Сайт бўлимлари
Фарзандни фақат туққан онаси эмизиши керакми?
- Подробности
- Бўлим: Фарзанд
- Чиққан санаси: 20 Май 2018
- (Нашр қилинган санаси)
Айтишларича, она сути гўдакнинг ақлий ва жисмоний ривожи учун энг мукаммал озуқа ҳисобланар экан. Изланишлар ҳам кўкрак сути билан катта бўлган болаларнинг қувноқроқ ва соғломроқ бўлишини тасдиқлайди. Масалан, агар чақалоқ етти ойдан узоқроқ муддат давомида эмизилган бўлса, унинг ақлий ривожланиш кўрсаткичи ҳам юқори бўлиш эҳтимоли анча кучли. Баъзиларнинг фикрига кўра эмизиш натижасида она ва бола ўртасида пайдо бўладиган ришта ҳам бола тарбиясида катта аҳамиятга эга.
Айнан юқорида айтилган фикрлар америкалик оналарнинг бошқалар билан ўртоқлашишни хоҳламаётган бир тажрибаларига сабаб бўлмоқда. Бу тажрибанинг биринчи кўриниши "wet-nursing", яъни ўз болангизни эмизиб бериши учун бегона аёлни ёллаш бўлса, иккинчи кўриниши "cross-nursing", яъни бир нечта оналарнинг навбатма-навбат бир-бирларининг болаларини эмизиб беришларидир.
Бировнинг боласини эмизиб бериш учун ёлланиш услубидан ғарбда XIX асрда воз кечилган бўлса-да, лекин океанорти оналари аста-секинлик билан бунинг тикланишига сабабчи бўлишмоқда. Бунга эса турли маданий ўзгаришлар ўз таъсирини ўтказмоқда. Масалан, сўнгги 50 йил ичида америкалик чақалоқларнинг кўкрак сути билан озиқлантирилиши 70 фоизга ўсган. Аммо худди шу ўтган давр оналарнинг ишга чиқиб кетиши ёки турли сабаблар билан кўкрак операциялари таъсирида фарзандни эмиза олмай қолишлари ҳолатлари кўпайган. Мутахассисларнинг фикрича, аёл киши боласини эмизиш натижасида яхшироқ она бўлиб шаклланади, оиладаги она-болалик ришталари ҳам мустаҳкамроқ кўриниш олади. Бир нечта аёлнинг фарзандларни алмашиб эмизишлари эса шу аёллар ўртасида ўзаро ўртоқлик муносабатлари шаклланишига ҳам сабаб бўлади. Масалан, Калифорния штати Сан Хосэ шаҳрида яшовчи 29 ёшли Наталя Ченг (Natalia Chang)нинг фикрича, фарзандларни алмашиб эмизиш ҳозирги кунда америкалик ёш оналар орасида жуда кенг тарқалган. «Кўкрак сути, бу – умумий нарса, ҳозир бизда кўпчилик фарзандини алмашиб эмизишни одат қилган», дейди у.
Лекин алмашиб эмизишга қарши фикр билдираётганлар ҳам анча. Унинг бироз ривожланган кўриниши – кўкрак сутини идишга қуйиб сотувчи «сут банклари» кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Уларнинг фикрига кўра бировнинг боласини эмизиш ахлоқий чегараларнинг бузилишига олиб келиши мумкин, кўкрак сутини бевосита кўкрак орқали эмас, идишга солиб бир оз муддат ўтганидан кейин гўдакка бериш эса унинг фойдалилик даражасини кескин камайтириб юборар эмиш. Фарзандни кўкрак сути билан эмизиш анча кенг тарқалган Янги Зеландияда шу соҳада изланиш олиб борган социолог Ронда Шоу (Rhonda Shaw) ҳам бегона болаларга кўкрак тутиш шаҳвоний майлларни уйғотиши мумкинлигини аниқлаган. Баъзи инсонлар бировнинг боласини эмизиб беришни ҳатто педофилиянинг бир кўриниши сифатида қабул қиладилар. Ҳатто фарзандни эмизишга тарғиб қилувчи ташкилотларнинг аксарияти ҳам фарзандни бировга эмас, айнан ўз онасига эмизишни афзал ҳисоблашади. Жумладан, халқаро «Ла Лече Лиг» (La Leche League) ташкилоти фарзандни бировга эмизиш натижасида чақалоқ организми мустаҳкамланса-да, сут орқали баъзи бир вируслар бола жисмига кириши мумкинлигидан огоҳлантиради. «Умуман эмизмасликдан кўра бировга эмиздириш яхши, аммо бировга эмизишдан ўз онасининг сутини бериш афзалроқ», дейилади эмизишни тарғиб қилувчи «Ла Лече Лиг»нинг расмий интернет саҳифасида.
Лекин алмашиб бола эмизувчи аёллар бу фикрни маъқуллашмайди. Аризона штати Туксон шаҳрида яшовчи 30 ёшли Лорна Медина (Lorna Medina) фарзандлик бўлганидан сўнг таътилига чиқиб, ишлаётган синглисининг чақалоғини ҳам бир йилга яқин эмизган. Унинг айтишича, жиянини эмизиш унга асло ҳалақит бермаган. «Мен билан жияним ўртасида ўзига хос ришталар пайдо бўлди» дейди у. Наталя Ченг эса алмашиб эмизиш туфайли қўшниси билан муносабатлари яна ҳам мустаҳкамланганидан хурсанд. «Бу аёллар орасидаги бирдамлик туйғуларини янги бир босқичга олиб чиқади,- дейди у. - Тассавур қилинг, сиз жондан ширин болангизни бегонага ишониб топширасиз. Айнан шу ҳолат биз жуда хоҳлайдиган жамият жипслашувининг, бирлашишнинг ажойиб кўринишидир. Бу айниқса мен каби турмуш ўртоғи билан бирга яшамайдиган ёлғиз оналар учун атрофдагиларнинг кўмагини ҳис қилиш, уларни битта оила ҳисоблаш имкониятини беради».
Фарзандни алмашиб эмизиш жамиятнинг бирдамлигига сабаб бўлади, деб кўрсатилса, аксинча, эмизиш учун бировни пулга ёллаш тенгҳуқуқли Америкада адолатсиз нарсадек тасаввур уйғотмоқда. Шунинг учун пулга муҳтожлик сезиб бировнинг боласини эмизиб беришга ёлланаётганлар ўзларининг исмлари сир тутилишини талаб қилишяпти, иши кўплиги, ёки кўкрагини операция қилдиргани сабабли ўз фарзандини эмиза олмай бировни ёллаган оналар эса буни худди жиноятдек бошқалардан сир тутишмоқда. Ҳатто энди туғилган чақалоқларни сақлаб олган оилалар ҳам уни эмизиш учун бировни ёллашар экан, ўзларининг «ёмон она» деб аталишларидан ҳавфсираб, буни беркитишни маъқул кўришмоқда. Лекин мамлакат бўйлаб эмизувчи аёлларни топиб бериш билан шуғулланувчи Лос Анжелес шаҳридаги CertifiedHouseholdStaffing.com агентлиги асосчиси Роберт Фейнсток (Robert Feinstock)нинг айтишича, бундай аёлларга бўлган талаб сўнгги 4 йил давомида ўсган. Ҳатто хизмат ҳақи (ҳафтасига ўртача 1000$) оддий энагаликка тўланадиган пулдан юқори бўлса ҳам, кўплаб оналар агентлик хизматидан фойдаланишни маъқул кўришмоқда.
Мижозларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун фамилиясини сир тутган 42 ёшли Бренда (Brenda) исмли аёлнинг сўзларига кўра, ўтган 7 йил давомида у 10та болани эмизиб берган. Топган пулини эса икки боласининг коллеждаги ўқиш харажатларига ишлатган. Иш давомида кўпгина ижтимоий тўсиқларга дуч келганини айтар экан, Бренда қора танли бўлса ҳам, эмизган болаларининг саккизтаси оқ танли оила фарзандлари эканини таъкидлайди. «Энг ҳижолатли томони, оила аъзолари билан бирга ўтирганимизда гўдак устимдаги кийимимни тортишни бошлаб, эмизишни талаб қилади ва сийнабандимга қўлини қўйиб, уй эгалари олдида уялтиради,- дейди у кулиб. – Умуман олганда, бировнинг боласини эмизиш нормал ва анча қувноқ иш».
Инглиз тилидан Соҳибжон Исломов таржимаси
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 93 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар