1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мужтаҳид" болалар ёки болалик ўйинлари ва фиқҳий масалалар

 

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охири, олтмишинчи йиллари боши. Болалигим кечган паллалар. Кунлар узундан-узун, умр чексиздан-чексиз бўлиб туюлган, "Қачон катта бўламан-у?.." деб ўзимча ўксиниб юрган кезларим. Бирпасда катта бўлиб қолиб, лип этиб ўтиб кетган ўша қисқагина болалик дамларимни кейин умр бўйи эслаб-қўмсаб юришим у пайтлар ҳали хаёлимга ҳам келмаган. Катталар доим катта, болалар доим бола бўлиб қоладигандай эди у кезлардаги мурғак тасаввуримда...

Биринчи хотира
Илк фиқҳий изланиш

Фиқҳ билан илк "шуғуллана" бошлаганимда ҳатто неча ёшда эканимни эсламайдиган даражада ёш эдим. Намоз ракатлар ва саждалардан иборат эканини билмасдим, битта намоз неча ракат бўлишини ҳам фарқламасдим ҳарҳолда. Лекин дадамнинг (Аллоҳ раҳмат қилсин) намозларини кўп кузатардим. Ҳозир нима қиладилар экан, деб тусмоллаб ўтирардим. Масалан, саждага бордилар, дейлик: ундан бош кўтаргач, яна қайтиб саждага борадиларми ёки ўтирадиларми ёки биратўла туриб кетадиларми? Шуни аниқлашга ҳаракат қилардим. Бунда ўзимча бир усул ҳам топган эдим. Намозда ўтиришда ўнг оёқ хиёл букилган бармоқлар устида тик туриши, чап оёқ эса, бармоқ учларини ўнг оёқ томонга йўналтириб ётқизилиши маълум. Саждага борилганида иккала оёқ ҳам бармоқ учларида тик туради. Шу пайт синчиклайман: саждадан бош кўтараётганларида чап оёқлари қатъий тик турибдими ёки ётқизиляптими? Агар тик турган бўлса, демак, ҳозир саждадан кейин тикка турадилар. Бордию ётқизила бошланса, демак, ўтирадилар. Ҳаракатлари мен кутганимдай чиқиб қолса, ичимдан бир қувониб қўярдим. Аммо, ўтирадилар десам, бу ўтириш икки сажда орасидаги ўтириш бўладими ёки иккинчи саждадан кейинги ўтиришми – бунисини билолмасдим. Буни ёшим сал катталашиб, намоздаги ракатлар ва саждалар сонини била бошлаганимда фарқлайдиган бўлдим.
Бугун орқамиздан қолаётганларимиз бизнинг ҳам намозларимизни кузатишганмикан? Ажабо, нималарни ўйлашган бўлса? Ҳарҳолда, фиқҳий изланишлар тўхтаб қолмас?..
Ҳартугул, тўхтаб қолмабди. Яқинда битта жажжи болачанинг: "Дадажон, намоз ўқиётганимизда акам бармоқларини қисирлатдилар, намозлари бузилади-а?" дегани ва унга жавобан акаси: "Ўзинг-чи, ўзинг? Ўзинг ҳам ҳар намозда аланг-жаланг қилиб турасан-ку?!" деганини эшитиб қолдим-у: "Аллоҳга шукр, масала илми давом этаркан", деб қўйдим.

Иккинчи хотира
Аликсиз саломлар

Биз қишлоқ болалари уйқудан жуда эрта уйғонар эдик. У пайтлар деярли ҳар бир ота-она боласига, эрта туриш хосиятли, деб ўгит берарди. "Саҳарда одамга ризқ улашилади, бу паллани уйқуда ўтказиб юборсанг, насибадан қуруқ қоласан", демаган ота-она йўқ ҳисоби эди. "Умринг баракали бўлишини истасанг, эрта тур", каби ҳикматларни ҳам кўп бора эшитганмиз.
У пайтлар катталар (баъзилари) намозга туришар, биз болалар эса, то нонуштагача ҳам далага бориб, мол-ҳолга ўт териб ё қўй-молларимизни яқин марзаларда бир айлантириб келар эдик. Шундай пайтлари кўрганим баъзи ишлар менга сирли туюларди.
Тонгнинг ғира-шира қоронғуси. Қишлоқнинг сокин кўчасидан битта-иккита кекса одам ўтиб қолади. Яқин келмагунича таниш қийин. Аммо биз танисак-танимасак ўзимиздан каттага салом беришга ўргатилганмиз. "Ассалому алайкум", деймиз. Алик йўқ. Индамай йўлида кетаверади. Ҳафсала қилгани бошини кўтариб бир қараб қўяди, лекин барибир алик олмайди. Кундузи-ку, шу одамлар алик ҳам олар, бунинг устига: "Баракалла!"; "Ҳа, отангга раҳмат!"; "Умрингдан барака топ, болам!" каби сўзлар билан алқаб ҳам қўяр эди. Ё қоронғуда салом бермаслик керак эканми?
Бир куни шу масалани уйда сўрадим. Аллоҳ раҳмат қилсин, аям: "Катталарнинг ташвиши кўп бўлади, эшитмай қолар. Қўявер, улар алик олмаса, фаришталар алик олишади", деганлари эсимда. Аллоҳ раҳмат қилсин дадам: "Мачитга намозга бораётган бўлишса керак", деб қўйдилар. Мачитга бораётган одам саломга нима учун алик олмаслиги керак – барибир менга қоронғу бўлиб қолаверди. Орадан йиллар ўтиб, Аллоҳнинг инояти билан намозга кириб, устоздан таълим ола бошлаган илк кезларим шу ҳодисалар ёдимга келди. Эскиларнинг кўп ишлари тушунарсиз, деган маънода кулиб гапириб бердим. Лекин, мана бугун, Аллоҳга шукр, у ҳолатлар жуда унақа "тушунарсиз ишлар" бўлмаганини, аксинча, бомдоднинг суннатини уйида ўқиб, фарзига мачитга бораётганлар икки намоз орасида ҳам ибодат ҳолатини сақлашга ҳаракат қилишганини англаб етдим ва бу нарса менга ёқиб қолди.
Бугун мен ўшанда саломимга алик олмаган, кимликларини эслаб ҳам қолмаганим у ҳамқишлоқларимни қирқ-қирқ беш йиллар берисидан туриб суйиб кетаман ва ортларидан чексиз-чегарасиз раҳматлар тилаб, Аллоҳга дуолар қиламан.

Учинчи хотира
Чикилдак ўйин ва бўлғуси қорилар

Эски мачитимиз қишлоқнинг ичида, подажойдан тепага қараб чиқиб кетган бир арава сиққулик торкўчанинг ўрталарида эди. Эсимни таниганимдан бери у ташландиқ ҳолда ётарди: деворлари нураган, томлари ювилиб, баъзи жойлари ўпирилиб тушган, айвон саҳни ҳам кўп йиллардан бери одам оёғини искамаганидан ўтлар ўсиб, чумолиуялар босиб, ҳатто кўчиб-кўпчиб кетган. Лекин қишлоғимиз ҳовузи шу мачит ҳовлисида бўлгани учун биз болалар ҳар куни сувга келиб турар эдик. Кичкина эшикчаси бўларди. Кирган заҳоти девор ёқалаб чапга юрсангиз, тўрт-беш зинали бир саҳнчага чиқиларди. Саҳнча девор баландлиги билан тенг эди. Биз унинг нималигини билмасдик, ҳар гал сувга борганимизда зиналардан чиқиб-тушиб, тепа майдончасидан у ёқ-бу ёққа қараб, пича ўйнаб қопкетардик.
Кейинчалик билсам, бу жой мачитимизнинг мезанаси экан...
Шу ташландиқ мачитнинг ҳовлиси биз болаларнинг ўйин майдонимиз эди. Гоҳ чикилдак ўйнаймиз, гоҳо сурги ёки бошқа ўйинлар. Чикилдак ўйини ҳар ерда ҳар хил номланаркан, бизнинг теварак-қишлоқларда шундай аталади. Катталарнинг қаричида икки қаричча келадиган даста билан бир қаричча келадиган болачаси бўларди. Шу иккаласи билан ҳар хил ўйинлар ўйналар эди.
Хуллас, шу ўйинда ютқазганнинг жаримаси зувиллаш ёки ютганни ортмоқлаб югуриш эди. Яъни, паккадан туриб чикилдак отилади, ютқазган бола ўша жойгача бир нафасда зувиллаб (зув-в-в-в-в... деган товуш чиқариб) бориб, чикилдакни олиб, яна зувиллаб паккагача қайтиши керак. Қолганлар унинг зувиллашига қулоқ солиб, ёнида чопқиллаб бориб келишарди. Агар ўртада нафас олиб қўйса, зувиллашини бошқатдан бошларди. То жарима масофасини бир нафасда югуриб босиб ўтгунича шу ҳол давом этарди.
Яна, ўтирган жойимизда чуқур бир нафас олиб, узоқ вақт чиқармай тура олиш мусобақамиз ҳам бор эди.
Бу ўйинлар, энди ўйлаб қарасам, болаларнинг ўпкасини кенгайтирар, бир олинган нафасни узоқ муддатга етказиш машқи бўлар экан. Қуръон ўқиш, ёдлаш ва тиловат қилиш учун эса, бу нарса жуда керак. Чунки Қуръонни ёқимли овоз ҳамда тажвид билан ўқиш устига яна нафаси ҳам узоққа етса, оятлар ўртасида тўхтаб қолмайди, узун оятлар тиловатида қийналмайди. Демак, зувиллатиш ўйинда жарима бўлгани билан келажакда яхши қори бўлиб етишишда асқотадиган чиройли машқ экан. Яъни, у пайтлари болаларнинг кўп ўйинлари маъносиз-мақсадсиз бўлмаган.

Тўртинчи хотира
Қўлингиз орқангизга етадими?

Яна битта ўйин. Тўғрироғи, бундай қараганда, уни ўйин деб ҳам бўлмасди. Чунки ҳар қандай ўйиннинг моддий мукофоти ё жаримаси бўлади, бунда унақа нарса йўқ. Мукофоти — мақтов, олқиш, жазоси — изза қилиш, холос.
Кўчамизда биздан беш-олти ёш катта бирорта ўсмир дарров уч-тўрттамизни тўпларди-да, "Ким қўлини орқадан юбориб елкасини қашлай олади? Ютганга – бир танга!" деб қоларди. Ёки бир қўлни пастдан юқорига, иккинчисини тепадан пастга юбориб, иккаласини орқада тишлатишимиз ё "қулф" қилишимиз талаб этиларди. Биз роса тиришардик. Ютсак-ку, танга тегмаса ҳам, биз хурсанд, борди-ю, ютқазсак, изза бўлишдан номус қилардик. Ўн-ўн беш дақиқа бизларни бу ўйин билан банд қилиб туриб, ҳеч қайсимиз талабга жавоб беролмасак керак ё "устоз"нинг иши чиқиб қолармиди, бирдан: "Бўлмади! Бор ҳамманг, эртагача машқ қип ке!" деб жавоб бериб юборарди. Баъзан ичимиздан битта-иккитамизни изза қилиб қоларди: "Қанақа мусулмонсан, қўлинг курагингга етмаса?! Отангга айтиб бераман сени!" деб пўписа қиларди. Қўлларимиз орқада бир-бирига етмаганидан ҳам кўра, мусулмон бўлмай қолиш биз учун уятли эди. Шу боис бошқа пайтлар ҳам бу "машқ"ни доим такрорлаб юрардик.
Бу "ўйин"нинг бир ҳикматини сал ўтмай, ҳаммомларга ўзимиз мустақил борадиган бўлганимизда билдик: қўл орқага бемалол етса, елка, курак атрофларини ҳам ишқалаб ювса бўларкан. Лекин асосий ҳикмати яна ҳам кейинроқ – йигит етилиб, бирин-кетин уйлана бошлаганимизда очилди. Эр-хотинлик муносабатидан кейин албатта ювинилади, ювинганда ҳам, баданда игнанинг учича бўлсин сув тегмаган жойи қолмаслиги шарт, акс ҳолда, ювинганга ўтмайди. Яъни, ювиниш (ғусл) том бўлиши учун баданнинг ҳамма ерига сув етиши керак экан. Шунда, ҳам шариатимизнинг бу нозик ҳукми бажарилади, ҳам кўнгил хотиржам ва сокин бўлади. Аллоҳ-Аллоҳ, бизнинг оддийгина болалик ўйинимиз тагида шунақа катта фиқҳий масала ётибди-я!..
Биз кичкинтойларни уйдами-кўчадами, ўйиндами-тўйдами бекор қўймай, келажакка жажжи мусулмонлар ўлароқ тарбиялаб етказиб боришга ҳаракат қилган у кўча устозларимиздан Аллоҳ рози бўлсин!

Бешинчи хотира
Энг катта фиқҳий масала

Биз болачалар ўртасида энг катта фиқҳий масала кўчадаги оқар ё кўлмак сувнинг ҳалол-ҳаромлигини аниқлаш эди.
Бу ишга ҳазилакам илм керак бўлмасди! Чунки бу масалада тортишув чиқиб қолса, қаттиқ кечарди, шунга яраша катта "ижтиҳод" талаб қилинарди. Албатта, ичимизда зўрроқ "мужтаҳид" ҳамиша ҳам топиларди. Хуллас, гап бундай.
Биласизлар, бола зоти тез чанқайди. Ўт терибми, мол-ҳол боқибми ё шунчаки ўйнабми, дала-жарларда юрганимизда олдимиздан чиққан сувдан ичмай ўтмасдик. Оқин бўлса-ку, иши осон, шартта ариқча қирғоғига кўндалангига узала ётамиз-да, симираверамиз. Бордию сув оқмаётган бўлса, ариқчанинг чуқурроқ ерида туриб қолган ё кўчага тошганида пайдо бўлган кўлмак сувлардан ичишимизга тўғри келарди. Лекин, Аллоҳга шукр, дуч келган кўлмакдан ичиб кетавермасдик, энг олдин унинг ҳалол ё ҳаромлигини аниқлаб олардик. Орамизда жуда чанқаб кетган биронтамиз шоша-пиша ичмоқчи бўлса, дарров бошқа биттамиз уни тўхтатардик: "Ҳаром бўлса-чи?!" дердик. "Ҳаром" сўзини эшитиши билан, ҳалиги шошқалоқ минг чанқаган бўлса ҳам, ўзини тиярди.
Ҳалол-ҳаромни аниқлашнинг йўли эса, биз "мужтаҳид" болалар усулига кўра, сувга тупуриб кўриш эди. Тупук тушган заҳоти сув юзасида ёйилиб кетса, демак, ҳалол, ғуж бўлиб тўпланиб қолса, ҳаром. Бунда ўртамизда ихтилоф йўқ, ҳамма бола шунга иттифоқ қилган, яъни, ижмо бор. Энг қийини тупук секин ёйилганида ёки тарқалиб эмас, бўлакчаларга бўлиниб ёйилганидаги ҳолатга ҳукм бериш эди.
"Йўқ, бўлмайди, ҳаром!" деб хулоса чиқарарди баъзиларимиз.
"Йўқ, ҳалол! – деб бошқаларимиз ўзларининг далилларини илгари суришарди:– Мана, қаранглар, секин бўлсаям, ёйиляпти-ку!"
Ҳаром деб ҳукм чиқарганлар тупукнинг ҳолатини синчковлик билан ўрганишарди ва: "Ёйилгани билан, биринчидан, жуда секин ёйилди, иккинчидан, тўла ёйилиб кетмади", деб тушунтиришарди.
Тортишув жуда кучайиб кетса, "Сенинг тупуригинг шилқим тупурик экан, бошқаси тупурсин!" деган талаблар ҳам чиқиб қоларди. Шунда бошқамиз тупуриб кўрардик.
Ҳол ўша-ўша бўлса, тортишувга чек қўйиш учун ичимиздан билимдонроғимизни танлардик-да, "Сен нима десанг шу бўлади!" деб унга байъат қилардик.
Бу "олим"имиз жиддий тайёргарлик кўриб, оғзида тупук тўплаб, ҳамманинг кузатуви остида кўлмакнинг ўртасига тупурарди. "Ҳаром" деб ҳукм қилса-ку, гап йўқ, мажбур ичмасдан кетаверардик. "Ҳалол" деса, чанқаганроғимиз ётволиб ичардик, "тақводор"роғимиз шунда ҳам ичмасдик. Сўнг то уй-уйимизга тарқалгунимизча "Ҳалол эди" - "Йўқ, ҳаром эди", деб тортишиб борардик. Йўлимизда бирорта ўзимиздан каттароқ бола ё одам учраса, баъзан ундан қозилик қилишни сўрардик. "Ҳа, шумтакалар, сенларга ҳалол", деб кулиб қўярди у. Шу билан гўё баҳсимизга нуқта қўйиларди.
Бугун мен қирқ-қирқ беш йиллар берисидан туриб, у кунларимни эслар эканман, ҳалол-ҳаром ўлчовларини қулоқларимизга қуйган ота-оналаримизни, ҳаромидан қочиб ҳалолини истаган у ҳушёр болалигимизни, ҳалол-ҳаром масаласига катта мужтаҳидларчасига аҳамият берган у содда ўртоқларимни соғинаман, қўмсайман. Бугунимизга қиёслайман, ўксинаман, армонларга кўмиламан.
Лекин... тушкунликка тушмайман.
Оёғида туролмайдиган битта мастни кўриб бурнини жийирган бола бирдан кўзимни қувонтиради.Қассобдан гўштнинг сўйилиш тартибини сўраган харидорни кўрсам, ўша ўртоқларимдан бирининг боласига ўхшатаман. "Мен бу ишни тўғри қиляпманми? Умуман, тўғри яшаяпманми?" деб савол сўраётган ҳар қандай ёш йигит-қиз тунд юракларга ёруғлик киритади. Аллоҳга шукр, дейман, Аллоҳимга шукр.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Ҳозир сайтимизда 37 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ