1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

ЗАМОНАВИЙ ФЕМИНИЗМ

Ғарбда аёллар тенг ҳуқуқлилиги (феминизм) учун олиб борилган узоқ курашлар аёлларга бахт-саодат, ҳуррият, оилавий фароғат ўрнига чексиз кулфат, бахтиқаролик, оналик саодатидан мосуволик ва хўрлик олиб келганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Деярли ҳар куни ОАВларда жинслар тенг бўлиши ҳақидаги гап-сўзларни ҳали ҳам эшитиб турамиз. Ғарб давлатлари ва жамоат ташкилотлари доим эркак ва аёл ҳақ-ҳуқуқлари ҳаётнинг барча соҳаларида тенг бўлиши кераклиги, бусиз ривожланиш ва тараққиёт бўлмаслигини бот-бот жамоатчиликнинг эсига солиб туришдан чарчамайди.

Айниқса, мусулмонлар ўз аёлларини эзаётганликда айбланади. Негадир айнан мусулмон аёлларининг ташвиши ҳаммага тушган, уларни эркаклар билан тенглаштириш муҳим, долзарб масалага айланиб қолган. Улар барча ишларини ташлаб, “эзилаётган” шарқ аёлини озод қилишга қаттиқ бел боғлашган. Шарқ аёлининг “оғир қисмати”, “фожеали ҳаёти”, “тўрт девор ичида  қолиб  кетаётгани” ҳақида зўр бериб айюҳаннос солаётган Европадан, Ғарбнинг бошқа ўлкаларидан «Сизлар ҳурриятга эриштирган аёлларингизнинг аҳволи қалай?» деб сўрайдиган марднинг ўзи йўқ.

Ғарб демократлари аёлларнинг кун кўришга маблағ йўқлигини эмас, улар учун таълим олишнинг қимматлигини эмас, уларга сифатли тиббий хизматнинг йўқлигини ҳам эмас, балки муслималарнинг ўраниб юриш, эрига итоат қилиш ва оила бекаси бўлиш истагини хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш деб ҳисоблашади. Аёлларнинг ўранишини либераллар хўрлланиш ва зулм белгиси, деб билишади. Улар муслималарни барча нарсада ўзларига ўхшатишга ҳаракат қилишмоқда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўзининг “Исломда инсон ҳуқуқлари” деб номланган китобларида: “Дунёнинг кўпгина жойида аёл кишига эркак киши билан тенг ҳуқуқ бериш шиори остида аёларга зулм қилинди ва қилинмоқда. Агар барча нарсада истисносиз тариқада аёл билан эркак тенг бўлиши шарт бўлганида Аллоҳ таоло инсон зотини аёл ва эркак қилиб икки жинсга ажратиб яратмас эди”, деб ёзган.

Феминистларнинг фикрига кўра, очиқ-сочиқ, қимматбаҳо либослар киядиган, ишлайдиган, иккитадан ортиқ фарзанди бўлмаган, ўзининг куч-ғайратини болаларига ҳамда уй рўзғорларига сарфламайдиган, аксинча, кўнгилхушликлар билан вақтини ўтказадиган аёл бахтли аёлдир?!

Психологларнинг айтишича, бундай ҳолат аёллар учун табиий эмас. Уларнинг ҳар бири қалбида ўзини она ёки аёллик фитратини амалга ошишини орзу қилади. Бир вақтлар асосий вазифаси уй-рўзғор ишлари-ю фарзанд тарбияси ва эрларини бахтиёр қилишдан иборат бўлган аёллар ҳозирги замонда жамиятнинг, оиланинг барча ташвиш ва муаммоларига эрлари билан баравар масъул, жавобгар бўлганидан аёллик фитрати саробга айланиб қолди.

Мутахассислар жинсларни тенглаштириш инсоният табиатига зид эканлигини, бу бутун жамият учун ҳалокатли, хусусан, аёлларга ўта хатарли, деб ҳисоблайдилар.

“Феминизм соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди. Чунки у эркак ва аёл барча нарсада бир хилдир. Уларнинг фарқи фақат жамият қарашларига кўра шаклланган деб айтувчи ёлғон ғояга асосланади. Аслида эса, эркак ва аёл генетик даражада бир-биридан фундаментал равишда фарқ қилади. Инсон табиатига зид бўлган ғояга асосланган ҳар қандай сиёсий ҳаракат барбод бўлишга маҳкумдир”, дейди америкалик психолог Сатоши Каназава “Илмий фундаменталист” деб номланган журналда.

Ҳозирги давр шундайки, аёл киши кўчага чиқмай уйда ўтириб ҳам фарзандларига етарли, яхши тарбия  бера олмаяпти. Саккиз-ўн соат ишлаб келган аёл эса тарбия бериш  у ёқда турсин, кўпинча  фарзанди билан ўтириб  тузукроқ  гаплашишга  ҳам вақт ва тоқат топа олмайди.

Россиялик психолог Надежда Юргина фикрига кўра, ҳар қандай аёл аввало ўзининг оналик ва аёллик ролини бажаришни истайди. Юқорида зикр қилинган ролни бажара олиш имкониятидан маҳрум бўлсагина, аёл тенг ҳуқуқлик учун курашишни бошлайди.

“Аёллар ўз табиий фитратларини амалга ошириш имкониятига эга бўлган дунёда яшашни исташади. Бу болага сут бериш, насл-ҳаёт давомичиси бўлиш каби мажбуриятлардир. Буни амалга ошириш имкониятини эса улар эркакларга беришади. Агар уларнинг бу талаблари қониқмаётганини сезишса, улар воқеалар ривожини ўз қўлларига олишга ҳаракат қилишади ва феминизм деб аталувчи нарса содир бўлади.

Феминизм аёллар ноиложликда қолганида ёки эркаклардан кутилган умидлар пучга чиққанида юзига тортиладиган ниқобдир. Ҳозирги цивилизациялашган дунё жамиятида аёллар ўзларини хотиржам ва табиий тута оладиган макондан маҳрум бўлганлар. Бу жой эса – уй, аёл кишининг салтанатидир. Буларнинг ўрнига улар эркаклар билан тенгма-тенг ишлаши, ҳамда оила ва уй-рўзғор ташвишлари келиб қўшилди.

Натижада эса, аёллар хориган ва чарчаган, - дейди мутахассис. - Агар олдинлари аёллар дунёси ошхона, ётоқхона, уй, бола тарбияси билан чекланган бўлса, ҳозир эса, аёллар гўёки кўчага ҳайдалган: боринглар, энди маошларингиз ҳам керак деганидек. Аёллар энди эркакларга ортиқча умид қилмай “сувоқ белчасини” қўлларига олиб, ўзларининг келажакларини қуришга тушишди. Улар табора мустақил ва етакчиларга айлнишмоқда. Шунинг учун ҳам феминизм кўриниши бугунги жамиятнинг инқорозга тушиб қолганидангина рўй бермоқда”.
Улар ҳам эрлари каби ишхонада маълум вақт меҳнат қилишади. Кечқурун ҳориб-чарчаб, асабий ҳолда  қайтган аёлни энди уйда рўзғор юмушлари, эри ва болаларининг таоми, кийими, ўрнини ҳозирлаш каби ишлар кутади. Топган  пулини оиласига сарфласа ҳам майли эди.  У пуллар ўзининг тез тўзиётган, кун сайин «модаси» ўзгараётган кийим-бошидан, йўл кирасидан, тушлигидан, бошқа кам-кўстидан ортмайди.

Мутахассислар фикрига кўра, аёл кишининг мияси жамоат ишларини ечишдан кўра оилавий масалаларни ҳал қилишга мослаб яралган.

“Аёлларнинг 80 фоиз ақли бошқалар билан шахсий муносабатларига қаратилган бўлади. Агар уйда эркак иш ҳақида ўйлаётган бўлса, аёл киши эса иш жойида ҳам шахсий ҳаётини кўпроқ ўйлайди. Унинг барча интеллекти ўзининг шахсий ҳаётини қуришга қаратилган бўлади. Бошқа нарсаларга унинг энергетикаси етмайди”, - деб ҳисоблайди Екатеринбурглик психолог Антон Кузнецов.

Ҳақиқатдан ҳам ўзини энг ҳур ва озод (эмансипированные) деб биладиган аёллар сиёсат, иқтисод ҳақида эмас, балки ишқ, муҳаббат ҳамда шахсий муносабатлар ҳақидаги китоблар, кинолар ҳақида суҳбат қуришни афзал кўрадилар.

Феминист аёллар иш жойидаги раҳбарларга итоат қилишга тайёр. Лекин эрларига итоат қилишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Психотерапевт Кузнецов буни аёлларнинг эркакларга бўйсуниши табиий ҳолатлиги билан изоҳлайди.

“Аёллар азалдан кучли эркакларга маҳлиё бўлишади. Танлагани қанчалик довюрак, мард бўлса, аёллар нуқтаи назарида у шунча яхши ҳисобланади. Билогия ўзи шундай. Бундан ҳеч қаерга қочиб бўлмайди”, дейди Антон Кузнецов.

Феминизм инсон табиатига зид келар экан, у аёлларга хурсандчилик, хотиржамлик ва бахт келтира олмайди. Аксинча, бунинг аксини кўп кузатамиз. Жамиятнинг тамал тоши она қўлидадир. Илк тарбия мактаби оила бўлса, унинг муаллимаси ва мураббияси онадир. Ҳуррият излаган, эркаклар билан ҳуқуқ талашаётган, турли намойиш ва мажлисларда, мода ва гўзаллик салонларида, қаҳвахона ва ресторанларда  ҳаётини совураётган  аёлнинг фарзандига тарбия қилиб берадиган, ўрнак бўла оладиган бирор фазилати бўлармикин?

“Феминизм аёллар бахтини қора қилиши билан ҳам ёмондир”, дейди Сатоши Каназава. Пенсильвания университети Бизнес мактабидан Бетси Стивенсон ва Жастина Волферс олиб борган тадқиқотига кўра, сўнгги 35 йил ичида эркаклар топишига кўра, аёлларнинг топиши ошиши билан аёллар янада бахтсиз бўлиши кузатилган.

“Ўтмишда аёллар топиши кам бўлишига қарамай улар кўпроқ бахтли бўлишган. Аёлларнинг ўзларини эркаклар каби тутиши, эркаклар каби пул топиш шароитида аёллар орасида ҳаётдан қониқиш даражаси тушиб кетди. Ажралишлар ва ёлғиз аёллар кўпайиб борди. Эркак ва аёл табиати ҳақидаги нотўғри тасаввурга асосланган замонавий феминизм аёл кишини бахтсиз қилди. Эркакларнинг бахт тушунчаси даражаси сўнгги 35 йил ичида унчалик ўзгаришга учрагани йўқ, чунки эркаклар орасида эркакларни аёлларга ўхшатишга тарғиб қиладиган ҳаракат йўқ”, деб ёзади “Америка иқтисодий журнали”нинг мутахассислари.

Ўтган давр мобайнида Ғарб аёллари жуда кўп ҳуқуқларнинг ҳаммасига эришишди. Аммо оналик ва оила фароғатига мослашган аёллик фитратига хилоф бу мажҳул эркинликлар уларни бахтиёр қилолмади. Саодат ва ором-осойишталикка элтувчи фитрий вазифаларидан узоқлаштириб юборди. Ғарб аёллари жамоат ишларида қатнашиш, уй-оилада, фабрикада ишлаш, жамият кўнгилхушликларига берилиш, қаҳвахона ва базмларда қўшиқ айтиш ва рақс тушиш, эркаклар олқишини олиш учун гўзаллик танловлари ва бошқа кўнгилочар  тадбирларда қатнашиш билан аёллигидан ажради, ўзлигини йўқотди.

Эркак ва аёллар биологик нуқтаи назардан анча фарқ қилади. Шунинг учун ҳам уларни тенг ҳуқуқли қилишда маъно йўқ ва бу адолатдан ҳам эмас. Аёлларни эркаклар билан баробар армиялардан хизмат қилишга, спорт мусобақаларида тенгма-тенг иштирок этишларига ҳатто шахмат ўйинларида уларни эркакларга қарши қўйишга мажбурламаймиз-ку, ахир?! Жамиятдаги қонунлар ҳам аёл ва эркак хусусиятларини назарда тутган бўлиши керак. Яъни, кимнингдир кучли яна кимнингдир заиф тамонларини инобатга олишлари лозим.

Уларнинг заиф ва кучли тарафларини уларни Яратувчисидан ҳам яхши биладиганлар борми? Исломда инсониятнинг барча жинсларнинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олган. “Модомики, инсон аёл ва эркакдан иборат экан, улар биологик ва психологик жиҳатдан ва бошқа жиҳатлардан фарқ қилар экан албатта мазкур омиллар ҳисобга олиниши зарур. Аёлларга хос масалаларда уларга эркаклардан кўп ҳуқуқ бериши лозим. Чунки, бу масалалар аёллик табиатига мос масалалардир. Эркакларга хос масалаларда эса эркакларга кўп ҳуқуқ бериш керак. Чунки, эркакларнинг ҳуқуқини аёлларга бергандан нима фойда. Аёллар барибир улардан фойдаланмайди. Ҳам аёллар, ҳам эркаклар учун умумий бўлган масалаларда эса икки томонга тенг ҳуқуқ бериш керак бўлади”, дейди шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари.
 Ислом эркак ва аёлга жамиятда турли ролларни бажаришни ва шунинг билан бирга бир-бирларининг ўринларини тўлдиришни таклиф қилади. Баъзи соҳаларда эркакларнинг аёлларга қараганда ўринлари баланд, баъзи масалаларда эса аёллар устун, баъзиларида эса улар тенг ҳуқуқлидир. Бу жинсларнинг қайсидири бирон нарсада камсилтилганини англатмайди. Бу ҳар ким ўз табиатидан келиб чиққан ҳолда ўз ўрнида туриб, ўзининг ишини қилаётгани демакдир.

Интернет материаллари асосида
Абу Муслим

Ҳозир сайтимизда 117 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ