1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

«Кексалик фароғатига эришмадим...»

 

 

 

-    Алло, ассалому алайкум. Таҳририятга қўнғироқ қилмоқчи эдим...- Гўшакни кўтариб, қўнғироққа жавоб берар эканман, аёл кишининг ниҳоятда маҳзун, хаста товуши эшитилди.
-    Ваалайкум ассалом. Таҳририятга қўнғироқ қилиб тушдингиз. Сизни эшитишга тайёрмиз.
-    Ҳозир жуда қийин аҳволда қолдим, қизим. Нима қилишга бошим қотиб, сизларга қўнғироқ қиляпман...
-    Тинчликми? Бемалол, ўзингизни ўйлантираётган муаммоларни биз билан ўртоқлашишингиз мумкин.
-    Сизларга Бухоро вилоятидан қўнғироқ қиляпман. Ёшим 64да. Беш нафар фарзандимиз бор. Ёшим бир жойга бориб, ҳаётга бошқача кўз билан қарайдиган бўлган эдим, отаси иккимиз болаларимизга яхши тарбия беролмаганимни, фарзанд тарбиясига сусткашлик билан қараганимизни, бу эътиборсизлигимиз оқибатининг озорларини кексайганимизда тортаётганимизни ўйлаб ўксинаман...
-    Нега ундай дейсиз?
-    Ўғилларим болалигида қўни-қўшнининг нарса-буюмини сўрамай олишса, эгалари чиқиб уйимизда тўполон кўтаришарди. Мен ўшанда болаларимнинг ёнини олиб улар билан жажаллашардим. Ўша пайтларда “ нега бир эмас, бир нечта киши, қўни-қўшни, ҳамқишлоқлар норози бўлишяпти, балки чиндан ҳам болаларим  ёмон йўлга кириб кетишаётгандир, уларни тўғри йўлга қайтаришим керакдир”, деб ҳеч мулоҳаза қилмабман. Ўғилларим катта бўлгани сари уларнинг қўли эгрилиги, ахлоқсизлиги ҳақида гап-сўзлар ўзимизнинг қишлоқ қолиб, қўшни қишлоқ ва маҳаллаларга ҳам овоза бўлиб кетди. Хуллас, ўғил уйлантирмоқчи бўлганимизда болаларимизга яқин қишлоқлардан келин оломаслигимизни тушуниб етдик. Узоқдан бирорта қизга оғиз солишни мўлжалласак, ўша қизнинг қариндош-уруғлари тап тортмай уйимизга келиб “қизимизнинг номини ерга уриб совчи қўйиб юрмаларинг” деб дағ-даға қилишарди. Шундай қилиб, тўнғич ўғлимга туман марказидан келин туширдим. Ҳайтовур, уйланганидан кейин тўнғич ўғлим қуйилди. Энди меҳнат қиладиган, ҳалол йўл билан пул топадиган бўлди. Иккинчи ўғлим эса ўша кезларда қайсидир шаҳарда ўғрилик қилиб озодликдан маҳрум этилганди. Қизимни узатдим. Турмуши бўлмади. Уч ойда қайтиб келди. Бошқага узатдик. Шукур, ҳозир тинч яшаяпти. Кейинги қизимнинг ҳам турмуши бўлмади. Бир бола билан оиласидан ажрашиб келди. Иккинчи марта узатдик. Бу турмуши ҳам кўнгилдагидек эмасу, ҳартугул яшаяпти. Иккинчи ўғлим қамоқдан чиқиб келиб шаҳарда ишлайдиган бўлди. Мардикорчилик қилармиди, қурилшда ишлармиди, хуллас ҳар ҳафта уйга келганида қўлимга топган пулини тиийн-тийинигача олиб келиб берарди. Уни уйлантириш ҳаракатига тушгандик, шаҳардан ўзи ёқтирган қизи борлигини айтди. Бир ойнинг нари-берисида тўй қилиб келин туширдик. Болали бўлгач икки ўғлим ҳам Россияга ишлагани кетишди. Ана шундан кейин келинларим “иш” чиқара бошлашди.
-    Ие, қанақа иш?
-    Аввал менга қизларимни таъна-маломат қиладиган бўлишди. Кейин гап қайтариб, тиккама тикка олишадиган одат чиқаришди. Ҳаттоки, қўл кўтаришгача, шунчаки қўл кўтариш эмас, аямай дўппослашгача боришди.
-    Тавба! Қайнонага шунчалик қиладиган келинлар ҳам бор эканми?
-    Ҳа, қизим. Ҳалиям вақтингизни олмайин деб, қисқа қилиб гапиряпман. Хуллас, катта ўғлим Россиядан туриб хотинининг жавобини бериб юборди. Ажрашишди. Уялмай-нетмай ҳали қонуний ажрашмай туриб, келиним бошқа бир одамга турмушга чиқди. Ҳалиги одамнинг ёши катта, келин-куёвлари, неваралари бор экан, уникидан ҳам икки ойда ажрашиб келиб, бошқа бир жиннисифат йигитга тегди. Овсинидан кичик келиним ҳам ўрганди чоғи, уям аразлаб кетадиган одат чиқарди. Шундай кунларнинг бирида аразлаб кетганди, ўғлим Россиядан қайтиб у билан ажрашди-да, бошқа бир қизга уйланди. Бу ёқда тўнғич ўғлим ҳам Россияда ўзи билан бирга ишлайдиган бир аёлни етаклаб, шунга уйланаман деди. Хуллас, тўрт болани уйли –жойли қилдим, деб хотиржам юрмадим. Тўртталаси ҳам биринчи бахтидан айрилиб, иккинчи турмуш савдосига йўлиқишди. Фарзанд дунёга келтириб, ўстириб кўрган куним қурсин, қизим. Ҳеч ким менга ўхшаб беобрў бўлмаган. Ўзим емай, ўзим киймай, топганимни тўплаб келин қилайин, орзу-ҳавас кўрайин дегандим. Келинлардан калтак едим, ҳақорат эшитдим. Ҳали ажрашмай туриб, болаларини менга ташлаб эрга тегиб кетишди. Қариган чоғимда ёш болали бўлиб, бола боқдим. Шу кўргуликларимни болаларимга яхши тарбия беролмаганимдан деб биламан. Агар ўғилларим қўли эгрилиги билан ном чиқармаганида мен ҳам ўзимизнинг қишлоғимиздан ақлли, тарбияли қизларни келин қилардим. Бошимга шунча кўргуликлар тушмасди. Энди қариганимда бола қоровул бўлиб уйда ўтирибман. Кўчага чиқишга ҳам, одамларга кўринишга ҳам юзим чидамайди. Тўнғич ўғлимнинг иккинчи хотини икки бола етаклаб келган. Ўғлимнинг болалари иккита. Иккинчи ўғлимнинг хотини ҳам иккита ўғилни ташлаб кетган. Олтита болага ўзим қарайман. Қийналиб кетдим... Бекорга одамлар “Кексалик фароғатидан маҳрум қилмасин. Қарилик роҳатини насиб қилсин” деб дуо қилмас эканлар.  Ёшлигимда бола тарбияси деган нарсанинг моҳиятини англаб етмаганим, фарзандларимнинг одоб-ахлоқига бепарво қараганим учун Яратган мени кексалик ҳузуридан маҳрум этди...

Хонзода суҳбатлашди

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 275 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ