1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

«Асал шифодир»

«Асал шифодир»

Асални халқ табобати тавсия этадиган шифобахш неъматларнинг подшоҳи дейиш мумкин. Асал, бол фақат ширинлик бўлиб қолмай, энг аввало шифо ҳамдир. Қуръони каримдаги Намл (асалари) сураси унинг нақадар фойдали ва ардоқли нарса эканини кўрсатиб қўйган.  Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Асал истеъмол қилинглар, у кўп касалликларга шифодир», деганлар. Асал Яратганнинг чинакам мўъжизавий неъмати, бандалар саломатлигини асраш ва яхшилашдаги улуғ меҳрибонлиги белгисидир.
Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг: онгсиз, ақлсиз бир ҳашаротга тинимсиз учиб-ишлаб, асал йиғишни амр қилиб қўйган Зот бундан фақат инсонларнинг соғлом ва бардам бўлишларини ирода этмаганми? Асалари бир кило асал тўплаш учун уясидан 120-150 минг марта учиб чиқиши, тўрт юз минг чақирим масофани учиб ўтиши керак. Бу, Ер куррасини белидан ўн марта айланиб ўтишга тенг келади. Энг қизиғи, асалари ўзи йиққан асалнинг юздан бир қисминигина истеъмол қилади, қолгани инсонларга туҳфа этилади.
Ўтмишдаги табиблар асални бежизга «узоқ умр кўриш малҳами», «ҳаёт шарбати», деб айтишмаган. Дарҳақиқат, унинг таркибида инсон организмига ўта зарур ва фойдали юздан ортиқ биологик модда бор. Айниқса ундаги рибоза моддаси фақат тирик организмларда учрайди. Бундан ташқари, унда тана фаолияти учун муҳим глюкоза, оқсил, фруктоза, органик кислоталар, В-1, В-2, В-3, В-6, В-13, В-14, С, К, Е дармондорилари, микро ва макроэлементлар бор. Асалдаги айрим дармондори ва шифобахш моддалар бошқа ҳеч бир озуқада учрамайди.
Қадим-қадимдан турли касалликларни даволашда, одамларнинг бардамлиги, соғломлиги ва бақувватлигини таъминлашда асални тавсия қилишган, у барча дори-дармон ва малҳамларнинг асосий таркиби ҳисобланган. Ҳадисларда Пайғамбаримизнинг қорни оғриган одамга асал ейишни тавсия қилганлари ҳақида айтилган.
Ўтмишнинг машҳур юнон файласуфи Пифагорнинг айтишича, унинг узоқ умр кўришига муттасил асал истеъмол қилиши асосий сабаблардан бўлган экан. Яна бир донишманд Демокрит эса бир асрдан ортиқ яшаган бўлиб, у умрбоқийлик сирини мунтазам асал ейиш ва баданини мой билан муолажа қилишда, деб билган. Қадимий Миср, Юнонистон, Бобил, Ҳиндистон ва Хитойда беморларни асал ёрдамида даволаш урф бўлган.
Тиббиёт фанининг отаси, улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино асалнинг кўплаб хосиятларни келтириб ўтади: «Асал мижозни тозалайди, қоннинг томирларда юришини равонлаштиради, гўштни бузилиш ва сасишдан сақлайди. Йирингли, чуқур яраларни тозалаб қотиради. Кўз хиралигидан халос этади. Бўғмадан қутилишга ёрдам беради. Бодомча безлари оғришининг олдини олади. Асал суви меъдани кучли қилади. Иштаҳани очиб, овқат ҳазмини яхшилайди. Темираткини асал ва аччиқтош аралашмаси йўқ қилади».
Ибн Сино таъбирича, навқиронликни сақлаб қолиш учун асал истеъмол қилиб туриш керак. Айниқса ёши улғайиб қолганларга у бебаҳо шифо ва қувват манбаидир. У шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларида яхши даво бўлади. Асал болалар ва қарияларга, танадаги модда алмашинуви бузилган кишиларга бирдай фойдалидир. Айниқса у озиб кетиш, ич қотиши, ошқозон-ичак яралари касалликларини даволашда, мияни озуқалантиришда асқотади.
Замонавий тиббиётда ҳам турли касалликларни даволашда асалдан кенг фойдаланилмоқда. Масалан, турли жароҳатлар ва яралар, шамоллаш, юқори нафас йўллари ва ўпка хасталиклари, юрак, жигар, буйрак, асаб тўқималари, ошқозон-ичак, тери ва кўз касалликлари ҳам асал ёрдамида муолажа қилинмоқда. Даволаш косметикаси, радиатсия туфайли пайдо бўладиган нур касалликларида ҳам асал беминнат ёрдамчидир.
Энг қизиғи, асал олинган жойга қараб уларнинг тури маълум касалликларга шифо бўлар экан. Масалан, юқори нафас йўли шамоллаганларга тоғ асали фойда қилади. Ҳазм йўллари хасталикларида эса чўл ва далалардан олинган асал шифо бўлади. Юрак хасталикларида ўрмон асали кўпроқ наф келтирса, буйрак хуружида каштан дарахти гулининг асали қўлланилади.
Камқонликда асални малина билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади. Асал дармонсизлик ва сил касали туфайли пайдо бўлувчи камқувватлиликда ҳам яхшигина ёрдам беради. Бунинг учун асални сархил сабзи шарбатига қўшиб кунига 80-100 граммдан ичиб туриш тавсия этилади. Асални пиёзни қирғичдан ўтказилган тўлпига қўшиб истеъмол қилиш тананинг умумий тонусини кўтаришга ёрдам бериши ҳам табиблар тажрибасида синовдан ўтган.
Грипп касаллигининг олдини олиш ва уни даволашда ҳам асал беминнат даводир. Бунинг учун асални пўстлоғидан ажратиб қирғичда майдаланган саримсоқ пиёз билан баравар миқдорда яхшилаб аралаштирилади ва уйқу олдидан бу аралашма бир чой қошиқ миқдорида қайнатилган сув билан 3-5 кун давомида ичилса, касаллик чекинади.
Ҳар қандай шифобахш неъматни меъёридан кўп истеъмол қилиш зарар келтиргани каби асалдан фойдаланишда мўътадилликка эътибор қаратиш лозим. «Асалнинг ҳам ози  ширин» деган мақол бежизга тўқилмаган. Шифокорлар қандли диабет, астма (нафас бўғиши), асалга бадани сезгирлик кўрсатадиган беморларга уни тавсия этишмайди. Катта ёшдагилар бир кунда 100-150 грамддан, ёш болалар эса 30-40 граммдан ортиқ асал емаганлари маъқул. Бир ёшгача бўлган болаларга эса чойқошиқдаги асалнинг учдан бирини бериш мумкин, холос.
Асални овқатдан бир-бир ярим соат олдин ёки овқат егандан уч соат ўтгач истеъмол қилиш тавсия этилади. Уни ширчой, сут ёки ширгурунч билан еган фойдалироқ. Асални қайноқ сув ёки чойга аралаштириб ичиш тавсия қилинмайди. Чунки эллик даражадан юқори иссиқ сувга солинган асал таркибидаги фойдали минераллар ўлади.
Ташналикда асални иссиқ ёки совуқ чойга, тоза сувга аралаштириб ичилганида ҳам чанқовни босади, ҳам турли хасталикларга даво бўлади. Асал шарбати кишини руҳан ва жисмонан тетик қилиши билан бирга, юрак ва мия фаолиятини анча яхшилайди.
Нафақат асал, ҳатто асалари муми (прополис) ва сути ҳам бебаҳо шифо воситасидир. Асалари сути кўкйўтал, ошқозон яраси, бод (ревматизм), камқонлик, бемадорлик ва бошқа кўпгина касалликларни даволашда ишлатилади.
Халқ табобатида асалари қиёми ёки елими (прополис) жуда кўп хасталикларга беминнат даво сифатида жуда қадимдан фойдаланиб келинган. Асалари уясидаги тешикчаларни, кириш-чиқиш йўлларини беркитишда, уячалар хонасидаги деворларни мустаҳкамлашда ишлатадиган шарбатсимон бу елимнинг даволаш хусусиятлари асосида микробларга ва шамоллашга қарши кураш, биологик қувватни ошириш, оғриқ қолдириш каби хоссалар ётади.
Прополис нафас йўллари, қулоқ-томоқ-бурун, овқат ҳазм қилиш йўллари хасталиклари, бўқоқ, узоқ муддат тузалмаётган яралар, бачадон бўйни емирилиши (эрозияси), эркаклик жинсий бези касаллиги, иммунитет сусайиши каби ҳолатларда кенг қўлланилмоқда. Куйган ёки яраланган жойларни даволашда асалари елими энг яхши воситадир. Куйишдан ҳосил бўлган ярага ёки сурункали варрикоз яраларига елимнинг 15 фоизли малҳамини уч-тўрт қатлам докага қўйиб боғлаш яхши самара беради.
Чипқонни даволашда тоза елимни кулча қилиб чипқон устига қўйилади ва устидан ёпишқоқ қоғоз (лейкопластир) билан маҳкамланади ва то чипқондан йиринг чиқа бошламагунича олинмайди. Худди шу усулни тери касалликларида ҳам қўллаш мумкин.
Елимнинг турли фоиздаги аралашмаларидан қўтир (грибок), тери ўсмаси (рак), ўсмирлар юзидаги тошмалар, қадоқ, сўгал, сурункали ва оғир тошмалар (экзема), соч тўкилиб кетиши (каллик), терининг оқ касаллиги,   оғиз бўшлиғи касалликларини даволашда ҳам самарали фойдаланилмоқда.
Замонавий тиббиётда ва халқ табобатида асалари мумининг турли миқдордаги аралашмалари сурункали томоқ қуриши (фарингит), бурун яллиғланиши (ринит), нафас қисиши (бронх астмаси), ОРЗ, пневмония, ўпка ва тери сили, қон босимини пасайтириш ва қондаги холестрин миқдорини камайтириш, бавосир (геморрой), ошқозон-ичак йўли касалликлари, турли яраларни даволашда ҳам ишлатилмоқда.
Энг ажабланарлиси, жуда кўп кимёвий дори-дармонлар бошқа аъзоларда қандайдир асорат қолдиргани ҳолда асалари елими ҳеч қандай зарарли таъсир кўрсатмайди. Чунки антибиотиклардан фарқли ўлароқ, асалари елими табиий модда бўлгани учун унда микроорганизмларнинг мослашувчанлиги ҳодисаси содир бўлмайди, елим уларнинг кучайиб кетишига, таъсирини ўтказишига йўл қўймайди.
Асалари парвариши билан шуғулланувчиларнинг касалликка кам чалинишларининг ўзиёқ асалари чиқарган ҳамма нарса шифобахш эканини исботлаб турибди. Масалан, асалари учун озуқа омили бўлмиш ўсимликларнинг эркаклик тўқималари (гулчанглар) ажойиб биологик куч-қувват бағишловчи, танани фаоллаштирувчи восита бўлиб, у айниқса қариб-қартайган таналарга жуда фойдалидир. Гулчанг кекса кишиларнинг асаб тизими фаолиятини яхшилаши ҳам кашф этилган. Гулчанг жуда кўп мамлакатларда косметик даволашда ҳам кенг қўлланилмоқда.
Асаларини чақтириш ёки унинг тиббиёт йўли билан олинган заҳарини қўллаш орқали ҳам қадим-қадимдан турли касалликлар муолажа қилиб келинган. Масалан, заҳарнга асал қўшиб, каллик даволанган, соч ўстиришда ишлатилган. Русия подшоҳи Иван Грозний ва Шветсия қироли Карл Ўниккинчи бу хушбўй суюқликдан подагра (бўғин ва тўқималар касаллиги)ни даволашда фойдаланишган.
Ҳозирги замон тиббиётида ҳам асалари заҳари кенг миқёсда қўлланилмоқда. Чунки асалари заҳари жуда кучли антибиотик модда саналади, унинг таркибидаги виропин, аписартрон ва бошқа шифобахш моддалар жуда кўп касалликларни даволаш ва олдини олишда тенги йўқ самарали воситадир. Асалари заҳари бод (ревматизм), неврит ва невралгия каби асаб тизими хасталиклари, кўзнинг баъзи касалликларини даволаш, қон босимини мўътадиллаштиришда самарали ишлатилмоқда. Аммо уни ўзбошимчалик билан ҳар ким ўзича қўллаши, болаларни даволашда ишлатиши хатарли оқибатларга олиб бориши мумкин.

Ҳозир сайтимизда 93 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ