1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Оқ қилинган қиз надомати

“Ассалому алайкум ҳурматли журналист опа. Ўйлаб-ўйлаб сизга мактуб ёзиб, дардларимни бўлишишга қарор қилдим, чунки бу аламларимни на онамга, на опам ё дугонамга айта оламан. Юрагимда қатланиб, қалбимни кемириб ётган бу ҳасратларим, бора-бора мени тушкунлик денгизи аро ғарқ қила бошлади-ки, бу эзғинликдан халос бўлиш учун сиздан ўзга дилдош топмадим. Зеро, аламзада дилни ҳамма ҳам англайвермайди. Ситам ва надомат уя қурган юрагимга сизни рафиқ санаб, мени хатолар гирдобига улоқтирган воқеанинг аввалини гапириш мен учун ниҳоятда оғир. Зотан, қалбимга ишқ аталмиш гўзал туйғу ошён қурдию, менда на ҳаловат, на роҳат қолди. Гўёки еру само унинг суратида акс этгану, мен қай нуқтага кўз тиксам ўша жойда севгилимнинг висоли намоён бўлаверади. Хуллас, севишдик. Бир умрга бирга бўламиз, бизни ўлим айирадию ва ҳаттоки ўшанда ҳам бир қабрда манзил қурамиз, деб аҳду паймонлар қилдик. Аммо...
Бандасининг айтгани эмас, Аллоҳнинг хоҳлагани бўларкан. Тақдир йўлларимизни айро этди. Бунинг узундан узоқ тарихини сизга сўйлаш ниятидан йироқман. Чунки, улғайиб, ҳаётнинг паст-баландида турли синову имтиҳонларидан ўтавериб англаганим шу бўлди-ки, инсон тақдиридаги яхши-ёмон кунларга ўзи ҳам сабабчи бўларкан. Киши керак жойда ўзининг қадрини ҳам билиши керак экан. Нимага муносибу, нимага лойиқ эмас...
Шундай қилиб у йигит бошқа қизга уйланиб кетди. Мен нодон эса... қайдаги ҳою ҳаваснинг қурбонига айландим. Не-не орзу-умидлару ширин хаёллар қанотида дил берган инсоним, бўйимда бўп қолганини билиб ғойиб бўлди-қолди. Уни қидирмадим ҳам. Чунки бундан ҳеч қандай наф йўқлигини яхши билардим. Вужудимдаги ўзгаришни уйдагилар пайқаб қолмасидан узоқроққа боришни режалаштирдим. Ота-онамга, “шаҳарга, ўқув марказига бориб ҳунар ўрганаман” деб уйдан чиқиб дугонамникида яшаб юравердим. Вақт-соати етиб ўғил фарзанд кўрдим. Туғруқхонада уч кунлик чақалоғимни қўйиб уйга боламга ҳужжат қилиш учун келдим. Мен ҳақимдаги гап-сўзлар тарқалиб ота-онамнинг қулоғига етибди. Роса тўполон, уруш-жанжаллар билан ўн кундан сўнг туғруқхонага қайтдим. Чархи кажрафтор аччиқ ёзуқлар билан тўлган пешонамга шу дилбандимни ҳам кўп кўрибди. Бу бевафо дунёга келиб на ота, на она меҳрига тўёлган гўдагимни кўзёшларим билан ювиб қабрга қўйдим. Токи жаннатнинг райҳонига айланиб менинг бадбўй хатоларимга муаттар ифор билан парда бўлсин, деб...
Ота-онасига оқ бўлган, муҳаббат деб топингани нафрат чиққан, фарзандидан айрилган мен юзлари қора, пешонаси шўр борар манзилининг бекатини билмайдиган аёл кўча-кўйларда кўзёшларимни ичиб юрганимда шайтон қиёфасидаги бир қизга учрадим. Менга дўст ниқоби остида мулойим назар солган у малъунанинг қўшни вилоятда яхшигина иш жойи борлиги ва у ерда олисдан келганлар ётоқхона билан таъминланиши ҳақидаги уйдирмаларига ишониб, унинг ортидан нажот истаб бордим. Мени ёшига номуносиб кийинган, юз-кўзидаги пардози ўзига ярашмаган, ёши ўтинқираб қолган аёл кутиб олди. Кейин улар иккиси мени ҳоли қолдириб, нималарнидир гаплашишди ва 10-15 дақиқалардан кейин уй бекаси чиқиб, “иш”га қабул қилинганимни айтди. Мени бу ерга бошлаб келган бетайин мен билан мунофиқларча тиржайиб хайрлашди. “Иш соат”им бошланган дақиқаларда мен унга ишониб катта ва ислоҳ этилмайдиган гуноҳга йўл қўйганимни англаб етдим. Мен иш қидириб паноҳ истаб борган жой... фоҳишахона эди...
Энг ачинарлиси у ердан қочишга уринмадим. Менга ҳаммаси барибир эди. Ўзимни кераксиз, ташландиқдай ҳис этардим. Баъзан ўз-ўзимга, “борар жойи, суянадиган одами бўлмаган нотавон ожиза фоҳишахонадан бошқа қаерга ҳам сиғар эди” деб ҳам ғўярдим. Боз устига ота-онасига оқ бўлган, адашган қиз...
Қўшмачи аёлнинг зуғуми зўрликлари остида жирканч ҳаёт кечириб юрган кунларимнинг бирида қандайдир йигитнинг нигоҳи менга тушганини сезиб ғолдим. У орқаваротдан мен ҳақимда сўраб-суриштириб, ўтмишим ва ҳозирги пайтдаги ҳолатим тўғрисида маълумот тўплаган экан. Юрагим сиқилиб, ҳаётга нисбатан қизиқишим йўқолганидан фойдаландими ё бошимга тушган мусибатларни эшитиб раҳми келдими, хуллас кўнглимни олишга уринарди. Ва бунга эришди ҳам. У қўярда қўймай мени қийин-қистовга солиб уйга қайтарди. Унинг гапига кириб ота-онамнинг оёғига бош уриб тавалло қилдим. Меҳрибонларим мен нобакор, шармандани кечириб, яна бағрларига олишди. Фақат дадам, “Энди бу уйда яшамайсан, келинойиларинг, қўни-қўшнининг гап-сўзи кўп”, деб мени туман марказидаги уйимизга онам билан бирга жўнатиб юбордилар. Ишга кирдим. Баъзан онам, баъзан жиянларимдан бири билан тунаб қолардим. Мен ҳалиги йигитнинг шарофати билан барча ёмон иллатларимни ташлаган эдим. Бироқ, у билан тобора муносабатларимиз чуқурлашиб бораётган эди. Ва албатта буни яна ҳаммадан сир тутардим... Лекин ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, сирларим ошкор бўлди. Унгача эса ҳомиладор бўлиб қолдим ва олдириб  ташладим. Бу ҳол яна бир маротаба такрорланганида аҳволим ниҳоятда оғирлашиб қолди. Кўп қон йўқотдим, тинка-мадорим қуриб ўрнимдан туролмайдиган ҳолатга тушдим. Бош ёстиққа теккач, кишининг ақли равшан тортиб, фикри теранлашаркан. Ўйлаб қарасам, ёшим ўтиб боряпти, номи чиққан қизни биров олмайди. Эрта қариганимда, келинойим-жиянларимнинг остонасида хор бўлишим аниқ. Шунинг учун ҳам соғайиб, ўзимни бироз ўнглаганимдан сўнг яна ўша йигитдан ҳомиладор бўлдим ва бу сафар фарзандимни дунёга келтиришга жазм қилдим. Фарзанд кўрдим. Қизалоқ. Лекин у йигит боламни тан олмади. Ота-онаси бу ғалвалардан уни тезроқ халос этиш учун бошқа қизга уйлантириб қўйишди. Менга энди унинг қизиғи йўқ эди. Муҳими, фарзандим бағримда, энди бу ёлғон дунёда менинг ҳам овунчим бор эди...
Мен ўзимча, “фарзанд кўрсам, ўтмишимдаги хатоларимни ислоҳ этиб, янгича ҳаёт қураман. Қизимни яхши тарбиялаб, юзимдаги қора доғларни юваман”, деб ният қилдим. Аммо, таассуфки киши қора ўтмишидаги қалтис хатоларидан бир умр қоча олмас экан. Янглиш босган қадаминг таъқиби соядек эргашиб юраверар экан...
Бир ташкилотга ишга кирдим. Опажон, ҳатто фаррошга ҳам ёмон кўз билан қаровчилар бор экан. Худди фаррош одам эмасдек, унга ҳам беписандлик қилиб гап отадиган, шаъни, ғурурини оёқости қиладиганлар кўп экан. Бошлиқ “ишдан бўш вақтингни менга ажратасан”, дейди, ўринбосари ярим тунда уйимга қўнғироқ қилиб, “бугун бошқармадан меҳмон келган, даврани қизитишга келасизми, олиб келайми?” дейди. Мен индамайгина аризамни ёзиб ишдан бўшадим...
Опажон, мен ҳам бошқалардек яшаб, ишлаб, одамлар орасига қўшилгим келади. Лекин нима қилсам, гуноҳларимга пушаймонлигимни, энди жирканч ўтмишимдаги хатоларимни такрорламаслигимни атрофимдагиларга исбот қила оламан? Ахир ҳаётда ҳамма ҳам адашади-ку. Энди бир умр ўтмиш калтагининг зарбаларидан қолган оғриқлардан азобланиб яшайманми?!
Сиздан маслаҳат сўраб, номаълум мухлисангиз...”

Муаллифдан: Сингилжон, очиғи мактубингиз қўлимга теккан кундан бери, тақдирингизни ўйласам юрагим увишиб кетади. Муҳаббат — илоҳий туйғу. У нурдан шаффоф, сувдан покиза. Ёшликнинг бебош хаёлларига берилиб, сиз уни НАФС либосига ўрагансиз. Оқибатда умрбод ислоҳ этилмайдиган гуноҳга қўл ургансиз. Сингилгинам, севиш, севилиш, бу туйғуга асир бўлиш яхши, аммо одам боласи ҳар қандай инсоний туйғудан кўра ўз шаъни ва ҒУРУРини устун қўймоғи шарт! Зеро, ҳеч нима, ҳеч қандай ҳиссиёт обрўингиз ўрнини боса олмайди! Майли, ўтган ишга саловат. Муҳими, хатоларингизни англаб бу йўлдан қайтибсиз. Шукр қилинг, Яратган Эгам кўнглингизга диёнат зиёларини солибди. Афсусу надоматдан фойда йўқ, аммо яна бир нарсани унутманг-ки, гуноҳига пушаймон бўлиш ҳам, тавба ҳисобидадир, дейилади Ҳадиси шарифда. Ҳаётда тушкун кайфиятда яшаманг. Ўзингизни қўлга олинг, ҳадеб ўзингизни айблаш билан наф топмайсиз. Иложини топиб, бирорта тикув цехларигами, кондитер цехларигами ишга киринг. Ҳунар ўрганиб, меҳнат қилиб одамлар орасига киринг. Ҳаммаси ўз қўлингизда. Аввало Худо, қолаверса ўзингизга ишонинг, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.

Фарзона тайёрлади.

Ҳозир сайтимизда 93 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ