Сайт бўлимлари
Фариштанинг муҳаббати
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ишхонага келиб одатдагидек комьпютеримни ёқдим. Бугун қандай мавзуда мақола ёзсам экан, деб ўйланиб турган жойимда комьпютерда майл.ру агентим менга янги хабар келганини билдирди. Ҳафсаласизлик билан алоқалар рўйхатини очдим. “Салом! Бахтли қиз билан танишиш бахтига муяссар бўлсак, бошимиз осмонга етарди!” Бу нотаниш суҳбатдош nik name- агентдаги тахаллусимга шаъма қилаётганди. “Салом! Бахтли қизнинг агентига меҳмон бўлишнинг ўзи бахт эмасми? Бахтли қиз ҳозир жуда ҳам банд. Муҳаррирга ваъда қилган мақоласини ёзиб топшириши керак” Жавобни юбордиму янги мақоланинг сарлавҳасини ёздим. “Болам учун” ниқобидаги гуноҳлар”. Айни шу мавзуда таҳлилий мақола ёзишни анчадан бери мўлжаллаб юргандим. Ҳозир одамларнинг тилида “болам учун ишлаяпман”, “шу болаларни деб югуриб-чопамиз”, “болам учун яшаяпман” ва ҳоказо иддаолар кўп айланяпти. Гўёки болаларига ризқ бериш уларга юкланган. Гўёки болалари бўлмаса ишламайди, осмондан чалпак ёғилишини кутиб ўтираверади. Мулоҳаза қилсам, ота-оналарнинг масъулиятсизлиги сабабидан озор чекаётган болалар жамиятда кўпчиликни ташкил этаркан. Демак, мақолани чуқур мулоҳаза ва аниқ ҳаётий мисоллар билан ёритишим керак. Ҳар гал бирор ижодий ишимни бошлаш анча қийин кечади. Дастлабки фикр атрофида узоқ, ҳатто соатлар давомида ўйланаман. Ҳозир ҳам мақола сарлавҳасини ёзишга ёзиб қўйдиму, нимадан гап бошлашни билмай қўлимга тиралиб туравердим. Яна агентда янги хабар белгиси. Оббо, онлайндаги ҳолатимда “Ижод қиляпман. Безовта қилманг!” деб қўйганимга қарамай бу виртуал суҳбатдош сурбетларча безовта қилишдан тийилмаяпти. Диалог бурчагини очдим. “Мақола? Журналистмисиз? Зўр-ку! Қайси нашрда ишлашингиз сир эмасдир? Газета ўқишни яхши кўраман”. “Ҳозирча сир бўла қолсин. Мен ижодий ишимни бошлашим керак. Малол келмаса, онлайн ҳолатимдаги ёзувни яна бир қур кўздан кечирсангиз!” Кескин жавобим ўзимга нашъа қилиб кулиб қўйдим. Салдан кейин яна жавоб келди: “Узрлар бари сизга. Майли, ижодингизга барака берсин. Сиз билан ҳамсуҳбат бўлиш умидида онлайн меҳмонхонангизни тарк этурмиз, ҳазрати олиялари”. Жимжимадор жавобни ўқиб бир энсам қотса, бир кулгим қистади. Электр чойнакда сув қайнатиб қаҳва дамладим. Финжондаги шакарсиз, аччиқ қаҳвадан бир ҳўплам ичгандим биринчи фикр миямга келди: “Аксарият кишилар ота-оналикни мартаба деб биладилар. Бироқ ота-оналик мартаба эмас, аксинча масъулият эканини ҳамма ҳам, ҳар доим ҳам мулоҳаза қилавермайди...” Ҳаммаси шу бир ҳўплам қаҳвада эканку, деб мақолани давом эттира бошладим. Нотинч, беҳаловат оилаларнинг ўксик болалари билан боғлиқ ўзим гувоҳи бўлган ҳолатлар, таниш-билишлардан эшитганларим мисолида фикрларимни асослай бошладим. Тушликка яқин мақоланинг хомаки варианти тайёр бўлди. Шукр, деб енгил тин олганча клавиатурадан бош кўтаргандим совуб қолган қаҳвага кўзим тушди. Қаҳва жонивор ҳам роса интиқ бўлгандир. Аммо совуган қаҳва мени авф этади, уни ичолмайман. Қолаверса, тушлик маҳали бўлиб қорин ҳам очиққан. Тушликдан қайтиб ҳали ёзган мақоламни таҳрир қилиш ва янада тўлдиришни режалаштиргандим. Хонамга кириб комьпютеримни ёққандим, интернетга уланиб агентимга янги хабар келди. “Мақолангиз тайёр бўлдими?”- Азизбек исмли эрталабки нотаниш суҳбатдошимдан эди яна. “Ҳа, аммо яна бироз устида ишлашим керак”. – Негадир мен ҳам унга бу сафар гўёки суҳбатлашиш учун хайрихоҳлигимни сездиргандек жавоб юбордим.
— “Танишсак бўладими?”
— “Аллақачон суҳбатни бошлаб юбордигу, танишамизми, деб энди сўрайсизми?”
— “Узр, мен ҳали исмингизни ҳам билмайман...”
— “Келинг, бу ҳам сир бўла қолсин. Вақти келганда билиб оларсиз”
— “Майли, жуда сирли суҳбатдош экансиз. Начора? Хўш, мен билан суҳбатлашасизми?”
— “Боядан бери суҳбатлашмай нима қиляпмиз?”- Тўғриси бунақанги сўроқ-саволларни жиним суймайди. Шунинг учун ҳам онлайн ҳамсуҳбатимга қўполроқ жавоб қилдим.
— “Тилингиз ҳам аччиққина экан...”
— “Энди...”
— “Қайси мавзуларда кўпроқ ёзасиз?”
— “Долзарб мавзуларда. Асосан таҳлилий мақолалар ёзишни яхши кўраман. Баъзан кўнгилдан кечган ҳисларни ҳикоя шаклидаги бадиаларга ҳам кўчиришга ҳаракат қиламан...”- Янги мақоламни очиб қўйган бўлсам-да, суҳбатдошим шахсига қизиқиш сабаблими, ё миямдаги чарчоқ сабаблими ҳеч ўқишга ҳафсалам қилолмаётгандим.
— “Яхши... Яқинда бир газетада эркак ва аёл дўстлиги ҳақидаги мақолани ўқиб қолдим. Аммо мақола муаллифи билан учрашиб қолсам ё ҳамсуҳбат бўлиш насиб этса, унга анчагина эътирозларимни айтардим”- Айнан шу мавзуда мен ҳам мақола ёзганим учунми, ундан газета номи ва муаллифнинг кимлигини сўрадим. Онлайн суҳбатдошими мен ишлайдиган газета ва менинг мақолам ҳақида гапираётганди.
— “Сиз айтаётган мақолани мен ҳам ўқиганман. Аммо муаллифнинг қарашларига қўшиламан”.
— “Сизнинг эркаклардан ё йигитлардан умуман дўстингиз йўқми?”
— “Танишларим бор аммо уларни дўст деёлман-да”. – Жавобимдан кейин бироз муддат нариги томондан хабар келмади. Баҳонада мен қаҳва дамлагани чиқдим. Иш столимга ўтирсам ҳалиги суҳбатдошимдан хабар келибди.
— “ Мен эркак ва аёл ўртасида дўстлик бўлишига ишониш ишонмасликни ҳам билмайман. Бу борада сиз билан баҳслашгим ҳам йўқ. Балки сиз ҳам, ўша мақолани ёзган муаллиф ҳам қайсидир маънода ҳақдирсизлар. Мени бошқа нарса ўйлантиради...”
— “Билишга ҳақлиманми?”
— “... Ўзи сизга шуни гапириб бермоқчи бўлиб турибманку...”
— “Хўш, эшитаман...”
— “...Биз у билан худди мана шундай майл.ру агент тармоғи орқали танишганмиз. Бошида менга унинг самимийлиги, ишонувчанлиги жуда ёққанди. Кейинчалик гаплашишимиз давомида қарашларимизнинг ўхшашлиги, фикрларимиз мутаносиблиги, дунёқарашларимиз ўхшашлигини сезиб унга меҳрим ошиб кетди...”
— “Тушунарли. Демак буёғи севги қиссаси денг?”
— “Шундай дейишингизни билардим... Буёғини эшитасизми?”- Қарши томондан малоллангандек жавоб келди.
— “Албатта.”
— “Хуллас, ҳар куни эрталаб ишга ишлайман, деб эмас, у билан агентда гаплашаман, деб ошиқаман. Ишга келасолиб комьпютеримни ёқаман-да, интернетга уланиб уни излай бошлайман. Агар унинг ҳам агенти онлайндалигини билдириб турса, мендан бахтлироқ инсон йўқ. Агар у агентини ёқмаса, эрталабдан дарду дунёимни зулмат қоплаб, кайфиятим тушиб кетади.”
— “Қойил...”
— “Агенти ёниқ бўлса дарров унга ёзаман. У ҳам шуни кутиб тургандек хурсандчилигини агент тармоғидаги мулткадрлар ва смайликларда ифодалайди. Биз ҳар куни узоқ гаплашамиз. Биласизми, бу оламлардан айрилиб, ҳаёт ташвишларини, ёлғон дунё муаммоларини унутиб гаплашамиз. Гаплашамиз, деяпману аслида биз бир-биримизни ҳис қиламиз, кўрмай, билмай туриб англаймиз...”
— “Оҳҳооо... Бу муносабатни севги деб аташга ҳам тили бормайди кишини...”- У ифодалашга уринаётган туйғулари чиндан ҳам унча-мунча кишида учрамайдиган асл ҳиссиётлар эди.
— “Шундай. Бизнинг муносабатларимиз севгидан юксак, дўстликдан улуғ туради. Севги... У нима ўзи? Икки кишининг кўнгил ва жисмоний яқинликни тақозо қиладиган туйғулари. Бир-бирини тушунмайдиган, кечинмаларидан бехабар севишганлар камми бу ҳаётда? Бизнинг муносабатларимиз буткул бошқача. Ҳатто ўзим ҳам чуқур англаб етмайманки, муносабатимизни қандай аташимиз керак экан...”
— “Менимча сиз оилали сиз а? У-чи?”
— “Мен оилалиман. У эса ҳали турмуш қуришга улгурмаган. У билан танишган пайтларимиз менинг оилам нотинч эди. Аёлим билан ажрашиш арафасида тургандик. Унинг ақлли маслаҳатлари, оқилона тадбирлари билан мен оиламни тикладим. Фарзандларимни бағримга қайтардим. У жуда, ҳатто ҳаддан ортиқ ақлли...”
— “Ҳм... Мен ақлли қизлар эркакларга ёқмайди, деб ўйлар эканман...”- Шундай деб виртуал суҳбатдошимга жилмайиб турган смайлик юбордим.
— “Ақлли қизлар ақлсиз эркакларга ёқмайди.”- Суҳбатдошим ҳам менга жилмайиш белгисидаги смайлик қўшиб хабар жўнатди. – “Унинг ақлига ҳамиша қойил қоламан. У айтган ҳамма гаплар тўғри чиқади. Баъзан шундай маслаҳатлар берадики, ёнимда турган оддий ҳақиқатни англаёлмаганим учун ундан хижолат чекаман... Ҳатто мен эркак бўла туриб қиз боланинг олдида шундай ожиз эканман, деб уяладиган пайтларим ҳам бўлган...”
— “Ҳм... Гапираверинг, суҳбатингиз давомига қизиқяпман.”
— “Сизга у билан танишган пайтимда оилам билан ажрашиш арафасидалигимни, аёлим ва болаларим билан бирга яшамаслигимни айтдим. Хуллас, у билан танишдиму ҳаётим ўзгарди. Кунларимга мазмун оралади. Мен ҳам куладиган бўлдим, тонгни илҳақ кутиб, тунда хотиржам ухлайдиган бўлдим. Кўнглимдаги менга шунча пайт нотаниш бўлган, ташрифи бошимни айлантирган туйғуларни муҳаббат деб ўйлардим. Уни рашк қиладиган, мен билан гаплашгани вақт тополмаса жанжал кўтарадиган бўлдим...”
— “Қизиқ. У бунга қандай қарарди?”
— “Бизнинг жанжалларимиз ҳам ёқимли. Беғубор тортишувларимиздан кейин унинг аразлашини, атайлаб мени қийнаш учун агентини кўринмас қилиб олиши ёқади... Шундай қилиб муносабатларимиз муҳаббатга йўғрилаётган бир пайтда у билан менинг оилам ҳақида гаплашдик...”
— “Хўш?..”
— “... “Болаларингизни яхши кўрасизми?” деб сўради. Улар жону-дилим эканини айтгандим, “сиз хотинингиздан ранжиб, оилангизни пароканда қиляпсиз. Лекин фарзандларингизни ҳеч ўйлаяпсизми? Улар бошқа одамни “дада” дейишини қабул қилаоласизми? Дадаси бор тенгдошларига ўксиган куйи термулишларини-чи? Бир пайтлари иродасизлик, журъатсизлик қилиб кўнглингиз билан ҳисоблашмай сизни уйлантираётган ота-онангизга ҳаёт сизники эканини тушунтирмагансиз. Энди болаларингизда нима айб? Уларни ўкситманг. Сиз пиёзни олма деб тишлаб қўйиб, энди уни аччиқлигини билиб ирғитвормоқчимисиз? Йўқ, бунақаси кетмайди, оилангизни тикланг” деб қатъий шарт қўйди. Ўйлаб кўрсам чиндан ҳам гаплари тўғри экан. Уни янада қаттиқроқ яхши кўриб қолдим. Лекин бир томонда у, бир томонда фарзандларим турганди. У ҳеч қачон оиламдан, фарзандларимдан мени айирмаслигини, аёлим билан ўртамизда учинчи киши бўлиб турмаслигини билардим. Шунинг учун мендан узр сўраб, оиламизни тиклаш учун келган қайнона-қайнотамга аёлим билан болаларимни уйга жўнатиб юборишини айтдим...”
— “Тушунарли... Оилангиз қайтганини эшитиб у хурсанд бўлгандир?”
— “Ҳм... Жуда ҳам хурсанд бўлди. Менинг айтганимни қилибсиз-да, деб роса суюнди... Лекин мен ич-ичимдан сездимки у ўша куни узоқ йиғлаган. Чунки унинг гапиришидан, телефонда суҳбатлашганимизда овозидан кайфиятини, ҳолатини пайқаб олишим қийин эмас. У оиламга қайтарганим, хотиним билан бирга яшаётганим учун эмас, омадсиз муҳаббати учун куйиниб йиғлагани аниқ эди. Ўзимда ҳам шундай ҳолат эди. Охири чидаёлмай унга “Тақдир бизни жуда кеч учраштирди, бу бизнинг хатойимиз эмас, аксинча бу англашилмовчилик тақдирнинг иши. Беш-олти йил олдин учрашганимизда ҳаммаси яхши бўларди...” деб смс хабар юбордим...”- Иш вақтим тугаб бораётганига қарамай, нотаниш суҳбатдошимнинг суҳбатига қизиқиб уйга қайтиш шошилмаётгандим.
— “Кейин?”
— “У агентда менга хат ёзиб юборганини смс хабарида айтибди. Кечқурун уйимда интернет ишламаганига бўғилиб, яқин орадаги интернет клубга бориб почтамни очиб кўрдим. Ундан келган хатни бесабрлик билан очиб ўқий бошладим. “Азизбек, ҳеч қачон хотинингиз билан болаларингиз олдида уришманг, акс ҳолда болаларингиз сизни ёмон кўриб қолади. Бола онага боғлиқ бўлади. Сиз онасини ранжитсангиз, камситсангиз боланинг кўнгли ўксийди. Унутманг, бизга нима яхши ёмонлигини Аллоҳ билади. Сиз хотинингиздан яхши қизга муносиб бўлганингизда, ўзингиз хоҳлаган қиз билан тақдир-насибангиз қўшилган бўларди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, тинчгина, ширингина ҳаётингизни заҳарлаётган ким экан? Ўзингизни ҳам бошқаларни қийнаманг. Аслида ҳаёт жуда осон, биз ўзимиз уни мураккаблаштирамиз...” Унинг айтганлари юрагимни тешиб ўтганди. Шунча пайт хотиним билан зиддиятларимиз оқибатида болаларим озор чекиб келганини тушуниб етиб қилмишларимдан уялиб кетдим. Беҳаловат уйимда онаси иккимизнинг жанжалларимиздан озурда, бобо-бувисиникида сиғинди бўлиб, тоғаларининг болаларига қараб кўнгли ўксиниб ўсаётган болаларимни ўйлаб юрагим увишди. Унинг ақлига, теран фикрларига қойил қолиш билан бирга ҳали оила кўрмаган қиз бундай нарсаларни қаердан биларкин деб ҳайрон бўлдим. Хуллас, унинг айтганларига амал қилгандим, Худога шукр, ҳозир ҳаётим анча изига тушди. Уйимда ҳаловатим бор, кўнглим хотиржам, оилам тинч... У мен учун бахт фариштаси бўлди. Шундан кейин унга бўлган муҳаббатим минг чандон ошиб кетди...”
—“Ҳозир гаплашиб, учрашиб турасизларми?”- Унинг яқин инсони билан муносабтига қизиқишим ортди.
— “Агентда гаплашамиз, телефонда гаплашамиз, лекин учрашмаймиз... Мен учрашишни таклиф қилишга ийманаман, у эса, менимча учрашишимизга ҳожат ҳам йўқ деб ўйлайди, чоғи ҳеч қачон учрашишимизни таклиф қилмайди. Мен унинг бахтини Аллоҳдан сўрайман. Илоҳим, қадрини биладиган, ўзига муносиб жуфти ҳалол тақдир қилинган бўлсин... Мана, мен учун данёда ҳаммадан азиз ва қадрли бўлган, ҳеч кимга, ҳатто бир кўрпанинг тагида тепишиб ўсган дўстимга айтолмайдиган дардларимни айтадиган, менга ҳеч ким беролмаган маслаҳатларни берадиган, керак жойда койиб, керак жойда мақтаб олға йўллайдиган яқин инсоним ҳақида эшитдингиз. Энди муносабатларимизни қандай номлаш сизга боғлиқ. Менимча туйғуларимиз севгига ҳам, дўстликка ҳам ўхшамайди... Ҳиссиётларимизнинг номи муҳим эмас, муҳими ўша ҳиссиётларнинг, ўша инсоннинг борлиги... У мени ўзидан ортиқ тушунади. Менимча, унга бўлган талпинишим шундан бўлса керак... Хуллас, уни ундан кўра кўпроқ яхши кўраман...”
Нотаниш суҳбатдошим шуларни айтиб, охирида мендан узр сўраб муҳим иш билан бир жойга кетиши шартлигини, суҳбатимизни эртага давом эттиришимизни айтиб, хайрлашибди. Мен у чиқиб кетгач ҳам анча пайт интернетда ўтириб нотаниш суҳбатдошимнинг архивидаги ёзишмаларни кўздан кечирдим. Бугун ёзганим “Болам учун ниқобидаги гуноҳлар” номли мақоламнинг тўлдирилишида асқотадиган яхшигина мисоллар бор эди ёзишмаларимизда. Агентдаги суҳбатдошимнинг виртуал яқин инсонига менинг ҳам ғойибона ҳурматим ва меҳрим ошди...
Рухшона Фаррух
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 66 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар