Сайт бўлимлари
Ким айбдор?
- Подробности
- Бўлим: Туғруқхонадан мактублар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
(Ўн тўртинчи мактуб)
Ҳаёт ўз ҳолича ҳеч нарсани англатмайди:
ҳаётнинг қиммати уни қандай яшай билиш билан боғлиқ.
Ж. Ж. Руссо
Ассалому алайкум, Баҳодир ака!
Соғ-омонмисиз? Кечаги мактубимга ёзган жавобингиз учун катта раҳмат. Гарчи икки энликкина хат битган бўлсангиз-да, ўқиб кўнглим тоғдай кўтарилди. Яқинлардан олинадиган мактублар киши қалбида таърифларга сиғмас ҳислар уйғотади. Ота-онамиз, ака-ука, опа-сингилларимизга, дўсту яқинларимиз ҳамда фарзандларимизга хат ёзиб туришимиз керак экан, дея ўйладим. Сабаби, мактублар оғзаки изҳор қилолмаган кўнгил кечинмаларимизни теран ҳамда таъсирли шаклда йўллаш имконини беради.
Туғруқхонадан сўрайдиган бўлсангиз, атрофимиз яхши-ёмон воқеалар билан тўлиб-тошган. Кесарево йўли билан туғдирилган аёллар, туғиб, боласини ташлаб кетган қизлар, туғилгач, ахлатхонага итқитилган гўдаклар, ҳеч қандай қийинчиликсиз ўзи туғиб, шифокорларнинг бепарволиги юзидан кучли қон йўқотиш сабаб, бир боргина гўдагини бағрига босмай туриб ҳаёт билан видолашган оналар, она меҳридан мосуво бўлганини билмай, оғизчасини катта очганча чириллаб йиғлаётган етим гўдаклар, беморлар билан гаплашаётиб, билибми-билмайми чўнтагини ковлаб қўядиган дўхтирлар — ҳамма-ҳаммаси ҳақида мана шу ерда эшитишингиз ёхуд кўришингиз мумкин...
Шунингдек, тантиқ келинлару қатағон қайноналар, куйдиргижон эрлару ақлсиз аёллар ҳақидаям худди шу ерда маълумотга эга бўлишингиз мумкин. Бир сўз билан айтганда, туғруқхона эмас, “информбюро”! Аввалроқ билганимда эди, диплом ишимни “Туғруқхонадан хабарлар” мавзусида олган бўлардим.
Ёдингизда бўлса, “Чархпалак” кинофилмида шундай бир лавҳа бор: “Кирларимни чайиб келай, кейин бориб туғиб келаман”, дейди филм қаҳрамонларидан бири бўлган аёл. Бу нимани кўрсатади? Бу, аёл киши туғиш олдидан қанчалик кўп ҳаракат қилса, туғиш жараёни шунчалик осон кечишини билдиради. Албатта, енгил ҳамда қисқа-қисқа ҳаракатларни назарда тутяпман. Аммо осон туғиш учун тинмай оғир ишларни қилиш керак экан, деган хулосага бормаслик керак.
Момоларимиз, оналаримиз замонида ким кесарево билан туққан экан? Тағин улар бизга ўхшаб: “Бир ўғил, бир қиз туғсам, бўлди!” дейишмаган, ўнта ҳатто ундан ортиқ фарзандлари бўлган. Меҳнаткаш ва оқила бўлганлари боис, ҳам ўзлари ҳам фарзандлари соғлом-бақувват бўлишган. Ҳатто бир-икки тандир нонни узиб, кейин туғруқхонага кетган аёлларни биламиз. Ҳозирги баъзи бир келинлар-чи? Қўлини совуқ сувга урмайдиган таннозойимлар туғишдан олдин нон ёпиш у ёқда турсин, кир ювади деб ўйлайсизми? Камҳаракатликлари сабаб ҳомила етилиб кетгач, яқинларини муаммонинг оғзига кўндаланг қилиб қўйиб, камига: “Қандай туғар эканман-а?” дея йиғлаб ўтиришади...
Кеча бир шифокор билан бир фурсатгина суҳбатлашиб қолдик. У шундай деди: “Жудаям ёмон бир камчилигимиз бор. Ҳомиладор аёлларга нисбатан бепарво ва лоқайдмиз. Шифокор кўригидан ўтган ҳомиладор аёл берилган тавсияларга амал қилмайди. Кўрик натижасига кўра унга “камқон” дея ташхис қўйилган бўлса ва шифокор керакли дори-дармонларни қабул қилиши лозимлигини айтсаям, муолажа олишдан бош тортадиган ёхуд лоқайдлик билан кечиктирадиган аёллар бор. Аксарият ҳолларда қайноналар келинларининг даволанишларини исташмайди. Аммо бу муолажага келинидан кўра кўпроқ унинг қорнидаги ўз зурриётининг давомчиси бўлган набираси муҳтожроқ эканини ўйлаб ҳам кўришмайди...
Тиббий фаолиятим давомида шундай бир воқеанинг гувоҳи бўлгандим. Бола туғилди. Вазни бор-йўғи икки килою тўрт юз грамм, жудаям нимжонгина қизча. Она камқонлик касалига гирифтор бўлгани боис кўп қон йўқотди. Минг афсуски, онанинг бачадонини олиб ташлашга мажбур бўлдик. Энди бундан ҳам ачинарлиси шуки, қизчаям яшамади... Аёлнинг биринчи фарзанди эди, ёшгина жувон. Энди у оналик бахтига ҳеч қачон муяссар бўлолмайди...
Бу ўринда кимни айбдор қилиш керак? Биз шифокорларними, ҳомиладор аёлдан вақтида хабар олиб турмаган ҳамшираларними ёки келини ҳамда дунёга келажак набирасининг соғлиғи учун қайғурмаган қайнона-қайнотаними? Йўқса аёлнинг ўзиними? Балки аёлнинг энг яқин кишиси бўлган эр ҳаммадан кўпроқ айбдордир? Билмадим...”
Баҳодир ака, биласизми нимани ўйлаб қолдим? Шифокор аёлнинг фарзанди нобуд бўлишида кимни айбдор деб топиш ўринли экани хусусида ўз фикрларини билдирди. Лекин бу фожиавий ҳолатга менинг ҳам билдирадиган ўз фикрларим бор. Менимча, бу ерда дўхтирлар кўпроқ айбдор. Сабаби, аёлнинг камқонлиги аниқланган экан, унга дўхтирлар ўзлари аъзо бўлган тиббиёт фирмаларининг бир-биридан қиммат дориларини ичишни тавсия қилгандан, аниқроғи ўзлари мижоз бўлган фирмаларнинг ўтмайдиган дориларини реклама қилиб, тиқиштиргандан кўра, қон кўпайтириш учун энг фойдали ҳамда камхаржроқ бўлган табиий йўлларни ўргатишлари керакмасмиди? Тиб илмининг билимдони бўлган ибн Синодай табиб ҳам ҳар қандай хасталикка қарши курашишда табиий воситалардан фойдаланган-ку? Асосий мақсад нима ўзи? Тижоратми, ёки бўлмаса беморнинг саломатлигини тиклаш? Ахир, ҳамма оилада ҳар хил шароит бўлиши мумкин. Қиммат дориларни сотиб олишни кимнингдир чўнтаги кўтаради, кимникидир энг арзонини сотиб олишгаям дош бермайди. Беш қўл баравар эмас-ку? Бировни мушкул вазиятга ташлаб қўйиб, жимгина томошабин бўлиб туришдан ёмонроқ нарса бормикан?
Кеча Демокритнинг жуда гўзал бир фикри билан танишдим. Сизга ҳам айтаман: “Аҳмоқона, бемаъни, қаноатсиз яшаш чакки яшаш эмас, аста-секин ўлиш демакдир”. Одамзот қаноатсиз ва бемаъни яшаб, ўз-ўзини “ўлим”га маҳкум қилгандан кўра, тирикликнинг қадрига етиб, ҳаётнинг ҳар онини ғанимат билиб яшагани афзал эмасми?
Саъдий Шерозий айтганидек:
Қололмас жаҳон ичра мангу киши,
Фақат қолғуси яхши ному иши.
Баҳодир ака, сиздан илтимос, менга Тоҳир Маликнинг “Келинлар дафтарига” китобининг уч томлигини олиб келинг. Кеча бир шеригимизнинг қўлида кўрдим. Учта том битта яхлит қилиб босилган қалин китоб экан. Озгина ўқигандим, жудаям ёқди. Сабаби, ичида ҳаммага тегишли мавзулар бор бўлиб, ибрат оламан, деган ниятда ўқиган киши, китоб ичидан албатта ўзига лозим бўлган насиҳатни топади. Шеригимнинг ўқиб турган китобини қўлидан юлиб олгим келмади. Ўзимиз сотиб олсак, фарзандларимиз учун қолдираётган маънавий хазинани яна бир бебаҳо асар билан бойитган бўламиз, тўғрими?
* * *
Палатамизга ўтган куни бир жувон келган эди. Унинг Сурайё исмли келинойиси бор экан. У менга ўзининг бошидан ўтганларини шундай ҳикоя қилиб берди:
“Биринчи фарзандим қиз, кесарево йўли билан туққанман. Қизчам тўрт ёшга кирганда иккинчисига ҳомиладор бўлдим. Ултратовуш таҳлили иккинчисиниям “қиз” дея “башорат” қилди. Тушкунликка тушиб келаётганимни кўриб хавотирланган эримга янгиликни айтдим. Бу пайтда турмуш ўртоғим лой қораётган эди. У бир муддат кўзларимга термилиб турди-да, сўнг лой қўллари билан мени маҳкам қучиб олди ва: “Нега норози бўласиз? Қизми, ўғилми, фарзанд Худонинг неъмати-ку? Неъматга асло ношукрлик қилиб бўлмайди. Мени хафа қилманг”, деди. Эримнинг чин кўнгилдан айтаётган гаплари юрагимдаги тугунни ечиб юборди. “Пешонамдан кўрдим...” дея тақдири илоҳийга рози бўлдим. Вақти соати етиб, туғруқхонага бордик. Бахтга қарши, биринчисидан кейин гарчи тўрт йил сақланган бўлсам-да, дўхтирлар бу гал ҳам ўзим туғолмаслигимни айтишди. Кесаревога рози эканимни билдириб, тилхат ёзиб берганимдан сўнг жарроҳлик столига олиндим. Наркоздан кейин бир, икки, уч... дея санаб туриб, ҳушимни йўқотибман. Бир пайт вужудимда кучли увишишни ҳис қила бошладим. Қорин қисмимда қайчининг “қирт-қирт” товуш чиқарганча терини кесаётганини аниқ эшитиб ётибман. Мажолсиз қўл-оёқларимни қимирлата бошладим. Шунда тепамда оппоқ шарпалардек айланаётган шифокорларнинг югур-югурлари ҳамда таҳликали овозлари элас-элас қулоғимга чалина бошлади. Иккинчи бор... Учинчи бор... Бу буйруқлар менга такрор-такрор юборилаётган наркозлар сонини билдиради. Сўнг яна беҳушлик.
Қоп-қоронғу чуқурликка тушиб кетяпман. Бир пайт зулматли жар ёқасида турмуш ўртоғим ҳамда эндигина тўрт ёшни тўлдирган қизчамни кўрдим. У: “Онаж-о-о-он!!!” деганча менга талпинди ва қўлларимдан тутиб қолди. Кейин отасининг олдига етаклади. Бу ҳол икки-уч бор такрорланди. Кўзимни очганимда ёнимда эрим йиғлаб ўтирарди...
Таҳлил кўрсатганидек қиз эмас, ўғил туғибман. Нақ тўрт килою олти юз грамм.
Мен бахтлиман... Ўғил туққаним учун эмас. Мени лой чангаллаган қадоқ қўллари билан қучган кўйи: “Мен қиз, ўғил дея фарзанд ажратмайман. Худойим нимани тақдир қилса, розиман!” дея мениям тақдирга ризо бўлиб яшашга ўргатган кўнгли пок бир инсоннинг жуфти ҳалоли эканимдан бахтиёрман!..”
Жудаям таъсирли ҳикоя, тўғрими? Кошки, қиз туққани учун хотинини туғруқхонага бир бора бориб кўришни истамайдиган эркакларда ҳам Сурайёнинг эридаги мардлик ва эрлик ғурури бўлганида эди! Шунда, аёлини меҳрга зор қилмаган, кўзларидан ғам ёмғирини ёғдирмаган, юрагига алам наштарини санчмаган бўлармиди?.. Ахир, фарзанднинг қиз ёки ўғил бўлиши аёл кишига боғлиқ эмас-ку? Буни баъзи оталарга қандай тушунтирсак экан? Донишлардан бири бежизга: “Ота бўлиш жуда осон. Аксинча, оталик қилиш қийин”, деб ҳикмат битиб кетмаган экан-да...
Сурайёга нимани тавсия қилганимни биласизми? “Эрингизнинг ўша лой чангаллаган қадоқ қўлларини кўзингизга суринг. То умрингизнинг охиригача босган изларини ўпинг!” дедим. Тўғри маслаҳат берибманми?
Шу ерда хайрлашамиз. Кейинги мактубим орқали дийдорлашгунча!
ОСИЁнгиз.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 228 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар