1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Онажон, нима қилай, айтинг

      Бу ҳодиса учига найзасимон учли темир ўрнатилган халачўпдек узун таёқчага қон рангли байроқ боғлаган шўролар даврида бўлиб ўтган. Тарихимизнинг энг кир, ўта қоронғи-зимистон кунларида бўлиб ўтган бу аянчли ҳодиса- ни бир хонадон эмас, балки минглаб хонадонлар ўз бошидан кечирган...
     1933-йиллар. Ёшгина муслима аёл тўртинчи фарзандини туғаётиб оламдан ўтади. Аёл ўлганининг эртасига эрини ҳибсга олишади. Уйда тўрт фарзанд ёлғиз қолади. Энг каттаси балоғатга етмаган 11 яшар, энг кичиги сутдан чиқмаган. Бу чиркин дунёга келганига атиги икки-уч кун бўлган холос. Она вафотининг ўттизинчи куни бола она қабри устида кўз ёш тўкиб дерди:
     "Онажон, Аллоҳ сизни раҳмат қилсин. Жойингиз жаннатда бўлсин. Биз ... биз яхшимиз...
     Сиздан кейин дадамни бир неча киши келиб, қўлини боғлаб олиб чиқиб кетишди. Шу пайтгача дараги йўқ. Уйда егулик нарса қолмаган экан, сигирни соғиб укаларимга ичказяпман. Қўшнилар бир-икки кун овқат бериб туришди, мазза қилдик. Кейин бермай қўйишди. Бир ойдан бери фақат сут ичамиз. Биздан ҳеч ким хабар олмайди. Қишлоқдагиларнинг айтишича дадамни олиб кетган одамлар тоғаларимни ҳам олиб кетишибди. Амакиларим эса йўқ эмиш.
      Ҳаво жуда совуқ. Яхшиямки уйимизда ўтин кўп экан, шуни ёқиб исинамиз. Қорнимиз жуда-жуда очиб кетди. Укаларим сутдан безиб қолди. Қариндошларнинг уйига укаларимни етаклаб бордим. Улар овқат еб ўтиришган экан. Киришимиз билан овқатни яшириб қўйишди. Сандал устидаги овқатни остига тиқиб қўйишди. Биз нима бўлаётганига тушинмай ўтиравердик. Овқатнинг ҳиди уйни тутиб кетган эди. Укаларим "нон, овқат" деб йиғлай бошлади. Қариндошларимиз овқат берармикин деб кутиб ўтирдим. Беришмади. Укаларимнинг йиғиси кўтарилди. Шунда қариндошимиз: "болалар уйга кетамиз, деб йиғлаяпти шекили. Уйларингга бора қолинглар", деди. Ноилож чиқиб кетдик. Уйга келсак дарвоза ланг очиқ. Суюниб кетдим. "Дадам келибди!" деб бақириб юборибман. Шунда қўшнимизнинг шум ўғли "даданг аянгни ёнига кетибди. Кеча дадам шундай деди", деб қолди. "Нафасинг қурсин", деб ичкарига кирдим. Не кўз билан кўрайки сигиримиз жойида йўқ. Уйдаги ўтинлар ҳам йўқ. Қўшниларникига кирмоқчи бўлиб эшик қоқдим, ҳеч ким эшикни очмади. Қайга боришни билмай укаларимни етаклаб сизнинг ёнингизга келдик. Онажон, нима қилай, айтинг... "

Абу  Абдулборий  Жалолиддин

Ҳозир сайтимизда 50 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ