Сайт бўлимлари
Келиннинг сепи ва уй анжомларини ким қилиши керак?
- Подробности
- Бўлим: Оилам
- Чиққан санаси: 12 Сентябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ислом шариати уламолари келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканлигига иттифоқ қилганлар. Куёв келин тушадиган уйни икковлари яшашларига мувофиқ ва лойиқ равишда жиҳозлаши шарт. Ундаги кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, гиламлар – барча нарсалар куёв томонидан олиб берилган келиннинг мулки ҳисобланади. Куёв улардан ўз мулки сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.
«Ҳанафий мазҳабида уй жиҳозларини тайёрлаш худди аёлга нафақа ва кийим бериш каби эрга вожибдир. «Маҳр» деб берилган нарсанинг сепга ҳеч алоқаси йўқ. Чунки, маҳр сеп ва жиҳоз сотиб олиш учун эмас, келиндан ҳузурланиш муқобилига бериладиган нарса», деб таъкидланади диний манбаларда.
Шунингдек, куёв маҳр учун келинга ўн миллион сўм берсаю, келин озгина сеп билан эр уйига келса, бу ўринда куёвнинг, «сен озгина сеп билан келдинг» дея маломат қилишга ҳам ҳаққи йўқ! Жумладан, келин ота уйидан келинлик уйига сеп сифатида олиб борган нарсаларда куёвнинг ҳаққи бўлмайди. Аксинча, келинга уй-жой, кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, кийим-бош қилиш, ҳамда уни боқиш куёвнинг зиммасидаги вазифа ҳисобланади. Аммо ҳозирга келиб сеп йиғиш, сарпо қилиш
Никоҳнинг асосий мақсади
бўлиб қолди. Таассуфки, оилада қиз туғилса, унинг тарбияси, илм олиши, саломатлиги, маънавий дунёсининг бойитишга хизмат қиладиган асосий важлар борасида ўйлашдан кўра, бола бояқишни едирмай, ичирмай, кийинтирмай сеп йиғишга тушилади. Токи балоғатга етиб, узатиладаган бўлгунига қадар шу ҳол давом эттирилади. Вақт-соати етиб, совчи келиб, қизнинг қачон, кимга узатилиши аниқ бўлгач, ана энди
Мебел можаросига навбат!
- Бир пайтлари биз билан бир мактабда ишлаган аёл қизини узатди,- дейди бир ўқитувчи танишим.- Тўйга бориб, оғзимиз ланг очилиб қолди. Келинга қилинган сарполарнинг ҳаммаси хорижники эди. Куёвга ҳам номи машҳур савдо марказидан кийим-бош қилишибди. Дастурхондаги ноз-неъматларни асти қўверинг. Ҳаммасини аёлнинг ўзи қилганмиш. Қизининг ҳам ёши ўтиб қолганроқ, экан. Ўзи мактабда ўқитувчилик қилар, эри ҳам топиши ҳаминқадарроқ эди. Қизларининг сарпо-суруғи тузукроқ бўлмагани учун, совчи йўламай юрган экан. Тўрт йил хорижда ишлаб келиб сарпосини ҳам тахт қилибди, мебелларнинг ҳам нақ итальянсикийсидан олган экан, кўп ўтмай қизининг бахти очилиб кетибди. Мени ҳам тўртта узатиладиган қизим бор. Қўлимиз калталигиданми, катта қизим йигирма олтига, кичкинаси ўн еттига тўлибди ҳамки, эшигимиздан совчи сўроқлаб келмайди. Айтишларича, совчилар ҳам одамларнинг уй-жойига, туриш-турмушига қараб ўша одамнинг қизини сўраб келишаркан. Мен ҳам хорижга бориб бир-икки йил ишлаб келсаммикан, деб турибман. Қизларим кабағаллигимиз туфайли қариқиз бўлиб ўтириб қоладими?!..
Мактабда ўқитувчилик қилаётган, келажак авлодга таълим бераётган ўқитувчи аёлнинг бир даврадаги «оташин нутқи»дан парчани айрим маънавиятли, маърифатли муштарийларнинг тепа сочи тикка бўлиши эвазига келтирганим учун узр сўрайман. Қизини тумушга бериш учун унга аёллик, бекалик, оналик илмидан сабоқлар бериш, ҳаётий тажрибалари мисолида сабр-қаноатли, саранжом-саришталикни ўргатиш ўрнига, қимматбаҳо мебелу, хорижий чойшаблардан сеп қилиш учун қизларини ўз ихтиёрига ташлаб, хорижий давлатга ишлагани кетмоқчи бўлган онанинг дунёқарашидан келиб чиқиб, қизларининг маънавий дунёси нечоғли эканига баҳо бераверинг! Бироқ, шу ўринда ўғил уйлантириш тадоригидаги «Ўзбек ойим»ларнинг тутуми ҳам киши таъбини хира қилиши ҳақида тўхталмаслик инсофдан эмас, бизнингча. Мебел ясовчи усталардан бири антиқа бир ҳикояни сўзлаган эди, ишониш-ишонмасликни ҳам билмай ғалати ҳолга тушдик. Хуллас, қиз узатадиган хонадонлардан бири мебел дўконидан ўзларига маъқулини танлаб, икки-уч уста билан бўлажак куёвникига жўнатишади. Усталар мебелни ўрнатишга киришган пайт хонага виқор билан бўлажак келинчакка қайнона бўлишдек маратабага эришиш остонасида турган хоним кириб келадилар ва қошларини чимирган куйи ўз иши билан машғул усталардан, мебелнинг қайси хорижий давлатники (!) эканини сўрайдилар. Усталар, маҳсулотимиз қайнона жаноби олияларига хуш ёқди, чиройли ва сифатли эканидан, чет элда ишлаб чиқарилган бўлса керак, деган хаёлга бордилар чоғи, деб, оғзи қулоғига етиб мебел ўзимизники, шундоқ Тошкентдаги маҳаллалардан бирида ишлаб чиқарилаётганини гапиришган экан, ҳалиги хонимнинг юз-кўзидан қаҳр-ғазаб ёмғири дўлдай ёғилибди:
— Йиғиштир мебел-пебелингни! Яна оғзингни тўлдириб, ўзимизники, дейсан! Менинг ўғлим ўзингни мебелингга лойиқ бўлдими энди! Керак эмас менга бу чўпларинг, тўхтат ишингни!- Усталар бу тахлит «беодоб»лигидан изза чекиб, ашқол-дашқолини йиғиштиришга тушишса, жаноби олиялари телефонда териб кимларгадир чунонам бақирибдилар, чунонам бақирибдиларки, у дод-войларнинг охири, икки ёшнинг тўйи тўхтатилиши билан интиҳо топибди.
Ўйлаган саринг, ғаши келади кишининг, нима хорижий давлатда ишлаб чиқарилган мебел келин-куёвга ишлаб нон топиб келадими?! Ё фақат хорижий мебелда ётганларгина бахтли бўларканми?! Ўзи шу сарпога мебел қилиш керак, деган ақида қаердан пайдо бўлган?! Бизнинг ота-бобомиз, ўн- ўн бешта болани туғиб, тарбиялаб, роҳатини кўрган момоларимиз итальянский мебелларда ётишмаган-ку! Ҳатто у пайтлари уйлар пол ҳам қилинмаган, ерга кигиз (намат) тўшамалар тўшалган, холос. Ўз қўллари билан қавилган кўрпа-кўрпачаларда ётаверишган, ҳеч кимга нолимай, ношукрлик қилмай. Ўша оддий уйларда, чит-сатин кўрпа-кўрпачаларда миллатимизнинг буюк даҳоларини дунёга келтириб, улғайтирган момоларимиз олдида биз ким бўлибмиз?!
Айрим қизларнинг ҳам ота-онасига, “унақа мебелдан олиб берасиз, бунақа сарполардан қиласиз”, деб шарт қўйиши ҳақида тез-тез эшитиб қоламиз. Ундайларни фарзанд деб аташга тилимиз бормайди, тўғриси. Авваломбор, боласининг қалбига меҳр, муҳаббат уруғини қадаёлмаган, унга моддиюндан кўра маънавият кўпроқ ҳаётда асқотишини ўргатолмаган ота-онанинг ўзи айбдор, албатта. Аммо ота-онасидан сеп талаб қилаётган қизнинг юз-кўзидан ҳаё, андиша ва тавозеъ йўқолгани - миллатнинг фожиаси. Зеро, бугунги қиз – эртанги келин, бека ва албатта она! Унинг дунёқарашидаги бу тахлит “замонавий юксалиш” эртага жамиятда мол-дунёга ўч, латтапараст болаларининг кўпайиши демакдир.
Таҳририятга онахон муштарийларимиздан бири қўнғироқ қилиб, изтироб билан шундай дедилар:
- Мен боламга куяман, болам боласига куяди, деган гап бежизга эмас экан. Шу кунларда қизимнинг юриш-туришида, еб-ичишида ҳаловат йўқ. Яқинда қиз узатганд. Қизи тушмагур ҳам “қайнонам гапиради, менга таъна-дашномнинг кераги йўқ”, деб роса қиммат сарполардан, идиш-товоқ, чет эл мебелларидан қилдирганди. Яна чарлару, жой йиғарларни ҳам роса дабдаба билан қилганди. Никоҳ тўйида ҳам анчагина чиқимдор бўлишганди. Хуллас, қизим билан эрининг боши қотган. Тўй бошладик, қиз узатяпмиз деб охирини ўйламай қарз олаверишибди, олаверишибди, энди қарз берганлар остона турумини бузияшпти. Эр-хотин бир-бирини юмдалашишдан бери келишмаяпти. Қизимга қараб юрагим эзилиб кетяпти. Наҳотки, қизи онасининг шу қийинчиликлари эвазига келган мебелу сарполарда мазза қилиб ўтирган бўлса?! Фарзанд дегани ҳам ота-онага шунча зулм қиладими? Одамлар ўз боласига кучи етмайдиган бўлиб қолди...
Дарҳақиқат, бундай оғриқли ҳолатларга кўп марталаб гувоҳ бўлганмиз. Бўй етган қизлар уялмай-нетмай отаси ё онасини сепга пул йиғиш учун хорижга ишлагани кетишга мажбурлашаётгани ҳақида ҳам эшитиб қоламиз. Фарзандларимизнинг бу тахлит юзсизлигини қиандай изоҳлашни ҳам билмай, ҳайрон қолади киши...
Оилани бузган парда
Бир бойликпараст она қизимни орзу-ҳавас билан узатаман, деб чет элдан мол опкелиб сотадиган савдогарлардан қарзга нарса босиб қўяверибди. Туркиядан пардалар, Дубайдан чойшаблар, Италиядан мебел, Япониядан маиший техника ваҳоказо ваҳоказолар... Хуллас, кўпчилиги қарзга олинган экан. Тўйдан кейин парда сотган аёл кунда кунора қарзга сарпо қилиб қиз узатган онанинг уйига бораверибди, бораверибди. Охири пулини ундиролмаслигига кўзи етиб, тўполон кўтариб янги келинлик уйга борибди. “Қудангиз қарзга парда олганди, пулини қайтармаяпти, мен пардаларимни олиб кетаман”, деб жанжал кўтарибди. Хулласи калом, қаердаги бир пардани деб ўша қизнинг оиласи бузилиб кетди. Бундан мол-дунёга ўч она заррача бўлсин афсусланмади. Қайтанга қизини эллик-олтмиш ёшлардаги ҳатто ўзидан ҳам ҳам бир неча ўн ёш катта бой-бадавлат кишига иккинчи хотинликка берди. Ана шунақа, орамизда шундай оналар ҳам бор.
Арзоннинг қадри йўқ!
- дейдилар. Айрим вилоятларимизда никоҳ тўйининг аксарият оғирлиги қиз томонга тушиши ҳатто латифага ҳам айланиб кетган. Юртимизнинг айрим ҳудудларида никоҳ тўйи базмини қиз томон қилса, келинчак юк машиналарини тўлдириб сеп билан борса, ота-онаси қирқ кун куёв томонни боқса, камига бояқишлар, ҳайит яқин, байрам яқин, деб юрак ҳовучлаб шодиёналарни хушламай қаршиласа... Хуллас, бу мавзу анчайин мулоҳазаталаб муаммога ўхшаяпти.
Бир пайтлари оила кўрган эркакка бўй қизларни узатиш айб, ор эди. Ҳозир ўнта хотин қўйган ҳам ўн саккиз яшар қизга тап тортмай совчи қўяяпти ва ҳеч қандай қаршиликсиз қиз болага уйланяпти. Ва ўша хотин қўйган эркакка турмушга чиқаётган қиз ҳам сарпо-суруқни ҳеч кимдан кам қилмай олиб боряпти. Куёв боланинг, қуда томоннинг қизга сариқ чақаси ҳам куймаганидан кейин, келин бояқишда қанақа қадр-қиймат, қанақа ҳурмат-эътибор бўлсин?! Кейин унга қарата “Сен бўлмасанг, бошқаси!” деган қўшиқ куйланади-да, тўғрими?
Марҳамат, муҳтарама қайнонажонлар, агар мулоҳазаларимиз сизда эътироз уйғотган бўлса, сиз ҳам фикрларингизни билдиришингиз мумкин.
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 199 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар