Сайт бўлимлари
Қизингизни қарғаманг!
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳар гал қишлоққа борганимда катта аммамнинг фарзандлари мени кўриб йиғлаб юборишади. “Худдди онагинамни кўргандек бўлдим. Илоё, умринг ўхшамасин, жиян, онам тирилиб келгандек бўладилар сен келсанг” деган гаплари менга ёд бўлиб кетган. Аммамни элас-элас хотирлайман. Улар вафот этганларида чамаси тўрт-беш яшар қизча эдим. Шундай бўлса-да, хотирамда аммам раҳматлининг “Пошша қиз, Ойзода қиз, Хонзода қиз” деб мени эркалаганлари хотрам саҳифаларида гоҳ-гоҳида кўриниб туради. Аммам раҳматли, баланд бўйли, тўладан келган, кулганларида садафдек тишлари кўзни қамаштирадиган, қарашлари ўткир, сўзлари кескин, гап тўғри келганда отасини ҳам аямайдиган аёл эдилар. Пазанда, чевар, саришталиклари, уйим-жойим деб куйиб-пишганларини ҳали – ҳануз аммамни таниган давраларда қайта-қайта эътироф этилади. Саккизта ўғил, иккита қизни дунёга келтириб, тарбиялаб, олдини ўқитиб, олий маълумот олганини кўрдилару, афсуски, келин тушириб, қиз узатиб “Фармон биби” бўлиб фарзандларига фармонбардорлик қилиш аммамга насиб этмади. Айни қирчиллама- қирч ёшларида бедаво дард аммамга йўлиқдию, ўша хасталик умр шамларининг бевақт сўнишига сабаб бўлди. Оилавий йиғинларда, тўй-маросимларда аммам раҳматлини кўп эслаймиз. Орадан бир кўп йиллар ўтган бўлса-да, гўёки бу аччиқ айрилиқ кечагина содир бўлганидек юраклар ўртанади. Қайсидир байрамда оилавий даврада аммамни ёдга олгандик, онам йиғламсираб: “Опамга қарғиш теккан эканда...” дедилар. Бу гапга биров эътибор берди, биров йўқ. Менга эса қаттиқ таъсир қилди. Аммамни ким, нега қарғайди? Бу саволни ўз-ўзимга кўп берадиган бўлдим. Охири онамдан сўрашга қарор қилдим.
— Амманглар бувинг раҳматлининг биринчи турмушларидан,- деб гап бошладилар онам сал аввал байрам кечасида аммам ҳақида айтганларини эслатганимда.- Бувингнинг биринчи турмуш ўртоқлари урушда ҳалок бўлган. Урушдан анча кейин бувангга турмушга чиққанлар. Унда амманг бўйга етиб, кўзга кўриниб қолган қиз бўлганлар. Бувинг “кўҳликкина қизимни орқамдан етаклаб юраманми?” деганмилар ё катта амакинг - бувангни ҳам ўғиллари бўз бола бўлгани учун андишага борганмилар, хуллас, аммангни амакиларига топшириб келганлар. Амакилари аммангни тарбиялаган, фарзандлари қаторида ўстириб, уларни ҳеч кимдан кам қилмаган. Раҳматли амманг билан поччанг синфдош бўлган экан. Ўша кезларда бир-бирларига кўнгил беришган экану, аммангнинг амакилари уларнинг никоҳига қарши бўлибди. Айтишларича, поччангни онаси яҳудий бўлган. Амаки балки шунинг учун қарши бўлганми, энди буёғи Худога аён. Хуллас, амманг ҳеч кимга билдирмай поччанг билан қочиб кетган...
— Йўғ-е? Бувим бундан хабардор бўлганмилар?
— Буниси менга маълум эмас. Мен ҳам бувинг раҳматлидан эшитгандим. Бувинг поччангни жуда ҳам яхши кўрардилар. Ҳатто амманг вафот этганларидан кейин йил тўлмай ўзлари бош бўлиб поччангни уйлантириб қўйдилар.
— Вой... Бувим шўрлик шунча бағрикенгликни қаердан олган эканлар-а, аяжон?- Тўғриси, онамдан сўрашга сўрадиму йиғлаб юбордим ўша заҳоти.
— Ҳа, бувинг шундай бағрикенг эдилар, Худо раҳмат қилгур. Амманг шундай феъли кенг, меҳрибон, ақл-заковатли, фариштамонанд аёлнинг қизи бўлган. Адашиш, хато қилиш бандасига хос хислат. Одамзот хато қилишдан фориғ бўлмаган. Амманг ҳам ёшлик қилибми, ҳиссиётга берилибми, поччанг билан қочиб кетаверганлар. Лекин улар турмушлари мобайнида бирор марта сен-менга боришмаган. Рўзғори ҳамиша бадастир, сараштали эди. Бир-бирларини ҳурмат қилишарди, асраб-авайлашарди. Куёвидан дили оғриганида бувинг ўзи бош бўлиб уйлантириб қўймасдиларку. Мен айтмоқчи бўлганим, аммангни амакиси қарғаганми, дейман. Чунки аммангнинг амакиси вафот этиб кетди ҳам жиянини кечирмади. Икковлари ҳам дийдорни қиёматга қўйишди. Шунга баъзида ўйланиб қоламанки, аммангга Худойим меҳрибон, муҳаббатли турмуш ўртоқ, алпқомат, ақлли ўғил, оқила қиз фарзандлар берди, тўкин-фаровон рўзғорнинг бекаси бўлишни насиб этдию, айни оёқ чўзиб роҳат кўраман, деганларида бедаво дард бериб қўйди. Ҳар нарса Яратганнинг ҳохиш-иродаси, банрдасига тақдир қилган қисматига боғлиқ, лекин негадир мен аммангга қарғиш текканми,- деб ўйлайман, ҳикояларини тугатдилар онам. Шундан бери аммамни ёдга олсам онамнинг гапларини мулоҳаза қиламан. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қиз болани қарғамаслик керак экан. Ҳар иш Аллоҳнинг изми билан содир бўлади. Бандасига нима яхши, нима ёмонлигини фақат Ўзи билади. Шундай экан, жаҳлга бўйсуниб тилга эрк берворишдан олдин, бир оҳиз совуқ сўз оқибатини мулоҳаза қилган маъқул...
Фарзона
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 185 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар