Сайт бўлимлари
Болангизни қарғаманг
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бозор яқинидаги бекатда манзилимга элтадиган автоуловни кутиб турибман. Йўловчилар бекатларда бесаранжомлик билан ўзларига зарур бўлган транспортни кутишяпти. Бозордаги нарх-наволар таъсириданми, кўпчиликнинг асабийлиги шундоққина юз-кўзидан сезилиб турибди. Бир пайт уч-тўрт ёшли болакайни қўлидан судраганча, жавраб келаётган жувон бекатдагиларнинг диққатини тортди.«Юр тезроқ, яшшамагур! Нонга зўрға пул топяпман-ку, сенга бананни қаттан оламан?! Юр деяпман, сенга, ҳе туғилмай кетсайдинг сен. Бошимга бало бўлдиларинг…»
Йўловчилар орасида ёши катта кексалар ҳам бор эди. Ҳамма ўзича нималарнидир ғўлдираб-чулдираб аёлдан ёзғирган бўлди-ю, биров уни тўхтатиб, «Ҳой, ноинсоф, қанақа онасан?! Ёш бола бўлса, кўнгли кетиб, банан олиб бер, деганига шунча қарғаяпсанми?! Бу қарғишларингни эшитиб, илон пўст ташлайди, эртага бу бола катта бўлганида атрофидагиларга бундан баттар муносабатда бўлмайдими?! Ўзинг ҳам эрта бир кун қариб, шу қарғишлар билан кўнгли ўксиб улғайган болангни бемеҳрлигидан нолиб юрарсан?!» деб танбеҳ бермади. Болакай чириллаб йиғлар, бир қўлчаси она (агар уни она дейиш мумкин бўлса!)сининг чангалида, иккинчи қўлчаси билан бозор томонга имлаб, нималарнидир бижиллаб, олиб бер, дегандай ҳиқилларди.
Нари борса йигирма уч-йигирма тўрт ёшлар атрофидаги жувон ва эндигина тили чиққан болакайнинг ортидан қараб қолар эканман, бундан бир неча йиллар аввал эшитганим бир воқеа қулоқларим остида қайта жонланди. Ўшанда келинойим жиянимни, «оғзингдан қонинг келсин», деб қарғаганида, бувим раҳматли, амакимнинг аёлини қаттиқ койиб, шу ривоятгами, ҳикоятгами ўхшаган воқеани айтиб бергандилар. Икки гапнинг бирида болаларини қарғаб гапирадиган, етти маҳаллага эшиттириб уйдагиларини сўкадиган бир хотин бўлган экан. Кексалар ҳар қанча танбеҳ бериб, аёлга бу иши нотўғрилигини, инсоннинг икки елкасида иккита фаришта ўтириб, оғзидан чиққан яхши-ёмон гапига «омин» дейишини, халқда, «қўйингни қарғама, ўзингга тегади» деган нақл борлигини кўп бора уқтиришмасин, ҳеч кимнинг танбеҳига парво қилмай, ҳали эрини, ҳали боласини қарғаб-қарғаб гапирармиш. Бир куни узоққа ишга кетган эрининг ўлиги келибди. Одамлар қарғишнинг беянглиш нишонга тегишини ўз кўзлари билан кўриб, ҳайратдан ёқа тутиб қолишибди: Эркак томдан йиқилиб тушиб, худди хотини қарғишларида «орзу қилгандек» тил тортмай ўлган эди! Отанинг қирқи ўтиб-ўтмай, онасидан, «оғзингдан қонинг келсин, бўйинг гўрда чирисин» деган дуойибад олган ўғиллар, адирдан эшак-аравада ўтин олиб қайтишаётганда жарликка қулаб, оғзидан қони келиб жон таслим қилишади. Бири ўн тўрт, бири ўн олти яшар ўспиринларнинг энди йўғонлашиб келаётган бўйи гўрда чирийдиган бўлади. Қарғишлари бехато мўлжалга теккан она эри билан ўғилларининг дардида савдойи бўлиб қолган экан. «Қарғишнинг қаноти бор, — дердилар бувим раҳматли бу воқеани айтиб бергач, — бесуяк қуриб кетгур тилларингга кўп ҳам эрк бериб юборманглар, оғзингдан чиққани ижобат бўлади».
Кексаларнинг гап-сўзида чиндан ҳам ҳикмат кўп. Аммо биз ҳозирги ёшлар уларнинг пурмаъно, ҳикматомуз нақлларига кўпда аҳамият беравермаймиз. Бувим бизни, амакиларим, аммаларимнинг болаларини асраб-авайлаб чўмилтирардилар, эринмай ким нима деса, шу таомни тайёрлаб берардилар. Мен ёшлигимда бувим тайёрлайдиган «хом ҳолва»ни яхши кўрардим. Шакар қиёмга келтирилиб, оз-оздан ун қўшилиб, кавлаб туриб тайёрланадиган ширинликни бувим «хом ҳолва» дердилар. Эрталаб уйқудан кўзимни очиб, «ҳолва» деб чирқиллаганча йиғлаганларим, мени овутаман деб ишдан кечиккан ота-онамнинг дарғазаб қиёфалари, сўнг бувимнинг етовларида ота-онамнинг ғазабидан омон қолганларимни эсласам, юрагим орзиқиб кетади. Мени бағридан қўймайдиган бувимнинг энг ёмон “қарғиш”и — «ҳа, уйгинангга буғдой тўлсин, сен падар қусурни», «бўйинг чўзилгур, бунча бебош бўлмасанг», «чўнтагинг пулга тўлсин», деган дуолар бўларди.
Ҳозир айрим ота-оналар ҳаёт икир-чикирларининг ташвишини, бор-йўқ, рўзғор ғамининг аламини ҳам мурғаккина болалардан олишяпти. Болаларнинг болалиги қолмаяпти, гап-сўзлари, мулоҳазалари катталарникидек, деган гапларни эшитамиз. Нега болаларда болалик беғуборлиги, болага хос хулқ-атвор йўқ, биласизми? Чунки, биз уларни улғайтириб қўйганмиз. Айтинг-чи, қачон турмуш ўртоғингиз билан рўзғор ташвишлари ёки уйдаги муаммоларни болангиздан нарида муҳокама қилдингиз? Ҳеч қачон! Бунақа мавзуларда гаплашиш албатта ҳамма дастурхон атрофида тўпланганда, мурғаккина болаларнинг олдида бўлади...
Инсоннинг бахти боласи билан тўкис. Фарзанди бор оиланинг эртаси бор, келажаги, истиқболи бор. Келажагимиз эгалари, умримиз давомчилари ҳамиша бахтимизни бекам қилиб кўз олдимизда қийқириб юрганига не етсин?!..
Баҳор
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 102 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар