1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Стоянка”нинг нархи қанча?..

Ҳозирги кунда ҳайдовчиларимизнинг аксарияти эҳтиёж юзасидан “стоянка”лардан фойдаланади. Лекин уларга пул узата туриб, бу “кенг майдон”нинг фаолияти аслида қонунийми, у қандай талабларга жавоб бериши керак каби масалаларга кўпчилигимиз унчалик ҳам эътибор қаратмаймиз. “Стоянка”лар ҳар мавсумга шайми?
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 апрелда «Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган.
Унга кўра, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Ким назорат қилади?
Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойидаги тартибни ким назорат қилади? Тўловлар миқдорини ким белгилайди?
                        Ф.Давлатов, Тошкент шаҳри

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва Давлат солиқ қўмитаси тегишли пулли хизматлар кўрсатиладиган барча автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан пулли хизматлар кўрсатиш тури соҳасидаги фаолиятнинг қонунийлигини таъминлайдилар.
Тўловлар эса автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар томонидан белгиланадиган тарифга асосан бўлади. Бироқ ушбу хизматлар тури учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланадиган тўловнинг чекланган миқдоридан ошиқ бўлмаслиги шарт.

Йўқолган нарсаларга жавоб бермайдими?..
Мен ўттиз йилдан бери ҳайдовчилик қиламан. Кейинги йилларда  ташкил этилган автомашиналар тўхташ жойларининг талабларига унчалик тушунмаяпман. Масалан, автомашинангизни шундай жойга қўядиган бўлсангиз, қўлингизга бериладиган чиптада машина ичидаги буюмларга назоратчи жавоб бермаслиги ҳақида огоҳлантириш бўлади. Бу нима дегани? Аслида улар тўланган пул эвазига автомашинанинг бутлиги учун жавобгар ҳисобланмайдиларми?
                            Ш.Назаров, Тошкент шаҳри

Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар санитария ва ёнғинга қарши қоидаларга риоя қилиниши, автотранспорт воситаларининг сақланиши (мол-мулкнинг муҳофаза қилиниши), шунингдек, вақтинча сақлаш пайтида уларнинг ўғирланиши, қисмларининг ечиб олиниши ва шикастланиши юзасидан жавоб берадилар.

Бироқ... унутманг:
-    табиий офатлар (зилзила, довул, сув тошқини ва бошқалар)да автотранспортга шикаст етказилганлиги;
-    автомобиль салонида турган ва унинг бутловчи қисмига кирмайдиган шахсий буюмларнинг сақланиши;
-    автомобиллар тўхташ жойи ҳудудидан чиққандан сўнг автотранспортнинг сақланиши бўйича даъво қилинган эътирозлар учун автомобиллар тўхташ жойи жавоб бермайди.

“Пластик карточкам ўтадими?..”
Бундай жойларда кўрсатилган хизмат учун пластик карточкалар орқали ҳам пул тўлаш мумкинми ёки фақат нақд пулдами?
                            Х.Тангиров, Самарқанд ш.

Автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширадиган ва банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш бўйича терминаллар билан жиҳозланиши шарт бўлган чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари рўйхатига киради. Шу боис юридик шахслар томонидан автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича кўрсатилган пулли хизматлар учун тўлов нақд пул билан ҳам, пластик карточкада ҳам амалга оширилади.

Ҳар жой сизга стоянга эмас...
Кўпинча уй-рўзғор учун кундалик озиқ-овқатларни бозор ёки йўлнинг шундоққина бўйида жойлашган йирик супермаркетлардан харид қиламан. Машинамни у ердаги бўш турган жойларга қўйсам (бу жой “стоянка” эмас) кетаётганимда дарров қаердандир пайдо бўлган одамлар келиб, мендан пул талаб қилишади. Бу ер “стоянка” эмас-ку, деб эътироз билдирсам ҳам фойдаси йўқ. Айтингчи, автомашиналарнинг тўхташ жойлари аслида қандай бўлиши керак? Тўғри келган жойни “стоянка” деб пул ишлаётганлар ҳам буни биладиларми?
                            О.Эргашев, Қарши шаҳри

Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойи қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
- сирти қаттиқ қопламали, ёритилган, ахлатларни йиғиш учун контейнерлар, ёнғинга қарши воситаларга эга бўлиши;
- ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойлар бўлиши;
- атрофи ўралган, махсус ажратилган кириш (чиқиш) жойини айланиб ўтиб, ҳудудга кириш (ундан чиқиш) имконини бермайдиган бошқа тўсиқларга эга бўлиши;
- агар ҳудуд автомашиналарни бир неча қатор қилиб жойлаштиришга мўлжалланган бўлса, полосаларга ажратилган бўлиши;
- ажратилган кириш (чиқиш) жойига туташ, кўринарли жойда назоратчи-кассирнинг хона (будка)си, унинг ташқи томонида йирик ҳарфлар билан автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тарифлари ва шартлари тўғрисидаги ёзувлар бўлиши;
- ногиронлар учун махсус жиҳозланган (камида иккита) жой мавжуд бўлиши шарт.
Демак, сиз ушбу талабларга тўла жавоб бермайдиган жойни «автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш учун пуллик жой” сифатида тан олмасликка ҳақлисиз.

Қоидага риоя қилинг...
Айрим жойларда тиқилинч бўлиб, машинамни қўйиш имконини тополмасам, тезроқ чиқиш учун, йўлнинг четроқ жойига, бировга халал бермайдиган қилиб, машинамни қўйсам ҳам, қайтиб чиққанимда пул талаб қилишади. Наҳотки, айрим йўл бўйлари ҳам “пуллик стоянка” ҳисобланса?..
                        Ш.Аҳмедова, Бухоро шаҳри

Аввало, сиз йўл бўйига машинангизни қўйиб кетиб, қонунни бузгансиз. Автомашиналар ҳеч қачон йўл бўйларида вақтинча қолдирилмайди.
Қонунга кўра, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматларни амалга оширмоқчи бўлган (яъни, «стоянка» очмоқчи бўлган) юридик шахсга маҳаллий ҳокимият органлари томонидан махсус ер участкаси ажратиб берилади. Бунда ҳудудий архитектура ва йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органларининг тегишли хулосалари ҳам инобатга олинади. Бироқ автомобиллар мунтазам қатнаб турган катта йўлнинг чеккаси ёки унинг 3-4 та «полосалари»дан бири ҳеч қачон автомашиналарни вақтинча сақлаш учун пуллик жой сифатида рўйхатдан ўтказилмайди.

Бир соатга ҳам, 5 дақиқага ҳам бир хил нархми?..
Аэропорт ёки темир йўл вокзалларидаги “стоянка”ларда машинангизни 1 соат қўйсангиз ҳам, 5 дақиқа қолдирсангиз ҳам, бир хил нархни тўлашни талаб этишади. Бу ҳаракат тўғрими?
                            Д.Валижонов, Фарғона ш.

Тўғри. Автотранспорт воситаларини сақлаш жойлари компьютерлаштирилган бўлса, автомобиль ҳудудга кирган дақиқадан ҳисоб айланишини бошлайди. Кўпгина мамлакатлар аэропортлари, темир йўл вокзаллари шу тартибда ишлайди. Аксарият ривожланган давлатларда эса йўловчилар учун қулайлик яратишнинг оддий ечими мавжуд: автомашинасини вақтинча қолдирмоқчи бўлганлар пуллик ҳудудга ўтади. Шунчаки йўловчини тушириб кетадиган автомобиль эса алоҳида йўлдан кириб чиқади.

Амалдаги қонун ҳужжатлари асосида
Сарвар Сафаров тайёрлади