1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Никоҳнома (аудио)

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм       

    Б и т и к    б о ш и     

“Бисмиллаҳ…” деб аввало ҳамд
    Айтайлик Яратганга,
Инсон зотин азиз қилиб,
    Жон ато қилган танга.

Барча оламлар Раббига
    Ҳамдлар бўлсин беадад,
Ҳар ишда ҳам ҳар қадамда
    Ёлғиз ундандир мадад.

Чексиз саловат дурудлар
    Хотам – ул анбиёга,
Ул ким умматни зулматдан
    Чиқармушдир зиёга.

Ул улуғ зот аҳли байти
    Ҳамда чаҳори ёрлар
Ҳақларига кўп дуолар
    Қилсун иймони борлар.

Ҳам дуолар қилайлик биз
    Ҳар саҳоба номига,
Барча ўтган мўминларга –
    Ҳар хосу авомига.

Ҳозирдаги ҳар бир ҳаёт
    Пок иймонли бандани
Ҳақ асрасин ҳар қадамда,
    Соғ бўлсин жону тани.

Энг меҳрибон ва раҳмли
    Аллоҳнинг номи ила,
Ўғил-қизим, сизларга бахт
    Тилагум дуо қила.

Сўраб, излаб, ўқиб, билиб
    Недир сунний ақоид,
Бул дам сизга билдирайин
    Недур сизларга оид.

Сизга даркор сўзлар дейин
    Сизга Ҳақдан бахт тилаб,
Ҳар сўзимга диққат қилинг,
    Қулоқ тутинг яхшилаб.

Сиз дунёда энг шарафли,
    Энг ҳақ динга мансубсиз,
Бул динда ҳақ эслатмалар
    Бир уммондирки тубсиз.

Турли-туман ҳаёл кечар
    Бул дам бул бошингизда
Никоҳ недур билинг энди
    Ўсмир бу ёшингизда.

Никоҳ иши – бандасига  
    Аллоҳ буюрган фарздур,
Ким қилмаса фарз амални,
    Ул фарз бўйнига қарздур.

Жуфтлик иши ер юзида
    Ҳар бир жонзотга хосдир,
Бул иш бизга жами ўтган
    Аждодлардан меросдир.

Ҳа, бу жуфтлик  бизга мерос
    Ул узоқ замонадан,
Одам алайҳиссаломдан
    Ҳамда Ҳавво онадан.

Ҳар жонзотни жуфт-жуфт қилиб
    Яратмишдур Ўзи Рабб,
Инсон ҳам ўз жуфтини топар
    Миллат динига қараб.


“Никоҳнома” нелигин назмий нақли 

“Никоҳнома” никоҳталаб
    Ёшларга бир қўлланма,
Баракотли, бахтли никоҳ
    Йўлига бир йўлланма.

Кимки шаръий  жуфлик истаб
    Бахтини излаб чопар,
Бул битикка амал қилса,
    Бешак, кўп фойда топар.

Бул пандларни ҳар фарзандга
    Айтмоғи шарт ҳар падар,
Ҳаққа хуш бир банда бўлиш
    Улкан бахтдур нақадар.

Бул битикда битадурман
    Сиз ёшлар-чун қоида,
Бунда борки битганларим
    Сизларга кони фойда.

Ўқиб амал қилсангиз гар,
    Не битилур бу хатда,
Бешак бахтингиз топарсиз
    Дунё ва охиратда.

Сабабким, бул хатга Аллоҳ
    Каломи асос эрур,
Ҳам ҳадис ҳам кўп улуғлар
    Сўзларига мос эрур.

Ҳар бир мўмин ҳар оятга
    Лозим қулоқ солмоғи,
Ҳар мусулмон эр, аёлга
        Фарздур илм олмоғи.

Сиз бехабар банда бўлманг
    Ҳамда бўлмангиз  жоҳил,
Сиз бохабар банда бўлинг
    Ҳамда бўлинг сиз оқил.

Бул барини сизга битгум
    Қорайтириб қоғозим,
Оқил фарзанд бул барига
         Амал қилмоғи лозим.

Насиҳатим битадурман
    Сизларга содда тилда,
Сабаб, сизга кўп наф берар
    Айтар бўлсам шу хилда.

Оддий тилда сизлар  осон
    Қулоққа гап оласиз,
Сиз балоғат ёшида, лек
    Мен учун ёш боласиз.

Айтар гапим орасинда       
    Сўз бўлмас изоҳталаб
Шул маъқулдир, сизга содда
    Сўзлар  айтсам  эркалаб.
 
Диққат  ила  тингласангиз
    Сўзимга  қулоқ  осиб,
Феълу атворингиз бўлур
    Чин мўминга муносиб.


 Муслим мақомин манзуми

 Ватанимиз чин мўминлар,
    Чин  мусулмонлар  ери,
Ҳаққа ҳамдки, мусулмонмиз
    “Қолу бало”дан бери.

“Боймисиз?”, деб биров бирдан
    Сўров қилса ҳойнаҳой,
Айтинг: “Бизлар мусулмонмиз,
    Кимса йўқдир биздан бой!”.

Савол бўлса: “Ким бермишдир
    Сизга мусулмон номин?”
Айтинг: “Аллоҳ Ўзи бермиш
    Бизга муслим мақомин”.

“Бисмиллаҳ…” ни унутмангиз
    Ҳар ишга қўл урганда,
Ҳар бир хайрли одатда,
    Ётганда ҳам турганда.

Агарким пок қалбингизда
    Мукаммал бўлса иймон,
Бўлғайдурсиз комил инсон,
    Бўлғайсиз чин мусулмон.

Гўзал ният ва пок иймон
    Жой олсин дилингиздан.
“Лаа илаҳа иллаллоҳ…” ҳеч
    Тушмасин тилингиздан.

Намоз ўқиш исломдаги
    Бешта шартнинг биридир.
Фарзандини унга ундаш
    Отанинг тадбиридир.

Намоз ўқиш бизга фарздур
    Ҳар бир ёшу қарига,
Бу Аллоҳнинг бир немати
    Бизга – бандаларига.

Намоз сўзи форсий эрур,
    Арабчада солатдур,
Намоздаги хушу ҳолат
    Энг гўзал бир ҳолатдир.

Намоз чоғи чин мўминга
    Келгайдур жаннат иси,
Ҳар намоз бу – Нажоткорга
    Бош эгишлик белгиси.

Намоз Ҳаққнинг ҳар бандага
    Улуғ бир инояти,
Бул амалга даъват этар
    Қуръоннинг кўп ояти.

Беш вақт намоз фарз этилмиш
        Ҳар мўминга ҳар куни,
Бир муборак ҳадис тингла:
       “Намоз диннинг устуни”.

Қиёматда бенамозлар
    Кўзи беҳад ёшланур
Сабаб, Ул Кун сўроқ-савол
    Шул намоздан бошланур.

Ул Кун билур ҳар намозхон
    Намоз не неъматлигин,
Бенамоз ҳам билур ишин
    Оғир мусибатлигин.

Ҳар мўминга ҳар қадамда
        Аллоҳ Ўзи Олий Дўст,
У буюрган ҳар амални
        Бажаринг бекаму кўст.

Намоз чоғи ёғилгайдур
    Аллоҳнинг раҳмат нури,
Жойнамознинг усти, билинг,
    Бу Аллоҳнинг ҳузури.

Намоз вақти кириб намоз
    Ўқир бўлса кимда-ким,
Гўзал бўлсин таҳорати
    Ҳам кийсун тоза кийим.

Тарк айламанг тозаликни –
    Ҳаққа маъқул бул ишни,
Ул Қуръонда қайд қилмишдир
    Либосни пок тутишни.

Ибодат-чун ҳам аввало
    Керакдур покизалик,
Покланмайин мақбул эрмас
    Ҳаққа ҳар салом-алик.

Замин узра турли анҳор,
    Ариқлардан таратиб,
Покланишга неъмат – сувни
    Аллоҳ қўймиш яратиб.

Қай ҳолатда покланиш-чун
    Биларсиз бор усулни,
Бул ёшда сиз биладурсиз
    Таҳорату, ғуслни.

Ким намозхон жону дили
    Роҳатда ҳар дам анинг
Намознинг ҳар бир фарзини
    Сиз синчиклаб ўрганинг.

Рўза тутинг Рамазонда
    Бул ойда қилинг ифтор,
Амал қилмай бўлмангиз Ҳақ
    Ғазабига гирифтор.

Рамазонда раҳмат нури,
    Баракоти сочилур
Ҳадис бор: “Бу ойда осмон
     Эшиклари очилур”.

Шайтонлар занжирбанд, дўзах
    Эшиклари ёпилур,
Фурсат ғанимат билганга
    Қулай имкон топилур.

Намоз, закот амалларнинг
    Бизга фарзлиги каби,
Рўза тутиш ҳам бизларга
    Тангримизнинг талаби.

Муқаддас ой Рамазон бу –
     Ойлар ичра султондур,
Бул ой – покланиш мавсуми,
    Покланишга имкондур.
 
Бул ой ичра белгиланмиш
    Файзи улуғ бир кеча,
Бул тун тўлар фариштага
    Беадад, неча-неча.

Бу тун тилангиз Тангридан
    Бахтнинг бўлишин бутун
Тангри бермиш таърифини
    Қандай тун эрур бу тун.

Рўза тутинг Рамазонда
    Кўп қилинг яхши ният,
Бул ойда руҳ, тан покланур
    Ки, нафс топур тарбият.

Бул ой яна бир номининг
    Бул дамда келди жойи
Бул муқаддас ойнинг яна
    Бир номи – сабр ойи.

Ушбу ойда рўза тутган
    Ҳар бир мусулмон банда
Ўз молидан закот берур
    Нисобига етганда.

Исломнинг беш арконидан
    Яна битта нафари –
Ҳар мўминга фарз қилинган
    Муқаддас Ҳаж сафари.

Бул сафарким бўлур, албат,
    Кимда имкон топилса,
 Яни, ўзин маънавий ва
    Моддий тайёр деб билса.

Ҳақ севгиси, пок иймонга
    Гар қалбингиз очарсиз,
Бешак, турли ёмонликдан
    Узоқлашиб қочарсиз.

Кимки Ҳаққа бошин эгиб
    Интилар Ҳаққа томон,
Иншааллоҳ, оқибати
    Бўлмасдур алсо ёмон…

Фарзанд бурчи ҳаққиндадур
    Муддаоси бул банднинг,
Ота-онага яхшилик
    Бурчидур ҳар фарзанднинг.

Бул яхшилик хусусинда
    Қуръонда кўп гаплар бор,
Алар учун яхшиликни
    Амр этмиш Парвардигор.

Билмайин бул бурчингизни
    Бошга бир бало ортманг.
Кекса ёшда бўлса алар,
    Асло қараб “уф” тортманг.

Ҳаётда ким ҳамиша Ҳақ
    Ҳар амрига бўйсунар,
Ҳар дамда ул бўйсунувчи
    Бошида бахти унар.

Ҳақ билдирган ҳақиқатга
    Чиндан керак ишонмоқ,
Азим гуноҳ ишонмаслик,
    Азим гуноҳдир тонмоқ…
 
Муносиб ёр излаганда
    Учманг дунё, молига,
Назар солинг иймонига,
    Ҳаёсининг ҳолига.

Имкон қадар яқин борманг
    Ҳаддан ортиқ бойига,
Ҳаддан зиёд ҳам маҳлиё
    Бўлмангиз чиройига.

Кўп йигитни қизиқтирар
    Келин насли, насаби,
Отасининг топиш-тутиш,
    Амали-ю, мансаби.

Бул сифатлар бари бекор,
    Сиз топинг диндорини,
Тоат-ибодати гўзал
    Пок иймони борини.

Ёр танлашда кўп маъқулдир
    Йўл тутсангиз шул тусда,
Сабаб, бул суннат эрур,
    Ҳадис  бор бул хусусда.

Ҳар ҳадисга амал айлаш
    Айланса гар одатга,
Ул соҳиб ҳар икки олам
    Етишгай саодатга.

Маҳр – маъно жиҳатиндан
    Гўзал ахлоққа кирар,
Маҳр бермоқ бу - аёлнинг
    Қадрини юксалтирар.

Маҳр бергувчи билсинким
    Маҳрнинг меъёрини,
Ўта қиммат ё акс қилиб
    Ранжитмасин ёрини.

Келин маҳри ҳеч ҳолатда
    Бўлмасинким жуда кам,
“Мухтасар” дер: Маҳр бермоқ
    Энг кам нархи ўн дирҳам.

Молу давлат, тўкин ҳаёт –
    Фақат шулар бахт эмас,
Комил инсон фақат моддий
    Бойлигини бахт демас.

Сизга айтсам оиланинг
    Кўпдур сир-саноати,
Оддий сири – эр топганда
    Хотиннинг қаноати.

Ҳар оила аҳиллигу,
    Софликни қилса ният,
Файзли бўлур ҳар хонадон
    Ҳамда ҳар бир жамият.

Оилада гар узилса
    Муҳаббатнинг риштаси,
Шул заҳоти тарк этадур
    Ул уйнинг фариштаси.

Дилингизда бир ҳол сабаб
    Кек, адоват қолмасин,
Ҳушёр бўлинг орангиздан
    Муҳаббат йўқолмасин.

Аллоҳ фарзанд ато қилса,
    Унутманг муҳим ишни,
Дарҳол бошланг қулоғига
    Азон, такбир айтишни.
                            
Бу бирлан Ҳақ борлигини
    Жажжи қалбга жойлайсиз,
Ҳам танитиб Расулини,
    Ибодатга бойлайсиз.

Билинг, шунда бола бўлур
    Сизларга итоатли,
Барокатли бўлур умри
    Ҳам Ҳаққа ибодатли.

Унутмангиз болангизни
    Ҳар дам дуо қилмоқни,
Оқибатда бола билмас
    Ҳаётда қоқилмоқни.

Ота-она қилар бўлган
    Дуо қиёси булдур,
Расул уммат учун қилган
    Дуо каби мақбулдир…

Ҳар дам ҳалол ризқ топишни
    Ҳар доим қилинг ният,
Ҳалол топмоқ бизга билинг
    Аждодлардан васият.

Эҳтиётли бўлинг ҳар дам
    Ҳар хил ҳаром луқмага,
Билинг, бизнинг аждодимиз
    Ҳаром луқма тутмаган.

Ҳаром луқма айлантирар
    Кулга иймон чўғини,
Бул дегани барбод қилар
    Банданинг бор-йўғини.

Ҳаром луқма банда борин
    Куйдиргувчи оловдир,
У бошлагай жаҳаннамга,
    Жаннат йўлига ғовдир.

Ҳалол-ҳаром нелигини
    Қиладурман кўп такрор,
Бул хусусда Ҳақ Сўзида
    Битилган кўп оят бор.

Бул оятлар маъносини
    Ҳар дам олинг сиз ёдга,
Ҳаром луқма, албат, зиён
    Бергайдур бир авлодга.

Кеч бўлгайдур кечиримга
    Кўзлар ёшга тўлганда,
Кимга керакки, кечирим
    Кимсага кеч бўлганда...

Бул дам зино хусусинда
    Айтарим бор озгина,
Каломда Ҳақ амри бордир:
    “Ва лаа тақробуззина”.

Бул марҳамат маъноси бул:
    “Зинога яқинлашманг”,
Амал қилмас кимсаларнинг
    Охир, албат, ҳоли танг.

Бул йўлда ким юрар бўлса,
    Оқибат ҳоли войдур,
Бул дунёда хор ва Ул Кун
    Аларга дўзах жойдур.

Ким бул бобда битилганга
    Доир билса ўзини,
Йироқлашиб фахш ишлардан,
    Айтсун тавба сўзини.

Ким эътибор қилмай асло
    Парво қилмас бул бобга,
Охиратда учрагайдур
    Энг аламли азобга.

Билингким бул битигим чин
    Номусли учун қомус,
Зинокор ҳар кимса борки
    Аталгайдур беномус.

Ҳар мўминга манъ қилинган
    Бундай йўлга кирмоқлик,
Бул сабабки буюрилган
    Авратни яширмоқлик.

Адашманг ҳақ йўлдан, ҳушёр
    Бўлинг турли оқимдан,
Чалкашиб ҳеч четга чиқманг
    “Сиротал мустақийм”дан.

Ер юзида мазҳаб кўпдир,
    Ҳам бордир турли динлар,
Фақат тўғри йўл устида
    Юрганлар бу – мўминлар.

Хонумони хароб бўлар
    Ким бу йўлдан айрилса,
Айрилиш не, ҳатто бир оз
    Ортига сал қайрилса…

  Қизимга қайдларим…

Оппоқ қизим, жон қизгинам,
    Бўйларингдан ўргилай,
Кетар чоғинг кел, бу азиз
    Бошгинангдан бир силай.

Кел, қизгинам яна бир бор
    Ўпайин пешонангдан,
Рози бўлгин, мен отангдан
    Рози бўлгин онангдан.

Не иложким кузатаман,
    Бугун узоқ йўлларга,
Не иложким узатаман
    Бегона бир қўлларга.

Улар бегонамас, энди
    Бизлар гўё бегона,
Энди ўзга отанг бордир,
    Онангдир ўзга она.

Бул дам гўё дилгинамнинг
    Уйин бузиб кетарлар,
Қизимнимас, гўё бул дам
    Танам узиб кетарлар.

Сен йиғлама, жон қизгинам,
    Гар йиғласам, мен ночор,
Бўлди қизим, кўп йиғлама,
    Бора қолгин, яхши бор.

Борар жойингда бахт топгин
    Кўзимнинг нури, моҳим,
Ўзи қўллаб ҳам асрасин
    Ҳар қадамда Илоҳим.

Ҳамиша ҳам тут покиза
    Қалбингни, руҳу танни,
Бизларни кам эсласанг-да,
    Унутма Яратганни.

Кўзга нурдай кўрингайдур
    Болам, босган изларинг,
Билгин, сенга ибрат бўлсин
    Расулуллоҳ қизлари.

Борар жойингда бўл, қизим,
    Бир соҳиба, ҳур аёл,
Бардошли бўл барига ва
    Қайтишни қилма хаёл.

Нурга тўлсин ҳонадонинг,
    Яни, борар ул жойинг,
Дуодамиз биз иккимиз,
    Яни, мен ҳамда ойинг.

Демагилки, доно қизим
    “Бердингиз мени кимга!?”,
Бугун сени топширгум мен
    Сени берган Роббимга.

Болам, азиз бошинг сира
    Кўрмасин бало домин,
Сени бизга берган Аллоҳ
    Бахтинг ҳам берсин “Омийн!”…

Ёдимда… кўп қувонгандим
    Сен дунёга келган кун,
Бул кун ҳам қувончдаман
    Чеҳрам бўлсада маҳзун.

Бахтинг тилаб эрдим сени
    Йўргакка ўрашганда,
Қувонгандим дояларинг
    Суюнчи сўрашганда.

Ҳа, ёдимда қанча табрик
    Сўзга қулоқ осганим,
Ҳам илк бора жажжи жуссанг
    Бул бағримга босганим.

Ҳа, барчаси ҳудди бугун
    Бўлгандайин, ёдимда,
Бул дам эса бари тушдай
    Ўтар бу ҳаётимда…

Йўлдошдурсан энди аввал
    Кўрмаган бир кишингга,
Ул ҳам энди ўртоқ эрур
    Келажак турмушингга.

Болам, энди қўйилгайдур
    Бир ёстиққа икки бош.
Аҳил бўлинг, бир-бирингиз
    Учун бўлинг кўмакдош.

Ҳар номаъқул давраларда
    Кўринмасин қорангиз,
Шунда бешак бузилмасдур
    Оилада орангиз.

Кўнгил қўйма мол-дунёга,
    Жилов солгин нафсингга,
Айла улуғ муҳаббат сен
    Ҳақ берган улуғ динга.

Ҳар дам борингга шукр қил,
    Сабр қилгил озингга,
Бееътибор бўлмагил ҳеч
    Болам ҳар намозингга.

Гар имконинг бўлса қизим,
    Соғлигинг бўлса танда,
Аллоҳ бизга фарз айлаган
    Рўзани қилма канда.

Насиб этса Ҳаж сафар қил,
    Етиш оби зам-замга,
Болангни ҳам дуо қилай            
    Мен ўтқазиб тиззамга.

Ул уйингда хавотирли
    Бўлмасин сира ҳолинг,
Ҳурмат топсинким ҳамиша
    Сендан жуфти ҳалолинг.

Шукр қилгил, бул замонда
    Банда бахтсизлик билмас,
Қай замонлар каби қизлар
    Тириклайин кўмилмас.

Ҳа, динимиз улуғлигин
    Битадурман бу хатга,
Ислом барҳам берди бундай
    Жоҳилона одатга.

Жоҳилият замонида
    Бўлган юз ўгиришлар,
Қиз туғилса хавотирда,
    Қўрқувда ўтиришлар.

Қадимда кўп аёл куни
    Кўп аянчли ўтарди,
Ислом аёл иззатини
    Кўкларга кўп кўтарди.

Ислом сабаб аёл зотин
    Фориғ бўлди кўп дарди,
Аёлни кўп жабр-зулм,
    Қийноқлардан қутқарди.

Эътибор қил ҳар мўминнинг
    Бир ҳаракат –саъйига,
Никоҳ пайти мўмин қарар
    Қиз боланинг раъйига.

Ҳар муслима аёл ҳақли
    Эрур  бўлса фахрда,
Чунки унинг эрки бордур
    Эри берган маҳрда.

Ҳар аёлни ҳурматлагай
    Шариатнинг ҳар хати,
Шариатда ҳимояда
    Ҳар аёлнинг иффати.

Мусулмонлар оламида
    Ҳаробмас аёл ҳоли,
Бу оламда ҳар бир аёл
    Ору номус тимсоли.

Аёл қадри хусусинда
    Бир ҳадисга қараб боқ,
Она ҳурмати отадан
    Уч ҳиссага ортиқроқ.

 Бир ҳадисда айтилур, ким
    Уч қиз боқиб ўстирар,
Соҳиби сўз хабарича
    Ул ким жаннатга кирар.

Яна бир сўз, ҳадис отлиғ
    Ул улуғ рисоладан:
“Фарзандларга ҳадя бериш
    Бошланур қиз боладан”.

Аллоҳ бежиз буюрмаган
    Аёл рўмол ўрашин,
Рўмол тўсар муслимани
    Балодан ичу ташин.

У сақлагай ёмонларнинг
    Ёмон қарашларидан,
Аёл шаънига бўлмағур
    Гаплар қалашларидан.

Чин мўмин ҳеч гард юқтирмас
    Қалбига, либосига,
Сабаб бу дин бино бўлмиш
    Тозалик асосига.

Иймон учун тоза тана,
    Тоза қалблар ватандур,
Ҳабибуллоҳ ҳадиси бор:
    “Тозалик иймондандур”.

Демак, софлик хусусинда
    Сўзларимда бўлмас лоф,
Ҳамиша бўл пок ва тоза
    Ҳар жиҳатдан бўлгил соф.

Эсли аёл эрта-ю, кеч
    Эрнинг измида юрган,
Эрга итоат ишини
    Аллоҳ Ўзи буюрган.

Агар эрга бўй эгмасанг
    Амалинг бир чақадур,
Ҳадис борким, эрга хизмат –
    Бул ҳам бир садақадур.

Сўз қайтарма сира ҳам сен
    Соҳибингнинг сўзига,
Доим бошингни хам тутгил,
    Тик қарама кўзига.

Бил, тил ботиний тиғиндан
    Банда дили тилингай,
Бил, банда бало домига
    Кўпроқ тилдан илингай.

Майли ема ёғли палов,
    Егин оддий қатлама,
Соҳибингдан бесўроқ сен
    Ҳеч остона ҳатлама.

Аллоҳ марҳаматига ул
    Аёлким яқин турур,
Берухсат ҳеч босмай қадам,
    Ул ким уйда ўлтурур.

Қай аёлки бееҳтиёж
    Кўча бозор айланар,
Шул заҳоти таъқиб учун
    Жину шайтон шайланар.

Уйда ўлтур ва ўйлагил
    Оиланг тавобини,
Уйдаги ҳар аёл олур
    Мужоҳид савобини.

Бул дунёнинг бахтин бизга
    Ҳақ Ўзи қилмиш ато,
Лек дунёга мағрур бўлма
    У – ўткинчи бир мато.

Бул матонинг хайрлиси
    Ибодатли аёлдир.
Иймонли ва хуш ахлоқли
    Яниким, сўзи болдир.

Ҳаёси йўқ хотинларга
    Бало ҳар томондандур,
Ҳаёли бўл сен ҳамиша
    Ҳаё – бу иймондандур.

Бул битарим бари сенинг
    Фойданг учун бир хатдур,
Хотинлар-чун бир ҳадис бор
    Яни, аёл – авратдур.

Яна билки, хотинларда
    Эрнинг ҳақи кўпроқдур,
Ҳақин олган эр эр эрур
    Йўқса қаро тупроқдур.

Эринг хабар олгувчидир
    Уй-рўзғорнинг ҳолидан,
Ҳеч вақт бировга берухсат
    Берма унинг молидан.

Қизим, эринг сирларини
    Ҳеч кимсага билдирма,
Тинч оиланг шарафини
    Оёқ ости қилдирма.

Кўча-кўйдан эр мабодо
    Келтирса камроқ ул-бул,
Араз қилма арзимас деб,
    Хуш ҳолда айла қабул.

Номаъқул сўз дема эрга,
    Ноҳақ сўзинг соз дема,
Уйга неки топиб келса,
    Шукр қилгил, оз дема.

Гар бир камлик бўлса уйда,
    Жанжал бошлама сира,
Ўз дилингни ҳамда ёринг
    Дилини қилма хира.

Гап қайтарма эрингга ҳеч,
    Қолсин ёмон ҳис ёнга,
Эсингда тут эрга қарши
    Киришмагил исёнга.

Арзимас бир сабабни деб
    Араз қилмагил салга,
Ул арзимас сабаб-сабаб
    Бўлмасин бир жанжалга.

Арзимас бир нарсани деб
    Кўзлар тўлмасин намга,
Бесабрлик, ношукрлик
    Йўл очур жаҳаннамга.

Ўйламагил ажрашишни
    Арзимас бир нарсага,
Жиддий сабаб бўлмаса гар,
    Арш келадур ларзага.

Аёл зотин ёмон тили
    Ҳам ноўрин жаҳлидан,
Кўпроқ қисми аёл бўлур,
    Эмиш дўзах аҳлидан.

Яна ҳадис, гўё келур          
    Расулуллоҳ овози:
“Ул хотинки жаннатий гар
    Эр бўлса ундан рози”.

Эрнинг хотин устидаги
     Ҳаққи гўё расулнинг,
Уммат устиндаги ҳаққи
    Кабидур (Бу сўз улнинг).

Сўзла ҳар дам паст овозда
    Чиқма асло авжингга,
Ҳар дам ҳурмат ила қара
    Жуфти ҳалол – завжингга.

Ҳар айтилар гап-сўзингни
    Топгил ўз маврудини,
Аксин қилиб, кўтарма эр
    Фиғонини, дудини.

Унутмагил ҳар доимо
    Ҳар дақиқа, ҳар соат,
Шукрда бўл, сабрда бўл,
    Борингга қил қаноат.

Сабр айламоқ ва қаноат
    Эмас ахир қийин иш,
Қаноат – бу кўп номаъқул
    Истаклардан тийилиш.

Эрнинг айрим сўзлари гар
    Оғир ботсада бир оз
Сабрли бўл, бирдан сакраб
    Билдирмагил эътироз.

Ҳамфикр бўл эринг билан
    Топишгил умумий тил,
Диққат ила тингла уни
    Якдил бўлишга интил.

Номаъқул сўз қайтармайин
    Агар оғзинг ёпарсан,
Бешак, борни Билгувчининг
    Розилигин топарсан.

Билки, феълинг туфайли эр
    Бахтингдур ё ғамингдур,
Эринг сенинг жаннатингдур
    Ёки жаҳаннамингдур.

Эрнинг дилин ранжитмагил,
    Ботмагил жаҳолатга,
Эринг кўзи тушмасин ҳеч
    Ножўя бир ҳолатга.

Уй ишига меҳрингни бер,
    Ишинг бўлмасин чала,
Ҳар нарсангни тоза тутгил,
    Ҳеч кир қўйма, тозала.

Исрофдан қоч, бил нелигин
    Кам ҳаражат, тежашлик,
Сўнг баракот нелигин кўр,
    Билмассан асло ғашлик.

Тоза қалбли инсонлардан
    Ол ҳамиша андоза,
Қалбинг, руҳинг, бор бутингни
    Тутгил ҳамиша тоза.

Билгил ҳар иш маврудин, ҳар
    Ишни қачон қилишни,
Ҳар юмушни ўрнида қил,
    Ўрнида қил ҳар ишни.

Ҳушёр бўлгил, кўча-кўйдан
    Эринг хафа келганда,
Хунук ҳолат бўлур агар
    Хуш ҳолат кўрса санда.

Эринг дилин ранжитгулик
    Бирон иш қилма сира,
Ножўя бир амалингдан
    Дили бўлмасин хира.

Ҳаракат қил эр ҳаққини
    Ҳам ўз ҳаққинг танишга,
Бул наф берар ўз ёрингга
    Чин дилдан боғланишга.

Байтларимда битилар ҳар
    Сўзимдан шул хулоса:
Ҳар доимо орангизда
    Бўлсин гўзал муроса.

Билгил яна не битилмиш
    Ҳадис битилган хатда,
Бор гуноҳлар тўкилгайдур
    Изҳори муҳаббатда.

Ҳар қадамда Ҳақ асрасин
    Сизларни турли ғамдан,
Қоч, ҳар турли тажовуздан,
    Қоч, турли номаҳрамдан.

Сен алардан узоқ бўлгил,
    Ёндошмасин ҳеч ётлар,
Аллоҳ ато қилсин сизга
    Кўп солиҳ зурриётлар.

Оиланинг бахти бешик,
    Билдирай бу сирини,
Бахти бутун гар эр-аёл
    Севишса бир-бирини.

Супур-сидир ҳар кун жойинг,
    Уйинг бўлсин саришта,
Саришта ҳар хонадонга
     Ҳар дам тўлар фаришта.

Тангримизнинг раҳмат нури
    Тўлсин уйинг хонангга,
Ҳар доимо ҳурматда бўл
    Қайнотанг, қайнонангга.

Бул дам сенинг фойданг учун
    Бул сўзларим айтарман,
Ота-онанг ҳурмат қил ва
    Аларга сўз қайтарма.

Аларнинг ҳар иккисига
    Ҳурматда бўлгин ҳар пайт,
Ширин қилгил муомаланг,
    Ширин сўзлар топиб айт.

Дуо олгин амал айлаб
    Айтганларим барига,
Ҳамда ўзинг дуода бўл
    Аларнинг ҳақларига.

Бул кун борар жойинг сенинг
    Бул кундан иссиқ ининг,
Инда иноқ бўлгил қизим,
    Бўлса агар овсининг.

Кичик бўлса синглим дегин,
    Катта бўлса опангдур,
Овсин билан олишганлар
    Ҳоли ҳамиша тангдур.

Иноқ бўлгин бари бирла
    Ҳатто ёш ўғил қиз-ла,
Барига айт ширин сўзинг,
    Барини қизим, сизла!

Ҳазил бўлгил ҳар ҳазилга,
    Айланмасин у чинга,
Ҳай бер хунук ҳар ҳазилга,
    Яхшиси,  ют ичингга.

Меъёрда тут сен ҳамиша
    Зеб-зийнат, пардозингни,
Баъзан бехос кулганингда
    Кўтарма овозингни.

Бегинг ҳар дам ҳалол қилиб
    Едирсин ҳар нонингни,
Ҳурмат айла ҳар ҳалолга,   
    Пок сақла иймонингни.

Асло ружу қўйма хобга,
    Ортиқча уйқу зарар,
Кўп ётишдан қомат ҳамда
    Табиатинг ўзгарар.

Кўпроқ тингла соз суҳбатни,
    Сўрашса камроқ сўзла,
Ғийбат гапдан узоқ бўлгил,
    Доно суҳбатни кўзла.

Омон бўлсин ҳар қадамда
      Ҳамиша, болам, бошинг,
Ҳамда бирга омон бўлсин
    Қизим, умр йўлдошинг.

Хаёл қилма хиёнатни
    Маҳрамингнинг маҳрига,
Қўрққин, қизим учрашингдан
    Қаҳҳоримиз қаҳрига.

Ойинг берган бўлса бор кўп
    Нозик насиҳатларни,
Ўзинг ҳам кўп ўқиб билдинг
    Кўп хулоса хатларни.

Албат онанг ўргатгандур
    Бошқа бир адабларни,
Айтгандур қиз-жувонларга
    Хос ўзга бир гапларни.

Амал қилсанг бул барига,
    Бошингга бир бахт қўнгай,
Онанг айтганларин айтиш
     Эмасдир менга ўнғай.
  

Ўғлимга ўгитларим

Ўғлим, энди сенга айтар
    Гапларимга қулоқ тут:
Ортиқча вақтичоғлик
    Ўйинни энди унут!

Энди ёнингда ёринг бор,
    Ном олдинг сен “Эр” деган,
Эр дегани доим, болам,
    Оила ғамин еган.

Энди сенинг бошингдадур
    Уйда соҳиблик тожи,
Демак, зиммангда турмушнинг
    Ҳар турли эҳтиёжи.

Гўзал бўлсин феъл-атворинг,
    Ҳар ишда ҳар одатинг,
Ҳамда гўзал бўлсин мудом
    Ҳаққа ҳар ибодатинг.

Гар бошингга киймоқ бўлсанг
    Тақвоинг туфайли тож,
Ҳар дам Ҳаққнинг розилигин
    Топмоқликка топ илож.

Ҳушёр бўлки, олмасин ҳеч
    Хиёнат ўз домига,
Уйландинг сўз бериб, ўглим,
    Ахир, Аллоҳ номига.

Шаръий никоҳ хусусинда
    Раббдан олмишсан ризо,
Ризоликка рад иш қилсанг
    Уйингда тинмас низо.

“Қилма” деган ишни қилма,
    У “Қил” деган ишни қил.
“Қилма” деган ишни қилсанг
    Сўнг сўнгсиз ташвишни қил.

Ким ул ваъда аҳдин бузиб
    Сочса агар заҳрини,
Ул ким бешак қўзғатадур
    Яратганнинг қаҳрини.

Бир ҳадис дей, буни англаб
    Ёрин суяр бир ёр бўл,
Икки жағ ва икки оёқ
    Аросига ҳушёр бўл.

Ҳар эр учун хотин эрур
    Аллоҳнинг омонати,
Оғир гуноҳ эрур, билки,
    Омонат хиёнати.

Хотин ҳаққининг ҳақинда
    Кўпдир ҳадис, ривоят,
Бари билдирурки хотин
    Ҳаққига эт риоят.

Улдурким бир бахтли инсон,
    Бахтли эр деган улдир,
Агарким ўз аёлига
    Чин дилдан ул масъулдир.

Аёл учун арзир айтсак
    Дилда барча боримиз,
Чунки аёл бизга она,
    Опа-сингил, ёримиз…

Энди айтар гапларимни
    Ул дамда қилма канда,
Яни, ўғлим сенга Аллоҳ
    Фарзанд ато қилганда.

Гар баркамол бўлсин болам
    Десанг, билгинки, болам,
Бажар барин не буюрмиш
    Бизга сарвари олам.

Сирли кўп сўз бор Каломда,
    Бордур исломий фарзда,
Бир сир – фарзандга тарбия   
    Бергил гўзал бир тарзда.

Ғанимат бил тарбияга
    Ҳар соат, дақиқани,
Еттинчи кун унутмагил
    Сунннат иш ақиқани.

Ақиқа деб ном берилган
    Бул анжуман, бу ҳолат –
Демишларким, бола соғлом
    Ўсишига кафолат.

Қурбонликка имкон топсанг,
    Албатта, бажар буни,
Гўзал самара бергайдур
    Бул амалнинг якуни.

Расулулоҳ ҳам қурбонлик
    Қилмиш набираларга,
Аждодлар ҳам қилмиш, демак,
    Эргашгаймиз аларга.

Яна бир сири:боланинг
    Ҳаётин бош қисмини,
Гўзал, исломий маъноли
    Қўйгин боланг исмини.

Яна бир энг муҳим ишни
    Лозим эрур қилмоқлик,
Аллоҳ ўғил фарзанд берса,
    Лозим суннат қилмоқлик.

Ҳамда тўғри танит унга
    Шариатнинг йўлини,
Манъ қилинган ҳар нарсадан
    Торта олсин қўлини.

Дона-дона қилиб сўзла   
    Айтар гапинг ҳар бирин,
Муомаланг дағал қилма,
    Сўзларинг бўлсин ширин.

Ҳар номаъқул нарсаларга
    Қадамасин кўзларни,
Ҳушёр бўлгил, айтмасин ул
    Ҳақоратли сўзларни.

Боланг қўллари кўксида
    Берсин ҳар саломини,
Ўргат, ўқиб ул ёд олсин
    Аллоҳнинг Каломини.

Илож қил ва ислом илмин
    Кўп ўргат, ўргатма кам,
Лек унутма, ўргат албат
    Дунёнинг илмини ҳам.

Ҳар хил хунук сўзлар дема
    Болангга ҳам дедирма,
Хунук сўз айтишига сабаб
    Ҳаром луқма едирма.

Ўйламаки ҳаром луқма
    Ҳалол бўлиб цингадур,
Гар едирсанг ул луқмани,
    Жавоби бўйнинггадур.

Ҳалол есанг тинч, ҳотиржам,
    Сокин ўтар ҳар онинг.
Ҳалол топиб, ҳалол ейиш
    Таянчидур тақвонинг.

Чин эр ҳар дам пок ният-ла
    Ҳалол топиб ишлайдур,
Топганини оилага
    Барини бағишлайдур.

Ўз вақтида ҳис қил, ўғлим
    Хонадоннинг камини,
Чунки сенинг зиммангдадур
    Оилангнинг таъмини.

Тежамкорлик ҳисси сенга
    Ҳар дамда бўлсин ҳамкор,
Бул ҳақда ҳам ҳадис бордур:
    “Фақир бўлмас тежамкор”.

Эҳтиёт бўл, ҳасисликка
    Ўтмасин тежамкорлик,
Ҳасислик бу – ихтиёрий
    Ҳолдан кетар бир хорлик.

Ҳаддан ортиқ тежамагил
    Ўйлаб уйинг эртасин,
Бугунинг бил, қирқма асло
    Оиланг насибасин.

Ҳаққ қиз фарзанд ато этса,
    Араз қилмагил зинҳор,
Ёринг дилин ранжитмагил,
    Қаттиқ сўзлаб қилма хор.

Қиз бор уйда баракот бор
    Яни, ул уй ризқи мўл,
Шукр қилгил сен Шакурга
    Қўл очиб дуода бўл.

Қиз фарзандга ёмон назар
    Ҳаёлинг қилмасин банд,
Бизнинг шарафли исломда
    Аёл мавқеи баланд.

Оилангга офиятни
    Ҳамиша қилгил ният,
Аёлингга сен туфайли
    Етмасин ҳеч азият.

Аёлингга кўп ҳолатда
    Сўзинг айтгил эркалаб,
Бу – оилинг тинчи эрур,
    Бул эрур сендан талаб.

Аёлингга ҳеч бир дамда
    Зулм этма бениҳоя,
Хулқини хуш айламоққа
    Панд-насиҳат кифоя.

Ҳаётдаги ҳар ҳолатни
    Синчиклаб ҳушёр кузат,
Сўнг таққослаб оқ-қорани
    Феълу атворинг тузат.

Сен мукаммал билсанг агар
    Недур исломий ахлоқ,
Фарқин англаб биладурсен
    Недур қора, недур оқ.

Тўғри йўлда тўғри юргил,
    Ҳушёр боқ ўнг-сўлингга,
Ногоҳ тўсиқ, чоҳ тушмасин 
    Бахт-саодат йўлингга…


  Таассуфли тўйлар тавсифи

Ўзбек уйи серфарзанддур
    Шул боисдан тўйи кўп,
Элга тўй, ош берсам деган
    Яхши ният, ўйи кўп.

Хўп ажойиб тўйлар бўлди
    Бизнинг яқин ўтмишда,
Кўп ажойиб тўйлар бўлди
    Тўхтамай ёзу қишда.

Бундай ажаб тўйлар ул дам
    Ёт элдан келиб қолди,
Ул шайтоний базм, қизиқ,
    “Қизил тўй” ном олди.

Қизил тўйда эркак-аёл
    Май шаробга тўйдилар,
Оқибат-чи, хўп кўпайди
    Сўнгра “қўйди-қўйди”лар.

Ёш-у, қари ботиб бари
    Кўп гуноҳи азимга,
Бундай тўйлар айланарди
    Зўр шайтоний базмга.

Биронта бир анжуман ё
    Тўй ароқсиз ўтмасди,
Ул  тўй асло тўй эмасди
    Бўлмаса агар масти.

Ҳар тўй ўтар эди “ур-сур”,
    “Қий-чув”у “ҳай-ҳай” билан.
Ҳар бир тўйда меҳмон қадри
    Ўлчанарди май билан.

Бўлди қизиқ кўп шайтоний
    Ҳар ҳолатга киришлар,
Баъзан келин ва куёвни
    Ўртада ўптиришлар.

У тўйларда то тонггача
    Барча шовқин кўтарди,
Қанча оёқ-қўллар синди,
    Қанча кўзлар кўкарди.

Бўлди урфимиз топташлар,
    Қадриятдан қочишлар,
Пақиллатиб шароб отиб,
    Ўртада пул сочишлар.

Келин-куёвни ўртага
    Томошага қўйдилар,
Қадаҳларнинг тўлалигин
    Улкан бахтга йўйдилар.

Мезбон деган мажбур турар
    Ҳар меҳмон кайфин чоғлаб,
Куёв кайфда ўйнаб қолар
    Қиз белидан қучоқлаб.

Ёш-у, қари, эркак-аёл
    Тенг ўйнашди жилпанглаб,
Алар аянчли аҳволин
    Бўлмасди сира англаб.

Эркак-аёл бари бирдай
    Маст-аласт ўйнашарди,
Ул худосиз жамиятда
    Кўплар шундай яшарди.

Афсус… афсус, бизнинг авлод
    Шоҳид бўлдик шуларга,
Йиғлаш эсга келмади ҳеч
    Фурсат топдик куларга.

Биз билмадик қадрият не,
    Билмадик не ҳамият,
Шуни талаб қилар эрди
    Биз кўз очган жамият.

Йўқотдик биз аждодлардан
    Қолган йўлни, ҳақ изни,
Билмадик биз Яратганни
    Ҳамда кимлигимизни.

Биз Алоҳни танимадик,
    Ул дам адашдик бизлар,
Бошимизда қамчи тутиб
    Турганди худосизлар.

Бизлар кирган хато йўлга
    Энди ёшлар кирмасин,
Аллоҳ инъом қилди ҳақ йўл,
    Энди адаштирмасин…

Бул дам рўёбга чиқмоқда
    Халқимизнинг ўйлари,
Бул дам шаръий, файзли ўтар
    Элимиз кўп тўйлари.

Файзли ўтар ҳар бир жойда,
    Узоғ-у, яқинда ҳам,
Сабаб эрк бор бу элимда,
    Эркимиз бор динда ҳам.

Бари барҳам топди, тамом
    Деёлмам бул замонда,
Бул дамда ҳам ажаб тўйлар
    Учрайдур онда-сонда.

Баъзиларга бул хусусда
    Панд-насиҳат кетмасдур,
Келин-куёв сарпосига
    Бир дўкон мол етмасдур.

Бир ҳолатнинг баёнига
    Ожиздир тил ва лаблар,
Куёв бола учун тортиқ
    Қилинса “Мерс” маркаблар.

Шунча сарпо, совғага ҳам
    Тўймас баъзи қучоқлар,
Бул кетишда яқин кунда
    Тортиқ бўлар учоқлар.

Бу не ҳолат, қатор-қатор
    Маркаблар юришлар,
Ўздан кетиб, ҳар қадамда
    Қийқириш, қутуришлар?!

Келин кийган кўйлакда йўқ
    Белдан усти ҳамда енг,
Уни бир бор кийиш эса
    Бир сигир пулига тенг.

Ўша дағал матосидан
    Афзал оддий бўзимиз,
Шуни кийим деб кийдирган
    Айбдормиз ўзимиз.

Наҳот етмас иродамиз
    Ўзимизни тийишга,
Бой-ку, миллий либосимиз
    Устимизга кийишга.

Олам кўзин қувонтирар
    Атлас, адрас, беқасам,
Айтинг қайси газмолдан кам,
    Қайси бир матодан кам.

Олам кўзин қувонтирар
    Ипагу зарларимиз,
Келинларга гар кийдирсак
    Кам бўлмасмиз баримиз.


      Суҳбатдошдан сўровим

Азизларим амал қилинг
    Битганларим борига,
Шул ўринда бир сўз айтай
    Дўстим Қобил қорига.

Аллоҳ яна зиёд қилсин
    Дўстимнинг мартабасин,
Ҳамда халққа манзур қилсин
    Ҳақ сўз айтар нафасин.

Дўстим бериб бул мавзуни
    Бел боғладим бул ишга,
Аллоҳ қўллаб оз муддатда
    Улгурдим битиришга.

Баҳра топиб бул битикдан
    Дуога қўл очганда
Дўстим Қобил қорини ҳам
    Дуо қилинг сиз анда.

Абдуғофур  Собир  Мирзо

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 263 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ