг ниятини қилиб, талбия айтиб, эҳромга киради. Қилган ғусли ҳайздан покланиш учун эмас, балки фақат тозаланиш учундир. Бундай воқеа Оиша розияллоҳу анҳо билан ҳам содир бўлган эди.

3-масала:
Агар ҳайз кўрган аёл илмсизлик қилиб, «ҳайз ҳолатида эҳромга кириш жоиз эмас», деб ўйласа ёки қасдданми, эсдан чиқарибми, мийқотдан ўтиб кетиб қолди. Бунинг ўзи уч хил суръатда бўлади:
1. Мийқотдан ўтиб кетди, лекин ҳаж ёки умранинг бирортасига эҳромга кирмади. Ҳукми:
а) мийқотдан эҳромсиз ўтгани гуноҳ ҳисобланади. Бунинг учун тавба қилсин;
б) мийқотга қайтиб, аввало умра қилиш керак бўлса, умра учун, ҳаж қилиши керак бўлса, ҳаж учун эҳромга кирсин. Шундай қилса, жарима қурбонлиги соқит бўлади;
в) агар мийқотга қайтиб бормаса, битта қўй ёки эчки қурбонлик қилиши вожиб бўлади. Ёки туя ё молнинг еттидан бир ҳиссасига шерик бўлиб қурбонлик қилса ҳам жоиз;
г) мийқотга қайтиб бормагани учун тавба қилсин;
2. Мийқотдан ўтиб кетиб, умра ёки ҳаж учун эҳромга кирди. Лекин умранинг тавофи ё тавофи қудум, ёки Арафотда вуқуф қилиш амалларидан бирортасини бошлагани йўқ, эҳромга кирди, холос. Ҳукми: бу суръатда ҳам юқоридаги а, б, в, г бандлардаги ҳукм жорий бўлади. Лекин эҳромга кириб олганлиги учун қайтадан эхромга кирмайди. Ҳаж ёки умрадан қай бири учун эҳромга кирган бўлса, талбиясини мийқотга келиб айтади.
3. Мийқотдан ўтиб, ҳаж ё умрадан бири учун эҳром боғлади, тавоф ёки вуқуфи Арафот амалларидан бирига ҳам киришди, бунинг ҳукми: бу суръатда 3 та иш вожиб бўлади:
а) мийқотдан эҳромсиз ўтгани гуноҳига тавба қилиш;
б) битта қўй ёки эчки қурбонлик қилиши вожиб бўлади. Ёки туя ё молнинг еттидан бир ҳиссасига шерик бўлиб қурбонлик қилса ҳам жоиз;
в) мийқотга қайтиб бориб кирган эҳромининг талбиясини айтиши. Лекин қайтиб боргани билан амалга киришиб қўйгани туфайли жиноят қурбонлиги соқит бўлмайди.

4-масала:
Бир аёл мийқотдан умра учун эҳромга кирди. Тавофга киришмасидан олдин ҳайз кўриб қолди. Ҳайздан пок бўлмасидан олдин Мадинага кетишса, зиммасига ўша эҳроми билан Маккага қайтиб келиб, амалларини адо қилиши вожиб бўлади. Мадинадан қайтиб келишда энди янги эҳромга кириши жоиз эмас. Агар Мадинадан қайтиб келаётиб, яна эҳромга кирса, унинг зиммасига 4 иш вожиб бўлади:
а) ножоиз ишни қилгани учун тавба қилиш;
б) шу ҳолатда унинг зиммасига иккита умра қилиш вожиб бўлди. Бирини тарк қилади;
в) бир умрани адо қилганидан кейин эҳромдан чиққач, янги эҳром билан зиммасидаги иккинчи умранинг қазосини ўтайди;
г) (эҳромнинг устидан яна эҳромга киргани ва икки умрадан бирини тарк қилгани учун) иккита эчки ёки иккита қўй қурбонлик қилиши вожиб бўлади.

5-масала:
Агар аёл умранинг тавофини бажарганидан кейин ҳайз кўриб қолса, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилаверади. Чунки Сафо ва Марва ўртасида саъй қилишда нок ҳолатда бўлиш мустаҳабдир, вожиб эмас. Агар ҳайз кўрган аёл саъй қилмаса, умранинг эҳромидан чиқмаслиги вожибдир. Пок бўлгач, ўша эҳроми билан вожиб бўлган саъйни адо қилади. Агар бирор жойга, масалан, Мадинага кетиб қолса, эҳромидан чиқмаслиги, бошқа эҳромга кирмаслиги вожибдир. Мабодо қайта эҳромга кирса, зиммасига тўртта нарса вожиб бўлади.
а) эҳромда бўла туриб, қайта эҳромга кириш жинояти ва ундан тавба қилиш;
б) иккинчи эҳромни тарк қилиб, аввалги эҳромининг саъйини тугатиб, эҳромдан чиқиши;
в) эҳромдан чиққач, қолдирган иккинчи эҳромининг қазосини адо қилиш;
г) иккита қўй (эҳромда бўла туриб, қайта эҳром кийгани учун ва бир умрани тарк қилгани учун).

6-масала:
Ватанидан хаж ёки умрага кетган аёл мийқотдан эҳромга кирди. Умра тавофига кирмасидан олдин ҳайз кўриб қолса, бу аёл пок бўлгунича кутиб туриши вожиб. Пок бўлгач, умра тавофини ва саъйини қилиб бўлгач, сочини қисқартириб, эҳромдан чиқади. Мабодо илмсизлик қилйб, ҳайз кўриш билан умранинг эҳроми фосид бўлди, деб ўйласа ҳамда Оиша розияллоҳу анҳонинг масжидларига бориб, қайтадан эҳромга кирса, тўртинчи масаладаги ишлар, яъни тавба, биринчи ум-ранинг амалларини бажариш, иккинчи умранинг қазо-си, иккита қўй қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

7-масала:
Савол: Умрага эҳром боғлаган аёл ҳайз туфайли умра қила олмаса, сўнг ҳаж амаллари бошланиб қолса, нима қилади?
Жавоб: Бундай аёл эҳромдан чиқиш нияти билан соч қисқартириш ёки эҳромда қилиши ман қилинган амаллардан бирортасини (хушбўйлик суртиш, сочини тараш каби) қилиб, эҳромдан чиқиб, ҳажнинг эҳромига киради.
«Икки эҳромдан бирини тарк қилиши лозим бўлган ҳар бир киши тарк қилаётганлигини ният қилиши керак» («Маносик», 297-бет).
Ҳаж амалларини тугатгач, умранинг қазосини адо этади, бир қўйни қурбонлик қилади. Шундай воқеа Оиша розияллоҳу анҳо билан ҳам содир бўлган.
«Умрани тарк қилиши лозим бўлган ҳар бир кишига бир қурбонлик ва бир умранинг қазоси лозим бўлади» («Маносик», 296-бет).

8-масала:
Савол: Ҳоиза аёл Каъбани тавоф қилса бўладими?
Жавоб: Ҳоиза учун масжиднинг ичида бўла туриб, Каъбани тавоф қилиш ҳаром амал саналади. Шунингдек, масжиднинг ташқарисидан тавоф қилиши ҳам ҳаромдир.

Тавофи зиёрат масалалари

1-масала: Эркак кишилар каби аёлларга ҳам тавофи зиёрат фарздир. Зулҳижжанинг 10-куни шайтонга тош отгандан кейин, қурбонлик қилиб, сочни қисқартиргандан сўнг тавофи зиёратни қилиш суннатдир. Тавофи зиёратни соч олдиришдан олдин қилиш ҳам жоиз, лекин бунда суннатни тарк қилган бўлади.
Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
«Тавофи зиёрат билан шайтонга тош отиш ҳамда соч олдириш ёки қисқартириш ўртасидаги тартиб, яъни тавоф у иккисидан кейин бўлиши суннатдир, вожиб эмас. Тавоф билан қурбонлик ўртасидаги тартиб ҳам шу кабидир. Агар бир киши тош отмасдан, сочини қисқартирмай ёки олдирмай туриб тавофи зиёратни қилса, зиммасига бирор нарса вожиб бўлмайди, лекин суннатга хилоф иш қилган бўлади» («Маносик», 233-бет).
Ҳайз кўриб қолиши эҳтимоли бор аёллар зулҳижжанинг 10-куни субҳи содиқдан сўнг тавофи зиёратни қилишлари жоиз. Субҳи содиқ кирмасидан олдин жоиз эмас.

2-масала:
Савол: Ҳоиза тавофлардан қайсинисини тарк қилиши мумкину, қайси тавофни тарк қилиши мумкин эмас?
Жавоб:
1. Тавофи қудум - суннат бўлиб, ҳайз туфайли қолдирса-да, Минога кетишдан олдин пок бўлса, тавоф қилиб олади. Акс ҳолда тарк қилишга мажбур бўлади. Тарк қилгани учун каффорот лозим бўлмайди.
2. Тавофи зиёрат (Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланиб, то ўн иккинчи куннинг қуёши ботгунича) фарз амал бўлиб, аёл киши уни ҳайз туфайли бажара олмаса, то пок бўлгунича кечиктиради. Лекин тарк қилса, ҳажи адо бўлмайди. Ҳайз ҳолатида тавоф қиладиган бўлса, тавоф адо бўлади, лекин жазосига туя ёки мол қурбонлик қилиши лозим бўлади.
3. Тавофи видоъ - бу вожиб амалдир. Агар шу тавофни қилишдан олдин ҳайз кўриб қолса, уни тарк қилаверади. Зиммасидан соқит бўлади. Шундай воқеа София розияллоҳу анҳо билан ҳам содир бўлган.

3-масала:
Савол: Тавоф қилаётган аёл ҳайз кўриб қолса нима қилади?
Жавоб: Қайси турдаги тавоф бўлса ҳам, ўша заҳоти тавофни тўхтатиб, масжиддан чиқиши лозим. Туриб қолса, гуноҳкор бўлади.

4-масала:
Савол: Ҳоиза аёл ҳаж амалларидан қай бирини бажариши мумкин?
Жавоб: Ҳоиза аёл тавофдан бўлак ҳажнинг барча амалларини бажарса бўлади. Тавоф учун эса поклик шартдир. Ҳоизанинг масжидга кириши жоиз эмас.

5-масала:
Агар бир аёл ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатида илмсизлик қилиб ёки қасддан етти марта тавоф қилса, ёки гавофнинг кўпроғини, ёки тўрт ва ундан кўпроқ қисмини адо қилса, зиммасига учта иш вожиб бўлади.
а) ҳаром бўлган иш, яъни нопок ҳолатда масжидга кириш ва тавоф қилиш гуноҳидан тавба қилиш;
б) пок бўлгач, тавофини қайтадан қилиш;
в) агар қайтадан қилмаса, битта мол ёки битта туя сўйиш.
Эслатма:
Агар ҳайз ҳолатида адо қилган тавофини поклангач, қайта адо қилмасдан ватанига йўл олган бўлса, лекин мийқотдан ўтиб кетмаган бўлса, эҳромсиз қайтиб келиб, тавофи зиёратни адо қилади. Агар мийқотдан ўтиб кетиб бўлган бўлса, қайтиб, мийқотдан умрага эҳромга кириб, умранинг амалларини тугатгач, тавофи зиёратни адо қилади. Агар ватанидан ортига қайтмаса, ватанидан туриб, Ҳарамда бир мол ёки туяни қурбонлик қилдиради. Шундан сўнггина зиммасидаги фарз адо бўлади.

6-масала:
Агар 10 зулҳижжа куни илмсизлик қилиб, ҳайз ҳолатида тавофи зиёратини қилса, сўнг 11, 12 кунлари пок бўлса, тавофи зиёратни қайтадан қилади ва ҳайз ҳолатида тавофи зиёратни қилгани учун зиммасига вожиб бўлган туя ёки мол соқит бўлади. Агар 11, 12 кунлари пок бўлгач, тавофи зиёратни қайтадан қилмаса ҳамда қурбонлик кунлари ўтиб кетса, тавофи зиёратни қилади. Ҳайз ҳолатида тавофи зиёратни қилгани учун зиммасига вожиб бўлган туя ёки мол соқит бўлади. Лекин пок бўла туриб қурбонлик кунларидан кечиктиргани учун бир қўй ёки эчки қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

7-масала:
Агар ҳайз ёки нифос ҳолатида тавофи зиёратда уч ёки ундан кам айланса, зиммасига уч иш вожиб бўлади:
а) ҳаром бўлган иш, яъни нопок ҳолатда масжидга киргани ва тавоф қилгани гуноҳидан тавба қилиш;
б) пок бўлгач, тавофни қайтадан қилиш;
в) агар қайтадан қилмаса, битта қўй ёки битга эчки (мол ёки туя эмас) сўйиш вожиб.
Агар тавофи зиёратни қайтадан қилаётганида уларни ҳам (қолиб кетган тавофларини) қўшиб қайтадан қилса, қурбонлик қилиши соқит бўлади ва ҳар бир айланиш эвазига икки килограммдан буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади.

8-масала:
Агар бир аёл ҳайз ёки нифослик узри бўлмасдан туриб, тавофи зиёратнинг барчасини ёки кўп қисмини қурбонлик кунларидан (зулҳижжанинг 10-куни субҳи содиқ кирганидан то 12-кун қуёш ботгунича бўлган вақтдан) кечиктириб юборса, зиммасига бир қўй ёки эчки вожиб бўлади ва кечиктиргани учун тавба қилиши лозим бўлади.

9-масала: Агар бир аёл ҳайз ва нифосдан узри бўлмасдан туриб, тавофи зиёратнинг уч ёки ундан камроқ айланишини 12 зулҳижжанинг қуёш ботгунича бўлган вақтдан кечиктириб юборса, ҳар бир айланиш эвазига фитр садақаси микдорича (буғдойдан 2 кг ёки унинг қийматини) садақа қилиши ва кечиктиргани учун тавба қилиши лозим бўлади.

10-масала:
Савол: Ҳайз кўргани туфайли фарз бўлган тавофи зиёратни тарк қилган ва ватанига кетган аёлнинг ҳукми қандай?
Жавоб: Тавофи зиёрат ҳажнинг фарзидир. У бажарилмас экан, эҳромдан чикадиган амалларни қилиш билан ҳам эҳромдан чиқмайди. Эр-хотинларнинг яқинликлари ҳам ҳалол бўлмайди. Агар бу тавофни тарк қилиб, ватанига кетиб қолган бўлса, янги эҳромсиз қайтиб бориб, тавофни бажаради. Мободо бормасдан, қурбонлик қилдирадиган бўлса ҳам, эҳромдан чиққан бўлмайди. Ҳар бир жиноят учун жазо топилавермайди. Шунинг учун тавофи зиёратни қилмасдан ҳайз кўриб қолган аёл пок бўлиб, тавофни адо қилмагунича ватанига қайтишни тўхтатиб туриши зарурдир.

11-масала:
Агар ҳайз ё нифос туфайли уч ёки ундан камроқ тавофни қолдириб, ватанига кетиб қолса, унинг зиммасига қайтиб келиб, қолганларини адо қилиш вожиб бўлади. Агар ватанидан Маккага қайтиб келмасдан, жинояти эвазига бир қўй ёки эчкини қурбонлик қилса, кифоя қилади. Мабодо қайтиб бориб адо қилиб келишни хоҳласа, мийқотдан умра учун эҳромга киради. Аввал умрани адо қилиб, сўнг тавофи зиёратидаги қолдирган айланишларни бажаради.

12-масала:
Қурбонлик кунлари, яъни 10 зулҳижжанинг субҳи содиғидан то 12-куннинг қуёши ботгунича ҳайз ё нифосли бўлиб, тавофи зиёрат қила олмаса, бу кунлар тугаши билан пок бўлгач, тавофи зиёратни қилаверади ҳамда кечиктиргани учун бирор-бир курбонлик зимма-сига вожиб бўлмайди.

13-масала:
Қурбонлик кунларининг аввалида, яъни 10 зулҳижжанинг субҳи содиғи кирганидан сўнг тавофи зиёратнинг барчасини ёки кўпроқ қисмини адо қилишнинг имконияти бор эди, лекин бепарволиги туфайли уларни адо қилмаса, унинг зиммасига қуйидаги ишлар вожиб бўлади:
а) вожибни тарк қилганлик гуноҳига тавба қилиши;
б) ҳайзи қачон бошланиб қолишини билмаган бўлса-ю, кутилмаганда келиб қолиб, тавофи зиёратнинг барчасини ёки кўпроқ қисмини адо эта олмай қолса, 2 кг буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиши;
в) ҳайз келиши вақти маълум бўлиб, ҳайз келгунича тавофнинг ҳаммасини ёки тўрт айланишни, ёки ундан кўпроғини бажариб олиш имкони бўла туриб, тавофни қилмаса ва ҳайз келиб қолса, кечиктиргани учун бир қўй ёки эчки қурбонлик қилиши лозим бўлади.

14-масала:
Ҳайз кўрган аёл 12-зулҳижжа куни қуёш ботишидан олдин ғусл қилиб, тавофи зиёратнинг барчаси ёки кўпроқ қисмини адо қиладиган вақтда пок бўлса, лекин ғафлатда қолиб ёки бепарволиги туфайли тавофни бажармаса, зиммасига қуйидаги ишлар вожиб бўлади:
а) тавофни ўз вақтидан кечиктирмаслик имконияти бўла туриб, кечиктирганлик гуноҳидан тавба қилиш;
б) тавофни ўз вақтидан кечиктиргани учун бир қўй ёки эчки қурбонлик қилиш;
Агар 12 зулҳижжанинг қуёши ботишидан олдин пок бўлса-ю, лекин ғусл қилиб, масжидга бориб, тавофи шёратни бошласа ва уч ёки ундан камроқ айланишга етадиган вақт қолган бўлса ҳамда тавофни қилмай, кечиктирса:
а) тавофга киришмаганлик гуноҳига тавба қилиш;
б) вақт чиқиб кетишидан олдин бир-икки марта айланишга имконияти бўла туриб, айланмагани учун ҳар бир айланиш эвазига фитр садақаси микдорича садақа қилиш лозим бўлади.

15-масала:
Бир аёлнинг ҳайз одати 6 кун бўлиб, Маккага етиб боргач, ҳайз кўришни бошласа, 3-4 кун ҳайз кўргач, қон тўхтаса, ғусл қилиб, намоз ўқишни бошласа-да, лекин одат кунлари, яъни 6 кун тўлиқ бўлгунича тавоф амалини бажармай туради. Одатига биноан 6 кун ўтгач эса эҳтиётан яна бир бор ғусл қилиб, сўнг тавофини бажаради.

16-масала:
Бир аёлнинг ҳайз одати 5 кун бўлиб, беш кун ўтгач, қон тўхтаса, тавофга киришаверади. Агар 5 кундан ўтиб, 10 кундан олдин тўхтаса, 10 кунгача тавофни кечиктириши мустаҳаб саналади.

17-масала:
Бир аёлнинг 7 кун одати бўлса-ю, 3 ёки 4 кун қон келиб, тўхтаса, у ғусл қилиб, тавоф қилиб олса, қон тўхтаганидан кейин 15 кун поклик кўрмасдан туриб, қон томчиси, асари ёки қон оққанини кўриб қолса, у тавофни ҳайз кунларида қилган бўлади ҳамда уни қайта адо қилиши вожиб бўлади. Агар бу умранинг тавофи бўлса, бир қўй ёки эчки қурбонлик қилиш зиммасига вожибдир.
Эслатма: Ҳажнинг фарз бўлган тавоф зиёратини ҳоиза ёки нуфасо, ёки жунуб ҳолатида адо қилиш билан бадана, яъни туя ёки мол қурбонлик қилиш лозим бўлади.
Умранинг фарзи бўлган тавофини ҳоиза ёки нуфасо, ё жунуб ҳолатида адо қилиш билан қўй ёки эчки қурбонлик қилиш лозим бўлади.
Эслатма: ҳоиза ёки нуфасо, ё жунуб ҳолатида қилинган тавофни пок ҳолатда қайтадан адо қилинадиган бўлса, жиноят қурбонликлари зиммадан соқит бўлади.

18-масала:
Савол: Ҳоиза тавофи зиёрат қилиб олиш учун дори истеъмол қилиш воситасида кўраётган ҳайз қонини тўхтатса, лекин тавофи зиёрат қилиб бўлганидан сўнг одатий ҳайз кунларида иккинчи бор ҳайз кўриб қолса, қилган тавофининг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Икки ҳайз оралиғида поклик аралашганлиги учун ҳайз вақтида тавоф қилган ҳисобланади. Бунинг жаримасига туя ёки мол қурбонлик қилиши лозим бўлади. Агар ҳайздан пок бўлганидан кейин тавофи зиёратни қайтадан қилса, жарима соқит бўлади. Лекин икки кўринишда ҳам тавба лозимдир. Яъни бир аёл ҳар ойнинг 9-сидан 15-кунигача ҳайз кўрадиган бўлса-ю, 9-куни қон кўриб, 10-куни тавофи зиёратни қилиб олиш мақсадида дори истеъмол қилса ҳамда қон тўхтаб, тавофни бажарса, сўнг 12, 13, 14-кунларда ҳам пок бўлиб, 15-куни яна қон кўра бошласа, тавофни ҳайз муддатидаги аралашган покликда бажарган бўлади (яъни 9-дан 15-кунгача ҳайз кўриш у аёлнинг одатий кунлари эди). Одат кунларидаги поклик ҳайздан ҳисоблангани учун зиммасига қурбонлик жаримаси лозим бўлади. Агар тавофни қайтадан бажарса, қурбонлик соқит бўлади.
Агар ҳайз кўришни бошлагач, дори воситасида ҳайзни тўхтатса, сўнг қон тўхтаган ҳолатда тавоф қилса, одатий кунлари тугагунича қон кўрмаса ёки одат кунидан кейин қон келса ҳам, тавофи зиммасидан соқит бўлади ҳамда зиммасига жарима вожиб бўлмайди.
«Одатининг аввалги кунларида даводан фойдаланиш сабабли ҳоизанинг қони тўхтаса ёки тўхтамаса-ю, ғусл қилса, ёки ғусл қилмаса, тавофи зиёрагни бажарса, сўнгра одат кунларида яна қон кўрса, қаттиқ гуноҳкор бўлса-да, тавофи тавоф бўлади. Зиммасига эса туя ёки молни қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Пок бўлгач, тавофни қайтариши лозим. Агар қайта тавоф қилса, вожиб бўлган қурбонлик соқит бўлади» («Ғуня», 147-бет).

19-масала:
Савол: Ҳоиза фарз бўлган тавофи зиёратни бажараверса бўладими?
Жавоб: Бўлмайди. Лекин тавоф қилса, зиёрат тавофи адо бўлиб, жинояти учун зиммасига туя ёки мол сўйиш лозим бўлади. Лекин пок ҳолатида қайтадан бажарса, жиноят қурбонлиги зиммасидан соқит бўлади.
«Агар карвон ҳаждан қайтишга тайёргарлик кўрса, ҳоиза эса ҳайзидан пок бўлмаса, тавоф қилиш ёки қилмасликка фатво сўраса, уламолар: «Бундай аёлга масжидга кириш халол бўлмайди. Агар масжидга кириб, тавоф қилса, гуноҳкор бўлса-да, тавофи дуруст бўлади, зиммасига мол ёки туя сўйиш лозим бўлади», дейдилар» («Раддул мухтор»).
Кимдир зиёрат тавофини қилмай туриб эҳромдан чиқса, ҳалол бўлмайди.
«Эҳромдаги одам эҳромии тарк қилишни ният қилиб, ҳалол кишилар бажарадиган амаллар - тикилган кийим кийиш, хушбўйланиш, соч-тирноқларни олиш, аёлига яқинлик қилиш, ов қилиш кабиларни бошлаб юборса, бундай нияти билан у эҳромдан чиқмайди. Эҳромдаги кишидек Маккага қайтиб бориши вожиб бўлади. Қилган барча жиноятларига битта жонлиқ сўйиш лозим бўлади. Агар эҳромни тарк қилиш ниятида бўлмаган бўлса, жиноятларининг ададича жазо лозим бўлади. Эҳромдан чиқишнинг нияти «Мен эҳромдан чиқдим», деб даъво қилиш билан бўлади» («Раддул мухтор»).

20-    масала:
Савол: Ҳоизанинг Арафотда туриши жоизми?
Жавоб: Жоиз. Бу билан амал адо бўлади, чунки Арафотда туриш учун ҳайздан пок бўлиш шарт эмас.

21-    масала:
Савол: Ҳоиза умра учун эҳромга кирса бўладими?
Жавоб: Бўлади, лекин умра амалларини тўхтатиб туради.
Таҳоратсиз ҳолда умранинг тавофини адо этиш
1-масала:
Савол: Умранинг тавофини таҳоратсиз ҳолда адо этишнинг ҳукми қандай?
Жавоб: Умранинг тавофини бетаҳорат ҳолда адо этса, таҳоратсизлиги ҳайз ёки нифос, ёки жунублик сабабли, ёки оддий ҳолдаги таҳоратсизлик бўлсин, умранинг тавофини қилса, тавофи адо бўлаверади. Лекин қасддан қилгани учун гуноҳкор бўлиб, зиммасига қўй ёки эчки сўйиш вожиб бўлади. Агар буларнинг барчасидан (ҳайз, нифос ёки жунубликдан) пок бўлганидан кейин, таҳоратли ҳолда тавофни қайтадан қилса, жарима қурбонлиги соқит бўлади.
«Умра тавофининг барчасини, кўпини ёки озини, гарчи бир айлана бўлса ҳам жунуб, ҳоиза, нуфасо ёки таҳоратсиз ҳолда бажарса, зиммасига қўй сўйиш вожиб бўлади. Бунда кўп ёки оз (айланишнинг), жунуб ёки таҳоратсизликнинг фарқи йўқ. Чунки шариатда юқоридаги суръатда умранинг тавофида туя ёки мол қурбонлик қилиш, садақа қилиш белгиланмаган. (Ҳаждаги) Тавофи зиёратнинг акси ўлароқ. Чунки унда (тавофи зиёратда) ҳоиза ёки жунуб бир тавофни бўлса ҳам тарк қилса, унга қон лозим бўлади. Агар уни пок бўлгач, қайтариб адо этса, бўйнидан қон соқит бўлади».
Таматтуъ ҳажини бажарувчи аёлнинг умра тавофини қилишдан олдин ҳайз кўриб қолиши
Савол: Таматтуъ ҳажини бажарувчи аёл умранинг тавофини қилишдан олдин ҳайз кўриб қолса ҳамда 8-зулҳижжа келиб, ҳажга эҳром боғлашига тўғри келиб қолса нима қилади?
Жавоб: «Бу борада шариат ҳукми шуки, ушбу ҳолатдаги аёл ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо каби умрани тарк қилади. Сочини йиғиб, барчасидан бармоқнинг бир бўғинича, тахминан 2-3 см қисқартириб, эҳромдан чиқади. Сўнг сочини тараб, ҳаж эҳромига киради. Ҳайз ҳолатидаги аёл тавофдан ташқари барча амалларни бажариши жоиздир. Шунинг учун Арафот ва Муздалифада вуқуф қилади, шайтонга тош отади. Ҳайздан пок бўлгач, қачон бўлса ҳам, хатто қурбонлик кунларидан кейин бўлса ҳам фарз бўлган тавофи зиёратни қилади ҳамда ҳажнинг эҳромидан чиқади. Сўнг адо қила олмаган қазо умрасининг эҳроми учун Танъимга ёки Ҳарам ҳудудидан бошқа бирор жойга бориб, ўша жойдан эҳромга киради. Сўнг умранинг қазосини адо қилади. Шу билан бирга жарима қурбонлигини ҳам адо этади. Лекин бу қурбонлик гўштидан ўзи ея олмайди, барчасини фақирларга тарқатади» («Ғунятун носик»),
Савол: Умра тавофининг барчасини ёки кўпроғини бажариб бўлгандан сўнг, саъй қилишдан олдин ҳайз қонини кўриб қолса нима қилади?
Жавоб: «Таматтуъ дуруст бўлиши учун умранинг тавофини тўлиқ ёки кўпроқ қисмини бажарган бўлиши шарт. Шунинг учун тавофнинг ҳаммасини бажаргач ёки тўрт бор айланганидан сўнг ҳайз кўриб қолса ва пок бўлгунича ҳажга эҳром боғлаш вақти кириб қолса, умранинг эҳромидан чиқмай туриб, ҳаж эҳромига киради. Умранинг саъйини эса ҳаж амалларини тугатгандан сўнг ҳам бажариш жоиз. Бундай аёл таматтуъ қилувчига айланиб, шукрона қурбонлигини сўяди. Агар тавофни тўлиқ қилмай ёки тўрт марта айланмай туриб, уч ёки ундан камроқ айланганидан сўнг ҳайз кўриб қолса, Арафотга чиққунича ҳайздан пок бўлиб, тавофни тўлиқ ёки тўрт бор айлана олса, умранинг эҳромидан чиқмасдан туриб, ҳажнинг эҳромига киради ва қирон ҳажини қилувчига айланади.
Арафотга чиққунича ҳайздан пок бўлиб, тавофни тўлиқ ёки тўрт бор айлана олмаса, умрага боғлаган эҳроми ботил бўлади. Бу борада шариат ҳукми шуки, аёл киши ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо каби умрани тарк қилади. Сочини йиғиб, барчасидан бармоқнинг бир бўғинича, тахминан 2-3 см қисқартириб, эҳромдан чиқади» («Зубдатун Носик»),

Пошшохон Эшонхон қизининг
«Аёл – мўътабар зот» Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар, китобидан

 

Ҳозир сайтимизда 258 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ