1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Менга сиз кераксиз, дадаси”

Бахтиёр акам билан, саккизинчи март байрами арафасида уришиб қолдик. Бир оғиз гапим шунчалик кўнгилларига оғир ботади деб ўйламабман-а! Севган одам ҳам шунақа қиладими?.. Мен ўша лаънати гапни шунчаки, жаҳл устида айтгандим. Худди феълимни билмагандай, аразлаб олганларини-чи? Юрагим нақ ёрилай деяпти. Бугун бир ҳафта бўляпти, уйга келмаяптилар. Телефонда Самиғжондан ҳол-аҳвол сўраб қўяптилар экан, кеча мактабига ҳам борибдилар. Лекин уйга келмаяптилар. Энди нима қиламан? Наҳотки, қанчадан-қанча машаққату тўсиқларни енганида киприги эгилмаган севгимиз, арзимаган майда дилхираликни деб барбод бўлса? Йўқ, бунга йўл қўймайман! Ахир, бу бахтли кунларга етишгунимча озмунча кўз ёш тўкдимми?
— Ойижон, қўшнилар келишибди қаравораркансиз.
Ўғлим - Беҳрузжон ҳам дадаси келмай қўйганидан бери маъюсланиб қолган. Мен билан ҳам тузук гаплашмайди.
Оғир қадамлар билан эшикка яқинлашаман. “Дом”имизнинг кайвони аёли — Гавҳар опа жилмайиб турибди. Йиғлаб юбормаслик учун лабларимни қаттиқ тишлаб олиб, мен ҳам табассум қилишга уринаман:
— Вой, эшик олдида туришингизни қаранг, кириб келавермайсизми? Қани ичкарига ўтинг, остонада кўришмайин.
Опани ичкарига чорлаб салом-аликдан сўнг олдига дастурхон ёздим. Гавҳар опа ҳар доимгидек бир ташаббус билан чиққан экан. Чой дамлашга ҳам уринтирмай, тўлиб-тошиб мақсадига ўтди:
— Висолахон, шукр, эсон-омон баҳорларга, Наврўзларга ҳам етиб олдик. Шундай чиройли кунларнинг шукронасига атаб буғдой ивитгандим. Эртага Худо хоҳласа. қозонга солмоқчи бўлиб турибмиз. Сиз “дом”имизнинг энг чаққон, пазанда келинисиз-а, ҳаммадан вақтли чиқиб, пазандаларга қарашиб юборасиз. Энди мен турай, ҳали ҳамма хонадонларга кириб чиқишим керак. Қани, омин, илоҳо, шу уйларда ҳам тўйлар бўлсин! Беҳрузжонга ука-сингиллар келиб, бахтингиз бундан ҳам зиёда бўлсин. Файз-баракотларингизни берсин, Аллоҳу Акбар!
— Опа, лоақал бир пиёла иссиқ чой...
— Йўқ, келинпошша. Чойни Худо хоҳласа, эртага дамлаб берасиз. Мен базм тарадуддини кўришим керак. Ҳа, айтганча, Бахтиёржонга айтиб қўярсиз, эртага эркакларимизнинг ўтин топиб келиш, ёриб бериш, буғдой янчишга ёрдами тегиб қолар.
— Хўп, айтаман опа... Фақат, укангиз... иш юзасидан вилоятга кетгандилар... Хизмат сафарига...
Бу гапларни айта туриб овозим титраб кетганини сездими ёки менга ёлғон гапнинг нохуш оқибатларини айтасизу, ўзингиз ҳам ёлғон гапирасиз дегандай бўлдими, Беҳрузжон маъноли қараб қўйди. Гавҳар опа эртага Беҳрузжон билан сумалак базмига чиқишимизни қайта-қайта уқтирганча, хайрлашди.
Хўрлигим келди. Бахтиёр акамни соғинганимни ҳис қилганим сари, айбдорлик юки елкамни эза бошлади.
Эримни жуда ҳам яхши кўраман. Билмадим, аёл киши жуфтини бу қадар қаттиқ севиши тўғримикан? Аммо мен Бахтиёр акамни ниҳоятда севаман. Танишган кунимиздаёқ, биринчи суҳбатимиздаёқ, ишқилиб, шу йигит тақдиримга битилган бўлсин-да, деб Аллоҳга илтижо қилганман. Уларгача кўнглим қўрғонига не-не йигитлар лашкар тортмади. Кимлар муҳаббатимга эришишни орзу қилмади, бироқ менинг девона кўнглим Бахтиёр акамдан бошқасига қиё боқмади, талпинмади. Яратганнинг ишларига ҳам ҳайрон қоласан киши. Атрофимда парвона бойвачча, келишган йигитлар қолиб, жиккаккина, оддий инсонга кўнгил бердим. Кўнгил берганда ҳам унча-мунча эмас, жон олиб жон бергулик даражада севиб қолдим. Турмуш қургунимизга қадар кўз ёшларим селоб оқди. Бу орада кўнглимга наштар урганлар кўп бўлди. Бахтиёр акамни камситиб, ерга уриб, “у сенга лойиқ эмас, ўзингга муносибини маъқул кўрсанг-чи”, дейишлари жон-жонимдан ўтиб, юрагимга оғриқ соларди. Ҳеч ким, ҳеч ким ана шу озғингина гавда ичидаги чексиз юракни, меҳр-муҳаббатга тўла қалбни кўра олмасди. Ҳеч ким севгимга, танловимга ботиний нигоҳ билан қарамасди. Мен бўлсам, шу кичкина жуссали, бахтсиз тасодиф оқибатида бир оёғи андак оқсаб қадам ташлайдиган, ўртамиёна маош билан кун кечирадиган йигитнинг пок виждонига, инсонийлигига, меҳр-муҳаббатга ошуфта кўнглига ошиқу беқарор эдим.
— Кўзингга қара, сен олий маълумотли, топармон-тутармон қизсан. Бунақа текинхўрлар муҳаббатни баҳона қилиб, пул топадиган қизларга осонгина уйланиб олишади. Сўнг оёғини узатиб, телевизор кўриб, еб ётаверишади.  Қанча кўп ўқима, барибир соддасан-да! Ҳозир бунақанги даюс эркаклар кўпайиб кетган.
 Онам ҳам танбеҳида шу гапларни айтади, опам ҳам, дугоналарим ҳам. Худди мен бу ерларга ўзга сайёрадан келиб қолганману, кимнинг қанақалигини билмайман. Ўша менга “лойиқ” деб билган йигитлари билан ҳам учрашиб кўрганман. Бойвачча куёв бўлмишларнинг энг биринчи саволи — “Қанча маош оласиз?” Ҳатто, бир-иккитаси билан учрашганимда, тап тортмай: “қорнингиз очми, тўқми?” деган саволларга ҳам рўбарў бўлганман. Аммо, бунақа эътирозларни ким ҳам тушунарди!? Ҳамманинг назарида мен аҳмоқман. Ҳеч нарсани билмайдиган, содда, гўлман...
 Ким нима демасин, Бахтиёр акамга берган аҳдимда содиқ қолдим. Мен кўнгилнинг кишисиман, қорним тўқликдан ёрилгудай бўлса ҳам, либосларимни қироличаю маликалар орзу қилса ҳам, муҳаббатсиз ўзимни гадодан баттар қашшоқ, бенаводан баттар муҳтож сезаман!
Тўйимиздан кейин ҳам менга, эримга кинояли нигоҳ билан қарашлар тўхтамади. Бошида бир -икки кўнглим оғриди-ю, охири эътибор ҳам бермай қўйдим. Ахир улар янглишишган эди! Бахтиёр акам жуда оилапарвар, болам-чақам, рўзғорим, деб елиб-югурадиган, пул топиш ҳаракатида аёлини, муҳаббатини, севги-муҳаббатини деб турмуш ташвишларини унутмайдиган эркак чиқди. Худди орзу қилганимдек! Айнан мен кутган шаҳзоданинг ўзгинаси, танлаб-танлаб топганим. Аммо шунга қарамай, эрка-тантиқлигим, шартакилигим сабаб, тез-тез жанжаллашиб қоламиз. Ҳар сафар уришиб қолганимиздан кейин ўзимни кечиролмай, қийналиб юраман. Чунки бу бесуяк тилим аҳён-аҳёнда ўзини унутади. Бу галгисида ҳам шунақа бўлди. Аммо бу тортишувимиздан Бахтиёр акамнинг кўнгли қаттиқ оғригани тайин. Уни биламан, хафа бўлганини сукут сақлаш билан сездиради. Мени қийнайдиган нарса ҳам шунда.
 Қайнонамга қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрадим, байрам билан табрикладим. Бироқ уришиб қолганимиз ҳақида айтолмадим.
— Қизим, нега Меҳриддин билан бирга келмадингиз? Беҳрузжонни ҳам жуда соғиндим-а.
Қайнонамнинг бу сўрови, телефон гўшагидан эмас, нақ миямдан эшитилгандай бўлди. Бошимга оғриқ кириб, оёғимдан мадор қочди.
— Наврўзда албатта бирга борамиз, ойижон... Биз ҳам сизни соғинганмиз...
 Шу жавобни тилимда айлантириб, хайрлашдиму гўшакни ўрнига илиб йиғлаб юбордим. Аямни табриклаш учун  рақам тергандим, улар ҳам савол-жавоб ўрнига биринчи бўлиб, куёвлари билан бормаганим сабабини сўрадилар. Аямга ҳам аллақанақа баҳоналарни кўрсатиб, ишонтиргандай бўлдим.
Дунёни бошимга кўтариб йиғлагим келди ўшанда. Бахтиёр акам аям уларни унчалик хуш кўрмаслигини билса ҳам, ҳар байрамда имкони даражасида атаганини кўтариб, табриклайди. Саккиз йилдан бери бу одати сира канда бўлмаган. Мен шундай бебаҳо эрнинг қадрига етмайман... Қандай ношукр аёлман-а?!.
— Ойижон, дадамни жуда ҳам соғиндим. Қачон келадилар?..
Ўғлимнинг овозидан чўчиб, хаёлларим тўзғиб кетди. Компьютер қаршисида нималарнидир тимирскилаётган Беҳрузнинг кўзларига қараб, кўнглим бузилиб кетди.
— Келиб қоладилар, ўғлим. Қўнғироқ қилмадингми?
— Телефонлари “хизмат доирасидан ташқарида” деяпти. Ўзи қаерга кетдилар? Нега келмаяптилар?
Ҳар куни ана шундай саволларга дуч келаман. Худо мени соқов қилиб яратганида нима бўларди-я, эримни ранжитмасдим, боламнинг олдида тилимни тишлаб қолмасдим...
— Дадангни узоққа хизмат сафарига жўнатишибди. Тез кунларда келадилар, ягонам. Унгача сен баҳорги таътилга аъло баҳолар билан чиқишга ҳаракат қил. Кейин биргаликда буванг-бувингни кўргани борамиз.
 Беҳрузжонга шундай дейишга дедиму, юрагим вайрон бўлиб, кўзларимга ёш келди. Бир оғиз совуқ гапим туфайли ўзимни, ўғлимни шунча изтиробларга қўйдим-а...
— Ойижон, эртага сумалак кавлагани чиқамиз-а?
— Ҳа, болажоним, чиқамиз. Сен сумалакни яхши кўрасан-ку. Сайлдан кейин уйимизга кўп сумалак олиб келамиз. Мазза қилиб ейсан.
— Дадам ҳам сумалакни яхши кўрадилар. Сумалак пишгунича келиб қоладилар-а, ойижон? Агар дадам келолмасалар мен бувим ўргатганларидек, қозонга дадам тезроқ келсинлар, уларни жуда соғиндим, деб яхши ният қилиб тош соламан...
Менга бундан ортиі жазо бўлмаса керак!? Боламнинг кўзларини жавдиратиб, мўлтиратиб қўйганим учун ўзимни ҳеч қачон кечирмайман! Биттагина узукни, биттагина зиракни деб жонимдан ортиқ кўрадиган кишимнинг кўнглига озор бердим. “Байрамда дугоналарим олдида мени шарманда қилиб, бир даста гул кўтариб келманг! Бирорта тилла узукми, зиракми олиб келинг! Мақтангулик бўлсин” дебман-а! Қайси дугонам менингчалик бахтли экан?! Кимнинг эри менинг султонимга ўхшаб, боридан, жонидан ортиқ кўраркан аёлини?! Тилим кесилсин-ей, тилим...
— Ойижон, нега йиғлаяпсиз? Сиз ҳам дадамни соғиндингизми? Йиғламанг, дадам эртага албатта келади. Оқшом тушимга кирсалар, уларга соғинганимизни, сизнинг йиғлаганингизни айтаман...
Беҳрузжонни маҳкам қучоқлаб, кўксига кўз ёшларимни яширдим.
Эртаси куни тушга яқин уйимиз қаршисидаги майдончада дошқозон ўрнатиб, сумалак сайлини бошладик. Ўзимни аранг қўлга олиб, қиз-жувонларга ёрдам бериб юрдим. Бир пайт кўзим ўғлимга тушди, болагинам катта-катта тошлардан териб келибди. Уйдан ёнғоқ чиқариб бердим. Гўёки қозонга тош тушиши билан дадаси келиб қоладигандек, қувнади. Бу орда бир неча бор юрагимга муҳрланган рақамларни териб кўрдим. Ўша гап: “телефон хизмат доирасидан ташқарида”. Юрагим хотиржамлик, иқбол доирасидан мутлақо узоқлашиб кетяпти...
Бугун Наврўз. Ҳамма ясан-тусан қилиб, қошларига ўсмалар қўйиб олиб, байрамона кайфиятда яйраб-яшнаяпти. Менинг ҳувиллаган юрагимга ҳеч нима сиғмайди. Беҳрузжон кечаги базмдан сумалак олиб келди. Менга ҳам индамай, таомнинг аввалини дадасига атаб бир косага олиб қўйди. Боламнинг кўнгли чўкмасин деб, дастурхон тузадим. Меҳриддин акамни бунчалик гиначи, кек сақлайдиган деб ўйламагандим. Мени ўйламаган тақдирида ҳам наҳот байрам куни ўғлининг юрагини ярим қилса?
Хаёлларим ёшларимни кўнглимга томдираётганида қўққисдан эшик қўнғироғи чалиниб қолди. Қўшнилардан кимдир таом чиқараётгандир, деган ўйда эшикка яқинлашгунимча, ўғлим бўсағада туриб қийқириб юборди:
— Урре, дадажоним келдилар! Дадам келдилар, ойижон! Сумалакка ташлаган тошим дадамни чақирибди.
Қотиб қолдим. Остонада бир қучоқ гул, каттакон сумка кўтарганча жилмайиб Бахтиёр акам турарди. Бор овозим билан йиғлаб, бағрига отилишдан ўзимни зўрға тийдим.
— Ассалому алайкум, хуш келибсиз, ҳаётим...
 Бу сўзларни овоз чиқариб айтдимми ёки дилимдан кечдими аниқ эслолмайман. Эрим уйга кириб, аввал Беҳрузжонни ўпиб эркалади, сўнг менга қараб:
— Байрамларинг муборак бўлсин, Висола. Мана бу арзимаса ҳам...
Қўлларидаги бежирим қутичада тилла тақинчоқлар мажмуасини кўриб, хижолат ва уятдан йиғлаб юбордим:
—    Менга зару зевар керак эмас, керак эмас, Бахтиёр ака! Менга сиз кераксиз, муҳаббатингиз, фарзандимиз, бахтимиз керак! Мени кечиринг, илтимос, дадаси, кечиринг!..
Бахтиёр акам елкамдан қучиб, жилмайиб қўйдилар. Ўртамизда нима гаплигини билмай бир менга, бир дадасига термулаётган Беҳрузжонни иккимиз биргаликда бағримизга олдик.
Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 207 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ