Сайт бўлимлари
Агар эрингиз омадсиз бўлса...
- Подробности
- Бўлим: Бекажон
- Чиққан санаси: 01 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳеч қачон ва ҳеч нарсада унинг омади юришмайди. У ўзига мос иш топа олмайди, топган тақдирда ҳам, иш ўрни қисқарганлигини баҳона қилиб, уни дарҳол ишдан бўшатиб юборишади, бунда унга гўё яқин дўстлари хиёнат қилган бўлиб чиқади. Ҳаётда унинг биргина омади чопган жиҳат, бу — сизни учратгани. Бироқ у буни тушуниб етишга қодир эмас. Келинг, яхшиси, буни унга биргалашиб тушунтиришга ҳаракат қилайлик.
Мана ярим йилдирки, у ўзига муносиб иш тополмай овораи-сарсон. Негаки, қандай иш чиқмасин, барибир, унга ёқмайди, худди шунингдек, ҳар қанақа маош ҳам. Унинг чўнтагида иккита беш юз сўмликдан ортиқ пул юрмайди, униям кундалик харажатлари учун сиз берган бўлиб чиқасиз. Агар йигирма-ўттиз минг сўм маош тўланадиган иш таклиф килиб қолишса, бу ойлик уни жуда-жуда ҳақоратлайдиган даражада кам ҳисобланади. Нега деганда, у ўзича беқиёс «даҳо», аммо минг афсуски, ҳеч қачон унинг қадрига «етишмайди-да». Устига-устак, сиз унинг қарзларини ҳам тўлашга мажбур бўласиз. Чунки у бундан олти ойча илгари бир ишга жойлашиб, у ердаги ҳамкасбларидан анча-мунча қарз кўтарган. Ана шу қарзини ҳали-ҳамон узолмай юрибди. Яқин орада узолмайди ҳам, негаки, у ердан ишдан бўшаган. Сизнинг жаҳлингиз чиқади, асабингиз қўзийди, қаҳрингиз келади. Уни қайта-қайта уришасиз, аммо бефойда, у кўзини лўқ қилиб ўтираверади.
Сиз омади чопган дугоналарингиз билан қачонлардан бери учрашмай қўйгансиз, уларни соғинасиз, аммо уларга яқин бўлишнинг иложи йўқ. Омадли тенгдошларингиз билан бирга базми жамшидларда, сайру саёҳатларда, бозору дўконларда саросар кезган дамларингиз энди хотира бўлиб улгурган, уларни эслаш бор, ортга қайтариш тушингизга ҳам кирмайди. Энг ачинарлиси, уззукун ишда ишлаб, чарчаган, толиққан ҳолда уйга қайтасиз-да, яна ўша «даҳо» эрингизнинг дунё адолатсизликлари ҳақида тўқиган «оқил ва доно» «фалсафа»ларини жон қулоғингиз билан тинглашга мажбур бўласиз. Ўзингиз сезмаган ҳолда омадсиз эрнинг кўзларидан тўкилаётган аламли ёшларни артиб қўйишингизга тўғри келади. Сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз, у сизни севадими ё шунчаки сиздан фойдаланиб юрибдими? Аммо минг таассуфки, сиз бу бадбахт ва ёрдамга муҳтож эрни ташлаб кетишга қодир эмаслигингизни аниқ биласиз. Ундан шунчаки ажраб кетишга виждонингиз йўл қўймайди. Чунки у билан кўп йилларни бирга ўтказгансиз...
Омадсизлик, бу — ягона руҳий ташхис. Омадсизлар ўзларини икки томонлама баҳолайдилар — биринчидан, гўё улар жуда юқори мақомга эга инсон, иккинчидан, ҳаёт уларни бамисоли эзиб қўйгандек. Омади юришмаган банда ўзи ҳақида шундай ўйлайди: «Мен жуда ақллиман, иқтидорлиман, умуман, ўз қадрини топмаган доҳийман». Шу билан бирга уларнинг кўнглида жуда кучли ваҳима ин қурган бўлади. «Ишларим яна бароридан келмайди, мен ўз иқтидоримни намоён эта олмайман, мағлуб бўлишдан қўрқаман». Бу ички зиддиятлар натижасида сусткашлик ғалаба қозонади (омадсизлар ишда жуда мўминқобил бўлишади), шу важданми, улар жуда қатъиятсиз тоифага мансуб бўлади. Бу эса жиддий руҳий-психологик кечинма. Нега десангиз, омадсиз инсон ўзини омадли кишилардек тута олмаганлиги учун ҳам мудом азият чекиб, кўп қийналади. Ана шу сабабли ҳам унинг қалбида ечилмас занжир пайдо бўлади, у ҳамма нарсани қилишни хоҳлайди, аммо бечоранинг уринишларидан бирон-бир самарали натижа чиқмайди. Омадсиз банда ўзини бамисоли боши қумга тиқилиб қолган кишидек тутади, гўё унинг омади юришмаётганига теварак-атрофдагилар айбдордек. У ҳеч қачон бирон-бир тўсиқни ўз ҳолича, яъни ўзгаларнинг кўмагисиз ошиб ўта олмайди. Унинг қандайдир ўзига хос маънавий қарашлари бўлади. Мабодо, унинг бошини силайверсангиз ёки ҳадеб уришаверсангиз, у ҳеч қачон омадсизлик ботқоғидан чиқиб кета олмайди. Агар сиз уни ҳақиқатдан ҳам севсангиз, уни даволашга киришинг!
МЎЪЖИЗАГАЧА УЧ ҚАДАМ
Йўқ, эрингизни ўз ҳолига ташлаб қўйманг. Чунки, омадсизлик бу ҳали ажралиш учун сабаб дегани эмас. Аммо қатъий иродалилик ва бироз шафқатсизлик (унинг фойдасини кўзлаб, албатта) сиз учун жудаям зарур:
1. Кечки чойхўрлик пайтида эрингизга ётиғи билан тушунтиринг, энди мен сенга «онатовуқлик» қилмайман, деб очиқ-ошкор бўлмаса-да, шу маънога яқин шаъма қилаверинг. Шу гапларингиздан кейин ҳам у доимги одати бўйича, ўзининг эски «фалсафа»си бўлмиш нолишларини давом эттириб, «ҳамма ёмон, ҳеч ким мени кўролмайди, тирноғим ичидан кир қидираверади» деса ҳам жаҳлингиз чиқиб, баҳслашиб ўтирманг. Бундан кўра унга қараб: «Биласизми, мен ишдан чарчаб-толиқиб келдим ва сиздан яхши янгилик, қувончли хабарлар кутаяпман. Демак, менга ёмон дарак ва ёмонликлар ҳақида асло гапириб ўтирманг» деб айтинг! Албатта, бу гапингиздан омадсиз эрингиз қаттиқ ранжийди, сабаби, сизнинг гапларингиз унинг омадсизлигини пардозлаб, юзига солгандек таассурот уйғотмоқда. Бироқ, сиз ана шу зайлдаги сабоғингизни ҳар кун ва ҳамиша такрорлайверсангиз, балки унинг пайтавасига қурт тушиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга жиддий ёндошар. Ҳадеб ёмонликлар хусусида ўйлашни йиғиштириб, бу дунёда яхшилар, яхшиликлар ва эзгулик улашувчилар ҳам борлиги тўғрисида теранроқ фикр юритиб қолар.
2. Эрингиз, сиз у учун она эмаслигингизни яхши билиши керак. Турмуш ўртоғингиз ана шу нарсани тўғри тушуниб етганидан сўнг, секин-аста унга бошқа зарур ақидалар ҳақида ҳам тушунча бера бошлайсиз. Уни қандайдир йўллар билан ўз муҳаббатингизни қозонишга ўргатинг! Масалан, «Хўжайин, агар иш топа олмаётган бўлсангиз, ҳозирча менга ёрдам беринг, мен ишдан келар пайтимда овқат тайёрлаб туринг, хоналарни тозаланг, хотинингизни кўнглини кўтарадиган бирон-бир ёқимли нарсалар қилишга урининг, ҳеч бўлмаса мен ҳақимда ўйланг!» деганга ўхшаш фикрларни олға суринг. Лекин бу каби Қояларни шундай юмшоқлик ва ҳалимлик билан айтингки, унинг кўнгли бундан асло озор чекмасин. Ана ўшанда марра сизники бўлади.
3. Эрингиз билан биргаликда, у йўл қўйган хато ва камчиликларни муҳокама қилишдан сира эринманг. Нима учун унинг омади юришмаётганини қизғин мунозара асосида обдон ўрганинг. Унинг доимо бир хил тўсиққа дуч келаётганини асосли далиллар воситасида исботлаб беринг. Агар у гапларингизни тинглашни хоҳламай, сиздан ранжиб қоладиган бўлса, у ҳолда «ўзинг учун руҳшуноссан» номли омадсизлар ҳаётини тадқиқ этувчи психолог маслаҳатлари туркумидаги китоблардан харид қилинг! Бу ўринда сиз бажарадиган асосий вазифа, эрингизнинг онгу шуурига сингиб қолган «Мен асли омадсиз бўлиб туғилганман» деган фикрни унинг миясидан чиқариб ташлашдан иборатдир. Ўз ирода ва қатъиятингиз билан ана шунга эриша олсангиз, демак, кўзлаган мақсадингизга эришдингиз ҳисоби. Омадсиз эрнинг мияси бўлмағур «сафсата»лардан тозаланса, у ҳаётга теранроқ нигоҳ ташлай бошлайди. Натижада эса, у омад пиллапоялари сари дадил одим ташлай олади. Бу сиз учун ҳам, ўзи учун ҳам кони фойда. Ушбу маслаҳатларимизни амалда қўллаб кўрсангиз, сиз эрсиз, эрингиз эса хотинсиз қолиши мумкин бўлган хавф батамом бартараф этилади...
Раҳмон ҚОДИР тайёрлади.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар