1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Совға улашишни қизлардан бошланг

Аёл зоти гоҳида ханжар ўтмас тилсим, гоҳида капалак қанотидек нозиккина бир вужуд. Гоҳо сув бетида чарсиллаб ёнаётган оловдек... Ҳаво бирда очилиб, бирда булутланиб турганидек, аёл табиати ҳам дилгир, гоҳ музтар бўлиб турланади.

Табиатан нозик аёл зоти, ўйлаб қарасангиз, турмушда ҳар хил машаққатни кўтаради: бировининг эри эрта қазо қилган, жўжабирдай сағирлари билан тул қолган, бировининг оилада бахти очилмаган, бошқа турмуш ҳақида дадил бир қарорга келиш учун кўйлагининг этаги оғирлик қилади, сағирлар чаппа ёпишган.
 Шунинг учун динимиз аёллар шаънини улуғлаган, мақомини юқори кўтарган, мартабасини оширган.
 Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ворид бўлган машҳур ҳадисларни эсланг: "Мен дунёларингиздаги уч нарсани — солиҳа аёл, хушбўй ҳидлар ва намозни яхши кўраман"; "Жаннат оналар оёғи остидадир"; "Ўз аҳли аёлига меҳр-шафқатли бўлганларингиз энг яхшиларингиздир"; "Эридан бева қолиб, болаларни тарбия қилишда сабр этган ва турли машаққатларга учраганидан ранги сарғайиб кетган хотин билан жаннатда ёнма-ён бўламиз" (Бухорий); "Совға улашишни қизларингиздан бошланг"...
Қуръони карим сураларидан бири "Нисо" (Аёллар) деб аталади. Исломият жоҳилият даврида хўрланган, камситилган, ҳақоратланган, иззат-нафси ерга урилган аёлнинг мартаба-мавқеини юксалтирди, ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлади.
 Исломий адолатни қаранг: эри ўлиб, сағир болалари билан тул қолган аёл хоҳласа, эр қилиши мумкин. Бунинг учун ажр-мукофот олади. Агар турмушга чиқадиган бўлса, болаларни деб янги эрнинг ҳақ-ҳуқуқини адо этолмасликдан қўрқса, оила қурмай ҳам юравериши мумкин. Ҳеч ким уни бунга мажбурламайди, айбламайди. Аксинча, қайси бир аёл эридан кейин қолиб, ёш болалари тарбиясига ўзини бағишласа, нафсидан кечиб, болаларини солиҳ инсонлар қилиб улғайтирса, улкан савоб ва ажрлар олиши таъкидланган.
 Исломий оилада қиз фарзанд туғилса, ўғил туғилганидан ҳам кўпроқ хурсандчилик қилиш буюрилган. Катталар кўчадан совға-салом олиб келишса, болалар югуриб чиққанида ҳадя улашишни қизлардан бошлаш тавсия этилади. Қиз болаларни тўғри тарбия қилиш мукофоти жаннатдир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): "Кимнинг учта қизи бўлиб, уларга меҳр-шафқат назари билан қараса, жаннатга кириши муқаррардир", дедилар. Шунда бир киши: "Эй Аллоҳнинг Расули, қизи иккита бўлса-чи", деб сўраганида, Расули акрам: "Иккита бўлса ҳам", деб жавоб қилдилар (Бухорий).
 Хуллас, динимиз аёлни эъзозлаш, иффати ва шаънини ҳимоя қилишни, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлади. Турмуш машаққатларини, рўзғор кам-кўстини бутлашни эркаклар зиммасига юклади. Аёллардан эса Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини бажариш, эрларига итоат этишгина талаб қилинди. Бунинг эвазига олий мукофот — жаннат ваъда этилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганлар: "Бир аёл эрига итоат этса, Аллоҳнинг олдидаги бурчини адо қилса ва вазифаларини бажарса, унга шаҳиднинг савоби қадар савоб ёзилади".

Тўхтахон ДАВРОНОВА,
 Булоқбоши тумани

Ҳозир сайтимизда 126 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ