1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Севилмаган аёл ноласи

 

 

 

Илк бора учрашувга чиқиб, сиздан меҳрли илтифот, муҳаббат изҳори, ҳеч йўқ, биргина жилмайиш ўрнига, "мен сенга уйланолмайман, ота-онам мажбурлаб сени олиб беришмоқчи. Илтимос, тўғри тушун, мени севган қизим бор. Уни жондан ортиқ кўраман. Сен ота-онангга менга тегмаслигингни айтсанг, бизникилар севгилимга уйланишимга кўнишади..." деган гапларни эшитдим...
Эсимни таниганимдан бери аям дадам мени сизга илинганларини, икки синфдош дўст қуда бўлишга келишганларини қулоғимга қуйиб келардилар. Балоғат остонасига қадам қўйиб, тенгдошларим каби соҳир туйғулар оламига тушиб қолган кезларим, пинҳона йўлларингизни пойлардим. Эътиборингиз менга тушмаса, ич-ичимдан ўкиниб қўярдиму, яна ўзимча, "кўпчилик орасида номимни чиқариб, етаклашиб юришни истамайдилар", деб овунардим. Кейинчалик дугоналарим йигитлардан севги изҳорлари битилган номаларни олганини айтиб мақтанса, юрагим бир ҳаприқиб кетарди. Сиз ҳам менга кўнглингизни очиб мактуб беришингизни жуда-жуда истардим. Вақти келиб мен ҳам бир йигитдан хат олдим. Аммо у ўзим кутган одамдан бўлмагани учун, қабул қилолмадим. Ўзимни бегона йигитларнинг нигоҳидан қизғанардим. Хаёлимда фақат сиз, ўзингиз эдингиз. Мен сизга аталгандим...
Бир куни ишдан келсам, онажоним хушнуд кутиб олдилар:
-Бугун меҳмонлар келган эди...
-Меҳмонлар?- сўрашга сўрадиму, меҳмон бизникига нега келишини тушуниб, хижолат бўлдим.
- Меҳмонлар Зокир амакингникидан келишди.
Бу гапдан кейин хижолатлик оташида ёниб дарҳол ичкарига олдим ўзимни. Ортимдан онажоним кирдилар.
- Болам нега уяласан, ёш бола эмассан, ахир. Энди оила қуришинг керак. Зоҳиджон ниҳоятда ақлли, эс-ҳушли йигит. Худо хоҳласа бахтли бўласизлар. Ўзим ўргилай сендан, она қизим. Ҳа айтганча, эртага соат 10.00 да учрашар экансизлар. Ишингдан бирор соатга жавоб оласан-да...
Ўзимда йўқ хурсанд эдим. Ўша куни оҳорли кийимларимни кийдим. Кўзгу қаршисида энтикиб-энтикиб ўзимга оро бердим. Юрагим ҳаяжон ичида бесабр урар, ҳам бахт, ҳам муҳаббат қаноти билан шодлик осмонида учар эдим гўё...
Айтилган вақтда, айтилган жойга бордим. Ўн дақиқа кутдим, йигирма дақиқа кутдим, бир соат кутдим... Келмадингиз. Ич-ичимдан йиғи хуруж қилиб, хўрлигим келарди, ўзимни камситилгандай ҳис қилиб ишга ҳам бормай уйга қайтдим.
-Тинчликми болам, нима бўлди, нега рангу-рўйинг бир аҳвол?!
Онам кўрасолиб мени саволга тутдилар.
- Ойижон... у киши учрашувга келмадилар... Хиёбонда юрагимни куйдирган алам кўзларимдан тошиб кетди. - Ойижон, менимча менга уйлангилари йўқ... Дадамга айтинг. - Хўрлик ва изтироб ичида кўнглимдагиларни онамга билдиришга уриндим.
-Ундай дема болам, дадангни ранжитасан. Учрашувга боролмаган бўлса, зарур бир иши чиққандир. Дарров бунақа хаёлларга бориш яхши эмас, болам.
-Ҳеч йўқ узрини телефонда айтса ҳам бўларди-ку...
Иззилашимга ҳеч ким парво қилмади. Бир пайт ойим ним табассум билан хонамга кириб келдилар:
-Во-ей она қизим-ей, шунга кўз ёши қилиб ўтирибсанми? Мен қудалар билан гаплашдим. Замира келинойинг анча хижолат бўлдилар. Зоҳиджон зарур бир юмуш билан шаҳарга тушган экан. Эртага учрашаркансизлар.
Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Ўзимни ҳеч қачон бунчалик нокерак ҳисобламагандим. Алам қилди. Мени нима гуноҳим бор? Айбим, бўйга етганимдан бери сизни севишимми?! Ҳатто хаёлларим сарҳадига бегонани йўлатмаганимми?! Сизга топинганим, талпинганим эвазига мени хўрлик ва камситиш билан мукофотладингизми?!..
Онамга, "агар учрашувга вақт топса телефон қилиб чақирар", дедиму, тақдирга тан бердим. Нақ бир ойдан кейин учрашмоқчи бўлиб қўнғироқ қилдингиз. Аммо, овозингиз оҳангидаги самимият, кўзларингиздаги меҳр, чеҳрангиздаги лутф мени алдади. Дастлабки дақиқаларданоқ қувончимни ерпарчин, юрагимни остин-устин қилиб ташладингиз:
- Нигора, сен менга тегишга розимисан ўзи?
...- Тўғриси савол маъносини унча англамагандим.
- Нима, ота-оналар бизнинг кўнглимиз, хоҳишимиз билан ҳисоблашмай ўзларича иш тутаверадими?! Бизнинг ҳаётимиз уларга ўйинчоқми?! Дўст бўлишса, синфдош бўлишса булар ўз йўлига, қуда бўлишлари шарт эканми?! Тўғри, ота-она боласига ёмонлик тиламайди, бахтини ўйлайди. Аммо уларнинг ҳозирги ишлари бизни бахтимиз учун хизмат қилмайди-да. Сен менга сингил қаторисан. Ниҳоятда яхши қизсан, ҳурмат қиламан, қадрлайман сени. Лекин ўзимнинг севган қизим бор. Унга уйланмоқчиман. Уйдагилар оталаримизнинг ваъдалашганини рўкач қилиб унашмаяпти. Сен бугун бориб, "мен Зоҳид акага тегмайман. Улар бошқа қизни яхши кўрар эканлар", дегин. Сен мени рад қилсанг уйдагилар севган қизимни олиб беришади. Майлими, Нигор?- овозингиз  оҳангидан ҳам ялинчоқлик, ҳам буйруқ сезилди. Ўзимни зўрға қўлга олиб, гапиришга оғиз жуфтладим:
-Нега шу пайтгача индамадингиз? Юрагингизда шунча гапингиз бор экан аввало ота-онангизга айтишингиз керак эди. Ахир... ахир...- хўрлигим келиб йиғлаб юбордим,- ўтган ҳафта бизни унаштиришди-ку...
Ўша пайтдаги ҳолатингизни эсласам аламдан юраккинам зирқиррайди, худди машъум хабарни эшитгандай дастлаб гангираб қолдингиз, кейин "қачон?... Мендан сўрамай-а?..." дедингиз кўзларингиз ёшланиб. Иккимиз ҳам бир-биримиз билан совуққина хайрлашдик. Уйга келиб онамга барчасини, сиздан эшитганларимни ҳам, қишлоқда сизнинг қандайдир шоира қизни севишингиз ҳақида гап юришини ҳам гапириб бердим. Онам сочларимни силаб:
- Қизалоғим, бунақа майда гап-сўзларга парво қилма. Севги бошқа ҳаёт бошқа. Улар сени келин қилишяпти. Аллақандай шоирани эмас. Зоҳиджон ҳам тўйдан кейин сенга боғланади-қолади. Ўша шоирасининг ноз-карашмаси ҳам хаёлидан кўтарилади. Ўзингни эзиб юрма,- деб овутган бўлдилар. Йигит бўлиб сиз тақдирингизни, муҳаббатингизни ҳимоя қилолмаган, мендек бир ожиза қиз ота-она истагига қандай қарши бора олардим?!..
Тўйгача учрашмадик. Бировга айтсам, ўла қолса ишонмайди, тўйгача сиз мени кўришни умуман истамадингиз. Пайти келиб, мен кутган, сиз хоҳламаган ўша кун келди. Тўйимиз куни мен қувонишни ҳам, куюнишни ҳам билмасдим. Сиз... Сиз бешафқат, золимсиз! Биласизми, қиз бола учун ҳаётида бир маротабалик бахт лаҳзалари, энг олий орзу никоҳ тўйи эканини?! Сиз ана шу орзу-умидларимнинг кўзларини маъюс қилгандингиз. Юзингизга қарагим келмасди, кўзим кўзингизга тушиб, "мен сенга уйланмайман. Мен бошқа қизни севаман..." деган гапларингиз хотирамни эгаллаб, юрагимни алам ва нафрат исканжасида қийнарди. Хуллас, тақдиримизни боғлаб, дилларимизни боғлаёлмаган тантана тугаб, энг нозик дамлар остонасига қадам қўйдик. Гўшангада сизни кутмай "кутдим". Шивир-шивир, гангир-гунгир гап-сўзлар қулоғимга чалиниб, чимилдиқнинг чеккаси кўтарилиб кўриндингиз...
Эл кўзига эр-хотинмиз. Мажбурият юзасидан гаплашамиз. Мени эмас, ўша қизни севишингизни, мен билан ота-онангизни деб яшаётганингизни шундоқ юз-кўзингиздан билиш қийин эмас. Ичдан адо бўлиб юрган мен. Китоб жавонингизга қарашга юрагим бетламайди. Ўша қиз сизга совға қилган китоб, ундаги ёзув ва китоб ичидаги сурат ҳам рашкимни, ҳам аламимни келтириб, ўзимни ҳақоратлангандек ҳис қиламан. Уларни менинг кўзимдан узоқроққа ҳам олгингиз келмайди. Бошингизга тушган савдоларнинг барига мени айбдор қилаяпсиз. Омадсиз севгингиз учун мен айбсиз айбдор бўлиб товон тўлаяпман.
Ўша қизни шунчалик ёмон кўраманки, бахтимни ярим, юрагимни абгор қилгани учун уни ҳеч кечиролмайман. Мен ҳам орзу-ҳавас билан гўшангага қадам қўйгандим. Мени мажбуран қучоғингизга тортиб, ўзингиз билибми, билмайми биринчи айтган гапингиз ўша шоирангизнинг исми бўлди. Ундан кейинчи... Ундан кейин ҳам сиздан меҳр-муҳаббат кутишим ақлга сиғмасди. Баъзан ўйланиб қоламан: одамлар "севги муҳаббат йўқ нарса, турмуш қургандан кейин эр-хотин кўринмас ришталар билан бир-бирига боғланади", дейишарди. Бекор гап экан. Сиз уни севишингизни ҳеч кимдан яширмайсиз. Буни қизимиз туғилганида ҳам яна бир бор тушунган эдим. Қизимизга севгилингизнинг исмини қўйдингиз. Ҳали-ҳануз тушунмайман, агар аҳдингизда қатъий туриб менга уйланмаганингизда, сизга мажбуран тегмасдим-ку, нега мени бунча азобладингиз?! Ҳатто жигаргўшамга ҳам унинг исмини бериб мени пичоқсиз сўйганингиз нимаси?!...
Билмадим, сиз билан турмушимиз қандай кечади. Бу изтиробларнинг охири нима билан тугайди. Билганим шуки, сиз мени меҳр-муҳаббат ва эътиборга арзитмайсиз. Яна шуни биламанки, сизни қанча севмай, қадрламай, боримни, жонимни фидо қилмай ўша шоира қизнинг ярмичалик ҳам кўрмайсиз. Овунчоғингиз унинг шеърлари. Ҳамроҳингиз ундан қолган хотиралар. Кўксингиздла китобини қучиб юрасиз. Мен эса... Мен бўлсам, сизнинг ўша машъум "сенга уйланмайман" деган гапингиз ва муҳаббатим армонини бағримга босиб яшаяпман...
Севгилингиз ҳам турмуш чиқибди. Шундай бахтли келинчак бўлибдики, чеҳрасида иқбол балқиб турибди. Телевизорда кўрсатишди. Нигоҳлари шундай бахтиёрки, беихтиёр унга... ҳасад қилдим. Кўз қиримни сизга ташладим, уни унутгансиз, деб ўйлагандим. Аксинча, кўзларингизга ёш тўлиб, бошингизни эгиб олдингиз...
Нима бўлганда ҳам сиз жуфти ҳалолимсиз. Қизалоғимнинг отасисиз. Бир кун келиб, меҳрингиз тушар, мени тўғри тушунарсиз. Аммо ўша эътиборингиз эрта сўлган орзуим ғунчаларига қайта жон ато эта олармикин?!.. Қалбим ярасига малҳам бўла олармикин?!. Мен ана шу саволларга жавоб топа олмайман...

ХОНЗОДА

 

 

 

Бойлик бузган қўрғон

 

 

 

— Моҳира, Моҳи... Уф, қаерда қолиб кетдинг?
— Шу ердаман, аяжон. Ҳозир боряпман.- Моҳира ошхонадан югуриб чиққанча, ичкарига- бемор онаси ётган хонага кирди. Топ-тоза ўрин-чойшабларда эту устихон бўлиб ётган Шарофат опа қуруқшаган лабларини ялаб қизига тикилди:
— Шомурод аканг келмадими?..- Моҳира секингина онасининг қаршисида чўккалади.
— Кеп қоларлар, аяжон. Айтгандим, ишхоналаридан бирор ёққа жўнатиб юборишгандир-да. Ишлари шунақаю...
Моҳира ичидан ўтаётган гапларни онасига айтолмади. Бемор ҳолида уни изтиробга қўйишни, кўнглини ўкситишни истамади. Акасига эмас, келинойисига қўнғироқ қилганди. Мулойимгина, доим ўзини хижолатланган куйи тутадиган келинойиси:
— Моҳи қиз, мен акангизга айтишга айтаману улар гапимга кирармикинлар? Ўтган куни дадам ҳам келганларида, аямдан хабар олишларини уқтиргандилар. Аммо, акангизнинг феълини биласизу... Ўзим ҳам билдирмайгина бориб келаман. Моҳирахон, ўзингиз айтиб кўрарсиз-а...- деди. Моҳира шундоқ ҳам акасининг феълини яхши билади. Лекин онасига, бетобу илҳақ ётган онасига буни қандай айтади?! Қандай қилиб, “ акам сизни кечиролмас экан, у ҳалиям ўша гинасидан  тушмабди, аяжон” десин?! “ Аяжон, шу кунларга тушиб қолишимизга, эл орасида яккаланиб, ўз ҳолимиз ўзимизга қолишида сиз айбдорсиз. Агар дадамни ҳурмат қилганингизда, хотинлик вазифангизни, бекалик ўрнингизни унутмаганингизда, биз ҳам ҳозир ҳаммага ўхшаб дадамлар, акам ва опам билан бирган яшардик, қариндош-уруғларимиз уйимизга келиб-кетиб юрарди. Ҳайҳотдай уйда иккимиз ёлғиз қолиб кетмасдик.” - дейиш учун ўзида ҳеч қачон куч тополмайди. Раҳматли бувиси уни шунга ўргатганди.
Фарзанд ҳеч қачон ота-онани айбдор қилишга ҳақли эмас. Аксинча, уларнинг хатоларини яшириб, ота-онаси билан  фахрланиши керак.- деб қайта-қайта такрорларди. Моҳира онасига термулиб қолди. Онаси қандай эдию, қай аҳволга тушиб қолди. Афсуски, шу куйга тушиб, зору афтода бўлиб қолишига ўзи сабабчи. Балки у ҳам ичида гуноҳларини тан олиб, айбига иқрор бўлгандир, бироқ бу билан энди нима ўзгарарди. Вақт ортга қайтармиди?..
*        *             *
Шомансур ўқишини тамомлаб, шаҳарда ишга қолиш нияти борлигини айтганида, катталарга бироз малол келди:
— Иш дегани ўзимиз томонларда ҳам бордир, ўғлим. Сен оиламизнинг каттасисан, ука-сингилларингга ёрдаминг тегиб, шу ерларда ишлашингни истардик...- Шоқосим ота ўғлининг раъйини қайтаришга кучи етмаслигини англаб қаршилигини шу сўзлар билан билдирганди.
— Шаҳарда ишласам, катта одам бўламан. Укаларимни ҳам, сингилларимни ҳам ўзим ўқитаман. Қайтанга шаҳарда уларга кўпроқ ёрдамими тегади, дада. Ўзимизнинг туманда ишласам, бир ташкилотда бош ҳисобчи бўлиб ишлашдан нарига ўтмайман.
Ота-она ноилож ўғилларини оқ фотиҳа билан уни кузатиб қўйишди. Чиндан ҳам Шомансур ҳали тажрибасиз, ғўр ходим бўлишига қарамай, ишлаётган ташкилотининг раҳбари назарига тез тушди. Бошлиқ тез-тез унга муҳим топшириқларни бериб, ўзига яқин олаётганини билдириб турар, йигит бундан руҳланиб ишга бор иштиёқи билан киришарди.
Орадан бирор йилча муддат ўтиб, Шоқосим ота ўғлини уйлантириш ҳаракатига тушди. Келин излашда ҳам ўғил ота-онасини ҳақиқатда лол қолдирди. У ўзи ишлаётган ташкилот раҳбарининг қизига совчиликка бооришларини сўради. Ўзларидан бир неча поғона баланд рутбадаги кишилар билан қуда-андачилик муносабатларининг келажагини тасаввурига ҳам сиғдиролмай қиз остонасига борган Шоқосим ота, кутилмаганда яхши хабар билан қайтди. Тез орада тўйга тараддуд бошланиб, бой қуда томон тантаналарнинг бор ташвишини ўз зиммасисига олгани маълум бўлгач, бу никоҳ аввалдан режаланганлиги ва йигит уйидан қизга номигагина совчи бориши мўлжалланганлигини билиб, Шоқосим отанинг ғурури оғриди.
— Мен ўғлингнинг тўйига бормайман. Аллақандай ресторанда тўй қилаётган экан қайнотаси. Менга кераги йўқ, ҳажиқиз узатишнинг! Мен уни ота ўғил бўлади, белида белбоғи бор эркак бўлади, деган умид билан ўқитгандим. У бир бойвачча қизнинг этагига осилиб кетди.
Ота алам билан аёлига зарда қилди. Мушфиқа ая ҳам ўғлига, ҳам эрига куйиб изиллади:
— Ундай қилманг, жон дадаси. Ахир Шомансуржон тўнғичимиз, не-не ниятлар билан тўйини орзу қилганмиз. Ким билан бўлса ҳам бахтли, саломат ва хотиржам бўлса бўлди-да, бизга шундан бошқа яна нима керак?!- Шоқосим ота ўжарлик билан тўнини тескари кийиб олди. Аммо хотинининг кўз ёшлари кўнглини юмшатдими ёки эл-юртдан хижолат тортдими, ҳарқалай тўйга борадиган бўлди. Каттакон ресторанда нишонланаётган никоҳ тўйида камтарона кийим-боши билан меҳмонлардан ажралиб турган куёвнинг қавм-қариндошига биров эътибор қилди, биров қилмади. Хотинининг дийдиёларидан безиб, аранг бир чеккада ўтирган Шоқосим ота, қудаси-ўғлининг қайнотаси келин-куёвни табриклаб, қизига уй калитини, Шомансурга эса машина калитини тутқазганига чидолмай тўйхонадан чиқиб кетди. Шундан кейин ота ҳеч қачон ўғлининг, тўғрироғи келинининг уйига қадам босмади. Бошида Шомансур отасининг бу ишидан ранжиб юрди. Бироқ кўп ўтмай аёлининг ғалати феъл- атворини билгач, ота-онаси олдида ўзини айбдор ҳис қила бошлади. Аммо энди кеч эди. Шарофатнинг эрка-тантиқлиги, кўпчиликнинг орасида очиқ-ошкора эрини камситиши  Шомансурнинг ғашини келтира бошлади. Бу орада йиллар ёшига ёш қўшиб ўтиб, бирин-кетин ўғил-қизи туғилди. Қайнотасининг ёрдами билан бир ташкилотда директорликка тайинланди. Ишлари юришгани сари Шарофатнинг миннати, икки гапнинг бирида отасининг ёрдамини таънаю маломат қилишию жигарларини уйга йўлатмай қўйгани Шомансурнинг сабр косасини тобора тўлдириб юборган бўлса-да, болаларини деб тишини тишига босиб юрганди. Лекин хотинининг тобора босар-тусарини билмай, эр қадрини, фарзандлар тарбиясини ўйламай қўйгани эркакнинг тоқатини тоширди.
— Бу туришда ҳаёт ҳаёт бўлмайди аяси. Сиз болаларнинг тарбиясига, бахтига қарши иш қиляпсиз. Бу феъл-атворингиздан бохабар киши ўғлимизга қизини бермайди, қизларимизга харидор бўлмайди. Қаранг, шундоқ ҳам эл орасида тозза беобрў бўлибмиз. Бунақада  ишхонада ҳам мавқеъимдан айрилиб қолишим аниқ.
Шомансур ҳар сафар шунга ўхшаш гаплар билан хотинини йўлга солишга уринар, эрка-тантиқ ўсган Шарофатга эса бу танбеҳлар зарра кор қилмас, забтга олгандай ҳали болаларига шанғиллаб берар, ҳали эрини камситиб ҳақорат қиларди. Уйда тинчинг, кўнглингда хотиржамлигинг бўлмаса, ишингдан барака ҳам кўтарилар экан. Шомансурнинг ишлари ҳам кутилмаганда орқага кета бошлади. Бундан хотинининг ғазаби баттароқ қайнаб, оиладан файз ариди. Охирги жанжалда Шарофат тилини хўп эркин қўйиб юборди:
— Агар дадам бўлмаганида, сен ҳам уруғ-аймоғингга ўхшаб итнинг орқа оёғи бўлиб юрардинг...
Бу ҳақорат, хотинининг сенсираши Шомансурнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Болаларини бир-бир бағрига босдию, уйдан чиқиб кетди...
— Шоқосим ота ўғлини ҳеч нима билмагандай қаршилади. Шомансурнинг укалари ҳам, сингиллари ҳам шу оқшом ота уйларига йиғилишди. У  жигарларининг оқибатини кўриб ўзининг меҳрсизлигидан уялиб кетди. Хотинининг молу дунёси, қайнотасининг «раҳнамо«лиги ғурурини синдириб қўйган эркак, яқинларининг қаршисида ўзини ниҳоятда забун ҳис қилганидан, қўшни туманда яшаб ўша ерда ишлай бошлади. Шарофат эри кетгач бор зуғумини болаларига сочадиган бўлиб қолди. Ўғли отасининг ортидан бориб у билан яшашни маъқул кўрди, тўнғич қизи эса онасининг зулмидан ота томонидан бува бувисининг уйида паноҳ топди. Фақат  кичик қизи Шарофатнинг қаҳру ғазабини, ҳақорату маломатларини индамай енга олди. Моҳина қизи узатилганда Шарофат аччиқ устида тўйга боришдан бош тортди.
— Сиз онасиз ая, опам юзингизни ерга қаратадиган иш қилмади. Уйдан кетгани билан дадам, амакиларим, бувим билан бувам унга ёмон тарбия беришмади. Ўқиди, оқ-қорани таниди. Энди ўзига муносиб оилага келин бўляпти. Тўйга бормассангиз эл-юрт сизга нима дейди?!
Шарофат қизига сўзсизгина бўйсуниб биринчи фарзандининг тўйида қатнашадиган бўлди.  Ўша ерда Шарофат эрини кейинги хотини билан кўрдию алами қайталанди. Кундошининг мулойимлиги, ундан чиройли ва ёшлигини, эрининг қариндошларини унга муносабатини кўриб аёл ўзини камситилгандек ҳис қилди. Шундан кейин ўғли уйланганида тўйига бормади. Ҳатто қизининг кўзи ёриганда ҳам, ўғли ота бўлганида ҳам бормади. Энди боши ёстиққа тегиб, умр чироғи сўниб бораётган дамларида уларни қайта-қайта сўроқлаяпти, йўлига кўз тикяпти...
...- Аяжон, акам келдилар. Кўзингизни очинг, аяжон...- Моҳира дарддан толиқиб кўзларини юмиб олган онасининг тепасига келиб, секин гапирди.
- Қани?- Бемор хира кўзларини катта-катта очиб атрофга аланглади. Бир четда онасига лоқайд тикилиб турган ўғли, синглисининг қистови билан унга яқинроқ келди:
— Ассалому алайкум, ая... тузук бўлиб қолдингизми?..- Шомуроднинг тилига аранг шу сўз айланди. Онасинг кипригидан ёш думалаб ёноҚига томди:
ўзинг омонмисан болам? Тинчмисан?... Болаларинг яхшими?
— Шукр... – Шарофат опанинг тилида яна бир сўз келардию, негадир сўрашга ботинолмаётганди. Моҳира ҳам, акаси билан бирга келган Моҳина ҳам, Шомурод ҳам буни тушунгандек бир муддат жим қолишди.
— Шомуроджон... Шомуроджон ўғлим, даданг яхшимилар?..
— Ҳа. Сизни сўраб юбордилар...- Шомурод ноилож шундай дедию ёлғонимни биров сезмадимикин, дегандай опаси билан синглисига бир-бир қараб олди.
— Мен уларни кўп қийнадим... Сизлардан узр сўрайман, болаларим... Сендан илтимос, мендан кейин синглингни ташлаб қўйма... Менинг касримга уни ҳеч ким сўрамади, ёши ўтиб қолди ўғлим. Ноумид шайтон, дейдилар. Агар тенгги чиқса, бировдан кам қилмай узатинглар, болам...- Шарофат опанинг овози бўғилиб, кўзларидан ёш қуйилди. Болаларининг ҳам кўнгли бузилиб, бир сўз демай жим қолишди. Шу пайт кўча эшиги очилиб, Шомансур ака кўринди. Ўғил-қизлари бирданига ўрнидан қўзғалиб отасини қаршилади.
...- Дадаси, мендан рози бўлинг... Мени кечиринг... Болаларим сизга омонат, илтимос, улар болалигида оломаган, мен туфайли зориқиб қолган меҳрни қайтаринг... Мен гуноҳкорни кечиринглар...- Шомансур ака собиқ хотинининг қўлларини ушлаб унсиз йиғлаганча унга нималарнидир гапириб таскин бергиси, яхши кунлардан умидвор қилгиси келдию, негадир тили гапга келишмай қолди. Бироздан кейин қизларнинг, “Вой онам”лаган товуши ҳовлини тутди...

Рухшона Фаррух

 

 

 

Қўшнининг қарғиши

 

 

 

«Ҳовли олма, қўшни ол», деб бекорга айтишмас экан. Баҳаво, тинч жой экан, деб қўни-қўшнини суриштирмай, янги ҳовлига кўчиб ўтдик. Қўшниларим ҳам, бир қараганда, ҳаммаси ўз-ўзига тинч хонадонлар экан. Фақат биттаси… Хуллас, ўша хонадонда чевар, чиройли бир қиз бор экан.
— Фотимахон (исмини шундай дея қолай)нинг ажойиб қизи бор экан, — десам, бошқа қўшнилар:
— Тағин куёв топиб юрманг, балога қоласиз, — дейишди. Эмишки, ота-онасини, акасини боқаётган шу қиз эмиш. Қачон акасига ўзига ўхшаган қиз топиб, келин бўлишга кўндирса, уни узатишар эмиш. Ўлмаган қул ҳар балони эшитаверар экан. Ҳали бунақасини кўриб, эшитмаган эдим. Тақдирнинг ўйинини қарангки, менинг малака оширишга келган жияним билан Фотимахоннинг қизи мисоли Тоҳир-Зуҳро бўлиб қолишди. Қўшним уйимга неча марта шовқин солиб кирди.
— Агар жиянингиз яна бир марта қизимнинг йўлини тўсса, оёғини синдираман, — дейди.
— Ҳой, барака топгур. Менинг жияним ердан чиққан қўзиқорин эмас, олий маълумотли аграном. Икки ёш бир-бирига кўнгил қўйган бўлса, совчи юборайлик, тўй қилайлик, — десам, қўшним:
— Кимдан совчи келиб, ким билан тўй қилишни ўзим ҳал қиламан! Сиз менинг ҳовлимдан нари юринг! — деб чиқиб кетди.
Жиянимга:
— Қўй, қиз яхши бўлгани билан оиласи чатоқ, кейин ҳам сизларни яшашга қўймайди, — дедим.
— У бечора қафасдаги қушдай. Ҳеч ким қўлида бирор касби йўқ акамга тегишни хоҳламаяпти. Бунинг устига, муомаласиям чатоқ, мен қачонгача ўтираман, деб йиғлаяпти, — дейди жияним.
Кўнгилга буйруқ бериб бўлмас экан. Исми-расмини қилиб совчи юборсак, остонадан қувиб солишди. Энди нима бўлади, деб бош қотириб юрсам, жияним:
— Мен Дамирани (қизни бошқа исм билан атаяпман) шундай ташлаб кетмайман. Яхшиликча беришмаса, олиб қочиб кетаман, — деди. Жиянимни раъйидан қайтаришга роса уриндим.
— Оқ фотиҳасиз қурилган турмуш турмуш бўлмайди. Ҳозир Дамира — ёш, кўнглида муҳаббат алангаланиб турибди. Лекин ҳаёт фақат муҳаббатдан иборат эмас, эртага ота-она керак бўлади. Ҳеч ким сассиқ деб бурнини кесиб ташламайди. Кутинглар, балки, улар излаган келин топилиб, Дамиранинг ҳам йўли очилар, дедим. Йўқ, икки ёш юрак бир-бирига талпиниб турса, иложи йўқ экан. Жияним:
— Амма, ёрдам беринг, Дамирани олиб кетай, — деб туриб олди. Нима қилай, қиз ҳам шу тақдирни ўзи истагач, ёрдам бердим. Икки ёш ҳозирча ота-онадан яширин оилавий ҳаёт бошлаб юборишди. Қўшниларим аввал роса тўполон қилишди.
— Ана, қишлоғига бориб кўринглар, жияним ўз уйида. Қизларингдан мутлақо хабаримиз йўқ, — деб ёлғонладим. Дарҳақиқат, қизни ишончли жойга яшириб, жияним бемалол ишига келиб-кетиб юрибди. Қўшнимнинг қарғишлари баъзан девор оша менга эшитилиб туради. Фотимахон қизини йўлдан уриб, бу оилани қўлсиз-оёқсиз қолдирганларнинг етти пуштининг авра-астарини ағдариб, қарғайди.
— Болангдан топ! — дея бақирганида суяк-суягимдан ўтиб кетгандай бўлади. Баъзан:
— Нима қилардим шу ишга бош қўшиб? Она бўлгач, ёниб-куяди-да, чидайсан энди, деб ўз-ўзимга тасалли бераман. Баъзан эса бирон марта ҳам:
— Номусимизни букиб кетди, — деган гапни айтмай, қизларига фақат оила боқувчиси деб қараганлари учун:
— Ажаб қилибман, хўп қилибман. Ўзларинг ҳам ҳаракатга келасизлар энди, яшаш учун интиласизлар, дейман.
Ахир, қачонгача ойдек қизнинг бахтини боғлаб ўтиришади?
Ҳар нарса дейман-у ич-ичимдан ҳаловат кетган. Бир кун сир ошкор бўлади-ку. Ўртада Дамира бор экан, барибир қуда-андачилик қилишга, шу оиланинг олдига бош эгиб боришга тўғри келади-ку. Нима қилсам экан? Жияним истагандай, уларнинг фарзандли бўлишини кутиб ўтирмай бош эгиб борсаммикин? Гуноҳ биздан ўтди, ёшлар ёшлик қилибди. Энди буёғига улар тинч яшашсин, гина-кудуратни унутиб, борди-келди қилайлик, десаммикан? Улар мени қабул қилишармикан ё севги асосида қурилган оилани барбод қилишармикин?

Меҳрибон, Яккабоғ тумани

 

 

 

Бахтли аёлга мактуб

 

 

 

Сўзларим аввалида мени гуноҳкор қилмаслигингизни ўтиниб сўрайман опажон. Зеро, мен ҳам инсонман, умид ила дунёга келганман, бировга тегишли жисм қалбини забт этишни ўзим истамаганман. Эрингиз... Суйганимни биринчи бора кўрганимдаёқ, бу оламда шунча пайт саросар бахт излаб оввора бўлиб юрганимни англаганман. Ўшанда эрим мени “пул топиб келасан”, деб уйдан ҳайдаб солган, тун ярмидан оққан бир пайтда ҳали тилчалари чиқиб улгурмаган жажжигина фарзандимни бағримга босиб кўчаларда сарсон юргандим. Қаерга боришни, кимдан ёрдам кутишни билмайман. Қайноқ ёшларим ёноқларим узра лабларимга томар, шўр-талх томчилар менинг аччиқ тақдирим олдида болдан-да ширин туюларди.  Шунда Аллоҳ мен бахтиқаронинг зулмат йўлларини ёритгувчи бир нур юборди; олдимга сассиз келиб тўхтаган машинадан чўчиб бир қадам ортга тисарилдим. Қўрқув ва хавотирдан дағ-дағ титраб, гўё боламдан ҳимоя нажотини истагандек, уни яна-да қаттиқроқ қучиб олдим. Кутилмаганда ҳайдовчи машинадан тушиб ёнимга келди:
— Синглим, тинчликми? Бунақанги бемаҳалда кўчада нима қилиб юрибсиз?
— Ўзим... шундай... — Мужмал жавобимдан сўнг кўзларимдан дувиллаб ёш оқди.
— Йиғламанг, синглим. Адашиб қолган бўлсангиз кўчангизнинг номини биласизми? Болани ҳам қўрқитиб юборасиз. Йиғламанг, қаерликсиз? — Шу топда қаршимда мен узоқ кутган одам намоён бўлгандек эди. Йиғидан ўзимни тўхтатолмасдим. Қисматимнинг сўқмоқларида бемақсад изғиганларим, яралганимдан бери фақат ва фақат изтироб чекишга маҳкум этилганимни айтиб бўзлашни истардим. Биламан, бундан бирор наф йўқ, аммо кўнгил ўзига яқин дарддош истаса, изласа мен нима қилай?..
— Мен уйга боролмайман, ака, —  зўр базўр ёшларимни тийиб қаршимдаги инсонга жавоб қилдим. 
— Нима учун, тинчликми?
— Хўжайиним... ҳайдаб юбордилар... — Боламни бағримга маҳкамроқ босиб, бор овозим билан ҳўнграб юбордим.
— Куюнманг, синглим, ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Хўжайинингиз аччиқ устида бирор нима деган бўлса, ҳозир ўзи пушаймон бўлаётгандир. Юринг, сизни уйингизгача олиб бориб қўяй, кўп йиғлайверманг. Қаранг, болани ҳам қўрқитиб юбордингиз. — Улар ўғлимни қўлимдан олиб машинага қараб юрдилар. Шунда бор кучимни тилимга тўплаб уларга дедим:
— Ака! Илтимос, мени у ерга олиб борманг. Тўхтанг ака... — Мен ўша ҳолатимни тасвирлай олмайман. Ёноқларимни ёндириб оқаётган қайноқ ёшларим кўнглим тубидаги кўлмакка айланаётган эди. Улар менга хайрихоҳ тикилдилар:
— Синглим, бунақа кўчада юриш яхши эмас. Ҳеч бўлмаса ота-онангизникига олиб борай?! — Ўзлари билмаган ҳолда дил яраларим ва армонларим маддасига ўқ узиб қўйдилар.
— Ака, мен бахтиқаронинг шу норасида гўдагидан бошқа ҳеч кими йўқ... Шунинг учун бошимга оғир мусибатлар ёмғири ёғилмоқда-да... — Мажолсиз, ихтиёрсиз машинага чўкдим. Кейин илтижо билан жуфтингизга тикилиб, “Илтимос, мени бирор ёққа олиб боринг, бирор жойда дам олай. Жуда толиққанман, мазам йўқ...” — дедим. Ундан кейин фақат бошимни ўриндиқдаги кичкина ёстиқчага қўйганимни эслайман, холос.
Эртаси куни кўзимни очсам касалхонадаман. Вужудим анча тетик. Ёнимдаги каравотда пишиллаб, беғубор бўлиб фарзандим ухлаяпти. Бош томонимдаги тумбочкада мева-чевалар, тансиқ егуликлар турибди. Уларга кўзим тушган заҳоти, бу кимнинг ҳиммати эканини сездим. Юрагим бир ҳаприқиб кетди. Зум ўтмай хонага ҳамшира ва шифокор келиб, соғлигимни текширишди. Қоним камайиб, анча ҳолсизланган эканман. Бунинг устига юрагим ҳам заиф экан. Муолажааларни бошлаб юборишди. Улар менга тавсия қилаётган дори-дармонларни, билагимга ўтказаётган осма уколларни кўриб юрагимни хавотир исканжага ола бошлади: Мен бу дорию муолажаларга қайдан пул топаман?!
Анчадан бери бир бурда нонга зор эдим, тўйиб-тўйиб овқатландим. Умримда илк бора ҳузурланиб ухладим. Бир пайт бошим устида кимларнингдир пичирлашиб гаплашашишидан кўзим очилди. Дўхтир билан кечаги Яхши инсон (мен ўшанда хўжайинингизга шундай ном қўйиб олгандим). Нималарнидир келишаётган экан. Дўхтир уйғонганимни кўриб:
— Ана, ўзлари ҳам уйғондилар. Яхши дам олдингизми, бироз тузукмисиз? — дея сўради. Мен ўн саккизга кириб энди биринчи марта “тузукмисиз?” деган ҳол сўрашни эшитаётгандим. Кўзларимда айланган ёшни кўрсатмаслик учун деворга қараб секингина жавоб бердим:
— Анча яхшиман, Худога шукр... — Дўхтир бир-иккита тавсияларни бериб чиқиб кетди. Яхши инсон дераза олдидаги  курсини каравотга яқинлаштириб мендан ҳол-аҳвол сўрай бошладилар:
— Ўша тунда сизни гўдагингиз билан қайга олиб боришни билмай, тўғри касалхонага олиб келдим. Кўринишингиз яхши эмас, анча толиққан эдингиз.  Дўхтирларнинг айтишича, ҳеч ким сизни йўқлаб келмабди... Мени кечиринг... ака-укангиз ҳам... — Маҳзунгина кулимсираб уларга термулиб қолдим. — Майли, айтгингиз келмаса индамай қўяверинг. Ўзингиз соғайиб, тетиклашиб кетсангиз бас. Фақат... турмуш ўртоғингизга хабар берсангиз бўлармиди... Кўнглига ҳар қандай хаёл келиб юрмасин, дейман-да.
— У ҳеч нарсани билишини истамайман, ака! Мен энди у уйга қайтиб бормайман, жон ака, уларга хабар берманг...
— Нега ахир?! Синглим, ҳали ёшсиз, одам деган бунақа енгилтак бўлмайди. Арзимаган қийинчиликларни деб оилангизни бузманг. Нима бўлганда ҳам ўртада бола бор. Рўзғорда келишмовчилик деганлари бўлиб туради-да. Уруш-жанжалсиз оила борми? Менга қолса оилангизга тезроқ хабар бериш керак.
Яхши инсоннинг астойдил куюниши юрагимни баттарроқ эритиб юборди. Шу топда ўн саккиз йиллик армону изтиробларимни борича шу одамга айтиб бергим, дардларимни тўкиб-солиб кимлигимни ошкор этишни истаб қолдим. Аммо... бошимдан ўтган оғир кунларни эслаш мен учун осон кечармиди?..
...Эсимни  “Меҳрибонлик уйи” деган масканда танидим. У ердагиларга кулги бегона эди. Уззукун дераза рафига суяниб ёхуд дарвозага мўлтираб кимнингдир келишини пойлаб кун ўтказардик. Кимларнингдир орзуси ушалиб, кутгани келар, бир зумда жонажон гўшамизда шодлик-қувонч оралаб, ўша ўртоғимизнинг шодлигига шерик бўлардик. Лекин мен айтаётган бу воқеалар камдан кам ҳолларда рўй берарди. Мен ота-онам кимлигини билмайман. Исмимни ҳам гўдаклар уйида осонгина қилиб Хумора деб қўйишган экан. “Меҳрибонлик уйи”да ёмон яшамаганману бироқ яхши кунларим ҳам кўп бўлмаган. Айниқса, ўн икки-ўн уч ёшдан бошлаб у ерда тарбияланувчи қизлар мунтазам гинеколог текширувида бўлади. Қиз бола учун бундан оғири бўлмаса керак! Ота-онасининг бағрида юрган қизларга биров “ола қараш” қилмайди. Аммо “Меҳрибонлик уйи”нинг қизлари...
Дўхтирлар ва тарбиячилар бизни, ота-онасидан ортиб қаёққа борарди, деб ўйлашарди чоғи ҳар бир қадамимиз қатъий назорат остида бўларди. Ҳатто бирор бир йигит билан дўстлашишимизга ҳам хавфсираб қарашарди. Бундай вазиятга дуч келиш, шубҳа-гумонлар ичида яшаш кишига малол келиши аниқ. Шу боис ҳам  менинг келажагим борасидаги орзуларим аввало шу Меҳрибонлик уйидан кетиш билан боғлиқ эди. Остонада мени кутаётган ҳаётни  бутунлай бошқача тасаввур қилардим. Хаёлларимда бир куни ота-онам мени излаб келар, улар ўзлари билан олам-олам ширинликлар олиб келишар, мен дугоналаримга совға -саломларни тарқатиб, яқинларим билан ўз уйимга кетардим. Ота-онам, бобо-буви, хола-аммаларимга эркатой бўлиб ўйнаб юрардим...
Бора-бора бу орзуларим сароб эканини, ҳеч қачон ушалмайдиган армон эканини англаб етдим. Айниқса, ақлимни таниб борган сарим ота-онамнинг исталмаган, уларга шармандалик келтирган фарзанд бўлганим боис қисматимда Меҳрибонлик уйида улғайиш битилганини тушундим. Сўнг орзуларим ўрни янгилана борди. Барча бўй қизлар каби (етимхонадаги болалар ота-онали болалардан кўра тезроқ улғайишади). Мен ҳам қачондир мени севадиган, тушунадиган, қисматимни маломат қилмайдиган бир йигитни учратишни, у билан бахт қасрини бунёд этиб, ширин-шакар фарзандлар кўришни, болаларимнинг кўнглини ўкситмай, уларга яхши тарбия беришни орзу қилардим. Лекин негадир ҳаёт менинг истакларимга терс боқди.
Биласизми, негадир меҳрибонлик уйининг тарбияланувчиларига одамлар ҳам бошқача қарашади. Худди биз азоб чекишга, қийналишга маҳкум этилгандек. Мени фарзандликка олган хонадонга илк бора келган пайтимдаёқ, улар мени келин қилишини кўнглим сезган эди. Чунки уларнинг ўғил-қизлари бор, ўғил уйлантириб, қиз чиқаришган, неварали одамлар эди. Кенжа ўғли куну тун безориликдан бери келмас, гоҳ-гоҳида уйга келганида ҳам ота-онаси билан жанжаллашарди. Уларникида кунда кунора бўладиган тўс-тўполондан қўни-қўшни безор бўлиб кетган, хонадон бошлиқлари ҳатто маҳалла кўйга ҳам аралашолмасди. Бир куни беш-олти қариндошни чақиришиб кичкинагина маърака ўтказишди ва мен билан ўша безорини бир уйга киргизишди...
Тенгдошларим каби оқ либосда, оппоқ орзу - умидларда келин бўлмадим. Худди марҳумнинг “уч”ига ўхшаган бир маросимча бўлиб ўтдию, ниятларим бўғзига пичоқ тортилди. Бу никоҳдан топганим  фақат хўрлик, хорлик, ҳақорат ва таҳқир бўлди. У хонадонда гўёки хизматкор ўрнидаман. Каттаси ҳам турткилайди, кичиги ҳам. Эрим гиёҳванд, ўғри, қамалиб чиққан. Қочиб кетай десам, борадиган жойим йўқ. Меҳрибонлик уйидан келганимда қўлимда анчагина пул бор эди. (Давлат бизнинг ғамхўримиз. Вояга етган тарбияланувчига ўзини тиклаб олиб, ўқиш ё ишга киргунига қадар муҳтож бўлмаслик учун маълум миқдорда пул берилади). Бу уйдагилар пулларимни ўз эҳтиёжларига, ўғилларининг қарз-қаволасига сарфлаб бўлишди. Кўчага чиқиб кетганим билан бирор жойдан бошпана топиб, кун кўриб кетишим маҳол. Чидашга мажбур эдим. Ўн етти ёшимда Аллоҳ мени оналик саодати билан сийлади. Ҳаётимнинг биттаю битта чироғи — мана шу гўдагим, шунинг учун ҳам сабр қилиб  машаққатларни енгишга ҳаракат қиламан, деб ўз-ўзимга сўз бердим. Лекин одам боласининг бардоши тоғдан-да мустаҳкам, иродаси темирдан қаттиқ бўлса ҳам кези келиб ҳаддан ортиқ хўрлик ва азоблар олдида оддий хас каби мўрт бўлиб қолиши бегумон экан. Гиёҳванд эрим ҳар куни “пул топиб бер, пул топиб кел” деб мени калтаклар, фиғоним фалакка ўрлаб дод солиб йиғлаганимда, ота-онаси секингина ичкари уйга кириб олишади. Кеча сиз йўлда учратганингизда ҳам номард эрим мени “пул топиб келасан, фоҳишалик қилсанг ҳам пул топиб келасан! Ахир сен «детдом»да ўсгансан-ку, онанг ҳам бузуқ бўлган, сени бир ўйнашидан орттириб туғиб ташлаб кетган. Ўзинг ҳам «детдом»ни болалари билан...” деб мени қаттиқ ҳақоратлаб, кўчага қувиб солди. Ака, мен Меҳрибонлик уйида тарбияланганман, аммо ҳаромдан ҳазар қиламан. Мен ўзим тортган жабру жафоларни фарзандимга раво кўрмайман. Мен нопок йўлларга юрмайман, токи болам бир куни маломатлардан боши хам бўлмасин. Кўнгли ўксимасин.  Энди у хонадонга қадам босмайман. Нима бўлса пешонамда борини кўравераман...
— Қаерга бормоқчисиз? — Бошимдан ўтган кунларни жимгина тинглаётган Яхши инсон журъатсизгина савол бердилар.
— Ҳозирча билмадим. Аммо бирор бир интернатдами, санаторийдами фаррош бўлиб ишга кирсам дейман, ҳам болам иккимизни боқардим, ҳам бошпанам бўларди. Аслида буни аввалроқ уйдан қочиб кетиш фикри калламга келган пайтларда ўйлагандим. Ака, мени кечиринг, сизга ҳам ортиқча дардисар бўлдим. Шунча харажатларга қолиб ўтирибсиз. Бундай касалхонада даволанишнинг ўзи бўладими... Илоҳо, фарзандларингизнинг роҳатини кўринг. Аёлингиз билан қўша  қариб, пиру бадавлатликда саодатманд бўлинг. То тирикман, ҳаққингизгизга дуо қиламан.
— Сиз ҳеч нарсани ўйламанг, бу дунёда инсонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бир-бирига кўмакчи бўлиб яшамоғи керак. Ахир ҳаммамиз бу синов дунёсида мусофирмиз. Ҳадеб “мен ёлғизман, ҳеч кимим йўқ” деб ўкинаверманг. Аслида бу оламда ҳаммамиз ёлғизмиз. Онадан якка туғилдикми, якка ўзимиз кетамиз. Қолаверса, ёнингизда шундай ўғлингиз бор, эрта-индин у улғайиб қанотингиз остига киради. Кўриб турибсизки, бу изтиробларингиз ҳам эртакка айланади...
Бир нарсани аниқ ишонч билан айтишим керакки, менга умримда илк бора яхши сўз айтилаётган, кўнгил кўтарувчи истак тиланаётган эди. Ана шу илиқлик мени Яхши инсонга боғлагандир, эҳтимол. Яна Ўзи билгувчи...
Шавкат акага  (Яхши Инсоннинг исмлари шундай экан) нисбатан ўзим билмаган ҳолда кўнглимда муҳаббат уйғона бошлади. Бу орада мен ўзимиз даволаниб чиққан касалхонада фаррошлик қила бошладим. Шавкат аканинг ёрдамлари билан ижарага уйли бўлдим. Ижарачи ҳеч кими йўқ ўрис кампир бўлиб, болам  унинг овунчоғи эди. Менга алам қилгани шуки, уйдан чиқиб кетганимдан кейин, ҳалиги  “дўзах”дан мени биров йўқлаб келмади. Келин сифатида қадр-қимматим йўқлигини-ку, билардим, ҳатто уйларида уч йил хизматкорлик қилганимни ҳам андиша қилишмади.
Мен Сизники бўлган, фарзандларингиз отаси, оилангиз бегини тортиб олиш ниятида эмасман. Мен ёлғиз эмасман. Худойим шунча чеккан изтиробларимга яраша мени тўрт муччаси соғ, чиройли фарзанд билан мукофотлади. Ўзига бениҳоя шукр! Бундан бошқасига даъвоим ҳам йўқ. Аллоҳ  ўзимга ато этмаган бахту саодатни шу гўдагимга буюрган бўлсин. Мен... эрингизни севаман, жонимдан ҳам ортиқ кўраман. Ҳаётда менга яхши муносабатда бўлган, яшашни, ҳаётга нисбатан умид билан қарашни, одамларга ишонишни ўргатган, энг муҳими орамизда Яхши Инсонлар борлигини, улар кишиларга таъмасиз яхшиликлар қилгувчи Аллоҳнинг суюкли бандалари эканлигини исботлай олган одам сифатида Шавкат акани севаман! Бахтимга бу пинҳоний ишқимни ўзим ва Худойимдан бўлак ҳеч ким билмайди. Сизни ҳам билмайман, танимайман. Аммо шундай олижаноб, меҳрибон кишига умр йўлдош бўлиш каби саодатга мушарраф бўлганингизга ҳамиша ҳавас қиламан. Бахтингиз бутун бўлсин, нотаниш опа!..

Рухшона Фаррух

 

 

 

“Тилла занжир эгасига қайтди”

 

 

 

Тушдан сўнг соат тўртлар чамаси. Кўчада ҳамма ўз иши билан банд. Кундалик ташвишлар билан у ёқдан бу ёққа ўтиб юрган одамлар орасида бекорчилар ҳам кўп учрайди. “Бекорчидан Худо безор” деганларидек, бунақа одамлар ўзларича нималарни режалаштириб юрадилар. Бироқ бу режалари билан тинч юрсалар қани? Ўзлари қолиб, ўзгаларнинг ҳам тинчини йўқотиши ортиқча...
Хуршида (исмлар ўзгартирилган) бу вақтда уйидан чиқиб, дугонасиникига қараб кетаётганди. Ўтган куни қилган маслаҳатларини пишитиш учун бугун яна бир бор режаларни кўздан кечириб чиқишлари зарур эди. Ҳозирги замонда осмонга қараб уйда ётган билан, биров келиб бир сўм пул бермайди. Аслида ҳамма вақт ҳам меҳнатсиз ҳеч бир роҳат бўлмаган. Буёғи кун кечириш керак. Шу боис дугонаси билан кичик бир тадбиркорликни ўйлашган. Ҳеч бўлмаса, қўлларидаги бор ҳунари — тикувчиликни ишга солсалар ҳам, яхши натижа бериши мумкин. Хуллас, ана шунақа хаёллар билан катта кўчада шахдам юриб, олға кетаётган Хуршида аввалига қарши тарафдан келаётган йигитнинг бежо нигоҳига эътибор бермади. Аммо улар яқинлашганида, ҳалиги йигит бирдан унинг билагидан маҳкам қисиб, оғзини ёпди. Чўнтагидан тиғи ялтираб турган пичоқни Хуршиданинг кўз олдида бир сермаб, “агар бақирсанг, суйиб юбораман”, деб таҳдид қилди. Хуршида нима қилишини билмай, жонҳолатда типирчиларкан, бу ҳолдан қандай қутулишни билмай, кўзларига ёш келди. Зум ўтмай, ҳалиги йигит буйнидаги тилла занжирга чанг солди. “Демак бунинг мақсади аниқ бўлди” деб ўйлади Хуршида. Боядан нега бу ҳолга тушганини билолмай турганди ўзи. Босқинчи зўравон эса занжирни узиб, тортиб оларкан, Хуршидани қўйиб юборди ва ўзи келган тарафига қараб қочди. Унинг қўлидан қутулар-қутулмас Хуршида жонҳолатда бақириб одамларни ёрдамга чақира бошлади. Аксига олиб, шу дамда атрофда ҳам ҳеч зоғ эди-да. Йўқса, шунча воқеа содир бўлгунга қадар кимдир ёрдам бериши аниқ эди. Шу пайт катта йўлда ўтиб кетаётган бир машина эгаси аллакимнинг бақириб, ёрдамга чақираётганини эшитиб, тўхтади. Ҳайдовчи машинадан тушаркан, йўлнинг нариги четида югуриб қочиб кетаётган йигитни кўрди ва ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай, унинг ортидан чопди. Кўп ўтмай зўравонга етиб, билагидан маҳкам қисди. Ҳали нима юз берганидан ҳам бехабар бўлган ҳайдовчи йигит ҳалиги зўравоннинг қўлида аёлларнинг тилла занжирини кўриб ҳаммасини англади ва уни тортиб олишга уринди. Аммо бу қаршиликсиз бўлармиди?! Хуршиданинг бўйнига тақалган пичоқни чиқарганда ҳайдовчи йигит бир зарб билан пичоқни ҳам тортиб олди. Энди ҳаммаси тугади. Шу атрофда ўтиб бораётган икки йигит ҳам ёрдамга келиБ зўравоннинг қўлини орқага қайирдилар. Буёғи энди ҳуқуқ ҳимоячиларининг иши. Бироқ...
Йигирма беш ёшни қоралаб, ўзи ҳам оқ билан қоранинг фарқини бемалол англаб етадиган вақтга етган Баҳром шу кунгача бирор ишнинг бошини тутмади. Ҳали уйланмаган бўлишига қарамай, оила қураман, яхши ниятлар билан болаларимни ҳалол боқиб вояга етказаман, деган ўйлар хаёлининг бир чеккасидан ҳам мўралаб қўймаган бу йигит энди суд курсисида. Қилган зўравонлиги учун у узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Маҳалла-куйнинг, ота-онасининг бошини ерга қаратган Баҳром энди умрининг энг чақмоқ даврларини панжара ортида ўтказишга маҳкум.

Сарвар САФАРОВ, журналист.
С. Насруллоев, Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 53 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ