1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Келиннинг сепи ва уй анжомлари

 

Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканлигига иттифоқ қилганлар. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшашлари учун мувофиқ ва лойиқ равишда жиҳозлаши шарт. Ундаги кўрпа-тўшак, қозон-товоқ, гиламлар – барча нарсалар куёв томонидан олиб берилган келиннинг мулки ҳисобланади. Куёв улардан ўз мулки сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.
– Ҳанафий мазҳабида уй жиҳозларини тайёрлаш худди аёлга нафақа ва кийим бериш каби эрга вожибдир.
– «Маҳр» деб берилган нарсанинг сепга ҳеч алоқаси йўқ. Чунки, маҳр сеп ва жиҳоз сотиб олиш учун эмас, келиндан ҳузурланиш муқобилига бериладиган нарса.
Бир одам маҳрга минг динор берди. Одатда, бунчалик кўп маҳр олган келин кўп сеп билан келар эди. Аммо бу келин оз сеп билан келди. Шундай ҳолатда эр: «Сен кўп жиҳоз билан келишинг керак эди», дейишга ҳаққи йўқ.
– Келин ўзи билан олиб келган сепига ўзи эга ҳисобланади. Эрнинг у нарсаларда ҳаққи йўқ.
– Агар эр маҳрдан ташқари, жиҳоз олишга алоҳида пул берган бўлса, келин ҳеч нарса олмай келса, эр талаб қилиши мумкин. Аммо маълум муддат индамай юрса, рози бўлган ҳисобланади ва кейин талаб қилишга ҳаққи қолмайди.
– Агар ота, урф-одатга биноан, қизига сеп олиб берган бўлса, кейин уни қайтариб олишга ҳаққи йўқ. Ота вафот этгандан кейин бошқа меросхўрлар ҳам ололмайдилар.
– Ота қизи кичкиналик пайтида унга сеп бўладиган нарсани сотиб олиб берган бўлса, кейинчалик орада низо чиқиб, ота: «Омонатга берган эдим», деса, қиз эса: «Сепга берилган эди», деса, ҳужжат-далиллари бўлмаса, қизнинг гапи ўтади. Агар қиз вафот этганидан кейин низо чиқса, унинг эрининг гапи ўтади.
– Агар она уйдаги нарсалардан баъзисини отадан сўрамай қизига берса, ота индамаса, у нарсалар қизга сеп бўлади, қайтариб олиш мумкин эмас.
– Агар куёв қизнинг валийларига тўйни тезлаштириш учун бирор нарса берса, кейинчалик: «Ўша нарсани қайтариб беринглар», дейишга ҳаққи бор. Чунки у нарса ришва – пора ҳисобланади.
Агар келинга ота-онаси сеп ва уй жиҳозлари тайёрлаб беришни истасалар, бу уларнинг муруввати ҳисобланади, мажбурияти эмас.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чойшаб, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз – сеп қилиб бердилар».
Насаий ривоят қилган.
Оламларнинг саййиди бўлмиш зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз жигаргўшалари, аҳли жаннат аёлларнинг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога қилиб берган сеплари қанчалик камтарона, қанчалик содда.
Бу ҳолатни билгандан кейин бугунги кунга бир назар солайлик. Бошқаларни қўйиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларга кўз ташлайлик.
Қиз бола туғилганидан бошлаб емай-ичмай, едирмай-ичирмай сеп тўплаб, бўлган-бўлмаган нарсани йиғиб, жамлаб юрадиганларга нима дейиш мумкин?
Сеп масаласини никоҳнинг асосий ва марказий масаласига айлантирувчиларга нима деймиз?
Келиннинг эпига эмас, сепига қарайдиган қудаларга нима деймиз?
Сеп туфайли келиб чиқаётган уриш-жанжалларга-чи?
Нима ҳам дер эдик. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг, оталар!» – деймиз.
«Фотимаи Заҳродан ўрнак олинг, қизлар!» – деймиз.
«Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олинг, куёвлар!» – деймиз.
Сеп масаласида оилавий келишмовчиликлар кўп чиқишини кўзда тутиб, уламоларимиз бу масалани батафсил ёритиб берганлар.
Энди бу масалада бугун юз бераётган машмашаларга бир назар ташлайлик, инсоф билан мулоҳаза қилайлик.
Бугунги кунда бу масалада ишлар шариат кўрсатмаларига тамоман тескари. Келинга сеп тайёрлаш ҳамда ёш келин-куёвга аталган уйни (нечта хона бўлса ҳам) жиҳозлаш келин тарафга ҳам «фарз», ҳам «вожиб» қилинган. Агар келин тараф бу масалада бироз бепарволик қилса, бу дунёда куёв тарафнинг лаънатига учрайди, бечора келин улар «тайёрлаб қўйган дўзах»ига тушади. Бунга ҳамма кўникиб ҳам қолган. Биров бу аянчли ҳолатга қарши бирор оғиз гапиришга ҳам журъат қила олмайди.
Имом домалаларимиздан бирларининг айтишларича, бир оилага келиннинг сепи ва тайёрланган жиҳозлари келтирилган. Қуда хола нарсаларни синчиклаб тафтиш қилган. Тафтиш натижасида бир чойшабнинг Тошкентда тайёрланганлиги, «импортний» эмаслиги аён бўлган. Қуда хола буни ўз оиласи ва ўғлининг шаънига «ор» деб билган ва қиз тарафга қарши аёвсиз уруш очган. «Мани болам Тошкентда тайёрланган чойшабда ётадиган бўлдими?!» – деб айюҳаннос солган. Бу жанжал авж олиб, икки тараф тўйни бекор қилиб, ажралиб кетганлар. Бундан воқиф бўлган имом домла минбардан туриб: «Хотини олиб келган чойшабда ётишни ўзига эп кўрган эркаклар орқамдан намоз ўқимасин!» деб ваъз қилишга мажбур бўлган.
Бунга нима дейиш мумкин?! Бу каби номаъқулчиликларни қаердан ўрганишди одамлар?! Наҳотки келин олаётган она уйни жиҳозлаш ўз оиласининг бурчи эканлигини тан олиш ўрнига, қуда тарафнинг бир чойшаби ўз ватанининг пойтахтида чиққанлигини айб қилиб, қудалар билан ажрашиб кетса?! Ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар боласига бахт келтира олмасмикан?! Ўзганики боласини бахтли қилиб қўярмикан?!
Инсоф қилиш керак! Ор-номусли бўлиш керак! Оиланинг обрўси келин келтирадиган чойшабда эмаслигини англайдиган бўлиш керак!
Фарғонада туғилиб, ўсиб, Москвага турмушга чиққан татар миллатига мансуб аёл ўша тарафда умумий хожатхонада фаррошлик қилаётган аёлларимиздан бирини кўриб, унга ачиниб, нима учун бу ҳолга тушиб қолганини сўрабди. Жавоб ҳар қандай одамни ларзага соладиган даражада бўлибди. «Қизимни турмушга узатишимиз керак. Мебел ва бошқа керак нарсаларни олгани пулимиз йўқлигидан бегона юртларда шу ҳолга тушиб юрибман», – дебди аёл.
Ўша аёлнинг бу ҳолга тушишига сабаб бўлган бош айби қиз туғиб, қиз боққанидир. Агар онасининг бундай ҳолга тушишига сабаб бўлган ўша фарзанд қиз эмас, ўғил бўлганида онаси келин тарафдан «импортний» мебел ва чойшаб талаб қилган ҳолда уйида гердайиб ўтирган бўлар эди. Агар имконини топса, келин тарафдан ўғлига «маҳр» ҳам талаб қилган бўларди.
Мебел савдоси билан шуғулланадиган усталардан ажабтовур қиссани эшитинг: «Қиз чиқараётган оилалардан бири мебел сотиб олди ва уни ўрнатадиган жойимизни айтди. Айтилган ерга бориб, ишни бошлаётган эдик, қуда хола кириб қолдилар. «Жаноби олиялари» виқор билан биздан мебел қаерники эканлигини сўрадилар. Биз ўзимизники эканлигини айтдик. «Тезда ашқол-дашқолингни йиғиштир! Кўтар ўзингнинг мебелингни!» деган фармони олий бўлди».
Баъзи бир «илғор» вилоятларда куёв тараф келинлик уйини жиҳозлаш учун «уй бўшатиш»ни қойиллатиб бўлишибди. «Уй бўшатиш» – куёв тарафнинг келин тараф тўлдириши учун бир неча хоналарни шип-шийдам қилиб қўйишидир. Баъзи ҳолатларда қуда хола қизиқиб кетиб, ўзи яшайдиган хонани ҳам бўшатиб қўйиши мумкин. Келин тараф ўша «бўшатилган» уйларни тўлдирмаса, энасини кўради!
Улар келин тарафни талон-тарож қилишнинг барча услубларини ўзлаштириб, тўйни, уй анжомларини, ҳатто куёвга ички кийим, дастрўмолгача «импортний» бўлиши кераклигини келин тарафнинг бўйнига осиб бўлишибди. Агар келин тараф қўлга сув қуядиган офтобани эсдан чиқарса ҳам, балога қоладиган бўлибди.
Кейин келин тарафдан яна нима талаб қилиш мумкинлиги ҳақида бутун зеҳну заковатларини, ақлу фаросатларини ишга солиб, ўйлай бошлашибди. Қарашса, келиннинг ўзи билан олиб келган, уйларни тўлдириб юборган нарсалар, сарполар қоринни тўйғазмас экан. Нима, куёв тараф келиннинг уй жиҳозларига, асбоб-анжомларига, қилган сарполарига тикилиб, оч ўтириши керакми?! Бу ҳолатга асло чидаб бўлмайди! «Келин тараф куёв тарафнинг қорнини тўйғазиши фарз!» – дейишибди. Шундай қилиб, келин тарафнинг тўйдан кейин қирқ кунгача куёв тарафни уч маҳал озиқ-овқат билан таъминлаши фарзу вожибга айланибди.
Келин бўлгандан кейин, куёвни ва унинг оила аъзоларини боқиши керак-да! Шуни қила олмайдиган келин келинми?! Келиннинг ота-онаси ҳам ўйлаб қўйсин-да! Куёвни, унинг ота-онаси, хеш-ақрабосини қирқ кун уч маҳалдан боқа олмаса, қиз туғиб нима қилади?!
Камина ходимингиз ушбу масалада бир тўйда гапирганимдан кейин танишлардан бири олдимга келиб, ташаккур айтди ва: «Қизимни чиқарганимда қарз бўлиб қолдим. Бунинг устига, қуданикига тўрт ой овқат ташиганимдан сўнг ҳисоб-китоб қилсам, яна олти юз минг сўм кетибди», – деди. «Шуни қилмасангиз бўлмайдими?» – десам, «Унда балога қоламиз. Қуда тараф: «Мен қариндошлар, маҳалла-кўй орасида нима деган одам бўламан, ҳамма, Фалончининг келининикидан нима келар экан деб, қараб турибди», деб қизимга кун беришмайди-да», – деди маъюс бўлиб.
Қандай кунга қолдик ўзи! Шариатимизда келинни боқиш куёвга вожиб бўлса-ю, одамларимиз унинг мутлақо тескарисини қилиб, келиндан куёвни ва унинг оиласини боқишни талаб қилиб турсалар!
Бунинг оқибати нима бўларкин? Шариатга хилоф ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ. Бунинг баъзи аломатлари ҳам кўриниб қолганга ўхшайди…
Куни кеча бир мажлисда шу мавзуда суҳбат бўлган эди, кўпчилик бундай ҳолатни танқид қилиб гапирди. Ҳар ким ўзи билган, кўрган ва эшитган нарсалар билан ҳам ўртоқлашди. Шунда имом домлаларимиздан бирлари қуйидаги гапларни айтдилар. У киши мебел савдоси бўйича иш юритадиган киши билан суҳбатлашган эканлар. У одам ачиниш билан қуйидагиларни айтибди:
«Одамларда уят қолмади. Келин тарафдан талаб қилинадиган нарсалар тобора кўпайиб бормоқда. Аввалига мебел талаб қилишди. Кейин мебел чет элники бўлишини талаб қилишга ўтишди. Чет элники бўлмаса, қайтариб юборадиган бўлишди. Сўнгра, чет элники бўлса ҳам, модадан қолганини қайтарадиган бўлишди. Энди эса, куёв тараф ўзи келиб, уялмасдан, бизнинг олдимизда келин тарафга: «Ана ўшанисини олинглар, мана бунисини қўйинглар», деб кўрсатиб берадиган бўлишди. Энг ачинарлиси, ўнта мебелни сотган бўлсак, бир муддатдан сўнг, оилалар бузилганлиги учун, улардан саккизтасини ўзимиз ўрнатган ердан қайтариб олиб келиб, яна савдога қўймоқдамиз».
Менга қолса, бу гапларга, айниқса, оилалар бузилаётганлиги ҳақидаги гапга мутлақо ишонмас эдим. Аммо, афсуски, бу гап, қисман бўлса ҳам, ростга ўхшайди. Ҳозир аввалгидан кўра оила бузилиши кўпайганлиги ҳақида бошқа маълумотлар ҳам мавжуд. Албатта, бунга ўхшаш ижтимоий муаммоларнинг бир қанча сабаблари бўлади. Уларни мутахассислар ўрганишади ва ҳолатни яхшилаш учун ўз таклифларини киритишади. Аммо мутахассис бўлмаган кишиларнинг ҳам яққол кўриниб турган баъзи сабаблар ҳақида бироз мулоҳаза қилишлари дуруст бўлса керак.
Менимча, оила бузилишига сабаб бўлаётган нарсалар ичида уйланиш ўта осон бўлиб қолганлиги ҳам бор. Ўйлаб кўрайлик-чи, янги оила қуриш учун куёв тараф нима сарф қилмоқда? Баъзи сарполар, маҳрга бир дона узук, сут пулими ёки яна бошқа ном билан бироз маблағ.
Келин тараф-чи? Деярли барча сарф-харажатлар келин тарафга юкланган. Қиз боққаннинг жазоси – шу! Сарпога ундан кўра қимматроқ қилиб сарпо қайтариш керак. Сут пули ёки тўй пулига ўн баробар қўшиб тўй қилиш керак. Келин тарафнинг тўйдаги бош ташвиши – куёв тараф жамлаб келган кўплаб меҳмонларни яхшилаб кутиб олиш, яқинларига сарпо кийдириш ва куёв тараф «бўшатиб қўйган» хоналарни қимматбаҳо асбоб-анжомлар билан тўлдириш керак.
Юқорида зикр қилинган вилоятга ўхшаш жойларда куёвни қариндош-уруғи билан қирқ кун уч маҳал боқиш ҳам керак...
Арзоннинг қадри бўлмас, деганларидек, арзонга ва осонга келган келинларнинг ҳам қадри бўлмай қолиши ҳеч гап эмас. Қадри йўқ хотинни ҳайдаб, янги хотин олишдан осони ҳам йўқ. Янги хотин, янги сарпо-суруқ, янги уй жиҳозлари кимга ёқмайди, дейсиз?!
Эҳтимол, шунинг учундир қадимда уламоларимиз ҳеч кимдан сўрамасдан, «Фалончи ўғли Фистончи, бир уй, даҳлизи ва айвони билан, сигир бузоғи билан маҳр бериш шарти ила Фалончихон Фистончи қизини тан маҳрамликка қабул қилдингизми?» деб никоҳ қилишни йўлга қўйган бўлсалар керак.
Ҳақийқатда ҳозирги бўлар-бўлмасга хотинини «қўйиб юбораётган» эрлар, келинини ҳайдаётган қайнона ва қайноталар келинга унинг турар жойини ва кундалик ҳаёт кечириш манбасини маҳр қилиб берганларида ҳамда рўзғорга ишлатиладиган барча асбоб-анжомлар билан таъминлаб қўйганларида ва улар келиннинг мулкига айланганини, энди уларни қайтариб ололмасликларини билганларида эди, келинни ҳайдашдан олдин обдон бир ўйлаб кўришлари аниқ эди. Янги келин олиш учун яна аввалгича нарса сарф қилиш лозимлигини ўйлаб, бўлар-бўлмасга оилаларни бузишга журъат қила олмас эдилар.
Ҳар бир инсон ушбу айтилган гапларни ўйлаб кўриши керак. Оиланинг сепи, мебели, чойшаби ва мол-дунёсининг эмас, бахту саодатининг ташвишини қилиш керак. Оилада саводсиз қайноналарнинг истаги эмас, шариатнинг кўрсатмалари устин бўлиши лозим.
Ислом шариати бўйича, аёлни уй-жой билан таъминлаш, ўз даражасида боқиш, кийинтириш ҳамда турмуш учун зарурий бўлган буюмлар, асбоб-анжомларни ҳозирлаб бериш, айни чоғда, жуфти ҳалолининг соғлиги учун қайғуриш, унинг таълим олиши, истироҳати ва бошқа шахсий эҳтиёжлари учун нафақа қилиш эрнинг зиммасидаги вожиб амаллардан эканини ҳар бир мусулмон эр ва ҳар бир қайнота-қайноналар яхши билиб олмоқлари зарур. Шу билан бирга, бу талаблар бажарилган тақдирда, уни миннат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, зиммасидаги вожиб амални адо этган киши ўз бурчини адо этган бўлади, холос.
Бу масалани ҳал қилишда, тўғри йўлга солишда ҳаммамиз қўлимиздан келганини қилишимиз лозим. Ана шунда оилаларимиз мустаҳкам бўлади, кишиларимизнинг ҳаёти бахтли, саодатли бўлади, иншоаллоҳ.
Келиннинг сепи ва бўлажак оиласига керакли барча нарсалар шариат кўрсатмаси бўйича тайёр ҳам қилинди, дейлик. Энди келин-куёвларнинг ўзларини оилавий ҳаётга тайёрлашимиз керак. Ҳар бир оила учун ўта муҳим бўлган бу иш ҳақида келаси бобда суҳбат ўтказамиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ҳозир сайтимизда 211 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ