1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Она, қани, пенсия пулидан чўзинг!

 -    Алло, ассалому алайкум. Қизим, мен “Парда ортида” саҳифасига қўнғироқ қилаётгандим. Сизларга айтмоқчи бўлганларим бор эди...- Таҳририят телефонининг гўшагини кўтарганим заҳоти катта ёшли мухлисамизнинг алланечук изтиробли товушда гапираётганидан сергак тортдим.
-    Ваалайкум ассалом, сизни эшитишга тайёрмиз, холажон. Бемалол, гапираверинг.

-    Қўнғироқ қилишдан олдин кўп ўйландим. “Она бўла туриб, ўз болангдан шикоят қиласанми?” деб ўз-ўзимдан ёзғирдим. Аммо менинг дардим қўни-қўшни, қариндош-уруғга айтиладиган дард эмас. Ҳар хил одам бор, эшитганлар “боласини йўлга сололмай, ундан элу халққа нолиб шикоят қилиб юрибди” дейди. Шикоят қилганим билан биров келиб менинг боламни туртиб-сўкиб феълини тўғрилаб бермайди. Лекин сизларнинг газетангизни кўпчилик ўқийди. Менинг ҳам айтганларимни ёзсангиз, балким ўғлимнинг қўлига тушиб қолар, балким менга ўхшаган қийналиб юрган оналарнинг изтироблари ёритилар. Хуллас, шу саҳифани сирдош билиш менга маъқул бўлди.
-    Яхши. Кўп куйинманг. Ҳаётда ҳамманинг муаммоси бор. Сизни нима безовта қиляпти?
-    Тўрт қиз, бир ўғлимиз бор. Хўжайиним ногирон бўлсалар-да, ишлайдилар. Энди ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳозирги шароитда ишламаса бўлмайди. Ўзим пенсияга чиққанман. Кичик ўғлим биз билан туради. Оилали. Битта боласи бор. Бир пайтлари тузуккина иши бор эди, нимадир бўлиб ишидан бўшатилди. Энди уйда ишсиз юрибди. Қизим, нотўғри тушунмангу, ўғлимнинг уялмай-нетмай мен пенсионер онасидан пул сўраши жуда ғашимга тегади. Майли, ўз болам, келиним шу ўғлимнинг ортидан келган фарзандим, уларнинг боласи неварам, қўлласам ўз фарзандимни қўллабман, деб ўзимни кўп бора овутдим. Лекин мен ҳам бир оддий пенсионер бўлсам, отаси ногирон ҳолида ишлаяпти. Бу бола шу пайтгача иш топай, ишга кирай, қачонгача ота-онам мени боқишади, улар менга ёрдамлашадиган пайтли ўтиб кетди, энди қари, касалманд ота-онамни мен боқишим керак, уларнинг оғир кунига мен ярашим керак, деб ўйламади, чоғи. Бир йилдан ортиқ вақтдан бери ишсиз, шу пайтдан бери астойдил иш қидириб топиб, ишга кирай демади. Бир-икки жойга боради-да, иш танлаган, одам танлаган бўлади. Қўлида дипломи бўлмаса, маълумоти бўлмаса бу болага иш танлашни ким қўйибди, дейман?
-    Тўғри. Келинингиз ҳам индамас эканми? Қудаларингиз-чи? Ахир улар ҳам ота-она-ку! Куёвига “ота-онанингизга малолингиз тегмасин, бирор жойга ишга киринг. Жуда бўлмаса ҳозир нима кўп, қурилиш объектлари кўп, бирортасига ишга киринг” деб насиҳат қилишмасмикан?
-    Билмасам... Ҳозир айни пишиқчилик пайти, бозорга чиқиб олиб сотарлик қилса ҳам кундалик эҳтиёжига етадиган пулни топишади. Қизим, сиз мени нотўғри тушунманг, менга боламнинг пули керакмас! Менга улар хотиржам бўлса бўлди. Ахир мен билан дадасини ҳам боғлаб бермаган-ку! Ҳозир менинг пенсиям, ногирон отасининг пенсиясию маоши билан кунини ўтказар, лекин эрта ўтганимиздан кейин нима қилишади?!..
-    Ҳа... Тушкунликка тушманг, холажон. Худо кўнглига солмаса, бошқаси бекор. Сиз Аллоҳдан ўғлингизга инсоф сўраб дуо қилинг. Ажаб эмас, ўғлингиз ҳам ўзини бир таҳлил қилса. Буни ҳаёт деб қўйибдилар, ахир. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Балки ўғлингиз ҳам ишсизлигини ўйлаб сиқилаётгандир, бирор чорасини излаётгандир?..
-    Шундай дейсизу, қизим, бир пайтлари яхши жойда ишларди. Топиш –тутиши ҳам ҳавас қилгулик эди. Ўша пайтларда ҳам “онажон, мана бу тўрт-беш сўм пулни олиб қўйинг, бир кунимизга ярайди” деб менга йиғиб қўйиш учун бермаган-да. Пулига ҳаволаниб эр-хотин иккалови ҳали у ресторан, ҳали бу кафеда овқатланиб юрадиган, икки қадам жойга таксида боришарди. Хотини ҳомиладорбўлган кезлари ишдан бўшади. Ўғлимга “ Эрта хотинингнинг кўзи ёриганда сенларга пул керак бўлади. Туғруқхонадан чиқиш анча-мунча иш эмас” деб қайта-қайта айтдим. Қани гапимга қулоқ осса! Келинни туғруқхонадан олиб чиқишда ўлимлигимга деб йиғиб қўйган уч-тўрт сўмни сарфладим.- Онахоннингўпкалари тўлиб йиғлаб юбордилар.- Эрта ўлигимиз ҳам боламизга юк бўлмасин, дейман-да, қизим...
-    Яхши ният қилинг, холажон. Ҳали ўғлингизга ҳам иш топилар, инсоф битиб, атрофидаги бор имкондан фойдаланадиган ҳам бўлар. Холажон, ахир сиз яхши биласиз-ку, буларнинг ҳаммаси синов. Ўзингизни қийнаманг. Бир куни ўғлингиз албатта хатосини тушуниб етади.
-    Шундайликка шундайку-я, аммо одамга ризқ-насибасини меҳнат билан топиш тақдир қилинган. Ўтираверган билан биров битта нон, бошқаси бир коса овқат бермайдику! Тирик жонга пул керак. Энди ўғлим ҳам ёш бола эмас, бир оиланинг бошлиғи! Ўзидан ташқари хотини билан боласини ҳам боқиши, кийинтириши керак. Ўттизни қоралаётган кап-катта одам шу оддий нарсаларни тушунмайдими, дейман-да.Боламни шунчалик масъулиятсиз қилиб тарбияладимми деб ҳам ўйлайман...
-    Холажон, оғриқларингизда жон бор. Лекин ҳадеб ўзингизни айбдор қилаверманг. Мен сизни тушуниб турибман, ўғлингизга ҳам очиқ гапиролмайсиз. Ранжиб қоладими, деган мулоҳазага борасиз. Келинингизга ҳам қойил қолмадим, лекин. Хотин эрнинг бўйни дейдилар. Бошқача вазиятларда эрни тамомила қўлга олиб, ўзига бўйсундирадиган аёллар бунақанги вазиятларда қандай қилиб жим туришлари, индамай томоша қилиб туришлари мумкин экан-а? Холажон, сиз мени ярамни тирнаяпти, деб ўйламанг, сизнинг бу дардингиз юртимиздаги кўплаб кекса ота-оналарнинг дарди. Ишлаб юрган, пул топаётганлар ҳам қари ота-онасининг пенсия пулини қўлидан юлиб олиб, тирикчилигини ўтказишини, ўзлари топаётган пулга  эса дунё ишлари билан боғлиқ нафсоний истаклариниамалга ошираётганларни ҳам кўрганмиз, эшитганмиз. Ҳатто отаси ё онаси бемор бўлиб ётиб қолганда ҳам ўзининг пенсия пулини ўзига сарфламайдиган ноқобил фарзандлар ҳам йўқ эмас. Аллоҳ инсоф ва тавфиқ берсин ундайларга. Аммо бу вазиятда яна бош айбдор келинлар деган хулосага боради киши. Эркак ота-онасининг қарилик пенсиясига кўз тикиб турганида хотини уни инсофга чақирса, “ота-онангизнинг пенсия пули ўзига, улар бир пайтлари ёшлигингизда сизга сарфлаши керак бўлганини сарфлаб бўлган, сизни дунёга келтирган, боққан, тарбиялаган, касб-ҳунарли қилган, уйлантириб, элга қўшган. Энди улардан таъма қилишингиз бориб турган пасткашлик” деса, эркак аёлининг гапларидан уялиб ҳам ўзини тортармиди...
-    Вой, айни кўнглимдаги гапларни гапирдингиз-а, барака топинг, қизим...
-    Сиз ҳам ҳеч куйинманг. Сиз мендан анча каттасиз, ҳаётий тажрибангиз ҳам ҳам катта. Маслаҳатимга муҳтож эмассизу, шундай бўлса ҳам эсингизга тушириб қўйишни вазифам деб ўйладим. Яъни, сўраяпти деб, ўғлингизга қўлингиздаги пулни чиқариб бераверманг. Икки-уч марта пул зарур бўлиб, сиздан оломаса балки меҳнат қилиш ҳақида ҳам ўйлаб қолар. Ҳозир у сизларга орқа қилиб масъулиятни ҳис қилмаяпти. Агар қийинчилик кўрса, ўзини ўнглар.
-    Балки... Майли, қизим, сизга катта раҳмат. Мени эшитганингиз, кўнглимни кўтарганингиз учун. Ижодий ишларингизда омад тилайман.
-    Раҳмат. Саломат бўлинг.

ХОНЗОДА суҳбатлашди.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 209 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ