Сайт бўлимлари
Бахтли аёлга мактуб
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Сўзларим аввалида мени гуноҳкор қилмаслигингизни ўтиниб сўрайман опажон. Зеро, мен ҳам инсонман, умид ила дунёга келганман, бировга тегишли жисм қалбини забт этишни ўзим истамаганман. Эрингиз... Суйганимни биринчи бора кўрганимдаёқ, бу оламда шунча пайт саросар бахт излаб оввора бўлиб юрганимни англаганман. Ўшанда эрим мени “пул топиб келасан”, деб уйдан ҳайдаб солган, тун ярмидан оққан бир пайтда ҳали тилчалари чиқиб улгурмаган жажжигина фарзандимни бағримга босиб кўчаларда сарсон юргандим. Қаерга боришни, кимдан ёрдам кутишни билмайман. Қайноқ ёшларим ёноқларим узра лабларимга томар, шўр-талх томчилар менинг аччиқ тақдирим олдида болдан-да ширин туюларди. Шунда Аллоҳ мен бахтиқаронинг зулмат йўлларини ёритгувчи бир нур юборди; олдимга сассиз келиб тўхтаган машинадан чўчиб бир қадам ортга тисарилдим. Қўрқув ва хавотирдан дағ-дағ титраб, гўё боламдан ҳимоя нажотини истагандек, уни яна-да қаттиқроқ қучиб олдим. Кутилмаганда ҳайдовчи машинадан тушиб ёнимга келди:
— Синглим, тинчликми? Бунақанги бемаҳалда кўчада нима қилиб юрибсиз?
— Ўзим... шундай... — Мужмал жавобимдан сўнг кўзларимдан дувиллаб ёш оқди.
— Йиғламанг, синглим. Адашиб қолган бўлсангиз кўчангизнинг номини биласизми? Болани ҳам қўрқитиб юборасиз. Йиғламанг, қаерликсиз? — Шу топда қаршимда мен узоқ кутган одам намоён бўлгандек эди. Йиғидан ўзимни тўхтатолмасдим. Қисматимнинг сўқмоқларида бемақсад изғиганларим, яралганимдан бери фақат ва фақат изтироб чекишга маҳкум этилганимни айтиб бўзлашни истардим. Биламан, бундан бирор наф йўқ, аммо кўнгил ўзига яқин дарддош истаса, изласа мен нима қилай?..
— Мен уйга боролмайман, ака, — зўр базўр ёшларимни тийиб қаршимдаги инсонга жавоб қилдим.
— Нима учун, тинчликми?
— Хўжайиним... ҳайдаб юбордилар... — Боламни бағримга маҳкамроқ босиб, бор овозим билан ҳўнграб юбордим.
— Куюнманг, синглим, ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Хўжайинингиз аччиқ устида бирор нима деган бўлса, ҳозир ўзи пушаймон бўлаётгандир. Юринг, сизни уйингизгача олиб бориб қўяй, кўп йиғлайверманг. Қаранг, болани ҳам қўрқитиб юбордингиз. — Улар ўғлимни қўлимдан олиб машинага қараб юрдилар. Шунда бор кучимни тилимга тўплаб уларга дедим:
— Ака! Илтимос, мени у ерга олиб борманг. Тўхтанг ака... — Мен ўша ҳолатимни тасвирлай олмайман. Ёноқларимни ёндириб оқаётган қайноқ ёшларим кўнглим тубидаги кўлмакка айланаётган эди. Улар менга хайрихоҳ тикилдилар:
— Синглим, бунақа кўчада юриш яхши эмас. Ҳеч бўлмаса ота-онангизникига олиб борай?! — Ўзлари билмаган ҳолда дил яраларим ва армонларим маддасига ўқ узиб қўйдилар.
— Ака, мен бахтиқаронинг шу норасида гўдагидан бошқа ҳеч кими йўқ... Шунинг учун бошимга оғир мусибатлар ёмғири ёғилмоқда-да... — Мажолсиз, ихтиёрсиз машинага чўкдим. Кейин илтижо билан жуфтингизга тикилиб, “Илтимос, мени бирор ёққа олиб боринг, бирор жойда дам олай. Жуда толиққанман, мазам йўқ...” — дедим. Ундан кейин фақат бошимни ўриндиқдаги кичкина ёстиқчага қўйганимни эслайман, холос.
Эртаси куни кўзимни очсам касалхонадаман. Вужудим анча тетик. Ёнимдаги каравотда пишиллаб, беғубор бўлиб фарзандим ухлаяпти. Бош томонимдаги тумбочкада мева-чевалар, тансиқ егуликлар турибди. Уларга кўзим тушган заҳоти, бу кимнинг ҳиммати эканини сездим. Юрагим бир ҳаприқиб кетди. Зум ўтмай хонага ҳамшира ва шифокор келиб, соғлигимни текширишди. Қоним камайиб, анча ҳолсизланган эканман. Бунинг устига юрагим ҳам заиф экан. Муолажааларни бошлаб юборишди. Улар менга тавсия қилаётган дори-дармонларни, билагимга ўтказаётган осма уколларни кўриб юрагимни хавотир исканжага ола бошлади: Мен бу дорию муолажаларга қайдан пул топаман?!
Анчадан бери бир бурда нонга зор эдим, тўйиб-тўйиб овқатландим. Умримда илк бора ҳузурланиб ухладим. Бир пайт бошим устида кимларнингдир пичирлашиб гаплашашишидан кўзим очилди. Дўхтир билан кечаги Яхши инсон (мен ўшанда хўжайинингизга шундай ном қўйиб олгандим). Нималарнидир келишаётган экан. Дўхтир уйғонганимни кўриб:
— Ана, ўзлари ҳам уйғондилар. Яхши дам олдингизми, бироз тузукмисиз? — дея сўради. Мен ўн саккизга кириб энди биринчи марта “тузукмисиз?” деган ҳол сўрашни эшитаётгандим. Кўзларимда айланган ёшни кўрсатмаслик учун деворга қараб секингина жавоб бердим:
— Анча яхшиман, Худога шукр... — Дўхтир бир-иккита тавсияларни бериб чиқиб кетди. Яхши инсон дераза олдидаги курсини каравотга яқинлаштириб мендан ҳол-аҳвол сўрай бошладилар:
— Ўша тунда сизни гўдагингиз билан қайга олиб боришни билмай, тўғри касалхонага олиб келдим. Кўринишингиз яхши эмас, анча толиққан эдингиз. Дўхтирларнинг айтишича, ҳеч ким сизни йўқлаб келмабди... Мени кечиринг... ака-укангиз ҳам... — Маҳзунгина кулимсираб уларга термулиб қолдим. — Майли, айтгингиз келмаса индамай қўяверинг. Ўзингиз соғайиб, тетиклашиб кетсангиз бас. Фақат... турмуш ўртоғингизга хабар берсангиз бўлармиди... Кўнглига ҳар қандай хаёл келиб юрмасин, дейман-да.
— У ҳеч нарсани билишини истамайман, ака! Мен энди у уйга қайтиб бормайман, жон ака, уларга хабар берманг...
— Нега ахир?! Синглим, ҳали ёшсиз, одам деган бунақа енгилтак бўлмайди. Арзимаган қийинчиликларни деб оилангизни бузманг. Нима бўлганда ҳам ўртада бола бор. Рўзғорда келишмовчилик деганлари бўлиб туради-да. Уруш-жанжалсиз оила борми? Менга қолса оилангизга тезроқ хабар бериш керак.
Яхши инсоннинг астойдил куюниши юрагимни баттарроқ эритиб юборди. Шу топда ўн саккиз йиллик армону изтиробларимни борича шу одамга айтиб бергим, дардларимни тўкиб-солиб кимлигимни ошкор этишни истаб қолдим. Аммо... бошимдан ўтган оғир кунларни эслаш мен учун осон кечармиди?..
...Эсимни “Меҳрибонлик уйи” деган масканда танидим. У ердагиларга кулги бегона эди. Уззукун дераза рафига суяниб ёхуд дарвозага мўлтираб кимнингдир келишини пойлаб кун ўтказардик. Кимларнингдир орзуси ушалиб, кутгани келар, бир зумда жонажон гўшамизда шодлик-қувонч оралаб, ўша ўртоғимизнинг шодлигига шерик бўлардик. Лекин мен айтаётган бу воқеалар камдан кам ҳолларда рўй берарди. Мен ота-онам кимлигини билмайман. Исмимни ҳам гўдаклар уйида осонгина қилиб Хумора деб қўйишган экан. “Меҳрибонлик уйи”да ёмон яшамаганману бироқ яхши кунларим ҳам кўп бўлмаган. Айниқса, ўн икки-ўн уч ёшдан бошлаб у ерда тарбияланувчи қизлар мунтазам гинеколог текширувида бўлади. Қиз бола учун бундан оғири бўлмаса керак! Ота-онасининг бағрида юрган қизларга биров “ола қараш” қилмайди. Аммо “Меҳрибонлик уйи”нинг қизлари...
Дўхтирлар ва тарбиячилар бизни, ота-онасидан ортиб қаёққа борарди, деб ўйлашарди чоғи ҳар бир қадамимиз қатъий назорат остида бўларди. Ҳатто бирор бир йигит билан дўстлашишимизга ҳам хавфсираб қарашарди. Бундай вазиятга дуч келиш, шубҳа-гумонлар ичида яшаш кишига малол келиши аниқ. Шу боис ҳам менинг келажагим борасидаги орзуларим аввало шу Меҳрибонлик уйидан кетиш билан боғлиқ эди. Остонада мени кутаётган ҳаётни бутунлай бошқача тасаввур қилардим. Хаёлларимда бир куни ота-онам мени излаб келар, улар ўзлари билан олам-олам ширинликлар олиб келишар, мен дугоналаримга совға -саломларни тарқатиб, яқинларим билан ўз уйимга кетардим. Ота-онам, бобо-буви, хола-аммаларимга эркатой бўлиб ўйнаб юрардим...
Бора-бора бу орзуларим сароб эканини, ҳеч қачон ушалмайдиган армон эканини англаб етдим. Айниқса, ақлимни таниб борган сарим ота-онамнинг исталмаган, уларга шармандалик келтирган фарзанд бўлганим боис қисматимда Меҳрибонлик уйида улғайиш битилганини тушундим. Сўнг орзуларим ўрни янгилана борди. Барча бўй қизлар каби (етимхонадаги болалар ота-онали болалардан кўра тезроқ улғайишади). Мен ҳам қачондир мени севадиган, тушунадиган, қисматимни маломат қилмайдиган бир йигитни учратишни, у билан бахт қасрини бунёд этиб, ширин-шакар фарзандлар кўришни, болаларимнинг кўнглини ўкситмай, уларга яхши тарбия беришни орзу қилардим. Лекин негадир ҳаёт менинг истакларимга терс боқди.
Биласизми, негадир меҳрибонлик уйининг тарбияланувчиларига одамлар ҳам бошқача қарашади. Худди биз азоб чекишга, қийналишга маҳкум этилгандек. Мени фарзандликка олган хонадонга илк бора келган пайтимдаёқ, улар мени келин қилишини кўнглим сезган эди. Чунки уларнинг ўғил-қизлари бор, ўғил уйлантириб, қиз чиқаришган, неварали одамлар эди. Кенжа ўғли куну тун безориликдан бери келмас, гоҳ-гоҳида уйга келганида ҳам ота-онаси билан жанжаллашарди. Уларникида кунда кунора бўладиган тўс-тўполондан қўни-қўшни безор бўлиб кетган, хонадон бошлиқлари ҳатто маҳалла кўйга ҳам аралашолмасди. Бир куни беш-олти қариндошни чақиришиб кичкинагина маърака ўтказишди ва мен билан ўша безорини бир уйга киргизишди...
Тенгдошларим каби оқ либосда, оппоқ орзу - умидларда келин бўлмадим. Худди марҳумнинг “уч”ига ўхшаган бир маросимча бўлиб ўтдию, ниятларим бўғзига пичоқ тортилди. Бу никоҳдан топганим фақат хўрлик, хорлик, ҳақорат ва таҳқир бўлди. У хонадонда гўёки хизматкор ўрнидаман. Каттаси ҳам турткилайди, кичиги ҳам. Эрим гиёҳванд, ўғри, қамалиб чиққан. Қочиб кетай десам, борадиган жойим йўқ. Меҳрибонлик уйидан келганимда қўлимда анчагина пул бор эди. (Давлат бизнинг ғамхўримиз. Вояга етган тарбияланувчига ўзини тиклаб олиб, ўқиш ё ишга киргунига қадар муҳтож бўлмаслик учун маълум миқдорда пул берилади). Бу уйдагилар пулларимни ўз эҳтиёжларига, ўғилларининг қарз-қаволасига сарфлаб бўлишди. Кўчага чиқиб кетганим билан бирор жойдан бошпана топиб, кун кўриб кетишим маҳол. Чидашга мажбур эдим. Ўн етти ёшимда Аллоҳ мени оналик саодати билан сийлади. Ҳаётимнинг биттаю битта чироғи — мана шу гўдагим, шунинг учун ҳам сабр қилиб машаққатларни енгишга ҳаракат қиламан, деб ўз-ўзимга сўз бердим. Лекин одам боласининг бардоши тоғдан-да мустаҳкам, иродаси темирдан қаттиқ бўлса ҳам кези келиб ҳаддан ортиқ хўрлик ва азоблар олдида оддий хас каби мўрт бўлиб қолиши бегумон экан. Гиёҳванд эрим ҳар куни “пул топиб бер, пул топиб кел” деб мени калтаклар, фиғоним фалакка ўрлаб дод солиб йиғлаганимда, ота-онаси секингина ичкари уйга кириб олишади. Кеча сиз йўлда учратганингизда ҳам номард эрим мени “пул топиб келасан, фоҳишалик қилсанг ҳам пул топиб келасан! Ахир сен «детдом»да ўсгансан-ку, онанг ҳам бузуқ бўлган, сени бир ўйнашидан орттириб туғиб ташлаб кетган. Ўзинг ҳам «детдом»ни болалари билан...” деб мени қаттиқ ҳақоратлаб, кўчага қувиб солди. Ака, мен Меҳрибонлик уйида тарбияланганман, аммо ҳаромдан ҳазар қиламан. Мен ўзим тортган жабру жафоларни фарзандимга раво кўрмайман. Мен нопок йўлларга юрмайман, токи болам бир куни маломатлардан боши хам бўлмасин. Кўнгли ўксимасин. Энди у хонадонга қадам босмайман. Нима бўлса пешонамда борини кўравераман...
— Қаерга бормоқчисиз? — Бошимдан ўтган кунларни жимгина тинглаётган Яхши инсон журъатсизгина савол бердилар.
— Ҳозирча билмадим. Аммо бирор бир интернатдами, санаторийдами фаррош бўлиб ишга кирсам дейман, ҳам болам иккимизни боқардим, ҳам бошпанам бўларди. Аслида буни аввалроқ уйдан қочиб кетиш фикри калламга келган пайтларда ўйлагандим. Ака, мени кечиринг, сизга ҳам ортиқча дардисар бўлдим. Шунча харажатларга қолиб ўтирибсиз. Бундай касалхонада даволанишнинг ўзи бўладими... Илоҳо, фарзандларингизнинг роҳатини кўринг. Аёлингиз билан қўша қариб, пиру бадавлатликда саодатманд бўлинг. То тирикман, ҳаққингизгизга дуо қиламан.
— Сиз ҳеч нарсани ўйламанг, бу дунёда инсонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бир-бирига кўмакчи бўлиб яшамоғи керак. Ахир ҳаммамиз бу синов дунёсида мусофирмиз. Ҳадеб “мен ёлғизман, ҳеч кимим йўқ” деб ўкинаверманг. Аслида бу оламда ҳаммамиз ёлғизмиз. Онадан якка туғилдикми, якка ўзимиз кетамиз. Қолаверса, ёнингизда шундай ўғлингиз бор, эрта-индин у улғайиб қанотингиз остига киради. Кўриб турибсизки, бу изтиробларингиз ҳам эртакка айланади...
Бир нарсани аниқ ишонч билан айтишим керакки, менга умримда илк бора яхши сўз айтилаётган, кўнгил кўтарувчи истак тиланаётган эди. Ана шу илиқлик мени Яхши инсонга боғлагандир, эҳтимол. Яна Ўзи билгувчи...
Шавкат акага (Яхши Инсоннинг исмлари шундай экан) нисбатан ўзим билмаган ҳолда кўнглимда муҳаббат уйғона бошлади. Бу орада мен ўзимиз даволаниб чиққан касалхонада фаррошлик қила бошладим. Шавкат аканинг ёрдамлари билан ижарага уйли бўлдим. Ижарачи ҳеч кими йўқ ўрис кампир бўлиб, болам унинг овунчоғи эди. Менга алам қилгани шуки, уйдан чиқиб кетганимдан кейин, ҳалиги “дўзах”дан мени биров йўқлаб келмади. Келин сифатида қадр-қимматим йўқлигини-ку, билардим, ҳатто уйларида уч йил хизматкорлик қилганимни ҳам андиша қилишмади.
Мен Сизники бўлган, фарзандларингиз отаси, оилангиз бегини тортиб олиш ниятида эмасман. Мен ёлғиз эмасман. Худойим шунча чеккан изтиробларимга яраша мени тўрт муччаси соғ, чиройли фарзанд билан мукофотлади. Ўзига бениҳоя шукр! Бундан бошқасига даъвоим ҳам йўқ. Аллоҳ ўзимга ато этмаган бахту саодатни шу гўдагимга буюрган бўлсин. Мен... эрингизни севаман, жонимдан ҳам ортиқ кўраман. Ҳаётда менга яхши муносабатда бўлган, яшашни, ҳаётга нисбатан умид билан қарашни, одамларга ишонишни ўргатган, энг муҳими орамизда Яхши Инсонлар борлигини, улар кишиларга таъмасиз яхшиликлар қилгувчи Аллоҳнинг суюкли бандалари эканлигини исботлай олган одам сифатида Шавкат акани севаман! Бахтимга бу пинҳоний ишқимни ўзим ва Худойимдан бўлак ҳеч ким билмайди. Сизни ҳам билмайман, танимайман. Аммо шундай олижаноб, меҳрибон кишига умр йўлдош бўлиш каби саодатга мушарраф бўлганингизга ҳамиша ҳавас қиламан. Бахтингиз бутун бўлсин, нотаниш опа!..
Рухшона Фаррух
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 63 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар