Сайт бўлимлари
Иззат қаноатдадир
- Подробности
- Бўлим: Турмуш сабоқлари
- Чиққан санаси: 18 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Яқинда ҳамкасбларимдан бири турмушининг «ночорлиги»дан бундай шикоят қилиб қолди: «Рўзғор тебратиш ҳам қийин бўлиб кетди, топганимиз овқатдан ортмаяпти. Мана, икки ҳафтадирки, болалар пишлоқ билан сариёғни кўришгани йўқ». Бир маҳалладошим эса ўғлини уйлантиргач қарздор бўлиб қолганидан дуч келганга шикоят қилиб юрибди. Аллақайси шаҳардан таклиф қилган лапарчисига битта новвоснинг пули кетганмиш. Никоҳ олдидан бўладиган ЗАГС зиёфатига тўйнинг ярим пули сарф бўлганмиш.
Энди ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: хўш, биринчи воқеадаги ҳамкасбим ҳаётидан зорланишга ҳақлими? Егани нони, ширинлиги, чойи бор, қора қозони қайнаб турган. Фақат дастурхонидан пишлоқ билан сариёғ узилиб қолибди. Шунга ўксиниб, турмушидан нолиб юрибди. Иккинчи ҳолатдаги маҳалладошм тўйни камтарроқ, камчиқимроқ қилиб ўтказса, бироқ сўкармиди? Неча йиллаб машаққат билан топган пулини бир соатли базмга сарфлаб юборишга уни ким мажбурлади? Жавобини қаранг: «Ўғлим ўртоқларидан ортда қолиб ўксимасин» эмиш. Ота қарздор бўлса, ҳасратидан чанг чиқиб юрса, майлиймиш, аммо эртасигаёқ ҳамма унутиб юборадиган кераксиз бир одат ижро этилмай қолса, катта фожиа – болалар ўксиган, катталарнинг боши қотган.
Ҳар икки воқеа ҳам инсонлар қаноатни унутиб, тобора нафсига қул бўлиб бораётганидан, одамларнинг гапидан қўрқиб ёки ном чиқариш учун дунёга мубтало бўлаётганидан дарак беради. Одамлар янги чиққан пулдор амакиларга тақлидан «кўрпасидан оёғи тугул, бели чиқиб кетса» ҳам баландроқ чўққини кўзлайдиган, кучи-моли етмаса ҳам юксакроқ дорга осиладиган бўлиб бораётгандай туюлади. Аммо нафс шундайин ўпқонки, уни на тўлдириб, на тўйдириб бўлади. Бугун нон-чойга қаноат қилмасангиз, эртага сариёғ-пишлоқлар, индинга қази-қартаю бедана кабоблар ҳам камлик қилиб қолади. Кейинроқ булар ҳам озлик қилиб, хориждан келтирилган қимматбаҳо, тансиқ ва ноёб таомларни хоҳлаб қоласиз. Нафс эса тобора шишиб, ҳаккалак отиб, иштаҳаси очилиб, ҳеч нарсани қолдирмай юҳодек ютаверади.
Турмушнинг бошқа жабҳаларида ҳолат шундай бўлади. Бугун валасапитда юрсангиз, эртага мотосиклни, индинга машинани истаб қоласиз. Кейин эса «Нексия», «Мерседес», «Жип»… дегандай ҳавас-истак ортиб бораверади.
Инсоннинг бундай ҳолатини асло айблаб бўлмайди. Чунки у шундай жибиллият билан яратилган. Дунёнинг шаҳватларига, зийнатларига, неъматларига муҳаббатли, қизиқадиган қилиб яратилган: «Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (іиммат) баµоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоµишларга кґнгил іґйиш чиройли іилинди».
Агар инсонлар шундай яратилмаганида, ҳамма мол-дунёдан юз ўгириб, таркидунёчиликни танлаганида ҳеч ким ишламас эди. Шаҳарлар, уйлар, кўприклар қурмасди, дунё бир харобазорга айланган бўлур эди. Лекин шу билан бирга инсонларга сабр, қаноат, неъматларнинг озига кўниш ҳислари ҳам берилган.
Бизлар-чи? Бизлар аллақачон бу тушунчаларни унутиб бўлганмиз. «Бозор иқтисоди қийинчиликлари қачон тугайди», деб зорланамизу аммо нафсимизнинг жиловини борича қўйиб юборганмиз. «Маошимизнинг камлигидан, пул топишнинг мушкуллиги»дан тинимсиз нолиймизу аёлларимиз, фарзандларимиз эгнидаги қимматбаҳо кийимлар йилига эмас, ойига эмас, ҳафтасига янгиланаётгани билан иш тутмаймиз. Уч-тўрт жойда ишлаш туфайли минг азобда топган пулимизни ортиқча ҳою-ҳавасга, бировдан ортда қолмасликка, ном чиқаришга осонликча совуриб юборамиз. Ўғлини хорижга ишга жўнатаётган бир танишимдан сўрадим: «Турмушда қийналиб қолдингларми, фарзандларни уйлаб-жойлашга пул топилмаяптими ёки яқинларингиздан бирортаси қаттиқ беморми, даволатишга пул йўқдир-да!». Минг афсуски, аҳвол мен ўйлагандан анча яхши экан. «Фарзандларнинг бари уйли-жойли бўлиб кетган, нафақамиз эр-хотиннинг эҳтиёжига етиб турибди, майда-чуйда хасталикларни ҳисобга олмаса, Худога шукр, ҳамма соғ-саломат, фақат битта тузукроқ машина минай деган армон бор эди-да!». Ана сизга ўғлини оиласидан айириб, хорижга ишга юборишнинг энг кучли «далили!».
Минг таассуфлар бўлсинки, ўтмишда камбағали сабру қаноатда, бойлари саховат ва қўли очиқликда дунёга ибрат бўлган улуғ халқнинг бугунги ворислари қаноатни тобора унутиб бораётганга ўхшайди. Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз қаноат, сабр, тамкин борасида қанчалар улуғ ва устун бўлишганини кўрамиз.
Ривоятларда келтирилишича, бир куни Абу Зарр Ғифорий Салмон Форсийнинг меҳмони бўлди. Дастурхон ёзилди. Салмон Форсий бир кўзада сув, бир бўлак қотган нон келтириб қўйди. Абу Зарр сувдан ичди ва тузсиз, қотган нондан тотиниб: «Қандай яхши, мазали нон, фақат тузи камроққа ўхшайди», деди. Мезбон: «Рост айтасан», деди-да ўрнидан туриб, кўзани бозорга элтиб сотди ва пулига туз харид қилди. Икковлон нонга туз сепиб ейишди. Нонушта тугагач, Абу Зарр Ғифорий: «Бизга қаноат ато этган Аллоҳга шукрлар бўлсин», деб дуо қилди. «Албатта Аллоҳга шукрлар айтамиз. Лекин қаноатимиз янада кўпроқ бўлганида кўзани тузга алмаштирмаган бўлардик», деди Салмон Форсий.
Тасаввуф шайхларидан Ҳусайн Антокий ҳикоя қилади: «Бир куни кечқурун эранлардан ўттиз-қирқ киши суҳбатлашиб ўтирган эдик. Ўртада фақат биттагина нонимиз бор эди. Нонни майда бурдалаб дастурхонга қўйдик. Кейин ҳар ким тортинмасдан олиб ейиши учун чироқни ўчириб қўйдик. Орадан бирмунча вақт ўтгач, чироқни ёқдик. Қарасак, ҳамма оч бўлишига қарамай, ҳеч ким дастурхонга қўл узатмабди».
Қаноат тақвонинг бир қисмига тенглаштирилган. Ота-боболаримиз, улуғларимиз сабру қаноатда ҳамиша ибрат бўлишган, бошқаларни ҳам ана шунга чақиришган. Айтилганидек, «Нафс энг катта душмандир»; «Мол-дунёси кґп бґлган киши бой дейилмайди, балки µаіиіий бой нафси тґі бґлган кишидир». Нафсни ўлдириш, унинг айтганларига юрмаслик қаноатнинг зарур шартидир.
Кўпчилик ўз ризқини ўзлари асло кутмаган жойлардан, ақлга сиғмайдиган ҳолатларда бериб қўйилиши ҳақида унча бош қотирмайди. Аллоҳдан сўраб, эрта билан ризқ ахтариб кўчага чиқиб кетган одам албатта нимадир бирор егулик топиб келади. Бирор одамнинг ризқи тугамай вафот этганини, ёки аксинча ризқ келмай қолиб, очидан ўлганини ҳалигача ҳеч ким эшитмаган. Бу худди уйингизга уя солган қалдирғочлар эрта тонгда боласига емиш топиб келгани боши оққан томонга қараб учгани кабидир. Қалдирғочларга ҳеч ким «фалон жойда ҳашаротлар учиб юрибди, ёки писмадон жойга емиш яшириб қўйилган», деб йўл кўрсатмаган. Ҳатто ана шу ақлсиз махлуқлар ҳам ризқни Холиқ беришини яхши ҳис қилади.
Жобир бундай ҳикоя қилади: Қурайш карвонини тўсиш учун Абу Убайда бошчилигида бизни улар томонига юборишди. Йўлда ейиш учун бизга битта халтада хурмо берилди. Ундан бошқа нарса топилмади. Бошлиғимиз Абу Убайда бизга битта-биттадан хурмо берарди. Буни эшитиб турганлар: «Эй Жобир, ўша бир дона хурмони қандоқ қилиб ер эдинглар?» деб сўрашганида, Жобир: «Биз у хурмони худди ёш гўдак онаси кўкрагини эмгани каби шимиб, устидан сув ичардик. Ўшанинг ўзи бизга то кечгача етар эди. Бундан ташқари асоларимиз билан баргларни тўкиб, сувда ҳўллаб тановул қилар эдик», деди…
Абу Али ибн Сино: «Киши учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноатдир, энг зарарли ва нафратланарли нарса эса ҳирс ва ғазабдир, бошқаларда кўрганни қаттиқ истамаслик ҳам қаноат саналади», деган. Абу Туроб Нахшабий эса: «Қаноат ризқни Аллоҳдан олмоқдир», дейди.
Улуғ сўфий Бишр Хофийнинг мана бу гапларига бир диққат қилинг: «Қирқ йилдан буён кўнглим қовурилган гўштни истайди, аммо бир дирҳам ҳам пулим йўқ». Тасаввуф шайхларидан Умар Форуқ Сайдо ал-Жазарий дейдилар: «Инсон то ўлимига қадар шайтон ва нафс ҳужумидан омонда бўлолмайди…Агар биз мўмин бўлатуриб, нафсимизни жиловлай олмасак, демак ҳали биз комил мўмин ва комил иймон соҳиби эмасмиз. Комил иймонга эга бўлмаганим издан нафсоний орзу-ҳавасларни жиловлай олмаяпмиз».
Ҳаким Ҳотам Лифофийнинг бундай сўзлари бор: «Тўрт нарсани тўрт нарсадан талаб этдик ва бу йўлда хато қилдик: бойликни молдан талаб этдик, у қаноатда экан; роҳатни кўпликдан изладик, озликда экан; неъматни таом ва кийимдан қидирдик, у сатрда, яъни Аллоҳ ёпган айбларда ҳамда Исломда экан».
Берилган ризққа қаноат қилмаслик, фақирлик имтиҳонига сабр эта олмаслик, нафснинг фитналарига тушиб қолиш кишини минг алфозга солади. Ҳозирги даврда уйида етарли ризқи бўлатуриб, нафсига қул бўлиб, орзу-ҳавас кўйида ҳаёти тўкин ўтмаётганидан, бошқалар кийганни кия олмаётганидан, ўзгалар еганни ея олмаётганидан шикоят қилувчилар, зорланувчилар кўпайиб кетди. Бошқаларга тақлид қилиб, катта тўйлар қилиш учун никоҳни орқага сураётган, фарзандининг бахтига зомин бўлаётганлар ҳам йўқ эмас. Берилган ризққа қаноат қилмай, каттароқ пул топиш, бошқаларга ўхшаб «тўкинроқ яшаш» учун ҳали у касбнинг, ҳали бу ҳунарнинг бошини тутиб, ўзини ҳар томонга ураётганлар ҳам етарли. Катта мол-дунёга эга бўлиш учун қимор ўйнаётган, ҳаром йўллар билан пул топаётган, баданини сотиб фоҳишалик қилаётган, энг даҳшатлиси, ҳатто иймон-эътиқодини пул-бойлик эвазига ғайримуслимларга сотаётганлар ҳам бор. Куни ўтиб турганига қарамай, каттароқ бойликка эга бўлиш учун ризқ ахтариб ўзга юртларга, ҳатто ғайримуслим ўлкаларга сафар қилаётганлар ҳам тобора кўпайиб боряпти (ўша жойлардаги маҳаллий халқнинг бузуқ ақидаси таъсирига тушиб қолиш хавфи борлиги алоҳида мавзу).
Қаноатни йўқотган одам ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлиб қолади. У одамлар бирор нарса берармикан, деб тамаъ қила бошлайди. Бирор нарса илинжида бойлар эшигига серқатнов бўлиб қолади. Ҳар қандай хўрликларга учраса ҳам Аллоҳдан сўраш ўрнига бандасига ялинади. Қаноатсизлик бора-бора ҳатто одамлардан тиланишгача олиб боради. Тиланчиликнинг нақадар ёмонлиги ҳақида бундай дейилган: «Одамларнинг қўлидаги нарсадан умид қилманглар. Тамаъгирликдан сақланинглар, у нақд фақирликдир»; «Баланд қўл паст қўлдан яхшидир (яъни садақа қилувчи қўл тиланчи қўлдан яхшидир). Садақани қўл остингдагилардан бошла. Садақанинг энг яхшиси — кишининг ўзидан кейин бойлик қилиб қолдирган нарсасидир. Ким камсуҳум бўлса, Аллоҳ уни камсуҳум қилиб қўяди. Ким ўзини беҳожат қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди».
Қаноатни унутиб тиланчилик йўлини танлаганлар хусусида яна бир ривоят бор: «Тиланчини, гарчи у пешонаси қашқа ва тўрт илиги оқ (яъни энг ноёб ва қимматбаҳо) от миниб келган бўлса-да, бирор нарса бермай ортига қайтармангиз! Агар гадо тиланчилик қилиб ўзига қандай гуноҳ орттираётганини билганида эди, бировдан нарса сўрамаган бўлар эди. Агар сўралгувчи ҳам гадони қуруқ қайтарётгани учун ўзига қандай гуноҳ орттираётганини билганида эди, бирор нарсани қизғанмаган бўлур эди».
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар