Сайт бўлимлари
Отанинг касри фарзандига урмасин
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 23 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
«Мен кўндим, мен розиман...»
Бу сўзлар «Ўткан кунлар» романидаги Кумушбибининг сўзлари. Бу сўзни айтиш учун жуда катта қалб, сабр-бардош керак бўлади. «Кундош балоси»га дучор бўлган ҳар қандай аёл бу «иқрорлик»ка осонликча таслим бўлмайди. Дарҳақиқат, бугунги икки суҳбатдошимизнинг қисматига ҳам шу битилган экан. Айтишларича, улар муроса учун ҳатто оиладаги ўз ўринларини кундошига бўшатиб беришибди.
Қизиқ, уларнинг оиласини ким бузибди? Сайтимиздаги аввалги мақолаларда Умида Адизованинг «Очилаётган қизлар» номли мақоласини ўқидингиз. Унда бугунги қизларнинг хулқи, одоби ҳақида турли фикрлар билдирилган эди. Икки суҳбатдошимиз ҳам ўз оилаларининг бузилишига айнан қизларни сабабчи бўлганлигини таъкидлашмоқда. Буни қаранг, биз фаришталарга, малакларга қиёслаган айрим қизлар бугун бировларнинг оиласига пона мисол суқилиб кираётганликлари ажабланарли. Қани аёлларимизнинг суҳбатларига қулоқ тутайликчи, улар неларни бизга сўйлар эканлар.
— Эрим бир қиз билан гап бўлиб кетди, — дея гап бошлади Феруза исмли аёл. — Суриштириб билсам ўша қиз коллежда ўқир экан. Ўқиш жойига бориб ўқитувчиларига арз қилсам, қиз боланинг шаънига тўғри келмайди деб ўйладим. Онасининг ёнига борсам, зора қизини тўғри йўлга бошлар деган илинжда уйларига йўл олдим.
Дарвозадан ҳовлисига кирар эканман, кинолардаги бойваччаларнинг уйидек уйга, ичкаридаги жиҳозу, идишларга оғзим ланг очилиб қолди. Қизнинг онаси уйда экан, бироз суҳбатлашдик. Қизидан гап очишим билан:
— Аввал эрингни тийиб ол, битта эрни эплай олмайдиган қандай хотинсан?! Қизим ўз бахти учун курашяпти, нима қилишни ўзи жуда яхши билади, уни тинч қўй! — деди.
Онанинг оғзидан чиққан сўзларни эшитиб, карахт бўлиб қолдим. Тилим сўз тополмай қолди. Фақат англаб етганим, энди бу ерда туришим ортиқчалиги эди. Кўнглим шишаси чил-чил синиб кўчага чиқдим. Кўз ёшларимни тўхтата олмай кетиб бораётсам, бир аёл мени тўхтатди. Нега келганимни суриштирди. Кўксим тўлиб бир оғиз ҳам гап айтолмай, фақат йиғлаб бердим. Аёлнинг ўзи нима бўлганини сезди чоғи:
— Синглим хафа бўлманг, онаси киму, қизи ким бўларди! — деди.
«Нега?» дегандай, нажот кутиб, қўшни аёлга юзландим.
— Маърифат пул топаман деб, эрини кўчага ҳайдаб солди. Ўзини ўтдан-чўққа урдию, фарзандларининг тарбиясига бефарқ бўлди. Оқибатда болаларининг тарбияси бузилди. Худо кўрсатмасин, бир фалокат бўлса, қанча пули кўп бўлсаям уни тўғрилай олмайди. Бу ҳаётда пулга топилмайдиган нарсалар ҳам кўп. Майли синглим, сабрли бўлинг, омон бўлсангиз ҳали ҳаммаси яхши бўлади, — деди.
Йўлда келяпману, оёқларим ўзимга бўйсунмаётгандай, хаёлим узоқ-узоқларда. Қулоқларим остида эса ўша аёлнинг сўзлари жаранглайверди. Наҳотки, ўн гулидан бир гули очилмаган, устига-устак ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдак, бир оилали одамга илакишиб юрса-я, дейман ўзимга ўзим. Гоҳо инсон ўзи истамаса ҳам ҳаёт йўли издан чиқиб кетар экан-а? Кечагина эрим уйимизга совчи юборган, бир неча йигитларнинг орасидан уни танлаган эдим-а? Агар бундай бўлишини билганимда… Эҳ, инсон боласи агар эртага нималар бўлишини била олганингда эди…
Куйиб-ёниб кетдим. Ўзимни бўш-баёвликда, уқувсизликда айблай бошладим. Эримнинг ишдан келишини интиқ кутдим ва очиқчасига гаплашдим. Ақлини йиғиб олишини илтимос қилдим. Эрим рози бўлди. Маликадан воз кечишини, қайтиб учрашмаслигини айтди. Йўқ, янглишган экан, у Малика билан учрашмай қўйди-ю, орадан кўп ўтмай онаси оиламиз тинчлигига рахна солди. Уйимизга бостириб келиб тўпалон кўтарди. Эримга ва менга айтмаган сўзи қолмади. Бисотидаги бор ёмон сўзларини бизларга тўкиб солди. Эмишки, эрим Маликанинг номусига текканмиш.
— Қизингиз мен билан танишганида бокира эмас эди, — деди эрим аёлнинг ҳақоратларига чидай олмай.
— Ҳой ўғилбола, гапингни ўйлаб гапир, бу сўзларинг учун ҳали пушаймон бўласан. Умрингни қамоқда чиритаман! Норасида гўдакни зўрлаш қандай бўлишини мен сенга кўрсатиб қўяман!
Маликанинг онаси заҳарханда сўзларини соча-соча уйимиздан чиқиб кетди. Қайнонам ҳам, эрим ҳам, мен ҳам нима қиларимизни билмай қолдик.
Эртаси куни эримнинг маслаҳатига кўра ота уйимга кетдим. Аниқроғи ўзи ташлаб келди.
— Ишларни бир ёқли қилиб олай, кейин олиб кетаман, — деди.
Энди ҳангоманинг қолганини эшитинг. Уйга кетганимдан кейин Маликанинг онаси яна уйимизга келибди. Менинг кетганимни эшитиб, эримга ялинишга тушибди:
— Бир ҳафтанинг ичида тўй қилиб, қизимни келин қилиб оласизлар, — дебди.
Қайнонам шўрлик тўйга қурби етмаслигини айтса:
— Бу ёғини менга қўйиб беринглар, ҳамма харажатларни ўзим кўтараман, фақат ҳеч кимга оғиз очмайсизлар, — дебди.
Эрим улардан қочиб қутилолмаслигини билиб, тўйга рози бўлибди. Тўй бўлганини, эримнинг уйланганини бировлардан эшитдим. Ҳатто эрим телефонда бўлса-да, бир оғиз кечирим сўрашга ярамади.
Онам эса:
— Қизим, хафа бўлма, эринг билан сени боғлайдиган ришта — боланг бўлмаса, сениям тенгинг чиқиб қолар, — деди кўнглимни кўтариб.
Аммо мен:
— Кўз очиб кўрган эримдан бошқасини демайман, — дедим.
Куйдим-ёндим, касал бўлдим. Аммо тақдирга тан беришдан, сабр қилишдан ўзга чорам йўқ эди…
Орадан бир неча ой ўтиб, кундошим туғиб берди. Бироқ бола муддатидан анча олдин туғилган эди. Малика ва онаси болани чала туғилди деб, эримни яна алдашибди. Эрим шифокорлардан суриштирса, бола вақти-соатига етиб туғилган экан. Шундан сўнг эрим ҳамма нарсани тушуниб етибди. Малика бировдан ҳомиладор бўлиб қолгач, қиз бола эмасми, ўзини оқлаб вазиятдан чиқиш учун эримнинг бўйнига осилишга мажбур бўлган экан… Эрим унинг жавобини бериб, ёнимга кечирим сўраб, ялиниб келди.
— Кўчанинг қизи барибир кўчаники экан, ўзимни сабр-бардошли хотинимдан қолмай, — деди.
Уни кечирдим. Уйга қайтдим. Аҳил-иноқ яшадик. Орадан бир йил ўтиб фарзандли бўлдик.
Бўлиб ўтган воқеаларни эсласам, орамизда шундай одамлар борлигидан нафратланиб кетаман. Нега улар бировларнинг ширин турмушини бузмоқчи бўлишади? Ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган она нега қизига тарбия беришда янглишади? Гулданда нозик фарзандларининг келажаги ҳақида нега қайғурмайди? Ахир онанинг вазифаси одобли фарзанд тарбиялаш ва эртага унинг камолини кўриш эмасми?
— Эримнинг юриш-туриши ўзгариб қолди, — дея гап бошлади Саодат исмли бошқа бир аёл. — Гоҳо кечалари ҳам аллакимлар унга қўнғироқ қилишар, мендан хижолат бўлганидан, қўнғироққа жавоб бермасди. Бир куни эрталаб юз-қўлини ювиш учун ҳаммомга кириб кетганида телефони жиринглаб, «Гуля» деган ёзув ва бир қизнинг сурати пайдо бўлди. Юрагим шиғ этиб кетди.
«Нега ҳамма нарсани ёмонликка йўйиш керак, балки яхшиликкадир», деб ўзимни қўлга олдим.
Йўқ, янглишган эканман, ундан кейин ҳам шу ҳолатга бир неча маротаба гувоҳ бўлдим. Бир куни «Гуля»нинг телефон рақамини эримга билдирмай ёзиб олдим-да, кейин ўзимнинг телефонимдан унга қўнғироқ қилдим.
— Гуля, сизмисиз?
— Ҳа, ўзингиз кимсиз?
— Носир акани танийсиз-а, ўша кишининг аёлиман!
— Нега менга қўнғироқ қиляпсиз?
— Овозингиздан жуда ёшга ўхшайсиз, ёшингиз нечада?
— 17 да, нимайди?
— Ўзим шундай, эрим билан анчадан бери танишмисизлар, шуни билмоқчи эдим?
— Ҳа, анчадан бери. Мен ҳам Носир акани севаман!
Бу қандай қиз бўлдики тап тортмай «эрингизни севаман!» деди-я, деб унинг кимлигини билишга астойдил киришдим. Эримни яхши гап билан авраб қандай танишганликларини, Гулянинг оиласини суриштирдим. Эримнинг айтишига қараганда, Гулянинг онаси… Оиласи айтарли ҳавас қиладиган даражада эмас. Гуля аллақачон ёмон йўлга кириб кетиб, энди эримнинг бошини айлантириб юрган экан.
Эрим ўзидан кетди, икки боламизнинг мунчоқдек кўзларини жавдиратиб хиёнат қилиб юраверди. Бора-бора оиламиздан файз-барака, осойишталик кўтарилди. Эрим ишидан ҳайдалиб, Гулясининг ёнидан бери келмай қўйди. Эримнинг оиламизни сақлаш нияти йўқ экан-да деб, тақдирга тан бериб, болаларим билан ота-онамникига кетдим. У ерда анча қолиб кетдик. Эрим эса бизни буткул унутиб юборди. Қўни-қўшниларим, эримнинг яқинлари мен билан телефонлашиб туришар эди. Менга қанчалар оғир бўлса-да, улар эримни Гуля билан бирга яшаётганлигини айтишди. Иккаласи бизникида яшаётган экан. Дод-фарёд кўтарганим билан фойдаси йўқ эди. Унга фақат яратгандан инсоф сўрадим. Эримнинг ота-онаси йўқлигидан афсусланиб кетдим. Агар ота-онаси бўлганида, уни бу йўлдан қайтарган бўлишармиди, дея ўкиндим.
Орадан ойлар ўтиб, эрим ота-онамнинг остонасига бош уриб келди. Бизни уйга олиб кетмоқчи бўлди. Аввалига мен кўнмадим. Чунки уйга борганимиз билан яна ўша Гулядан кўнгил узолмаса нима қиламан, деб чўчидим.
— Сизнинг яна хиёнат қилмаслигингизга, Гулянинг ёнига бормаслигингизга қандай ишонай? — дедим.
Эрим эса иккала ўғлимизнинг бошини қўллари билан ушлаб:
— Энди мен сизларга хиёнат қилмайман, қайтиб Гулянинг ёнига бормайман, адашган эканман, — деб қасам ичди.
— Дадаси, болаларнинг бошини ушлаб бекор қасам ичдингиз, шу қилиғингиз менга ёқмади, — дедим кўнглим бир ёмонликни ҳис қилгандай.
— Эй хотин, йигит кишининг гапи битта бўлади, — деди эрим кўнглимга хотиржамлик солиб. Шундан сўнг бир оз тинчландим.
Уйга келсак яна олдинги аҳвол, кечалари тинимсиз қўнғироқ.
— Нима гап, тушунтиринг? — дедим тоқатим тоқ бўлиб.
— Ёнига бормай қўйганимга, телефон қиляпти. Қўнғироғига жавоб бермасам, охири безор бўлиб тинчийди, — деди.
Йўқ, эрим айтганча у тинчимади. Орадан бир неча ой ўтиб, эримнинг яна унга илакишиб юрганини билиб қолдим. Эрим буни ўз оғзи билан гуллаб қўйди. Гапига ишонмай бир куни орқасидан пойлаб бордим. Улар яна учрашишди… Аммо кутилмаганда бир муаммо пайдо бўлди. Кичик ўғлимиз, уч ёшли Асадбек кўп оғрийдиган бўлиб қолди. У тез-тез ҳушидан кетиб қоляпти. Бир неча маротаба шифохонада ётиб даволанди. Лекин фойдаси бўлмаяпти.
— Дадаси, қасам ичиб бекор қилдингиз, мана Асадбек кўп оғрияпти, уни ичган қасамингиз уриб кетмасин! — дедим бир куни сабр-бардошим тугаб.
У эса бепарво:
— Қўрқманг, болага ҳеч нарса қилмайди. Шунчаки касал бўлсаям дарров ёмонликка йўяверасизми? Озгина сабр қилинг, Гулянинг яқинда тўйи бўлади, кейин иккаламиз ҳам ундан қутуламиз! — деди.
Ё алҳазар, бу қиз энди қайси бечоранинг бошини айлантириб эрга тегар экан-а? Эртага эрга тегадиган қиз, тўйдан олдин этагини йиғиштириб олмайдими, менинг эримни ўз ҳолига қўймайдими? Эрим юрса юраверсин, аммо фарзандимга бир нима бўлиб қолишидан, эримнинг ичган қасами уни уриб қўйишидан қўрқаман!
ЁРҚИНОЙ ҚОСИМОВА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 829 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар