1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳомиладор аёлнинг савоби

Аёлларнинг энг фазилатлиси ва мартабаси баланди оналардир. Улар она бўлишда кечирган қийинчилик ва ташвишлар сабабидан шундай улуғ мартабага лойиқ. Аҳқоф сурасининг 15-ояти бунинг изоҳига кифоя. Оят мазмуни бундай: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлиги ва уни (сутдан) ажратиши (муддати) ўттиз ойдир».
Зеро, она бўлажак инсонни қийналиб қорнида кўтариб юради ва қийналиб туғади. Ҳомиладорлик қийинчиликларини ва туғиш дардларини, гўдакни эмизиш оғирликларини бошидан ўтказади.
Луқмон сурасининг 14-ояти мазмуни бундай: «Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) амр этдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорни-да) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки,) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир!».
Отадан кўпроқ қийинчилик чеккани учун фарзандлар олдида онанинг ҳақи кўпдир. Шунинг учун фарзандлар онага кўпроқ илтифот ва эҳсон кўрсатишлари лозим. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ! Инсонлардан ким ғамхўрлик қилишимга ҳақлироқ?» деб сўради. Расулуллоҳ жавоб қилдилар: «Онанг». Сўради: «Сўнг ким?». Жавоб қилдилар: «Онанг». Сўради: «Сўнг ким?». Жавоб қил-дилар: «Онанг». Сўради: «Сўнг ким?». Жавоб қилдилар: «Отанг».
Бу ҳадис отанинг қадри ва ҳуқуқларини пасайтириб-камайтирмайди. Отанинг фарзанд олдидаги ҳақи жуда улкандир. Аммо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёл ҳақи кўп ҳолда пасайтирилгани боис, хусусан, ўзлари яшаган даврда кишилар жоҳилиятнинг ёмон хулқлари, аёлга нисбатан жоҳилона муносабатлардан энди йироқлашаётган пайтда, ота-онага яхшилик қилишни, хоссатан, фарзандлар олдида отанинг ҳуқуқларидан ҳам кўра катта бўлган онанинг ҳуқуқларини адо этишни ва унга яхшилик қилишни тарғиб қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни фарзандларга фарз этди. Уларга қилинган яхшиликлар учун катта савоблар берди. Уларни хафа ва норози этишни ҳаром қилди ва улкан гуноҳлар қаторига қўйди. Бу ҳақда оят ва ҳадислар кўп. Жумладан, Исро сурасининг 23-24-оятлари мазмуни бундай: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон,) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чогимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин», деб айт!»
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ Амр ибн Осдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: «Ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга аҳд бераман, Аллоҳтаолодан ажр истайман», деди. Расулуллоҳ ундан сўрадилар: «Ота-онангнинг бирортаси тирикми?». «Ҳа. Иккиси ҳам тирик», деб жавоб қилди у киши. «Сен Аллоҳ таолодан ажр истайсанми?» дедилар Расулуллоҳ. «Ҳа», деди у. «Ота-онанг олдига қайт ва уларга яхши ғамхўрлик қил», дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)».
Имом Бухорий ва Имом Муслим Нуфой ибн Ҳорисдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: «Энг катта гуноҳлардан сизларни огоҳ этайми? Энг катта гуноҳлардан сизларни огоҳ этайми? Энг катта гуноҳлардан сизларни огоҳ этайми?». «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедик. Расулуллоҳ айтдилар: «Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онани норози қилиш». Суянган эдилар, тўғриланиб ўтирдилар ва дедилар: «Огоҳ бўлинг! Ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш!» Бу жумлаларни такрорлайвердилар. Ҳатто биз: «Тўхтасалар эди», деб қолдик».

Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг
"Эр-хотинлик асослари" китобидан

Ҳозир сайтимизда 96 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ