1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хорижга чиқиб кетаётган аёл елкасидаги юк

Шаҳноз хоним билан интернетнинг фейсбук ижтимоий тармоғи орқали танишганмиз. Ҳол-аҳвол сўраб, ёзишиб турамиз. Бир куни Шаҳноз хоним “Хоним, газетачи экансиз, сизга Туркияда иш ва бошқа сабаб билан юрган ўзбек аёллари ҳақида гапириб берсам бўладими?” деб хабар қолдирибди. Таклиф менга маъқул бўлди. 
“Мен ҳам ўзбекистонликман. Ўн йилча олдин Туркияга келиб, хусусий радиода ишга жойлашдим. Тақдир экан, Туркияга келганимга йигирма кун бўлиб, турмуш ўртоғим билан танишдим. Бир-биримизга маъқул бўлдик, турмуш қурдик. Турмуш ўртоғим бадавлат инсон. Уйда хизматчи ишлатамиз. Муҳожирларни иш билан таъминловчи ширкатда Ўзбекистондан борган аёллар ҳам иш сўраб мурожаат қилишади. Ишонсангиз, шу кунгача қирқ беш маротаба хизматчи алмшатирдик, ҳаммаси ўзбек аёллари. Уйга келган хизматчи аёлга кўнгли ўксимасин, қимтиниб юрмасин, дея ўзбекча мурожаат қилиб, ўзбекистонлик эканимни айтсам, бирдан муомала-муносабати ўзгаради:
—    Эринг бойваччаку, ундан пул олиб бер!- деган талабларни очиқ-ойдин қўядиган аёллардан ҳафсалам пир бўлиб, кейин ишлагани келган хизматчиларга ўзбек тилида гапирмай қўйдим.
Турклар жуда маданиятли, кибор халқ. Булар ўзаро мурожаатларда, “Жоним”, “Шириним”, “Гулим”, “Ҳаётим”, “Ягонам” каби сўзларни жуда кўп ишлатишади. Бегоналарга ва мансаби, ҳаётдаги мавқеига қараб “Хоним”, “бей” ёки “Афандим” деб хитоб қилишади. Ўзбек аёллари бу каби такаллуфларга эътибор беришмайди. Хўжайиннинг исми олдига “Бей” ёки “Хоним” сўзини қўшиб айтишмайди. Турклар буни ҳурматсизлик ҳисоблашади ва танбеҳ беришади. Ўз хатоларини кўришмайдию, туркларнинг танбеҳи оғир ботади.
Туркияда ўзбекларни жуда яхши кўришади. “Ота юртимиздан келган!”, “Боболаримизнинг авлодлари” деб эҳтиром кўрсатишади. Аммо кўп ҳолларда Ўзбекистондан келганлар бу муносабатни суистеъмол қилишади. Эрим билан бозорда юрганимизда, бир ўзбек аёл иккинчисига айтаётган гапи тўсатдан қулоғимга чалиниб қолди:
—    Бу ерда ишлаш унчалик шарт эмас,- деяпти афтидан Туркияга анча олдин келган аёл янги борган шеригига.- Бозорга келиб “Мен ота юртингиз — Ўзбекистондан келганман. Илтимос, менга ёрдам беринг, пулим йўқ, ноним йўқ” десанг турклар дарҳол пул йиғиб беришади. Ўша пул анча яшашингга етади. Булар ўзбекларни яхши кўради...
Тўғриси, аёлнинг гапларини эшити уялиб кетдим. Юзсизлик ҳам эви биланда, дегим келдию, эримнинг олдида миллатдошларимга танбеҳ бергани уялдим.
Маҳалламизда бир ўзбекистонлик эркак бор. Ўзбек қўшниларимнинг айтишича, эркак Ўзбекистонда саккиз фарзандини хотинига ташлаб, бу ерга келиб араб миллатига мансуб аёлга уйланиб олганмиш. Ҳеч қаерда ишламайди. Чўнтагида сариқ чақаси йўқ, араб хотинга йигирма минг АҚШ доллари миқдорида маҳр ваъда қилиб уйланган. Таниш-билишларидан қарз олиб яшаб юрганмиш. Ҳар замонда бир эркакка кўзим тушади. Араб хотини билан етаклашиб юрган бўлади. Ўша пайтда саккиз бола билан хотинининг ҳоли нима кечаётган экан, деган ўйдан кўнглим ўртанади. Афсуски, бу ерда унга ўхшаганлар жуда кўп. Инсоф берсин ҳаммамизга!
Аксарият Туркияга ишлагани келган аёллар турк эркакларини шилқимликда, уларга ахлоқсиз даражада муомала қилганликда айблашади. Балки шундайлари ҳам бордир, лекин мен аксарият ҳолларда ўзбек аёллари бу ердаги тунги барлар, беҳаё қаҳвахоналарда номуссизлик қилиб юргани ҳақида эшитаман. Ўз кўзим билан кўрмаганимни гапиргани Аллоҳдан қўрқаман. Кимнидир айблашдан олдин одам ўз хатоларига ҳам назар солгани яхшими, дейман. Бир куни савдо марказида айланиб юриб, тасодифан бир ўзбек аёли билан танишиб гаплашиб қолдим.
—    Ўғлимни уйлантираяпман,- деди ўзбек аёл.- Келинчакка сарполар олаяпман. Бу ерга ишлагани келганман.
—    Энагалик қиласизми?- деб сўрадим.
—    Йўқ, ширинлик заводида ишлайман. Бир турк эркакникида яшайман. Ижара ҳақи бермайман,- деди.
—    Турмушингиз бузилганми?- дедим бегона эркакникида қўрқмай яшаётганини гапирган аёлга ҳайрат билан тикилиб.
—    Йўқ, эрим бор. Уч болам бор. Тўнғичимни уйлантирамиз. Мен ишлагани келганман,- деди. Тошдай қотиб қолдим. Авваллари ўзбек эркаклари хотинини хорижга жўнатиб, ўзи уйда ўтириб хотини юборган пулларга шоҳона яшайди, деган гапларни эшитсам ишонмай, ғашланардим. Қаршимда турган аёлдан эшитаётганим ҳақиқатни қандай тушунишни билмай, аъзои баданим ваража тутгандай қалтиради. Афсуски, бундайлар жуда кўп бу ерда. Кўпчилигининг ҳикояси аччиқ. Аммо инсон бу қадар ўзини паст, майда кўрмаслиги керак. Турклар ўзбек миллатини ўз жигари, қондоши каби кўрсаю, биз уларнинг меҳрини суиистеъмол қилсак, бу одамийлик мезонларига мос келмайди-ку? Ризқ талабида келишса, ўзлигини унутмай, шаъни, ахлоқи, ориятини поймол қилмай тўғри юриб, ишлаб кетса бўлади-ку? Ҳалол-покиза юрган инсонни Аллоҳ ҳам, бандаси ҳам қўллайди! Покликдан юз ўгириб ўзини таҳқирлаган инсонни ким ҳурмат қилсин? Ким қадарласин? Уйидан, юртидан чиқиб кетаётган аёл елкасида эркак яқинлари ва миллат шаънини ортиб чиққан бўлади. Ўзбегимнинг аёллари шу ҳақиқатни унутмасликларини жуда ҳам истардим...”
Шаҳноз хонимнинг ҳикоялари қанчалик ҳақиқат эканлиги ўзи ва Аллоҳга аён. Мен холис котиб ситфатида уни оққа кўчириб, сизга ҳавола этдим. Хулоса ўзингиздан, дилдош...

Умида АДИЗОВА

Ҳозир сайтимизда 33 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ