Сайт бўлимлари
Эркакларга нима бўляпти, ўзи?!..
- Подробности
- Бўлим: Оилам
- Чиққан санаси: 02 Октябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Кейинги пайтларда хотинининг ҳисобига тирикчилик қиладиган эркаклар ҳақида эшитганимизда ажабланмайдиган бўлдик. Ҳатто эркакларнинг ўзи ҳам жинсдошларининг бу тахлит ишларини бемалол “тўғри” тушунишади. Шунинг учун ҳам айримларга бугунги мулоҳазаларимиз эски гап бўлиб кўринса, ажабланмаймиз. Ўзи анчадан бери эркаклар орасида урфга кирган бу антиқа одат ҳақида мулоҳаза юритиш ниятида эдим, бир ҳолат сабаб бўлиб, бугун айни мавридида чўққа темир босишга қарор қилдим.
Таҳририятимизга ҳаёт йўлларида кўп қоқилиб, суртиниб, машаққатлар чеккан, қийинчиликларни сабр-бардош, матонат ва босиқлик билан енгиб ўтиб, ҳаёти изига тушган, айни чоғда ҳаётидан мамнун мухлисамизнинг мактубини эълон қилгандик. Турмушнинг аччиқ заҳридан зада бўлган аёлларга бироз бўлса-да таскин, ибрат бўлар деган мақсадда мухлисамизнинг мактубларини газетага чоп этиб, замонамиз “Жорж Дюура”(Ги де Мопассаннинг “Азизим” романи қаҳрамон)ларининг дастидан тинчимиз бузилса-да! Таҳририят телефонида тил-забон бўлганида, шу мактубни нашрга тайёрлаган ижодий ходимимиздан роса ёзғирарди. Жаноб эркакларимиз ҳеч уялмай, ҳеч тортинмай ва ҳеч тап тортмай мактуб эгаси – меҳнат ва матонат билан жамиятда мавқеини мустаҳкамлаган аёлга уйланиш ниятида эканликларини айтишдан ор қилмадилар! Такрор ва такрор қайтарилган қўнғироқларга “мактуб эгаси турмушга чиқишни истамас экан” деб жавоб бергандик, айрим бетини сидириб ортига ташлаган эркаклар “уй-жойи тайин, яхши пул топадиган, муҳтожлиги бўлмаган аёл бўлса уйланмоқчи эдим” деган шармандали истакларини қистириб ўтишдан ҳам уялишмади. Бу ҳолатдан кулишни ҳам куйишни ҳам билмайди киши. Бир мулоҳазамизда “Аёлда ҳам, эркакда ҳам ҳаё бўлсин. Ҳаё ҳаммада, ҳар нарсада бўлиши шарт. Эркакда ор бўлмаса, аёлдан қандай ибо истайди?”деган мулоҳазаларни айтган эдик. Аёлнинг мол-дунёси, ҳаётда тутган мавқеъ сабабидан унга яқинлашмоқчи бўлган, тўғрироғи, аёл кишидан фойдаланмоқчи бўлган эркакларни қандай аташни, уларга луғатимиздаги қандай салбий ўхшатма билан нисбат беришни билмадим, тўғриси.
Тўкин ҳаёт илинжида бойларнинг қизига ёки пул топадиган аёлларга ўралашаётганлар ҳақида гап кетса, эркакларга ёқмайди. Кўп ҳолларда эркак танишларни айни муаммо муҳокамасига тортганимда “Ким шунақа экан? Ҳамма ўзи учун жавоб берсин. Масалан, мен бунақа эркакларни кўрмаганман” деган тўнг жавобга рўпара келганман. Қизиқ, биз аёл қавмига мансуб бўла туриб, тоифадошларимизнинг салбий хислатларини, феъл-атворларидаги иллатларни кўрамиз ва уларни таҳлил қиламиз. Нега муҳтарам эркакларимиз атрофларига разм солиб, ўзлари билан қандай воқеалар юз бераётганига эътибор бермайдилар экан?..
- Ўзимдан бир неча ёш кичик йигит турмуш қуриш таклифи билан мурожаат этди,- дейди Гулҳаё исмли қиз.- Ундан бир неча ёш катта бўлишимга қарамай нима сабабдан менга уйланмоқчи бўлаётганини сўрасам, бамайлихотир “Сиз ўқимишли қизсиз, яхши жойда ишлайсиз. Сиз билан оила қурсак, оиламиз моддий томондан бадастир бўлади. Яхши пул топасиз, шунинг учун ҳам ота-онам сизга уйланишимга рози бўлишади” деб жавоб қилди. Тўғриси, бунақа таклифларни кўп эшитганим учунми, бу галгиси ҳам мени ажаблантирмади. Ҳартугул, қайнотасининг бойлиги, қизига қўшиб совға қилмоқчи бўлган авто машинаси ва айрим ҳолларда келин-куёвга қиз томондан “ҳадя” қилинадиган квартирага ошиқу беқарор йигитларнинг уйланиш тактикасидан кўра, менга оғиз солган йигитнинг “иш услуби” тўғрироқ. Ҳозирги йигитлардан бундан баттарларини ҳам кутса бўлади...
Эркаклар, йигитларни бу тахлит ориятсизлигидан кўнгилга оғриқ инади. Ахир,
Ориятнинг ўлгани – йигитнинг ўлгани!
“Севган” қизидан қўл телефонига пул ўтказиб қўйишини сўрайдиган, уйланаётган қизига тўйнинг харажатларига отасидан қарашиб юборишни талаб қиладиган, бўлажак келинчагига сарпо-суруқ, сеп-сидирғага нималар олиб келишини шаъма қиладиган йигитлар олдида, уй-жойи тайин, мол-дунёси бор, умуман ҳаётда ўз ўрнини топган аёлга уйланиш орзусини ошкор тан олиш нима бўпти, тўғрими?!..
- Ҳозирги замонда бир кишига рўзғор тортиш қийинлик қилади,- дейди яна бир қиз бу хусусда мулоҳазаларини билдирар экан.- Яхшики, йигитларнинг дунёқараши ўзгариб, берсанг ейман, урсанг ўламан деб ойнадан бери келмайдиган қизларни эмас, ўқимишли, пул топадиган, рўзғорга қарашадиган қизга уйланишни афзал билишяпти. Тан олиш керак, бахтли турмуш қуришнинг асосларидан бир бу шаксиз- моддий фарвонлик. Ҳаётда ҳар қандай ҳолат бўлади. Гарчи эркак яхши пул топса ҳам, аёл кишининг касб-ҳунарли, пул топишни эплайдиган бўлгани яхши. Биринчидан, ўзи қийналиб пул топадиган одам бошқаларнинг ҳам меҳнатини ҳам қадрлайди. Йигитлар ҳаётда ўрнини топган қизларга уйланишни кўзлаганини тўғри қабул қиламан. Балки, шу сабаб билан ҳам ота-оналар қизини ўқитиб, касб- ҳунар ўрганганидан кейин узатадиган бўлишар...
Ҳамманинг ўз фикри, ўз мулоҳазаси бор. Қайсидир маънода бу қизнинг ҳам мулоҳазаларида ҳақиқат бор. Аммо эркакларнинг “пул топадиган, уй-жойи бор, моддий жиҳатдан эҳтиёжи бўлмаган аёлга уйланаман” деб эълон беришлари, даврий нашрларга айни таклиф билан мурожаат этишлари қайси қуюшқонга сиғади?..
Бир куни ишдан қайтаётиб, подъездимиз олдида жанжаллашаётган икки аёл, икки эркакка кўзим тушди. Аёлларнинг бирини танидим. Қўшни подъездда яшайди. Икки ўғли бор. Савдо важидан хорижга қатнайди. Қўшни
аёллар, қишлоқдан пойтахтга мардикорчилик учун келган бўйдоқ йигитнинг шу аёлга ишқи тушиб, ўзидан бир неча ёш катта, икки болали бевага уйланганини гапиришарди. Афтидан, ҳалиги аёл ва эркак йигитнинг ота-онаси эди-ёв. Тортишув анчагача давом этди. Бу воқеадан кейин йигит уй атрофида кўринмади. Бироз муддат ўтиб эса, тағин пайдо бўлди. Текин ош-овқат, тайёр уй-жой, ҳашамдор ҳаёт, автомашина... Бунақанги турмушдан қандай қилиб воз кечиш мумкин?!
Бугунги мулоҳазаларимиз кимларнингдир энсасини қотирган ё кулгисини қистатган бўлса, ҳеч ажабланмаймиз. Муаллиф нуқтаи назари билан сизнинг қарашларингиз мутаносиб келмаслиги табиий ҳол. Ҳамманинг ўзига, дунёқараши ва маънавий оламига яраша мулоҳазалари бўлади. Шу сабабли айни мавзу хусусда бошқаларнинг ҳам фикрини билиш ниятида нуқта қўйиб турамиз.
БАҲОР
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 208 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар