Сайт бўлимлари
Уйланиш формулалари
- Подробности
- Бўлим: Эркаклар учун
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Турмуш қуриш – жиддий масала. Бу борада ким билан гаплашманг, ўйлаб ҳаракат қилишни, аввал ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиб, кейин уйланишни маслаҳат беришади. Мен математикнинг ўғлиман. Ҳар ҳолда, ҳисоб-китобга бироз уқувим бор. Шунинг учун бугун ҳисоб-китоб асосида уйланишни режалаштириб юрган йигитларга бироз ёрдамлашиб юбормоқчиман.
Бунинг учун менга математикадан ташқари статистика ва демографияга оид баъзи маълумотлар керак бўлади. Мақсадимиз – бўлажак куёвга айни вазиятни аниқ ҳисоб-китоб қилиб бериш. Токи у ҳисоб-китоб билан уйланиш тўғрими, ёки таваккал қилишми, билиб олсин!
Ҳисоб-китобимизни ердаги аҳоли сонини аниқлашдан бошлаймиз. Ахир, бўлажак куёв ерликлардан бирига уйланмоқчи, тўғрими? Математика аниқликни яхши кўргани учун интернетни титкилаймиз, БМТнинг расмий маълумоти – 6 671 226 464. Биз излаётган номзод ҳам мана шу соннинг ичида бўлиши керак.
Бу рўйхатдан эркак жинс вакилларини айириб ташлаймиз, чунки мақоламизни рисоладаги йигитлар учун мўлжаллаганмиз. Агар норозилар бўлса, ичкарига, доктор Ўктам аканинг саҳифасига ўтишлари мумкин – унақаларга ўша ерда маслаҳат берилади!
БМТнинг маълумотига кўра айни пайтда жаҳон миқиёсида бу нисбат 100га 103ни ташкил қилади, яъни ҳар 100та эркакка 103та аёл тўғри келаркан.
Буни математик формулага солсак, жаҳондаги аёллар умумий аҳолининг 50,74 фоизини ташкил қилиши келиб чиқади.
(бу ерда a - жаҳон аҳолиси, x - аёллар сони)
Яъни,
6 671 226 464 x 103 / 203 = 3 384 908 008
Демак, ер шаридаги аёл жинсига мансуб номзодлар – 3 384 908 008.
Энди бу сонни яна қисқартириб, мусулмонларни ажратиб оламиз. Жаҳон аҳолисининг 23 фоизи мусулмон, демак мусулмон аёллар сони қуйидагича аниқланади.
3 384 908 008 / 100 x 23 = 778 528 842
Номзодлар тобора камайиб кетяпти-ку, деб хавотирга тушманг. Ҳадеб айираверишдан тўхтаб, шу ерда аҳли китоб вакилаларини ҳам қўшиб қўямиз, ахир улар ҳам номзодлар сирасига киритилишга ҳақли-ку! Демак, насронийлар жаҳон аҳлининг 28 фоизини, яҳудийлар 0,21 фоизини ташкил қилса, ер шаридаги аёлларнинг 28,21 фоизини (28% + 0.21%) ҳам аниқлаймиз.
3 384 908 008 / 100 x 28,21 = 954 882 549
Кейин буни мусулмон аёллар сонига қўшамиз – бизнинг номзод мана шу йиғиндининг ичида бўлиши аниқ.
778 528 842 + 954 882 549 = 1 733 411 391
Биргаликда сон бироз катталашади, жаҳондаги мусулмон аёллар ва аҳли китоб вакилаларининг сони келиб чиқди – 1 733 411 391.
Аммо яна айиришга қайтамиз – ахир масаланинг ечими биттага тенг бўлиши керак-ку! Ё гапим нотўғрими?
Эри борларни рўйхатдан ўчирамиз. Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ, эри бор аёлга уйланиш, худога шукр, ҳозирча бирон бир мамлакатда урфга айланмаган. Битта жойда «жаҳондаги аёлларнинг 65 фоизи турмушга чиқмаган» деб ўқигандим. Бошқа маълумот йўқлигидан, шунга асосланамиз.
1 733 411 391 / 100 x 65 = 1 126 717 404
Энди ёш бўйича чегара қўйиб, кекса аёлларни айириб ташласак (кекса аёлларни яхши кўрадиганлар геронтофил дейилармиди, Ўктам ака?), сон яна бироз қисқаради – 727 348 766.
Катта-кичик қилиб майдалашиб ўтирамизми, яхшиси масалани осонлаштириб, айнан ўзимиз излаётган ёш тоифасини ажратиб ола қолайлик, 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган қизларнинг сони – 63 401 079.
Энди асосий талабларимизга ўтамиз. Биринчиси, ҳусн. Гарчи ҳуснни ҳамма ҳар хил тушунса-да, замонавий ҳисоб-китоб субъектив тушунчани ҳам аниқлашга ёрдам беради. Айтайлик, изланаётган қизнинг иккита гўзал хусусияти бўлсин – қомати ва юзи. Шунда статистиканинг элементар теориясини қўллаймиз.
(бу ерда z - қизнинг гўзал хусусияти)
Буни тепадаги 18-25 ёш атрофидаги муслима ва аҳли китоб қизларнинг сонига кўпайтирамиз. Натижа - 1 442 375.
Энди номзодларни иккинчи талаб – ақл бўйича саралаб оламиз. Бу ҳам субъектив экани табиий, аммо хотинликка жуда ақллиларни излаш шарт эмаслигини англаган ҳолда, ялпи статистик формулага асосан умумий тушунчаси (поняткаси) йўқ ва қайсар қизларни саралаб ташлаймиз.
Ҳосил бўлган натижани эса гўзал қизларга кўпайтирамиз.
1 442 375 / 100 x (100 – 84.1345) = 228 840
Буларнинг ичида унаштирилгани (аҳли китобларда — йигити борлари) бўлиши мумкин, динимизда эса унаштирилган (ёки йигити бор) қизга оғиз солиш таъқиқланган. Бу ерда бирон бир статистикани топиш мумкин бўлмаганидан, тепадаги сонни қоқ иккига бўлиб қўя қоламиз. Янглишган бўлсак узр, лекин 114 420 ҳам битта йигит учун, тан олайлик, ҳозирча жуда катта сон!
Уйланиш икки томоннинг розилиги билан бўлиши керак, демак қизларнинг қанчасига бўлажак куёв маъқул келишини ҳам ҳисобга олишимиз шарт. Буни аниқлаш учун эса тенгликка асосланамиз – шу ергача йигитга тепадаги қизларнинг 17,2733 фоизи маъқул деб топилдими, демак қизларнинг ҳам шунчаси бўлажак йигитни кўрганда юраги «жиз» этади деб тахмин қила қолайлик.
114 420 / 100 x 17,2733 = 19 764
Демак, 19 764та номзод қолди. Ўзингизга мосини танлаб олишингиз учун етарли сон! Аммо энди бу ёғига статистика ёрдам бермайди. Бу ёғига – учрашиш керак. Кунига иккитаси (пешингача биттаси, пешиндан кейин биттаси) билан учрашинг, ҳафтада беш кун вақтингиз шунга кетсин. Демак, ҳаммасини кўриб чиқиш учун 1976 ҳафтаю, 4 кун керак бўлади. Бу – тахминан 38 йилга тенг. Фараз қилайлик, 20 ёшдан учрашишни бошлагансиз, демак, 58 ёшга кирганингизда ишни тугатасиз. Бу орада яна статистика ишлатиб, 38 йил ичида уларнинг қанчаси турмушга чиқиб кетиши ёки вафот этишини ҳисобласак, кейин сизга ёққан қиз топилгани билан, унинг ота-онаси совчиларингизга розилик бериши неча фоизга тенглигини қўшсак, ҳисоб-китоб билан уйланаман деб, «ётиб қолишингиз» табиий. Ҳар икки маънода ётиб қоласиз – кексайиб ётиб қоласиз, чарчаб ётиб қоласиз. Тошкентда хатто жуда кўп «ўтириб қолганлар»ни «ётиб қолди» дейишади, ўшанақа ҳам бўласиз.
Демак, уйланишда бизнинг замонавий ҳисоб-китобимиз фойда берадиганга ўхшамаяпти. Ёки ҳаммаси мукаммал бўлсин, деб 38 йил умрини қиз кўришга сарфлаш истагидагилар борми?
Мен эса ҳисоб-китобим яхши натижа бермагани учун, ҳаммасини бошқатдан кўриб чиқаман, балки математик услубни ташлаб, бошқача услубларни ҳам ўрганиб кўрарман. Ишонинг, ростдан ҳам ёрдам бермоқчиман, нари борса анави 38 йилни бироз қисқартиришнинг йўли топилиб қолар. Агар унгача сизнинг ёшингиз ўтиб, уйланишга бўлган қизиқишингиз йўқолиб улгурса, янгича услубни фарзандларингизда қўллаб кўрамиз! Ёки невараларингизда. Муҳими, сиз, Афанди айтганидек, ҳозирча ота-бобомиз қилган ишни қилиб тураверинг! Ҳар ҳолда тез, амалда синалган ва ҳозиргача самарали қўлланиб келаётган услуб - келинни ота-она топиб бериши!
Аваз Бердиқулов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар