Сайт бўлимлари
Хотиннинг зўри –эркакнинг шўри!
- Подробности
- Бўлим: Эркаклар учун
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Оила мустаҳкамлигини асраш, бахт-саодатга эришиш эркак ва аёлдан баб-баравар масъулият талаб этади. Бир онахонимиз: «Турмушни ҳам, рўзғорни ҳам чидаганга чиқарган», деган эдилар. Халқимиз рўзғорни муроса, дейди. Чиндан ҳам ўзбекларнинг турмушида “ошиқ-маъшуқлик” бўлмайди. Қолаверса, бизда оила бахтининг тўкислигини аёлнинг тадбиркор, фаросатли ва оқилалиги боғлашади. Кексаларимиз бу хусусда гап кетса “Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин” дейишади. Ҳақ гап.
Чиндан ҳам эрни эркак бўлиб бош кўтариб юриши ёхуд эл-юрт олдида ерпарчин бўлиши бевосита у танлаган турмуш ўртоғига боғлиқ.
Хотиннинг зўри –эркакнинг шўри!
- дейди, бир дўстим зўравон хотинлардан ёзғириб. — Шундай шўрпешона эркаклардан бири жамоамизда ишлайди. Ойлик маошини ҳаммадан кўп сўрайди. Ҳар ойнинг ўнинчисидан бошлаб аванс сўраб эшигимнинг турумини бузади. Кўрган билганга туриш-турмушидан, ойлигини рўзғорга етказолмаётганидан нолийверади. Бир куни жамоадошлардан уч-тўрттаси ёнимга кириб, ҳалиги кишининг бетоб бўлиб қолгани, яқинда операциядан чиқиб, уйида ётганини айтишди. Кўплашиб домлани кўргани бордик. Ҳол –аҳвол сўраган бўлиб, бироз муддат гаплашиб ўтирдик. Яқинда касалхонадан чиққан одам, дастурхону меҳмондорчиликка овора бўлиб, ташвишга қолмасин деб, қўзғалмоқчилигимизни, дастурхонга фотиҳа ўқишни сўрагандик, ғалати бир ҳолатдан таажжубда қолдик: домла дераза оша ташқарига овоз бериб, “Аяси, буёққа қараб юборинг, меҳмонлар қайтишмоқчи, фотиҳа ўқиб юборинг” деса борми!? Ҳайратдан, хижолатдан ҳаммамиз ерга кириб кетгулик бўлиб ўтирибмиз. Бемор зиёратига борганлар орасида аёллар йўқ эди, нега энди эркакман деган эр жаноблари турган жойда, хотин киши меҳмонларга фотиҳа ўқиб кузатишлари керак экан? Аслида, ўзбекчиликда, етмиш яшар аёл турганда етти яшар ўғил бола фотиҳага дуо ўқиши керак, деган гап бор. Домла хотинига бўлган “ҳурмат”ини бизга шу тахлит кўрсатмоқчи бўлдими? Ёхуд бу “ҳурмат” замирида оиладаги устунлигини, раҳбарликни қўшқўллаб хотинларига топшириб қўйганларини бизга аён қилмоқчи бўлдиларми...
Домла эркак, оила бошлиғи сифатида “синган”ини ҳамкасблари олдида фахр билан кўз-кўз қилмоқчи бўлгандир, балки. Хуллас нима бўлганда ҳам ўша меҳмондорчиликдан аллақандай тушкунликкамией, хижолатпазликкамией ўхшаш ҳиссиёт билан қайтдим. Эркакнинг шу ҳолга тушишига албатта унинг хотини айбдор деб ўйладим. Борига қаноат қилмаслик, эрдан ҳаддан ортиқ кўп пул таъма қилиш, рўзғордаги бор нарсани ҳам йўққа чиқариб, “йўқ!”, “йўқ!”, “эркакмисиз, топиб келинг-да!” деган таънаомуз ҳайқириқлар оқибатида эрнинг мардлиги синганини, ўзини ожиз ҳис қилиб, алалоқибат хотинга мутеъ бўлиб қолганини англаб етдим. Бу — биз эркаклар учун таназзул ва улкан фожиа!..
Дўстимнинг изтиробларида жон бор. Хотинлар зўрликка интилганлари сари, эркакларнинг шўри қуриб боряпти. Бу қандай разолат энди, очиқдан очиқ эр бояқишнинг устидан ҳукмронликни қўлга олиш ва шўрликнинг яксон бўлганини эл-юртга ошкор қилиш билан аёлларимиз фазилат топмоқчи бўлдиларми? Наҳотки, нозиккина жисмингизга оила, турмуш, рўзғор ва ҳоказоларнинг зил-замбил ташвишини ортиш малол келмаса? Биласизми, бошидаги соябони, паноҳи — эрининг кўксига бошини қўйиб, “Ўзингиз биласиз, сиз нима десангиз шу, дадажониси”, “Менинг бу нарсаларга ақлим етмайди, бу мушкулотни фақат сиз ҳал қила оласиз” ёхуд, “сиз борсиз нима ташвишим бор? Худойим сизнинг умрингизни зиёда қилсин, сизсиз менинг қўлимдан бир юмуш келармиди”, деб эркагини катта ишлар сари руҳлантириш завқини туймайдиган, ўзининг ҳимоячиси борлигидан, кимдир унга қалқон бўлиб турганидан хотиржамлик ҳис этмайдиган хотинларга РАҲМИМ келади. Бундай хотинлар жамият учун ниҳоятда хавфли ҳисобланади. Нега деганда, асл ўзлигидан, аёллигидан узоқлашганларнинг тарбиясини кўрган қиз келгусида келин, рафиқа, она бўлади. Демакки, у ҳам оиласида, ўз онасининг феъл-атворида кўрганларини, шундоққина оқизмай-томизмай ўзлаштириб, олади. Кўриб турибсизки, ношукр, эркакшода, эрига ҳукмронлик қиладиган аёллар сони яна биттага кўпаяди. Танззул, маънавий инқироз яна бир оилада юзага келади. Ва шу бўйи давом этади, этаверади...
Аёл қанча эгилса, шунча толеъи юксалади!
- деган хулосага келдим, устоз ҳамкасбларимиздан бири билан юқоридаги мулоҳазалар атрофида фикрлашар эканман.
— Яқин оғайним билан унинг янги машинасида сайр қилиб юриб, чекка қишлоқлардан бирига бориб қолдик. Ўша қишлоқда яшайдиган бир қизалоқнинг ўзи мустақил уч-тўртта хорижий тилни ўзлаштиргани ҳақида эшитиб, қизиқиш устунлик қилди ва қизчанинг уйига кириб бордик, -дейдилар ҳамкасбимиз.- Оддийгина қишоқ уйининг супасидаги сўрига жой қилинди. Оила бошлиғи уйида бўлмаса ҳам, уй бекаси ўғиллари билан бизни кутиб олиб, дастурхон ёзди. Чамаси ярим соатдан кейин рўзғор бошлиғи кириб келди. Бир пайт аёл шошилиб, бироз таъзимда туриб, бир қўли кўксида, бир қўлида обдаста, елкасига сочиқ ташлаб эрининг пешвозига чиқди. Эркак ёлланма ишчи, яъни мардикорчилик қилар экан. Қўлида қопдан тикилган халта, менимча иш кийимларини солиб юрса керак, кийган кийимлари ҳам оддий, хотини тутган обдастадан қўлини юваётиб, шу аснода ҳол-аҳвол сўради. Болаларнинг отасига меҳрибонлигини, ҳурмат-иззатини кўрсангиз эди. Бири қўшқават қилиб кўрпача тўшаган, бири чойни янгилашга ошиққан, яна бири отасининг халтасидаги иш кийимларини чайгани ҳаракат бошлаган...
Тўғриси, юрагимнинг бир томонида ҳавас, бир томонида ҳасад ёнди... Ҳалиги мардикор ота топса кунига ўн минг ё йигирма минг сўм топади, мен топадиган давлатимни кунлика бўлсангиз, бир кунга икки юз –икки юз эллик мингга тўғри келади. Агар боламга бир кунда ўн минг сўм берсам, қовоғини уяди, бу пул нимамга ҳам етарди, деб. Лекин ўша мардикор ота, эркакнинг уйида кўраётган ҳурмати, иззат-икроми, меҳр-муҳаббатини мен уйимда ярмини кўрсам ҳам бошим осмонга етади. Аёлнинг итоаткорлиги, эрига бўлган ҳурматини кўриб, тўғриси юрагимда дард инди. Эркакка ҳавасим келди...
Ҳозир ўша оиланинг қизи хорижий давлатларнинг бирида ўқиш билан бирга, нуфузли бир банкда ишлаяпти ҳам экан. Қаранг, оддийгина ўзбек оиласининг фарзанди! Онасининг, отасининг маълумоти йўқ, меҳнат кишилари... Аммо маънавият, шарқона тарбия, ўзбекона андишаю тавозеъ қон-қонига сингиб кетган. Аёл эгилгани сари толеъи шунча юксалади, дейдилар. Мен ўзим кўрган хонадон бекаси мисолида бу фикрнинг ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилдим...
Ҳа, устоз ҳамкасбимиз ҳақ. Айрим аёллар маълумотли, дипломли бўла туриб ҳам оилавий муносабатларда ҳеч балога ақли етмайди. Эрнинг ҳурматини қилиш, унинг бир оғиз айтганини ҳукм ўрнида билиш, ўзини эрнинг мулки сифатида ҳис қилиш, баъзилар ўйлагандай аёл кишининг эрига таслим бўлгани ёки тили қисиқлиги ёхуд ундан бир поғона пастлагани эмас! Аксинча, юқорида саналган фазилатларга эга бўлиш —хотиннинг эри олдида бир неча поғона юксалгани ва албатта эр олдида нуфузи, қадри ошишидан далолат. Унутманг, эл бекорга
Эринг севди — элинг севди
-демайди! Эри севган, эри қадрлаган аёлни эл-юрт ҳурмат қилади, мартабаси ошади. Эрнинг ҳурматини билмайдиган, унинг обрўсини одамлар орасида бир пул қилиб юрадиган хотиндан ҳамма нафратланади. Бундай аёллар ўз фарзандининг ДУШМАНИдирлар. Бир оилани биламан. Эркак ичкиликка ўлгудай ружуъ қўйган, нонуштасидан тортиб, кечки овқатига луқмасидан ўтадигани ароқдан бошқа нарса эмас. Хотини кўча супурувчи. Икки қиз, бир ўғил фарзандлари бор. Эркак ҳар куни оқшомда тупроғу лойга беланиб, бир аҳволда уйга кириб келади. Эрта тонгда, худди байрам ёки тўйга кетаётгандек, оҳорли, дазмолланган тоза кийимлар билан ишга чиқиб кетади. Хотини ё болаларининг бировга ҳасрат қилгани, эридан нолигани ёки турмушидан шикоят қилганини ҳали ҳеч ким эшитмаган! Шаҳарнинг энг бадавлат, обрўли одамларидан бири ўша хонадонга қуда бўлмоқчилигини эшитиб, таниш-билиш, қариндошлари лаб буришибди: “Бошқа одам қуриб кетганми?! Келиб-келиб шу алкашга қуда бўласизларми?!” Қуда бўлмиш уларнинг бунақанги гап-сўзига парво ҳам қилмади. Қайтанга, ароқхўр одамнинг иккала қизини ҳам келин қилди. Айтишларича, оддий, бунинг устига ароқхўр одамнинг оиласига қуда бўлишни хоҳламаган хотинига, “бу хонадоннинг қизлари жаннати аёлнинг тарбиясини кўрган. Мен оиламиз келажагини ўйлаб сенлар ҳазар қилаётган хонадонга қуда бўляпман” деган экан. Ҳозир ўша қизлар борган хонадонини яшнатиб, ота-онасига раҳматлар ёғдириб юришибди.
Инсон асосий тарбияни оилада кўради. Кишининг камолотга эришиши, маънавий дунёсининг юксалишида оиланинг ўрни беқиёс. Оиланинг бош тарбиячилари эса шубҳасиз — ота ва она. Айниқса, онага кўп нарса боғлиқ. Она — мажозий маънода айтганда, ташувчи! Онанинг феъл-атворидаги тўқсон тўққиз фоиз хислатлар болага ўтиши тиббиёт томонидан исботланилган ҳақиқат. Буни қарангки, тарбия борасида ҳам болага онанинг таъсир кучи кўпроқ бўлади. Халқимиз буни “Отаси ёмоннинг бири ёмон, онаси ёмоннинг бари ёмон” деган ибора билан далиллайди. Она эса ўз навбатида энг аввало, аёл, уй бекаси ва рафиқа! Агар она аввало рафиқалик бурчини қойилмақом адо этса, эрига фаросат ва оқилалик билан муносабатда бўлса, ундан туғилган ва унинг тарбиясини олган фарзандлар ҳам келажакда ҳар томонлама етук ва бахтли бўлиши шубҳасиз.
Бу хусусда сизда ҳам мулоҳазалар бўлса, марҳамат, муҳтарам муштарий, сўз сизга!
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 274 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар