1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эмизишлик

Бегона аёлни эмиш туфайли ҳалол ҳаромга боғлиқ ўта аҳамиятли ҳукмлар келиб чиқади.
Одатда эмизишлик масаласи асосан ҳадис ва фиқҳ китобларимизда доимо никоҳга қўшиб зикр қилинади. Биз шарҳ қилаётган «Мухтасари Виқоя»да ҳам шундоқ бўлган.
Эмизишлик фақат икки ярим йил ичида бир сўришлик билан собит бўлади.
Бу муддатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир», деган оят билан белгилаб қўйган. Бу Абу Ҳанифа р.ҳ.нинг ижтиҳодлари.
Аммо имом Абу Юсуф ва Муҳаммадлар икки йил деганлар. Уларнинг далили «Волидалар болаларини икки тўлиқ йил эмизурлар. Ким эмизишни батамом қилишни хоҳласа», деган оятдир.
Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадиси шарифларида ҳам таъкидланган.
Демак, бола икки ёшидан кейин эмса, шаръий эмизиш собит бўлмайди.

Шунингдек, эмувчи учун эмизувчининг оналиги ва унинг сутига сабаб бўлган эрининг оталиги собит бўлади. Бас икковлари ўз қавмлари билан унга худди насабдаги каби ҳаром бўладилар. Ундан тарқалганлар ва эру хотин икковларига ҳаром бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса, бу борада: «Насаб жиҳатидан (никоҳи) ҳаром бўлганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўладилар», деганлар. Яъни, насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмиш туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Эмиш собит бўлганда эмизган аёл боланинг онасига, эри эса, отасига, болалари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлар ҳам эмган болага хеш бўладилар.
Шу эътибордан қуйидагилар ҳаром бўлади:

1. Эмизган она. Бунга момолар ҳам киради.
2. Эмикдошлик қиз.
Бир одамнинг хотини бегона қизни эмизса, ўша қиз эмизган аёлнинг эрига ҳам қиз бўлади.
Бунга эмиш туфайли бўдган қизнинг қизи ҳам, ўғилнинг қизлари ҳам киради. Яъни, кишига унинг эмикдош қиз набиралари никоҳи ҳам ҳаромдир.
3. Эмикдош опа-сингиллар.
4. Эмикдош аммалар.
5. Эмикдош холалар.
6. Эмикдош ака-укаларнинг қизлари.
7. Эмикдош опа-сингилларнинг қизлари.
8. Эмикдошлик қайноналар.
Бунда хотинининг эмизган онаси ва момоси кўзда тутилган.
9. Эмикдошлик бўйича ўгай она ва момолари.
Бошқача қилиб айтганда бир кишига уни эмизган аёлнинг эрининг бошқа хотинлари ва уларнинг оналари ҳам ҳаром бўлади.
10. Эмикдошлик фарзандларнинг хотинлари.
11. Хотинининг эмизган қизи.
Худди насабдаги каби биродарининг синглиси унга ҳалол бўлади.
Насабда бир кишининг ота бир ака ёки укаси бўлса-ю, ўша биродарининг она бир ота бошқа синглиси бўлса, мазкур кишига мазкура сингил ҳалол бўлади.
Худди шунингдек, бировнинг эмикдош укаси ёки акаси бўлса-ю, унинг эмикдош бўлмаган, насабдан бўлган сингиси бўлса, мазкур кишига ҳалол бўлади.
Игна ёрдамида юборилган сут, эркакнинг сути ва таомга аралаштирилган сут ила ҳаромлик собит бўлмайди. Таомдан бошқага аралаштирилганда ғолиб тараф эътиборга олинади.
Мисол учун бир аёлнинг сутини сувга, дорига, қўйнинг ёки бошқа бир аёлнинг сутига аралаштириб берилганда ғолиб тараф эътиборга олинади. Мазкура аёлнинг сути кўп бўлса, ўша аралаш нарсани эмган ёки ичган бола унинг эмузукли боласига айланади, бўлмаса йўқ.
Бурундан кирган, бикрнинг ва ўлик аёлнинг сути ила ҳаромлик собит бўлади.
Бир аёл ўзининг гўдак кундошини эмизса, иккиси ҳам унинг эрига ҳаром бўладилар.
Бу фаразан олинган масала бўлиб гўдак аёлни эмгандан кейин улар она бола бўлиб қолиб иккиси ҳам аёлнинг эрига никоҳи ҳаром ҳолга келишлари айтилмоқда.
Каттасига, агар унинг билан жинсий яқинлик бўлмаган бўлса, маҳр берилмайди. Эмганга маҳрнинг ярими берилади.
Яъни, катта хотин билиб туриб ўзининг эмузукдаги кундошини ёмонликни ирода қилиб эмизиб қўйган бўлса, кичкина хотинга маҳрнинг ярими берилади.
Агар эмизган фасодни ирода қилган бўлса, уни эмизгандан тўлатиб олади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ҳозир сайтимизда 272 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ