1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эркаклар учун: Ҳақиқий ов ҳақида

 

 

 

Инсон яратилибдики, мудҳиш бир ҳақиқат доимо унинг ҳамроҳига айланган. Бу “тирик жон борки, унинг яшаши учун доимо бошқа бир тирикликнинг заволи хизмат қилади”. Шу боисми, қадим замонлардан бери инсон овнинг ҳар турли кўринишлари билан шуғулланади. Биз эса бугун “ҳақиқий ов” ҳақида сўз юритамиз албатта. Демак, қизиққанлар бўлса, марҳамат...
Инсоният ривожланишнинг ҳар босқичидан ўтар экан, замон ва жамият ҳам ўзгариб, янги қоидалар, чеклашлар вужудга кела бошлади. Шу билан бирга, табиийки, жониворлар ва паррандаларни овлаш усуллари ва мақсадлари ҳам ўзгарди.  Энди ов – бу таом, егулик учун кураш олиб бориш йўли ёки аждодлардан мерос қолган ғаройиб кўринишдаги одат ҳам эмас, шунчаки айримлар учун кўнгилҳушликнинг бир турига айланди. Аммо ов билан ҳар кимнинг ҳам шуғулланиш имкони йўқ.
Биласизми?
Овга тариф: “ов — бу изланиш, таъқиб қилиш ва айрим ёввойи ҳайвон турларини овлашдан иборат касб”.
Овчининг ахлоқ кодексидан: “ов қуролидан фойдаланишда овлаш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш лозим”.
Овчининг тамойили: “отдингми – раҳм қилма, раҳм қилдингми – отма”.
ОВ НИМАНИ ЎРГАТАДИ?
Ҳаваскор овчилар табиат қўйнига қорин ғамида эмас, балки, таъқиб қилиш, изма-из қувлаш ва вақтни хуш ўтказиб, қувват олиш учун борадилар. Ҳаваскорлик ва спорт ови инсонга бардошли ва чидамли бўлиш, характерни шакллантириш, аниқ ҳаракат ва қурол билан тўғри муомала қилишни ўргатади. Фақат бугина эмас, ов инсонларга табиат билан муомалада бўлиш ва унга эҳтиёткорлик билан ёндошиш имконини ҳам беради.
ОВ — МАСЪУЛИЯТДИР!
Ов билан шуғулланишга ҳар бир фуқаро ҳақли. Аммо энг аввало шуни англаш лозимки, ов инсоннинг жонли табиатга таъсири ва ўта хатарли восита – қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ машғулот. Шунинг учун ҳам ов, энг биринчи навбатда – масъулият демакдир!
ҲАВАСКОРЛАРГА МАСЛАҲАТ
Овчи бўлиш учун албатта кўп нарсалардан воқиф бўлиш керак. Киши ўзи учун билиши зарур бўлган энг муҳими шуки, ов доим ҳукумат органлари тасдиқлаган тартибга қатъий амал қилган ҳолда олиб борилиши лозим.
Унутманг: камёб, йўқолиб кетиш хавфи бўлган жониворлар ва эстетик қийматга эга бўлган ҳайвонларни отишдан сақланинг. Қолаверса, бундай жонивор ва қушларга ўқ узиш жиддий маъмурий ҳуқуқбузарлик саналади. 
Агар сиз ов билан шуғулланишга қарор қилган бўлсангиз, биринчи навбатда, табиатга меҳр беришга, уни асраш ва инъомларидан оқилона фойдаланишингиз лозим. Аслида ов қилиш ва табиатга қандай муносабатда бўлишни билмаган овчи қўлига қурол олса, унинг ови бароридан келмаслиги ҳам  мумкин. 
Ҳар қандай ов қуроли Ўзбекистон Республикаси ИИВда рўйхатга олинган бўлиши зарур.
ОВ УЧУН ЗАРУР АНЖОМЛАР
Овчи бўлишни истаган инсон учун қурол ва анжомлардан ташқари дала шароитига мослашиш ҳамда қулай ов имкониятини яратиш учун маълум ашёлар жамламаси ҳам керак. Булар жумласига компас, илвасин халта, чанғи, пичоқ, камзул, маскхалат (ёзги ва қишки) ва кўплаб бошқа зарур ашёлар киради.
ҚАЕРДА БАРОРИДАН КЕЛАДИ?
Ўзбекистон ўзининг бой ҳайвонот дунёси билан тажрибали овчилар учун кўплаб сарҳадларни тақдим қилиши мумкин. Масалан, Нурота қўриқхонаси ҳудудида Северцев қўйлари, Зоминда сибирь эчкиси ва оқ тирноқли айиқ, Зарафшон ва Бадай-Тугада Бухоро буғусини овлаш мумкин.
Юртимизда энг кўп овланадиган ҳайвонлар сифатида қирғовул, тўнғиз, ўрдак, жайрон ва бошқа кўплаб жонивор ва қушларни санаш мумкин. Тоғларда оқ тирноқли ва тяншон  айиғи, қор мушуги, эчки, бўри, тулки, тўнғиз, каклик учратиш мумкин. Чўл ва водий ҳудудларида – жайрон, оққуйруқ, варан, илонларнинг бир нечта турлари, қуён ва тошбақалар учрайди.
ОВГА “АЧИНМАЙДИГАН” МАШИНАДА БОРИНГ
Овга ҳар қандай автомобилда, энг асосийси, ўзингиз ачинмайдиган транспорт воситасида боишингизни тавсия этамиз. Шунингдек, катта бўлмаган, ёнилғини оз сарфлайдиган,  мураккаб йўлларга бардош берадиган, двигатели қувватли, юкхонаси сиғимдор, дала шароитида таъмирлаш имконияти  бор каби транспорт воситасини  танлаган маъқул.
СЎНГГИ СЎЗ
Аксарият кишилар энг биринчи навбатда овга табиат билан ҳамоҳанг бўлиш истагида ишқибоздирлар. Чунки ҳаммага ҳам насиб қилавермайдиган ҳолатларни кўриш ва ҳис қилиш уларда устунлик қилади. Бошловчи овчи учун эса ҳатто биргина овланган ўрдакча нафақат ўлжа, балки, бу ер сайёрасидаги шимолий тундрадан то жанубий денгиз қирғоқларигача бўлган коинотнинг бир бўлаги ҳамдир. Нима ҳам дердик, овингиз бароридан келсин!

Шоҳ Жаҳон тайёрлади

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 269 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ