1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳар баҳорда шу бўлар бадтар!

 Машина хайдаш қийин, йўллар лой, шамол очиқ жойингни чимчилаб олади, лекин мен барибир қишни кўпроқ яхши кўраман. Кетма-кет ёмғир, метродан уйгача сув тошган йўллар, лекин кузда ҳам бемалол кўчага чиқиб кетавераман. Баҳорда атроф гулласа ҳам, ёзда футбол ўйнаш учун имконият кўпайса ҳам, уйдан чиқишга оёғим тортмайди. Сабаби – биз бошқара олмаётган қизлар. Дарахтлар кийингани сайин улар ечинишади, кунлар узайгани сайин, уларнинг этаклари қисқариб бораверади. Замонавий дунёда кийинишнинг маълум бир чегараси борми ўзи? Кийинадиганларни (аниқроғи, ечинадиганларни) ҳам, уларни истар-истамас тамоша қиладиганларни ҳам қаноатлантирадиган ўрта йўлни топса бўлармикан? Нимага аҳвол йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда? Ҳар йили ўтган йилгисидан калталашиб бораётган этаклар, нима, бориб-бориб бутунлай йўқолиб кетадими энди?

Ҳамма айб биз эркакларнинг ўзимизда. Тўғрироғи, «эркаклар» деган сўзни ташлаб, бизнинг ўзимизда, дейишим керакка ўхшайди. Чунки, оддий мантиқ, авваллари аёллар эркакларнинг назаридан қўрқиб калта кийинишга уялишарди. Аввало отаси кўчага чиқармасди, чиқарса ҳам, акаси кийимига эътибор билан қарарди. Уйдан амаллаб чиққан тақдирда ҳам, маҳалладаги чоллар тинч қўйишмасди – урушишарди, тергашарди. Хуллас, тартибга чақириб туришарди. Ҳозир-чи? Отаси жойлаб қўйлаб қўйган ўқишга (ёки ишга) акаси олиб берган калта юбкани (ёки тор шимни) кийиб йўлга чиққан қиз маҳалла оқсоқолларининг олдидан пинагини бузмай ўтиб кетаверади. Оқсоқолларнинг ҳам на ҳадди сиғади бу қизга бирон нарса дейишга, на билими бор унинг отасини чақириб тергаш учун. Энди агар шу қизга бегона йигитлар гап отадиган бўлишса, уни калта кийимда кўчага чиқариб қўйган ака гап отган йигитлар билан мардонавор курашишади. Кўчада ярим-яланғоч юрган қизини кимдир зўрлаб кетса, жабрланувчи ота жамиятнинг нотинчлигидан нолийди, зўрлаган йигитга жазо берилишини адолат деб ҳисоблайди. Аслида ҳам шундайми? Қарсакка битта қўл сабабчимикан фақат?!

Австралия имоми Шайх Тожиддин Ҳилолий ҳам битта томонни айбдор деб ҳисоблаш тарафдори, фақат нариги томонни. «Агар жамиятда бузуқлик авж олса, йигитларни эмас, қизларни, уларнинг эрларини, оталарини, акаларини жазолаш керак. Асл айб қизларда, уларнинг ўзини тутишида», деганди у ўтган Рамазон ойидаги маърузаларидан бирида. Ливия ёзувчиси ал-Рафе ҳам Шайх Ҳилолий фикрини тасдиқлайди: «Агар сиз ўралмаган гўштни ташқарига чиқариб қўйсангиз, мушук келиб уни еб кетади. Шунда ким айбдор саналиши керак? Мушукми, ёки очиқ турган гўшт? Бир кило гўшт сотиб олиб, уни музхонага қўйиш ёки уйда сақлаш ўрнига кўчага ташлаб қўйинг ва кейин қўшнининг мушуги уни еб кетса, қўшнингиз билан жанжаллашиб кўринг-чи! Аҳмоқнинг иши дейсизми? Гўшт ҳам агар уйда сақланганида, атрофида мушуклар айланмаган бўларди! Музхонада турган гўштга уларнинг панжалари етмасди!»

Шайх Ҳилолий аёлларни ҳам шунга ўхшатади. «Агар уйда, ўранган ҳолда ўтирсангиз, жамиятда бузуқликлар ўз-ўзидан йўқолади», дейилади унинг катта шов-шувларга сабаб бўлган маърузасида.

Балки шайх Ҳилолий бироз ошириб юборгандир. Аммо ҳар бир жамиятнинг, ҳар бир тузумнинг кийиниш борасида ўз тартиб-қоидалари ўрнатилгани маъқул.

Масалан, Европа.

бугун бутун бошли Франция, Германиянинг 16та федерал еридан еттитаси, Бельгия, Голландиянинг барча оммавий жойлари ҳамда Буюк Британия таълим муассасаларида кийиниш тартиб-қоидаларига чекловлар киритилган, бу масалага Европа том маънода жиддий эътибор қарата бошлади.

Франция «Мактаб динга аралаштирилмаслиги керак» деб мусулмон қизлардан рўмол ўрамасликни талаб қилган бўлса, Бельгия ва Голландия «Кийимнинг асосий мақсади – қулайлик!» деб юзини беркитганларни ноқулай кийим кийганликда айблади. Германияда Бавария ҳукумати аёлларнинг исломий либосини «фундаментализм ва экстремизм белгиси» деб таърифлашгача борганида, Буюк Британия яна-да осонроқ баҳона билан қутилди – нимамиш, ўқитувчилар юзини ёпиб ўтирган ўқувчи қизларнинг дарсни тушунаётган ёки тушунмаётганини билишга қийналишармиш. Ё тавба! Асримизнинг бошида ўқувчи қизлардан тиз чўкканда ерга тегадиган даражада узун этакли либос кийишни талаб қилган консерватив Англия замон ўзгариши билан тескари оқимда ҳаракат қила бошласа-я!.

Биз-чи? Европанинг барча ялтироқ нарсалари билан бир қаторда «кийиниш» касаллигини ҳам юқтираётганимиздан, юқтириб бўлганимиздан огоҳмизми?

2000 йил Ўзбекистон Республикаси расмий қонун билан мамлакатимизда калта юбкалар кийилишини таъқиқлагандан ва бу қарорнинг ижроси ўша вақтда Дилбар Ғуломовага юклатилганидан қанчалик хабардормиз? Қонун ўз йўлига, шу либосда кўчага чиқаётган заиф жинс вакилаларини оилада ўзимиз тартибга сола олмаймизми?

Ҳаёт бугун катта тезликда давом этмоқда. Кийинишнинг ўзгараётганига ҳам сабаб шу. Лекин қўрқаманки, шу ривожланиш натижасида янги матолар ихтиро қилиниб, келажакда калта кийиниш нафақат баҳор ва ёз, балки куз ва қишда ҳам оммалашиб кетмаса. У ҳолда, билмадим, ҳамма фаслни ёмон кўриб қоламан шекилли!

Аваз Бердиқулов

Ҳозир сайтимизда 55 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ