Сайт бўлимлари
«Карьера» қилаётган аёл
- Подробности
- Бўлим: Бекажон
- Чиққан санаси: 01 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Аёл деганда энг аввало кўз олдимизда меҳрибон она, сариштали уй бекаси, пазанда келин, ширинсўз хотин келади. Ҳар қандай ҳолат, ҳар қандай вазиятда ҳам аёлдан энг биринчи бўлиб шу сифатлар талаб этилади. Аммо кейинги пайтларда қиз-аёллар оғзида “карьера” деган сўз кўп айланиб қоляптики, бу юқорида тилга олинган фазилатларнинг нозик жинс вакилалари томонидан назар-писанд қилинмаётганини далолат этмоқда. Холис айтганда, аёллар ўзларига тақдир этилган гўзал тақдирдан норизоланиб, гўёки эркакларга ҳавас қилиб карьерани орзу қилишяпти. Бир пайтлари ҳам аёллар эркаклар билан баб-баравар ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида фаол қатнашишган, имконияти, билими, савияси етадиган касб-ҳунарларни эгаллашган, мутахассислиги бўйича етарлича ишлаб, ишининг орқасидан муваффақиятларга эришиб, ҳурмат-эҳтиромга ҳам лойиқ кўрилганлар. Аммо карьера деб оиладаги аёллик, бекалик, оналик вазифаларини унутиб қўйишмаганлар. Бизнинг давримизга келиб эса...
“Спонсорим карьеарамга ёрдам беради!”
Яхшигина оқ-қорани таниган, ўқимишли, жойи келганда ҳам оилани, ҳам жамиятдаги ўрнини қойиллатиб қўйиши мумкин бўлган қизлар, карьера қиламан, деган баҳона билан оилали, бола- чақали эркакларнинг қўлида эрмак бўлиб юргани киши таъбини хира қилади.
Ҳеч замонда одам деган ўз номусини, ори, ғурурини поймол қилиб ўзини овутар эканми, карьера қилиб мансабга ўтирар эканми?! Эртага бунинг уволи бадалини тўлаш вақти келса — яъни, ҳозир унга “овунчоқ” ё “спонсор” вазифасини бажараётган эркаклар эртага итни ҳайдаб солгандек ёнидан итарса, бунга чидай олармикан?! Башарти, ҳеч ким уни хўрламаган, ёнидан ҳайдаб солмаган тақдирда ҳам, ҳар бир неъматнинг уволи, исрофи вақти келиб киши ёқасини тутиб бадал сўрайди. Ўшанда бу қиз виждони сўроғига нима деб жавоб қилиб, қайси малҳамдан ўзига таскин истаркан?..
Қолаверса, эркакдир, аёлдир инсон учун энг зарур, энг кераги бу дунёда оила, фарзанд ва албатта шахсий ҳаётидаги бахт, хотиржамлик. Ҳеч қачон иш билан, мансабу амал билан киши мукаммал бахтга эришган эмас ва эришолмайди ҳам! Ўз уйида бахтли бўлган одамгина чинакамига бахтиёрдир, деган эди қайсидир аҳли дониш. Ҳақиқатдан ҳам ишдан ҳориб-чарчаб борганингда уйингда фарзандларингнинг қийқириғи эшитилмаса, турмуш ўртоғинг суйган таомни тайёрлаш учун шошилган куйи ошхонада куймаланмасанг, оқшом телевизор қаршида оиланг билан хотиржам овқатланмасанг, яшашдан мазмун, ҳаётдан, карьерадан маъно не керак?! Одам нега ишлайди, оиласининг моддий таъминоти яхшиланиши учун эмасми? Фарзандлари бировга муҳтож, кўнгли ўксик бўлмаслиги учун эмасми? Аёл киши-чи, унинг аниқ бир меҳнат фаолияти билан шуғулланишидан, карьера қилишидан мақсади турмуш ўртоғига жиндак бўлса ҳам ёрдами тегиши, болаларининг туғилган кунида, байрам-шодиёнасида бировга сарғаймай совғалар қилиши, дилбандларини астойдил қувонтириш учун эмасми? Хўш, унда нега қўл-оёғи бус-бутун, чиройи бировдан кам бўлмаган қизларнинг аксарияти олий ўқув юрти таҳсили тугагач, турмуш қуришни пайсалга солиб юришади. “Карьерамни йўлга қўйволишим керак”, деган важ билан умрларининг энг гуллаган даврини ҳавога совуриб юраверишади?
Бахти очилмаган бўлса, вақт-соати келса Аллоҳнинг ўзи йўлини очиб, турмушга ҳам чиқиб кетар, бу одам боласининг ўзига боғлиқ ҳолат эмас, дея фикримизга эътироз билдирадиганлар ҳам бордир Бироқ, агар яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, узатилиши керак бўлган, эшигида совчилар тизилиб турган пайтда алалқандай эркакнинг этагига осилиб, “спонсорим карьерамга ёрдам беради”, деб юрган қизга ёши ўттизга етганда ким юрак ютиб уйланарди?! Уйланган тақдирда ҳам, қизнинг мол-дунёси, пули, мансаби учун уйланган йигитнинг маънавий дунёсининг нақадар қашшоқлигини ўзингиз тасаввур этаверинг.
Бахтдан ор қилган хоним
Бир куни таҳририятга эллик-эллик беш ёшлар чамасидаги бир отахон эшикдан хижолатланган куйи кириб келдилар. Салом-аликдан кейин отахон эгик бошларини бирам кўтармай секин гап бошладилар:
—Ёшликнинг ҳавойи ҳаваслари қуриб кетсин. Севиб қолдим, ўламан саттор шундан бошқасига уйланмайман, деб ўқимишли қизга уйлангандим. Ўшанда раҳматли ота-онам, “болам, бекор қиляпсан, сен ўқимаган, ҳунарманд йигитсан, топган қизинг олий маълумотли, яна катта жойда ишласа (у пайтларда райкомда комсомол деган ташкилот бўларди. У ўша ташкилотнинг туман котиби эди), нега энди ёнида юрган ўқимишли йигитларни эмас, сени танлади?! Боз устига ўзингдан икки ёш катта ҳам экан, агар яхши қиз бўлса, нега шу пайтга қадар турмушга чиқмади?!”,- деган гапларига қатъий эътироз билдириб, ҳатто ўз ота-онам мени камситишяпти, деб улардан хафа бўлиб ўшанга уйлангандим. Никоҳнинг биринчи тунидаёқ қаттиқ хатога йўл қўйганимни билдим... Аммо бу дардимни бировга айтолмадим ҳам. Негаки ўзим танлаган, ўзим пиширган ош эди. Яшайвердим. Уч йилда бирин-кетин икки қизимиз туғилди. Сўнгра хотиним икки оёғини бир этикка тиқиб, ишга чиқаман, деб туриб олди. Ноилож эдим. Йўқ десам, икки гапнинг бирида ажрашишни таклиф қилади, ажралишсам ошна-оғайниларим, яқинларим олдида нима деган одам бўламан?! Орада фарзанд бўлмаса ҳам майлига эди. Кўндим. Хотиним бир-икки йил ўша лавозимида ишлаб, амали ҳам кўтарилди. Лекин мени эр ўрнида, эркак ўрнида кўрмасди. Деярли ҳар куни, “эҳ, қайданам эрга тегиб, бола туғдим-а, агар турмуш қурмаганимда, ҳозир карьерамни анча ривожлантирган бўлардим, мансабим бундан ҳам катта бўларди”, деб нолирди. Қисқаси, кўрган куним кун бўлмади. Бир амаллаб қизларимни узатиб юбордим, бахтимга улар онасига ўхшамади. Энди кексайганимда хотиним мени уйдан ҳайдаб соляпти. Биз отамнинг ҳовлисидан бўлак чек қилиб чиққан эдик, уни иккаламиз қурганмиз. У менга, “пахта заводда оддий ишчи бўлиб ишлаган одам ҳеч замонда бунақанги данғиллама ҳовлини қуролмасди, уй менинг пулим қурилган, қани бу ердан тезроқ нари кетинг”, деяпти. Ахир бу ёшимда қаерга бораман? Кимникига сиғаман? Пенсия пулимга уйни қаердан оламан?.. Бир пайтлари ўйламай қилган ишим бошимга хў-ў-ўп ташвиш бўлди...
Ёшлигида карьера қилган хотин амакини тозза лақиллатиб уйни ўз номига расмийлаштириб олган экан. Яна, “мансабдор бўлиш учун маълумотнома тайёрланаётганда, яқин қариндошлари ҳақида қисқача шарҳ ёзилади, мен, эрим оддий ишчи, дейманми?”, деб фарзандлари туғилганидан кейин расмий никоҳини ҳам бекор қилдирган экан. Ҳайрон қолгандим, карьера қилиб умрини хомталаш қилган аёл (агар уни аёл деб аташга ҳақли бўлсак!), жилла қурса қариганида эри, фарзандлари, неваралари даврасида фароғатда яшашга ўзини муносиб кўрмадимикан?.. Эссиз, бир аёлга берилган умр, унга насиб этган оналик бахти...
“Карьера бахтимни ярим қилди”
Бундан ҳам баттар мунгли ҳикояни талабалик давримда, биринчи курслигимда ўқитувчилар малакасини ошириш институтида дарс берадиган бир аёлдан ҳам эшитгандим. Ёшликнинг ўзига хос бебошликлари билан уч-тўрт қиз ўзимизга севги изҳор қилган, совчи юборган йигитларни эрмак қилиб кулаётганимизда, қўшни хонадан қорачиқларида ёш айланган куйи опахон- ижара уйимизнинг бекаси олдимизга чиқди. Нима гап экан, деган ҳадикда жимгина уларга термулишиб туравердик.
— Ҳозир гапларингиз тўсатдан қулоғимга чалинди, қизларим... Яхши эмас. Севгисини сизга билдирган йигитни масхараламанг, устидан кулманг. Балки нияти жиддийдир, балки сиз билан умрбод бирга бўлишни мақсад қилиб кўнглини очгандир. Уйингизга совчи йўллаган йигитни эрмак қилманг. Қиз бола учун муҳими- оилавий бахт. Эрнинг севимли хотини, фарзандларнинг меҳрибон ойижониси бўлиш. Ўқиш, иш деган нарсаларнинг ҳаммаси иккинчи-учинчи даражадаги гаплар. Худо денг, яхши гўшангага келинг бўлинг, бахтиёр оиланинг бекаси бўлинг, токи сиз дунёга келтирган, сиз тарбиялаган фарзандлар жамиятнинг, Ватаннинг равнақига ривож қўшадиган, етук инсонлар бўлиб етишишсин...
Опанинг ўшандаги гап-сўзлари маъносини ва уларни нима учун гапираётганини яхши англаб етмаганимиз тайин, аммо ижарачи аёлнинг оилавий турмушдан омади чопмаганини, уч хонали уй ўзини ютиб юборгулик бўлгани учун ижарага қизларни қўйишини тушуниб, унга раҳмимиз келгани аниқ. Орадан ўн йилдан зиёдроқ вақт ўтди. Бу йиллар мобайнида дунёқарашимиз кун сайин ўзгарди, ақлимиз соат сайин кираверди. Ёшимиз улғайгач опа билан борди-келдимиз кучайди, анча иноқлашиб қолгач билдикки, бир пайтлари улар ҳам бошқа қизлардай оқ-ойдин либосларда, беғубор орзуларда узатилган эканлар. Аспирантурани битириш кезларида, ҳомиладор эканликларини билиб, болани дунёга келтирадиган бўлсам ҳимоям чўзилади, бу карьерамга салбий таъсир қилади, деган ахмоқона хаёлда... Худонинг бебаҳо неъмати- вужудидаги жажжи юракчага қарши тиғ кўтарадилар... Хуллас, бу жиноятни амалга оширган тиббиёт ходимининг уқувсизлигими, ё Яратганнинг ношукрлиги учун аёлга берган жазосими, опа шўрлик фарзанд кўриш бахтидан бир умрга бенасиб қолади... Куёви эса албатта ажрашишга қарор қилади, опанинг оиласи бузилиб кетади. Ўксиб-ўксиб йиғлаган куйи, “собиқ эримнинг хотини ҳам ўқитувчи экан. Яқинда мактаб директори бўлибди. Тўртта боласи бор экан...” деганида улар қараб, “опа, наҳотки ўшанда шунчалар калтафаҳм бўлган экансиз?! Ахир сиз яхшигина билимдон тарихчисиз, тарихдан не-не даҳоларни, буюк шахларни даҳо қилган, буюк қилган — онаси, яъни АЁЛ зоти эканини билмагандингиз?! Дунёни илми, кучли салоҳияти, бой маънавий мероси билан лол қолдирган аждодларимизнинг оналари уйда ўтириб, етти қават рўмол остида “карьера”ни қойиллатиб қўйишганини наҳотки англаб етмагандингиз?!” дегим келди, тилимни тишладим.
Фарзанд – аёлнинг олий “карьера”си
Раҳматли адабиётшунос олим, танқидчи Озод Шарафиддинов “Ижодни англаш бахти” китобида келтиришича, Музайяна Алавия қўлида эмизикли боласи билан Ангреннинг тоғли қишлоқларидан бирига, ўша даврнинг номи чиққан бахшиси изидан халқ оғзаки ижоди намуналарини йиғиш учун борган экан. Навоийшунос олима Суйима Ғаниева билан ойнаи жаҳонда берилган бир суҳбатдан ниҳоятда таъсирлангандим. Боиси олима онахон, илмий ишларини ёқлаш учун ўша пайтда икки ойлик чақалоқлари билан Санкт-Петербург (Ленинград)га борадилар ва ҳимоя жараёнида қўлларидан чақалоқни қўймай мавзуларни ёқлаган эканлар. Карьера қилиш учун, ишда муваффақият қозониш, олима бўлиш, мансабдор хоним бўлиш учун эр, оила, фарзанд ҳеч қачон халал бермаслигини тушуниб етиш учун юқорида номлари тилга олинган аёлларнинг ҳаёти мисол бўла олмайдими?..
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 295 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар