1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Вафосиз” эрга мактуб

Тонгда юлдузлар сўниб улгурмай уйғониб кетдим. Дадаси, бугун турмуш қурганимизга ўттиз йил тўлади. Никоҳимиз  қийилган куннинг ўттиз йиллик санаси... Дадаси, ўттиз йил айтишга осон, сўзда енгил кўринади. Аммо биз мана шу ўттиз йиллик турмушимиз давомида не кунларни бошдан кечирмадик, не савдоларга рўпара бўлмадик. Бошида Аллоҳ бизни тирноқ бермай синади. Никоҳимизнинг дастлабки йилини умид билан ўтказдик. Иккинчи йили таънали нигоҳлар, истеҳзоли пичингларга сабр қилдик. Учинчи йили... Дадаси, ўшанда қайнонам раҳматли:
—    Ўғлимнинг умрини ўтказиб юрманг, яхшилик билан ажрашиб қўя қолинглар!- деганларида сизга:
—    Жавобимни беринг, ажрашамиз,- дейишга дегандиму, аммо ич-ичимдан  сиздан айрилишни, тақдир йўлларимиз айро  тушмаслигини астойдил истагандим. Ўшанда мендан ноўрин ранжигандингиз. “Менга сен кераксан, Худо фарзанд берса, сен билан берсин, бўлмаса керак эмас. Ёки сен шошиляпсанми, бошқа билан турмуш қуриб фарзандли бўлишни истаяпсанми?” деб кўзларимга илтижо аралаш ранжиганнамо тикилганингизда мен ажрашишимизни қайнонам-онанингиз истаётганларини айтолмагандим. Ўшанда мендан  озорланганингиз, дилингиз оғриганини билгандим. Эгнимга сабр матосидан тоқат либосини кийиб олдим.  Ва шу либосда яна икки йил сабр билан Худодан фарзанд сўрадим. Оҳларим Аршга етиб, Яратган юзимни, юзимизни ёруғ қилди. Аввал қизимиз Орзу, кейин бирин-кетин ўғилларимиз Дилмуроджон ва Дилшоджонлар туғилди. Энди бу маъсудлик аро хотиржам ҳаловат топаман, дедим. Сиздай жуфту ҳалолим, севимли касбим, жондан азиз фарзандларим бор, мен яна ниманинг ташвиши ғамини қиламан деган ўйда хотиржам эдим. Бироқ, онажоним айтганларидек турмуш- тўрт мушт экан. Эр уйининг уч девори заҳар, фақат бир девори асал, аввал заҳарни тотиб, сўнг сабр билан асалга муносиб кўрилар экансиз. Мен ўшанда онамнинг гапларини шунчаки эшитар эканману, мағзини уқмас эканман. Бугун ўзим қайнона бўлиб, келинларимга, қиз узатган она бўлиб қизимизга ўгит бераётганимда онамнинг ибораларини мулоҳаза қиламан. Хуллас, мен она бўлдим, эримга ўғил-қиз туғиб бердим, деб оёқ узатиб фақат болаларимизу уй-рўзғорга ўралашиб қолибману, сизга ҳам эътибор, парвариш зарур эканини англамабман. Оқибатда ширин турмушимизга хиёнат заҳри оғу солди. Аввал бошда сизнинг ўзгариб қолган феълингиз, тобора камайиб кетаётган эътиборингизни ишингизнинг кўплигига йўйибман. Мен гумроҳа ўйламабманки, ҳар қандай иш кўп бўлса, эрнинг тунлари уйга келмаслигига  сабаб  бўлмарми? Эркак кечки пайт ҳар қанча ишини ишхонасига ташлаб, ўз ошёни, оиласи бағрига шошилмасми?..
—    Эрингизнинг жазмани бор экан... Эҳтиёт бўлинг-а, уч бола билан шундай эрингизни бир бетайинга туқазиб қўйманг яна?..- Қўшни аёлларнинг шивир-шивир, пичир-пичири охири таънага ўхшаш панд бўлиб менга қаратилди. Бегоналар олдида қилинган насиҳат таънадан ҳам оғир ботар экан. Ўзимни таҳқирланган, камситилган санаб ўтиргани жой тополмай қолдим. Қаранг, дадаси, ёш эканманми, уқувсиз эканманми, бир оғизгина онамдан маслаҳат сўрамай ишхонанингизга бориб сиз билан жанжал қилибман... Энди ўша пайтдаги ақлсизликларимни эслаб ўзимдан ўзим хижолат чекаман. Бу тахлит ўйламай иш қилишим, бахтимизга чанг солишга уринаётган хотинга қўл келди. Афсуски, сиз ҳам мендан ранжиб, бегонанинг меҳрини маъқул кўрдингиз...
Мен ўзимни жуда мағрур тутиб, гўёки бир бетайин билан эркак талашишни ўзимга эп кўрмадим. Гўёки мен сизсиз ҳам кунимни кўра олардим, гўёки эрсизликда ўлиб қолмасдим. Гўёки, уч болани эплаш менга мушкул эмасди. Ҳа, мени ақлсизлик ва шошқалоқликда айблаб, сизни хиёнатга аслида мажбурлаганимни айтган онамга худди шу гапларни айтиб ўзимни оқлагандим. Йўқ. Ҳар галгидек, мен ноҳақ, онажоним ҳақ бўлиб чиқдилар. Орадан бир ой ўтар-ўтмас мен сизликдан руҳан қийнала бошладим. Орзуингиз сизга ичикиб бетоб бўлганида, Дилмуродингиз тонггача “дадам”лаб йиғлаганча юрак-бағримни қон қилганида, оиламизнинг устуни сиз эканлигингизни англаб етдим. Аёл кишининг ғурури, бахти эри эканини, оиласида бахтиёр бўлмаган аёлнинг бахти ҳеч қачон тўкис бўлмаслигини тушуниб етдиму, қаттиқ қўрқиб кетдим. Наҳотки, мен билан фарзандларингиздан бир бегона бахт ўғриси  сизга афзал кўринса, деган хавотирли ўй юрагимни кемирарди. Бунда ҳам онам  менга ёрдамга келдилар:
—    Сенга бегона эркак учун талаш ё ўзинг эрсиз қолиб кетмаслигинг учун кураш, демайман. Болаларингнинг отаси учун курашишинг шарт! Болаларинг отасиз ўсса, ҳам кўнгли кемтик бўлади, ҳам тарбияси мукаммал бўлмайди. Эл орасида болаларингга “бир отасиз ўсган-да” ёки “Отаси ким бўлдию, боласи нима каромат кўрсатарди!?”  деган иддао қаратилмаслигини истасанг, эрингни оиласига қайтаришинг шарт! Аввал уни эътиборсизлигинг билан хиёнатга ўзинг ундадинг, сўнг жанжал билан муродимга етаман деб хато ўйлаб, эрингни ўша бетайинга қўшқўллаб топширдинг. Хуллас, нима қилсанг қил, болаларингга отасини қайтар!...
Аввал бу аччиқ сўзлар учун онамдан ранжидим. Баҳсли ҳолатларда ҳамма ўзича ҳақ бўлади. Мен ҳам ўзимча ҳақ эдим. Хиёнат ханжаридан кўкси яра аёл эдим ўзимча. Бироқ, мактабидан маъюс қайтадиган Орзуингиз, боғчага дадасининг машинасида борадиган ўртоқчаларига ҳавас билан қарайдиган Дилмуроджонингиз, энди тилчаси “даддаа”лаб  чиқаётган Дилшоджонингизнинг инжиқликлари аламзадилигим ва ғуруримни четга суришга ундади. Қизиқ, киши ҳарқанча кўнгил измига бўйсунмасин, асл ўзлигидан кечолмас экан. Сиз ниҳоятда гўзал тарбия кўрган, ақллли инсонсиз. Шунинг учунми, ўшандан ишхонангизга бориб, узр сўраганимда, кулимсираганча:
—    Болаларни жуда соғиндим. Иш  қочиб кетмас, юринг, уйга қайтайлик,- деб мени эргаштириб уйимизга қайтдингиз. Дадаси, ўшанда шундай олийжаноблик билан мени хижолатга қолдиргандингиз. Ҳар бир кун киши дунёқарашини ўзгартириб юборар экан. Инсон умри мобайнида бир-бирини, хусусан, турмуши жараёнида умр йўлдошининг ўзига нотаниш хусусиятларини кашф қилиб борар экан. Ўшанда сиз билан ўн уч йил яшаб ҳам феълингизни тўлиқ билмаслигимни англагандим...
Оилавий ҳаёт ҳаётнинг барча мураккабликлари ичида энг мураккаби ҳисобланади. Оилавий ҳаётда рўзғор илмини англамаганлар, турмуш илмини уқмаганлар жуда қийналади. Буни ўттиз йиллик турмушимиз мобайнида  тушуниб етдим. Ўшанда сизни оиламизга, фарзандларимиз бағрига қайтардиму, яна мана энди ҳаммаси изига тушиб кетди, қийинчиликлар ортда қолди, буёғи онам айтган эр уйининг тўртинчи- асал девори соясида яшайман, деб ўйлагандим. Аммо ҳаёт яна  бир синовини ҳозирлаб, бизни имтиҳон қилиш тарадудида экан...
Кутилмаганда иш жойингизда штатлар  қисқаруви бўлиб, рўйхатнинг энг аввалига сиз тушибсиз. Сиз аввал бу хабарни мендан яшириб юрдингиз. Ўйчан чеҳрангиз, тиришган пешонангиз, уюлган қовоғингизнинг маъносини нималарга йўймадим-а. Душман кўнглим шубҳанинг минг бир кўчасига бошларди мени. “Ўша аёлни қўмсаяптимикан, наҳот, эрим хатосидан афсусланган, у бизни жонидан ортиқ кўрар экан, деб ўзимни ўзим алдабман” деган  гумон илондек чақарди. Бунинг устига рўзғордаги етишмовчилик, тобора кўтарилаётган барака мени ҳолдан тойдириб, қуюшқондан чиқарди. Сабр косам тўлиб-тошиб заҳримни сизга сочдим:
—    Бир бузуқига ўралашиб рўзғордан баракани аритдингиз! Камига фикру ёдингиз ўша ўйнашингизда! Уялмайсизми?Болаларингизнинг кўзига қарашдан уялсангиз бўларди!..
Индамадингиз. Ҳатто шунда ҳам ўзингизни оқлаш учун бир оғиз изоҳ келтирмадингиз. Менинг аччиқ сўзлардан тизилган жанжалимдан бирор чамаси бирор ҳафта ўтиб, кутилмаганда хорижга кетмоқчилигингизни айтдингиз.
—    Бормасам бўлмайди,- дедингиз ҳайрат тўла нигоҳларимдан кўзларингизни яширишга уриниб. – Бир муддат хорижда ишлаб келмасам бўлмайди. Негадир ишимнинг мазаси йўқроқ...- Эс-хаёлимда ўша хотин билан кетасиз, деган ўй бўлгани учун сизни яна нотўғри тушундим:
—    Энди жазманингиз билан чет элга қочиб кетмоқчимисиз?! Уялмайсмизми? Сизни нима жин урди ўзи?!..- Бизнинг уруш-жанжалларимиз, тортишувларимиздан зада бўлиб қолган болалар дам сизнинг, дам менинг оғзимга термулишар, мунг тўла нигоҳлари бу беаҳловатликдан кўнгил олдириб қўйганларини аён қиларди. Кетказмасликка уринсам-да кетдингиз. Россиядалигингизда сиз билан бирга ишлаган жамоадошингиздан ҳақиқатни билдиму, сизга берган яна бир озоримдан ўкиндим...
Дадаси, ҳаётимиз шу қийинчиликлар, кескинликлар ва зиддиятлар билан мазмунли экан. Буни энди, ҳаммаси изига тушиб, қиз узатиб, ўғил уйлаганимизда, турмушимизнинг ўттизинчи йилини ёруғ юз билан кутиб олаётганимизда англадим. Ҳаёт мактабида инсон умрбод ўқувчи экан. Насиб қилса, бугун  эрта кенжатойингизни ҳам уйлантирамиз. Ўйласам, дунёнинг ташвишини бошимизга олиб, ўз-ўзимизни қийнар эканмиз. Ношукрлик, тақдирдан нолиш, қўлимизда борига қаноат қилмаслик... Булар бахтимизни емирар экан аслида. Буюклик адашиш ва тажрибалардан туғилар экан. Дадаси, сизни турмуш қурганимизнинг ўттиз йиллиги муносабати билан табриклаш учун тонг қоронғусида уйғондим. Қўшни хонада ибодат билан машғул экансиз. Мен ҳам Аллоҳ бандаларининг дуосини эшитиш учун осмон эшикларини очган онда фарзандларимизга умр, ризқ, бахт ва ўзимизга пиру бадавлатлик тақдирини сўраб илтижо қиламан...»

Исми сир тутилган аёл мактубини Баҳор оққа кўчирди.

Ҳозир сайтимизда 186 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ