1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Куёвга ишониб бўлмайди

Қодирхўжанинг остона ҳатлашга журъати етмади. “Нима дейман!” Яхшиси, онасига кўринмай далага кетавергани маъқул. Онасининг дарди янгиланмасин. Қодирхўжа машина эшигини очиб, ўтирмоқчи бўлди, лекин “яна ўчиб, эрталабдан таъбимни тирриқ қилмасин”,  дея далага пиёда боришни маъқул топди.
Эрта баҳордан бери ана тузатаман, мана тузатаман, деб ёзга ҳам етди.
— Ака!
Қодирхўжанинг эти жимирлаб кетди. Тезроқ йўлга тушмаганига ўзини койиди.
— Азонда Неъматжон сувчи келган экан, — синглиси Нурия унинг кўзларига қарамасликка ҳаракат қилиб гапира бошлади. — Мотор ишламай, йўл ёқасидаги картани суғоролмабди.
— Қаерда экан? — Қодирхўжа ҳам синглисининг кўзларига қаролмади.
— Картада бўламан, деб кетганди.
— Бўпти, мен ўшаққа кетаман. Бирор киши сўраб келса айтарсан.
— Хўп.
Қодирхўжа дарров ўгирилди-да, кўчага чиқиб кетди.
“Билармикин? — дарвозадаги эшикни ёпиши билан ўйга берилди Қодирхўжа. — Билади! Қишлоқда ҳамма гапиряпти-ку!”
Ўаммадан ҳам Неъматжон сувчи таажжубда қолди. Олдинлари Қодирхўжа ўлиб қолса ҳам дала кезиб, сув тараган эмас. Айниқса, этигини ечиб, анҳорни бўғиш учун Неъматжон билан шалоплаб сувга тушгани ҳаммасидан ҳам ошиб тушди.
— Чиқинг, ака, ўзим эплайман!
— Қўяверинг! Анави тошларни менга узатинг! Тезроқ! Нимага қараб турибсиз! Қани бўлинг!
Неъматжон “ҳа-я!” деб кичикроқ тошни узатди. Қодирхўжа уни енгиллик билан оёғи остига ташлагач, яна Неъматжонга юзланди. У бўлса шошиб, иккинчи тошга ёпишди.
Қодирхўжа Неъматжоннинг кетмонини, Неъматжон эса унинг бир жуфт этигини кўтариб, далага сув тарашди...
Вақт асрдан ўтганда Қодирхўжа Неъматжон сувчига рухсат берди. Ўзи эса яна далада қолди. Бу унинг зарарига бўлди. Эрталаб уйидан қандай кайфиятда чиққан бўлса яна ўша кайфиятга қайтди.
Қодирхўжа юзини кўкка қаратиб, бирорта ёмғир томчиси келиб урилишини кутди. Атай қилгандек томчилар ҳам унинг юзини тополмай ерга етарди.
“Айб ўзимда! — Қодирхўжанинг бўғзига нимадир тиқилиб, кўзларида ёш ҳалқаланди. — Онам минг карра ҳақ! Эру-хотиннинг ўртасига аҳмоқ аралашади!”
Унинг кўз олдида ўша машъум оқшом гавдаланди.
Нуриянинг бу қадар кеч йўқлашидан Қодирхўжа ҳайрон бўлди.
— Яхшимисан... — Қодирхўжа энди ҳол-аҳвол сўрашни бошлаганида синглисининг қизарган кўзларини пайқаб, жим бўлиб қолди.
— Нима бўлди?! Тинчликми?
Нурия росмана йиғлаб юборди.
— Нега индамайсан?
Нуриянинг кириб келганини билган Мастура опа дарров унинг истиқболига ошиқди. Одатдагидан анча кеч кириб келган Нуриянинг ташрифи унинг хавотирларини кучайтириб юборганди. Ўғлининг сўровидан сўнг йиғлаб юборган Нурияни кўриб, Мастура опанинг юраги тез ура кетди.
— Эрим... — дея олди Нурия зўрға.
Қодирхўжа тутоқиб кетди.
— Нима қилди ўша эринг!
Нурия жавобда ҳаяллади.
Нуриянинг қайтиб келиши сабабига барибир ойдинлик берилмади. Нуриянинг эри Ойбекнинг келавермагани ҳаммадан ҳам Қодирхўжанинг ғазабини қўзитди. Шайтони васвасага солиб, Ойбекнинг ёқасидан тутиб, шундоқ бир-икки силкитиб қўйишни жуда-жуда хоҳларди-ю, бундан кейин синглисининг турмуши изига тушиб кетса нима деган одам бўламан, деган истиҳола қўл-оёғини боғлади. У яна бари из-изига тушиб кетишига ишонарди. Чунки, орада икки фарзанд бор.
Бу орада бир ой ўтди. “Куёвбола”дан дарак бўлавермасди. Айниқса, кўча-кўйда Ойбек билан юзма-юз келиб қолганларида унинг ҳеч нарса бўлмагандай индамай ўтиб кетиши ҳаммасидан ҳам ошиб кетарди.
Бу орада Ойбекнинг онаси келиб, Нурияга қайтишини илтимос қилди. Орага Қодирхўжа қўшилди:
— Опа, менга қаранг, синглим билан яшайдиган сиз эмас, ўғлингиз. Агар ўғлингизга малол келмаса бир келиб кетса. Мен унинг дилидаги гапларини билмоқчиман. Синглимнинг келганига қанча бўлди. Ўғлингиз бирор марта бўлсин йўқлаб ҳам келмади. Нима, ҳатто болаларини ҳам кўришни истамайдими?
— Майли, мен ўғлимга айтаман, ўзи олиб кетар...
Аммо, Ойбек келмади. Орага одам қўйиб, “келса келди, бўлмаса орқасидан одам бормайди!” деган жавоб бериб юборди. Мана шуниси Қодирхўжага оғир ботди. Онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай Нуриянинг юкларини машинага босиб олиб келди. Бир кунмас бир кун Ойбекнинг ҳеч бўлмаса болалари ортидан бўлса-да, ялиниб келишига қаттиқ ишонарди. Шундан бери Нурия ота уйида яшамоқда эди.
Кеча эса Қодирхўжанинг қулоғига гап чалинди: “Ойбек уйланармиш!” Қодирхўжа ўзини йўқотиб қўйди. У Ойбекнинг бундай қилишига ишонмасди. Аммо, куёвининг олдига бориб, “менинг синглим нима бўлади, куёвбола?!” дейишга ғурури йўл қўймади. “Майли, қани кўрайликчи!” дея арқонни узун ташлади. Ташланган арқон охир-оқибат ўзининг тилини боғлади. Келаётган шанбага Ойбекнинг тўйи белгиланганди.
Кеч кира бошлади. Қодирхўжа буғдойзорда мақсадсиз кезиб юрар, ора-сира қишлоқ томонга эътиборини берарди. “Ёр-ёр” эшитилмаганидан “Худога шукр!”, деб қўярди.
Қодирхўжа шийпон томон юра бошлаганида карнайлар тилга кирди. Кейин сурнай чалиниб, ҳофиз “ёр-ёр”ни бошлаб юборди.
Қодирхўжа карахт бўлиб қолди.

МАҚСУД

Ҳозир сайтимизда 208 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ