1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Олтинчи гурунг: Ҳалол нима-ю ҳалол нима?

 

 

 

Ҳаётда инсон баъзан ҳалол (пок) ва ҳаром (нопок) икки айри йўлга тўғри келиб қолади. Улардан қайси бирини танлаш унинг ақлига, ирода кучига, виждон амрига боғлиқ бўлади. “Ҳалоллик билан қилинмаган иш яхши бўлмас, ип калаваси ҳасса бўлмас”, деганлар. Ҳалол ва ҳаром ҳақида кўп гапирилади-ю, лекин, кузатишларимга қараганда, кўпчилик буларни анча тор доирада тушунади. Ароқ ҳаром, чўчқа гўшти ҳаром... Асосан таомга тегишли шунақа гаплар. Аслида шундайми? Куёв тўра,  сиз тикламоқчи бўлаётган оиланинг саодатли қасри фақат ҳалоллик водийсига қурилсагина барқарор бўлади. Уста қурувчи иморат пойдеворига биринчи ғиштни қўйишдан олдин жойни ўрганади, тупроқ таркиби, жипслигини аниқлайди. Саодат қасрига ҳалоллик водийсидан жой танланиб, иш бошланса-ю, бир челак лойига бир ҳовучгина ҳаром сув аралашиб қолса... Ана шундай фожиага учраб қолмаслик учун, келинг, ҳалол-ҳаромга доир тушунчамизни ҳам билим кўзгусига солиб олайлик.
Бир танишим нолиб қолди:
Бозордан икки кило ёнғоқ олдим. Сотувчи опа чақиб кўрсатган ёнғоқ мазали, мағзи тўқ эди. Уйга келиб, меҳмонларга атаб чақиб қўяй, десам, не кўз билан кўрайки, деярли барчасининг мағзи пуч, айримларига қурт тушган... Шунда сотувчи опахоннинг найрангини англадим. Бировнинг яхши ёнғоғидан олиб, харидорни алдар экан...
Бу гапни эшитиб, болалигимни эсладим.  Ўтган асрнинг олтмишинчи йили эди. Анор бозорида худди шу каби найрангни кўриб, катта одамларнинг ҳаромдан тап тортмаслигини болалик онгимга сингдиролмаган эдим. Аслида савдодаги бу найранг қадим-қадимдан бор экан. Қадим-қадимдан айрим одамлар  ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайди, айримлари эса  ҳаромдан ҳазар қилмайди. Айтайлик, ёнғоқни алдаб сотган опа болаларини боқиш учун бошқа чора топа олмабдими? Бошқа даромад йўлини билмасмиди? Нима бўлган тақдирда ҳам топганига ҳаром аралашди. Бундан топган фойдани болалари ейди.
Атрофга қарайлик, кимнингдир боласи ўғирлик қилиб, қамалган. Кимнингдир боласи жиноят қилиб қўйиб қочиб юрибди. Яна кимнингдир қизи фаҳш кўчасига кириб кетган... Бу кўргиликларнинг илдизи қаердан сув ичади? “Қозонингга меҳнат ҳосилидан бўлак ҳаром-ҳариш нарса тушмасин, билакс, уни истеъмол қилган фарзандларинг сенга бемеҳр, бемурувват бўладилар”, деган оддий ҳақиқатни билмайдиганлар кўпми орамизда? Ёнғоқ сотувчи кабиларнинг бозордаги найрангларидан эмасми? Ҳа, азизим, бу нарса арзимас бўлиб кўриняптими? Ҳаром ботқоғига ботиб ётганларга бало ҳам урмаяпти, бу ёнғоқ можароси денгиздан бир томчи-ку, демоқчимисиз? Қайси бир ошхона омбори текширилганда ҳаром ўлган мол гўшти топилибди. Бу ҳам арзимас гапми? Яна  ҳаётдан нолиб қоламиз-а! Ҳазрати Умар (р.а.) “Биз ҳаром иш қилишдан қўрқиб, ўнта ҳалолдан тўққизтасини тарк этардик”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак (р.а.) эса: “Шубҳали бир дирҳамни тарк этишим юз минг дирҳам садақа қилишимдан кўра афзалроқдир”, деганлар. Ҳалолга ҳаром аралашаверса, бировнинг ҳақидан қўрқув ҳисси танамизни бир марта ҳам жимирлатиб қўймаса, энг ёмони – бу тирикчилик воситасига айланиб улгурган бўлса, биз қандай одам бўлдик?!
Расулуллоҳ (с.а.в.) “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар. Ул муҳтарам зот бозорни кузатганлар. Бир марта савдогарнинг қопда турган молига муборак қўлларини ботириб, аралаштириб кўрдилар. Қарасалар, усти қуруқ, таги ҳўл. Молнинг таги ёмон, усти эса чиройли. Шунда: “Бундай қилма!” дедилар.
Савдонинг, тарозунинг, ўлчовнинг ҳалол бўлишига оид оятларгина эмас, ҳатто сура ҳам бор. “Мутаффифун” (бировларнинг ҳақидан уриб қолувчилар) деб номланган сура кофирларга хос ёмон хулқлардан бири – ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш зикри билан бошланади. Сўнгра фожирлар, уларнинг ахлоқлари ҳақида сўз юритилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини муҳрлаб қўйганлиги айтилади. Шу билан бирга аброр-мўминлар сифати ҳақида ҳам баён қилинади. Оятлар маъносининг таржимаси бу тарзда баён этилган: “Ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлғай (Сураи каримадаги “вайл” сўзи икки ҳил маъно англатади: биринчиси – уларнинг аҳволига вой бўлсин, иккинчиси – “вайл” дўзахнинг номларидан бири. Яъни, ўлчовдан уриб уриб қолувчиларга “вайл дўзахи” азоблари насиб бўлсин, деган маънони ҳам уқиш мумкин). Улар одамлардан бирон нарсани ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир. Улар ўзларининг улуғ бир Кунда – барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?”
“Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир” (Исро сурасидан). Бу қалб поклигининг аломатидир, ўзаро ишончга боғлиқ нарсадир, хайр-барака омилидир. “Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб тортувчилардан бўлманглар ва тўғри тарози билан тортинглар. Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб, санқиб юрманглар” (Шуаро сурасидан). Тафсир: Ҳижоз билан Фаластин ўртасида Ақаба кўрфазида яшовчи Мадян халқига Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни пайғамбар этиб юборган. Мадянликлар ичида ўлчовда алдаб, бировнинг ҳаққини уриб қолиш авжида экан. Уларнинг диёри савдо карвонлари ўтадиган асосий марказ бўлиб, у  ерда савдо ривожланган. Бу қавм фақат тарозида эмас, бошқа соҳаларда ҳам бировнинг ҳаққини уриб қолишга уста экан. Шуайб алайҳиссалом уларни инсофга чақирганларида улар ул зотни ёлғончига чиқардилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни азобга тортди. Ўлкани ғоят иситиб юборди. нафас олиб бўлмайдиган даражага етганда осмонда булут кўриниб, ҳамма унинг соясида ором топмоқ истагида тўпланди. Шунда булутдан чақмоқ чақиб, ўт-олов чиқиб, барчаларини куйдириб юборди.
Ўтмишда азобга тортилган гуноҳ бугун жазосиз қоляптими? Бу воқеага диққат қилинг-а: устозлардан бирига одамлар келишиб: “ўлим тўшагида ётган бир беморимиз бор, дам солиб қўйинг”, дейишибди. Тунги соат учда боришса, бемор беҳуш, ғоят оғир аҳволда экан. Устоз калимаи таҳвид, калимаи шаҳодатни айтдиришга ҳаракат қилибдилар. Бир маҳал бемор ҳушига келиб, дебди: “Нимага мени мажбур қиляпсиз? Кўрмаяпсизми-ки, тарозининг бош қисмидаги темирини томоғимга санчиб-санчиб олмоқдалар!” Шундай дегач, жон таслим қилибди. Устоз унинг жон талвасасидаги гапидан ажабланиб, бунинг сабабини хотинидан сўрабдилар. “Бу ҳақда сўраб, ярамга туз сепманг, устоз,-дебди бева ўкинч билан.-Эрим тижоратчи эдилар. Тарозилари иккита эди. кам кўрсатадиганини мол сотиб олаётганларида, кўп кўрсатадиганини сотаётганларида ишлатардилар”. У киши бир тарозида тортган бир кило мол иккинчисида саккиз юз грамм чиқаркан. Шу тарзда халқни алдаб яшаган одамнинг аянчли ўлимидан хабар топдингиз, шундай экан, хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Ҳар ҳолда, ўша савдогар “Ҳалол, ишончли савдогар пайғамбарлар, сиддиқлар ва шахидлар билан бирга бўлади” дейилган шарафли ҳадисдан ё бехабар бўлган ё назарига илмаган. Ҳазрати шайх Суфёни Саврийнинг бу ҳикматлари балки фикрларингизга қувват бўлар: “Ҳаром мол топмоқ Қиёмат ҳисобига ишонмасликдир. Кимки Қиёмат ҳисобига ишонмаса, кофир бўлур”.
Буёқчи усталар ишлатилган идишларни пачоқлаб ташладилар. “Нега пачоқладингиз, бирон нимага, масалан гул тувак ўрнида ишлатса бўлар эди-ку?” деган саволга жавоб бердилар: “Бу идишлар бозордаги ноинсофлар қўлига тушса, ичига сифатсиз ва арзон бўёқ солиб, ҳорижники, деб қимматга сотишади”. Усталарга раҳмат айтиб, ноинсофларга инсоф тилаймиз! Афсуски, бундай кўзбўямачилик бошқа соҳаларда ҳам кўп учраяпти. Маҳсулотнинг идиши ҳорижники, кийимнинг ёрлиғи машҳур фирмаларники, аслида эса сифатсиз бир матоҳ. Буёқ ёки кийимга чидармиз, лекин дори-дармон, озиқ-овқат соҳасидаги бу ярамасликлардан у ноинсофлар нечун қўрқмайдилар?
Маккаи мукаррамадаги меҳмонхонадаги кичик ҳаммомдан ювиниб чиққан ҳожи ҳамхоналарига: “Совун олиб киришни унутибман, кимнингдир совунидан фойдаландим, рози бўлинглар”, деди.  Бир қарсангиз, арзимаган нарса, аслида эса сўралмасдан олиб ишлатилган нарса ҳаром эканлигини ҳар бир мўмин билиши ва амал қилиши шарт.
Иброҳим бин Адҳам ҳазратлари бир куни “Байтул муқаддас ходимлари мени масжиддан чиқаришмасин”, деб бўйрага ўралдилар. Ярим кечада масжид эшиги очилиб, бир пир ичкари кирдилар. Меҳробга ўтиб, икки ракаат намоз ўқидилар. Яна қирқ киши кириб келди. Биттаси: “Бу ерда бир киши ётибдир, биздан эмасдир”, деди. Пир кулимсираб, “Адҳам ўғлидир. Қирқ кундирки, ул ўқиган намозининг тотини билмас”, деган эдилар, Иброҳим бин Адҳам бўйрадан чиқиб, пирнинг ҳузурига салом бериб бордилар. Бу ҳолатининг сабабини не эканини  Аллоҳ  таоло ризоси учун айтмоқларини сўрадилар. Пир дедиларки: “Фалон куни хурмо олаётиб, ердаги бир хурмо сеники бўлмагани ҳолда, меники, деб олиб единг – сабаб шудир”. Шу жавобни олгани ҳамон хурмофурушга бориб, ҳалоллик тиладилар. Дўкон соҳиби унинг сўзларини эшитиб, бир фарёд кўтарди. Дўконини ташлаб, тарк этиб, дарвишлардан бўлди.
Абу Дардо (р.а.) барча намозларни Масжиди набавияда, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ортларида туриб ўқишга ҳаракат қилардилар. Шунинг учун масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Расули акрамнинг (с.а.в.) намоздан кейинги суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ, хурмо териш мавсуми бошланганида Абу Дардо (р.а.) аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) диққатларини тортди. Абу Дардони (р.а.) ёнларига чақириб:
-Сенинг масжидга келиб-кетишингда бир ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?-деб сўрадилар.
-Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларини тўка бошлади,-дедилар Абу Дардо (р.а.), узрли оҳангда.- Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ уларни еб қўйишмасин, деган ҳавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғига ўтказиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига қўйиш учун шошиламан. Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Дардонинг (р.а.) бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар.
Танишларимиздан бири ҳориждаги супермаркетдан совға-салом харид қилибди. Ҳар бир одам мол олишда ўзича ҳисоб-китоб қилади. Танишимизнинг ҳисоби билан ҳисобчиники ўртасида фарқ чиқибди. У ҳисобчига қайтиб: “Ҳисобингизда хатолик бор”, дебди. Ҳисобчи хотин ундан норози бўлиб, “бўлиши мумкин эмас!” деб қўрслик қилибди. Биродаримиз эса қатъий равишда “хато ҳисобланган”, деб тураверибди. Шунда дўкон раҳбарларидан бири келиб, баҳсга аралашибди-да: “сиз ноҳақсиз, машина ҳисобда адашмайди”, дебди. “Машина адашмаслиги мумкин, лекин одам хато қилиши мумкин-ку?,-дебди биродаримиз.-Мана қаранг, мен бу моллар учун 2,45 евро тўладим. Ҳолбуки, бу молларнинг нархи 24,5 евро. Мен икки эмас, йигирма тўрт евро тўлашим керак”. Хизматчи молларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, биродаримизга ҳам раҳмат айтибди, ҳам ҳайратланибди. Тўланиши керак бўлган қўшимча йигирма икки еврони олмай, аксинча, ҳалоллиги учун биродаримизга совға беришибди.
Афсуски... биз четга чиққан танишларимиз ҳақида бунинг тескариси бўлган ҳикояларни ҳам эшитиб қоламиз. Билишимиз керак, бирон супермаркетдан кичкинагина молни беркитиб олиб чиқмоқчи бўлган одамни “фалончи ўғирлади”, дейишмайди, балки “бир ўзбекистонлик ўғирлади”, дейишади. Ўз номининг булғаниши бир масала, Ватан ва дин  шаънига ҳақорат орттириши яна бир масала.
Дунёни севган киши бу ҳаётни севади. Агар ҳаётдаги иймонсизлар каби елиб-югуришни, ҳаром мол тўплашни, тўс-тўпалон, талон-тарож қилишни истаса, хуш кўрса нима бўлади? Унда кўзни ҳирс пардаси қоплайди, ҳирсга берилиб, ҳаром ишлар қилади, ҳаром молга қўл узатади, бировни шилади, ўғрилик қилади ва... пора олади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) пора олган ҳам, пора берган ҳам дўзахий эканини таъкидлаганлар. “Пора” атамасини “рушват” шаклида ҳам учратамиз. Турклар “пул”ни “пора” дейдилар, бизнинг тушунчамиздаги “пора”ни “рушват” атайдилар. Араблар талаффузида “ришват”дир. Яъни, “роши-ришват ” – пора берувчи, “мурташи-ришва” – пора оладиган киши. Поранинг тури кўп. Масалан, пора – ҳақи бўлмаган ишни бажариш учун ишнинг бошида турган раҳбарларни ҳаром йўлга, ғайри қонуний йўлга бошлаш, тўғри йўлдан кўз юмиш, ноҳақлик қилиши учун бериладиган пул ёки бошқа бирон нарса. Натижада ҳар икки томон ҳаром ишга қўл урган бўлади.
Хоҳ суд, хоҳ солиқ, хоҳ божхона, хоҳ ҳокимият маъмурияти бўлсин, хоҳ олий ўқув юрти ёки шу каби бошқа жой бўлсин, у ерда давлат томонидан ҳар бир фуқаронинг ҳақини ҳисоб-китоб қиладиган, ишчиларга маош берадиган ходими бўлади. Бу ходим, албатта, адолатли қонунга кўра ишлаши, ҳар бир фуқаро ҳақини кўз қорачиғидек асраши керак. Лекин пора бериб, ўз ишини бажарадиган киши: “Халқ ҳақи билан ишинг бўлмасин, лавозимингни ҳам ўйлама, мен сенга шунча пора бераман, менинг ишимни бажар. Ноҳақ бўлсам ҳам ишим битсин. Мен сени кўрмадим, сен мени кўрмадинг, тамом-вассалом!”-деб ишини бажариб кетганлар оқибатни, дўзах оловини ўйламайдиларми? Олганлар-чи?! Гугурт чўпининг олови бармоқни куйдирса, неча кун азоб чекилади, а? Жаҳаннам олови-чи?
Пора берувчи қонунни, низомни бузган, адолатли қонун мажмуасини ўз фойдасига ишлатган, ҳақсизлик қилиб ишини бажариб кетган ҳисобланади. Пора олувчи виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади.
Мана шундай йўллар билан жамиятдаги қонунлар оёқ ости бўлади, ривожланиш оқсайди, ҳақлар топталади, мазлум ва бегуноҳ халқнинг ҳақи ҳимояланмайди. Золимлар халқ пулини, молини, давлат хазинасини талон-тарож қиладилар, халқ манфаатини асло ўйламайдилар. Девор дарз кетса, уй оқибат қулайди. Тўғонда игнадек тешик пайдо бўлса, оқибат уни сув ювиб кетади. Пора туфайли оламнинг таъсис этган низом-қонунлари бузилади, даҳшатли зарарлар юзга келади.
Билим олишга хоҳиши ҳам лаёқати ҳам йўқ бола пора туфайли  ўқишга киради. Кимнинг ўрнига? Илмга ўч боланинг ўрнига! Оқибати – маълум...
Пора туфайли золимга жазо бериш ўрнига, лутф кўрсатилади...
“Чораси борми?”, “Иложи борми?”
Пора бергувчининг саволи шундай бўлади.
“Бор... озгина чиқими бор...”
Бу олувчининг жавоби. Униси “пора берайинми?” демайди, буниси “бер” демайди. Чиройли ишоралар билан сўзлашадилар-а! Баъзилар бу олди-бердини “пора” деб атамайдилар, “ҳадя”  ёки “ қўл ҳақи” ёки “атаганим бор эди”, дейдилар.
Бир олий ўқув юртидаги Давлат имтиҳонида котиблик вазифасини бажарган ёш мутаҳассисга “Сенинг хизмат ҳақинг”, деб беш минг сўм беришибди. Йигит: “Бу пул талабалардан олинган поралар ҳисобидан бериляпти, мен ҳаром емайман”, дейишга журъат эта олмабди. Агар шундай деса, унга тазъйиқ қилишарди, ишдан кетишга мажбур бўларди. “Аслида-ку, мусулмон сифатида шундай қилиши лозим эди”, демоқчимисиз? Ҳа, лозим эди. Лекин... лекин барча ҳалол одамлар четга чиқиб кетаверса нима бўлади? Хуллас, ҳалол йигит виждон азобида юриб, дўстига маслаҳат солди. У пулни бир камбағал етимга беришни лозим кўрди. Шундай қилишди. Хўш, етим учун бу пул ҳалолми ё ҳаромми? Садақа ҳалол ишлаб топилган пулдан берилади, деган қоидага кўра, ҳаром. Лекин бу садақа эмас-ку? Агар етимга бу пулнинг қаердан топилгани айтилса, эҳтимол у ҳам олмасди.
Барча динларда пора ҳаром қилинган, барча жамиятларда жиноят ҳисобланади. Ажабки, порахўр на унисидан, на бунисидан чўчийди. Олаверади, тиқилиб ўлгунича олаверади. Русларнинг бир ёзувчиси айтган экан: “Пора – бир аёл кабидир, ёши ўтиброқ қолган бўлса-да, жозибаси билан ўзига тортаверади”. Ўша аёл кўринишидаги шайтон жозибаси билан бандани қаёққа тортади? Ҳақни эшитмаслик ва ҳаромдан ҳазар қилмаслик ўлимни ҳали узоқ деб билишдан пайдо бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ бир қавмга нимани ҳаром қилса, унинг орқасидан келадиган пулни ҳам ҳаром қилади”.
Ҳазрати шайх Аҳмад Ҳарб  уйига Нишопурнинг улуғлари келдилар. Шайхнинг бир ўғиллари бор эди. Сархуш бўлиб келиб, баланд овоз бериб, эшикдан кирди. Отасидан ва бу улуғлардан уялмади. Улуғларнинг ранглари ўзгарди. Шайх:
-Нечун малул бўлдингиз?-деб сўрадилар.
-Ўғлинг учун,-дедилар.
-Ул маъзурдир. Сабаби будирки, бир кеча қўшнидан таом келди, едик. Онаси билан суҳбат қилдик. Ўша кеча бу ўғлон она раҳимига тушди. Кейин мени шундоқ уйқу босдики, вазифам фавт бўлди. Тонг отганида сўрасак, бу таом талаб, зўрлик билан олинган ош экан. Бизга ҳаром аралашган таомдан берган эканлар.
Ҳазрати шайх Абу Ҳозими Маданийдан  сўрадилар:
-Биз нима билан нажот топгаймиз?
Дедилар:
-Ҳалоллик билан пул топиб, ҳалол жойга сарф этишдан. Бу дунёдан сақланингки, Фиръавн, Намруд ва Шаддоднинг сарқитидир. Бу дунёда қувонадиган ҳеч нарса йўқдир. Бу дунё карвонсаройга ўхшар: шом тушгач, карвон қўнар, тонг отгач, кўчар-кетар...
Ҳикоят: Бир куни Аҳмад ибн Ҳанбалга (р.а.) бағдодлик ғоят солиҳа ва сўфийа  келиб дедики: “Э қавм боши, э улуғ мартабали зот! Менинг уйимда чироғим йўқ. Шу боис Ой ёруғида урчуқ йигираман. Кунлардан бир кун тунда дунё юзидан Ой кетгач, ҳалифа ҳазратлари менинг уйим ёнидан машъала билан ўтиб қолдилар. Ҳалифанинг чироғи ёруғида тез важаҳд билан урчуғимни бир-икки айлантириб, ип йигириб олдим. Ўша йигирган ипим мен учун ҳалол бўладими ё йўқми? Бу масалага жавоб бер, қутби замона?” Бу сўроқни эшитиб, имом ҳазратлари ажабландилар ва дедилар:
-Бу дунё ўзи бир ғафлат дунёси бўлса, қандай хотинсан-ки, бунчалик дин қайғусида бўлибсан? Шу арзимас ишинг устида фатво сўрарсан-а, жуда сўфийа хотин экансан-ку?
Имомга жавобан Розия исмли ул бева аёл деди:
-Э вафоли зот, Бишр Ҳофийки, (р.а.) сиз уни билурсиз, мен билан бир туғишган эди.
Ҳазрати Аҳмад ибни Ҳанбал (р.а.) бу хотиндан Бишр Ҳофийнинг исмини эшитиб, кўзларидан ёш тўкиб дедилар:
-Сизлар каби улуғларга ўша сен айтган шубҳали ип ҳалол эмасдир.
Ибн Ҳанбалнинг Ҳофий исмини эшитиб, йиғламоқлари ўзларини Ҳофийдан (р.а.) кам кўрганларидан эди. Уламолар деганларки, “бундайин эзгу хотиннинг оёғи остидаги туфроғи, шариат билмас юз минг эрнинг ҳақ йўлида кофирлар билан уруш қилиб тўкадиган қонидан яхшидир”.
Энди сўз Бишр Ҳофий (р.а.) ҳақида: демишларки, ул зот оёқ кийим киймай юрардилар. Шунинг учун у кишининг исмларига “Ҳофий” – яъни, “ялангоёқ” лақаби қўшиб айтиларди. Бишр Ҳофийнинг яна бир гўзал одатлари бўлган экан: шаҳар ичида бавл ва тезак ишини қилмас эканлар. Аҳолини ранжитиб қўймай деб, шаҳар ташқарисига чиқар эканлар. Умрида от минмаган бу зотни бир куни шаҳар кўчаларидан отлиқ чиқиб кетганларини кўрдилар. Кўрганларнинг баъзилари “Бишр Ҳофий от минмаган эди, от устида ўлмагай эди”, дея ажабда қолдилар. Муридлари ҳавотирланиб, изларидан чўлга чиқсалар, Бишр Ҳофий жон таслим қилган эканлар.  Бишр Ҳофий (р.а.) тобеинлар табаъсидан эдилар. Ҳижратнинг 260 йилида чаҳоршанба куни дунёдан ўтганлар. Бағдодда ҳазрати имом Аъзам (р.а.) қабрлари ёнига дафн қилинганлар.
Бир куни одамлар ҳазрати шайх Утбат ул-Ғуломни ажиб бир ҳолатда кўрдилар: ул зот бир ерда ўлтирар, таналаридан тер сув каби  оқар эди.
-Бу не ҳол?-деб сўрадилар.
-Уйимга бир меҳмон келган эди, қўшним деворидан бир кесак олган эдим, меҳмонларимга ҳожат бўлди. Энди қай вақт ўшани хотирласам, хижолатдан терлаб кетаман. Қўшнидан ризолик сўрайман,-дедилар.
“Ҳаром” сўзининг луғавий маъноси –  таъқиқлашдир яъни, қилиши, фойдаланиши, истеъмол этилиши шаръан ман этилган нарсадир.  Ҳеч нимадан сақланмасдан тановул қилишни “ҳаром-ҳариш емоқлик” дейилади яъни, “ҳаром-ҳариш” (ҳариш – қаттиқ, қўпол) ўта ҳаромликни англатади. “Ҳаромзода” – никоҳсиз, ҳаромдан туғилган, оқпадар бўлган кимса. “Ҳароми” – кимсанинг молига, ҳаром нарсага қўл узатувчи одам, ўғри, йўлтўсар, ғоратгар, безори ҳам шундай аталади. “Ҳаромнамаклик” эса ношукурликни билдиради. “Ҳалол” (ҳаллол) эса ечиш, яъни ҳаромни ечиб, йўлни очиш, соддароқ айтсак, ҳаромнинг акси, яъни мумкин бўлган, демакдир. Таом аслида ҳалол, аммо у ҳаром йўл билан қўлга киритилгани учун ҳам “ҳаром луқма” ҳисобланади. Аксини “луқмаи ҳалол” дейишга одатланганмиз.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Ҳалол аниқдир. Ҳаром ҳам аниқдир. Бу иккисининг ўртасида аксарият одам билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ўзини шубҳали нарсалардан узоқ тутган одам дини ва шаънини сақлаган бўлади. Шубҳали нарсаларга яқинлашган инсон  ҳаромга кириб қолиши мумкин. Худди чўпон подани қўриқхона атрофида ўтлатса, унинг (қўриқхона) ичида ўтлатгандек бўлгани каби. Ҳар бир ҳукмдорнинг ўз қўриқхонаси (яъни кириш таъқиқланган жойи) бордир. Аллоҳнинг қўриқхонаси ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлингки, вужудда бир парча гўшт бор: у яхши бўлса, вужуд ҳам яхши бўлади. Агар у бузилса, бутун вужуд ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг-ки, у – қалбдир”.
Уламои киром “ҳалол” ва “ҳаром” сўзлари хусусида турли фикр билдирганлар. Абу Ҳанифа “Ҳалол – ҳалоллигига далил бор нарса”, имом Шофиъий эса: “Ҳаром – ҳаромлигига далил бор нарса”, деганлар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) “Бу иккисининг ўртасида аксарият одам билмайдиган шубҳали нарсалар бор...” деганлари ҳалол ва ҳаром нарсалар ўртасида баъзи нарсалар ҳам борки, уларнинг ҳаромлиги ёки ҳалоллиги хусусида шубҳа бўлади, демакдир. Шунинг учун шубҳа бор жойда кўнгилсиз ҳолат юзага келади. Расулуллоҳ (с.а.в.) “ўзини шубҳали нарсалардан узоқ тутган одам дини ва ҳурматини сақлаган бўлади”, дейишларининг маъноси – дини софлигини истаган инсон шубҳали нарсалардан ҳам йироқ бўлсин, демакдир. “Шаънини сақлаш” деганда, киши шубҳали нарсаларга яқин йўласа,  одамлар уни “ҳаром еяпти”, деб ўйлашлари эҳтимол.
Расулуллоҳдан (с.а.в.) бу мавзуда яна бир ҳадис ривоят қилинади: “Аллоҳ ва охират кунига ишонган киши туҳмат эҳтимоли бўладиган жойлардан узоқ юрсин”. Набий муҳтарам(с.а.в.): “Шубҳали нарсаларга яқинлашган инсон ҳаромга кириб қолиши мумкин”, деганларидан қуйидагилар англашилади:  1.Ҳаромга қўл уради. 2.Ҳаромга жудаям яқин келиб қолади. Зеро, ёмон амаллар ўз эгасини куфрга етаклайди. Чунки нафс бир ёмонлик қилганидан кейин, янада каттароқ ёмонлик қилишни истаб қолади.
Расулуллоҳ “вужудда бир эт парчаси борки”, деганларининг маъноси: “ўша эт парчаси Аллоҳдан ҳаё қилса, бадан ҳам ҳаё қилади. Агар у ҳавои истак ва орзуга берилса, вужуд ҳам истак ва орзулар кетига тушади. Бузуқ ва ёмон ниятда бўлса, вужуд ҳам ёмонлашиб бузилади”.
Киши бир аёл билан зино қилмаса-да, яқинликда юрса, одамлар назарида бузилган ҳисобланади. Бундан ташқари, шайтон васваса қилса, бугун бўлмаса эртага ўзини тута олмай қолади. Қалб пок бўлса – вужуд пок. Қалб ҳаё қилмай бузуқ ишларга юрса, зино қилса, вужуд ўлимга олиб борувчи хасталикларга чалинишини барча кўриб, билиб турибди. Зеро, “Ҳаром билан вояга етган вужуд жаннатга кирмайди”, деб Рисолатпаноҳ (с.а.в.) бизларни огоҳлантирганлар.
Кўнгил Ҳақ файзига бўлсун десанг чок,
Ки, аввал мартаба халқингни қил пок.
Сўфи Оллоҳёр демоқчиларки, агар кўнглингни Аллоҳ таолонинг илҳоми кириши учун очиқ қилай десанг, унинг биринчи шарти томоғингни буткул ҳаромдан пок қилмоғинг кераклигидир. Чунончи:
Ема зарра ҳаром оғушта нондин,
Бўлур чоҳи нажас бир қатра қондин.
Дейилмоқчики, бўғизни пок қилмоқлик аввал бошда ҳаром аралашган неъматларни емаслик билан бўлади. Агар еган неъматингда бир заррача ҳаром бўлса-да, ул таомни емаслик керак. Чунки, қудуққа бир томчи қон ёки хамр тушса, нажас қилар. Шунга ўхшаб кўп ибодатдан ҳосил қилган савобинг бир оз ҳаром қатишган неъматдан ейиш билан йўққа чиқар. Уламолар айтурларки, биров ҳаром луқма билан тоату ибодат қилса,  гарчи кечалари уйғоқ туриб, кундузлари рўза тутса-да, қабул бўлмас. Агар биров Аллоҳ таолодан қўрқиб, шубҳали нарсалардан сақланса, юз карра Каъбага бориб Ҳаж қилганликнинг савобини топар экан. “Танбеҳул ғофилун”да зикр этилган ҳадисда айтилишича, агар бир кишининг кияр кийимига ҳаром аралашган бўлса, ўша тўнда ўқилган намоз қабул бўлмас экан.
Агар ош манҳий бўлса, кўз юмиб ош,
Ва гар на, тонгла қорнингдин чиқар тош.
Дейилмоқчики, агар емоқчи бўлганинг бир неъматда ҳаром нарсалар бўлса, кўзингни юмиб ундан ўт, унга қарама, уни ейишга майл қилма. Агар шундай қилмасанг, Қиёматда қорнингдан тош чиқар. Яъни, турли азобларга гиритфор бўлурсан.
Эрур хардалча манҳий заҳри қотил,
Қилур бир қатраси хум сувни ботил.
Дейилмоқчики, агар ҳаром нарса қалампир уруғичалик кичик ва кам бўлса-да, уни ўлдиргувчи оғу деб билгил. Яъни, оз ҳаром кўп ибодатларнинг савобини бузар. Шунга ўхшаш бир томчи май бир хум сувни нажасу ботил қилади.
Бир одам “Мен ҳалолликка тупурдим, мен бахтли яшашни истайман!” дейди. Ажаб! Ҳаромлик ботқоғига ботган ҳолда бахтли бўлиш мумкинми? Эҳтимол у одам ҳаром йўлдан оқиб келган бойликни бахт деб ўйлар? Эҳтимол, кунда, кунора ёш фоҳишалар билан айш қилиш унга бахт бўлиб туюлар? Буниси бизга қоронғи.  Бу одам ҳақиқий бахт саройига фақат ҳалол йўл орқали етиб бориш мумкинлигини қачон англаб етади? Буниси ҳам бизга номаълум. Сиз “фарқламай ўлиб кетади”, демоқчимисиз? Йўқ, умрининг сўнгги дақиқасида бўлса ҳам англайди ва афсус билан кўз юмади. Бу афсуси эса охиратда асқотмайди.
“Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Сизлардан фақат ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди” (Наҳл сурасидан). Бир йигит қарзга ботиб, ҳаётидан нолиб юрибди. Нима мақсадда қарз кўтаргани сабабини билиб, ҳайратдан ёқа ушладик: Украинадан чўчқа гўшти олиб келиб сотмоқчи бўлган экан! Борибди, иши юришмай, хонавайрон бўлиб қайтибди. Энди нега ҳаётини лаънатлайди, ҳайронмиз... Ошхоналарда битта пичоқ билан ҳам мол гўшти, ҳам чўчқа гўшти майдалаётган қассоблар, ошпазлар  қилаётган ишлари ҳақида ўйлаб кўрсалар чакки бўлмас эди. Тўнғиз терисидан тикилган пойабзалларни олиб келиб сотаётган тижорат аҳлига ҳам гапимиз шу.
Чўчқа гўштини яҳудий дини ҳам ҳаром қилган. Исроилда чўчқа боқиш тақиқланган. Исроил ҳарбийлари мина топишда фойдаланиш учун Европадан қора чўчқа сотиб олишган экан. Жамоатчилик қарши туриб, чўчқаларни йўқотишди, ҳатто ҳарбий мақсадда фойдаланишга йўл беришмади.
Ҳаром ҳақида гапирилганда бир нарсага эътибор берайлик: нима учун Аллоҳ таоло асални ёки шолғомни ҳаром қилмади? Чунки бу неъматларнинг инсон саломатлигига зарари йўқ, жамиятга зарари йўқ. Ароқнинг киши соғлигига, жамият осойишталигига зарари борми? Чўчқа гўштининг  соғлиққа зарарлигини ҳатто насаро олимлари исбот қилиб беришди-ку? Масалага фақат диний эмас, ижтимоий, дунёвий нуқтаи назардан қарасак ҳам, қарама-қаршиликни кўрмаймиз. Фақат диний томондан ҳаромга қарши қаршилик, кураш бор, дунёвий жамият томонидан олиб борилаётган кураш эса анча суст.
“Э Одам фарзанди,-дейилади қудсий ҳадисда,- билгилки, инсонга ҳалоллик қатра-қатра келур. Ҳаром эса сел каби мўл-кўл келур. Ҳар кимнинг емиши ҳалолдан бўлса, дини пок бўлур”. “Э Одам фарзанди, қачонки сенга  дунё мўл-кўл кела бошласа, уни исроф қилмасдан яхши йўлларга сарф қил. Ўлимни эслаб, ҳаромдан сақлан”.
Ҳаётда кўп қийинчиликларни бошидан кечирган ва уларни енгиб ўтган инсон босиб ўтган йўлга қаралса, унинг поклигига ва ички дунёси гўзаллигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ҳалол ютуққа эришиш қийин бўлса-да, унинг завқи тотли, ширин бўлади. Шунинг учун ҳам яхшилар дедиларки: “Ризқингни топиш учун яхши йўлларга отлан. Фойдани ҳалол йўл билан топ. Ҳаром йўллардан фойда топиш осон бўлса ҳам, охири азобдир”. Ёмонлик эшиги ҳаром фойда билан очилади, яхшилик эшиги эса ҳалол фойда билан очилади. Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам тугайди. Боқийлик эса шуларга қараб, ё азоб бўлади, ё роҳат! Аллоҳ таоло таъқиқлаган ишларни қилганлар охиратда йиғлаб, азоб тортадилар.  Одам ҳаром-хариш воситалар билан моли-дунё, ҳузур ҳаловат топса ҳам, лекин маънавий жиҳатдан ҳалок бўлади. Ҳаромга берилган кимса ҳар одимда ҳаром еб, гуноҳ топгани каби ҳалолга интилган инсон ҳар ҳалолдан савоб топади. Ҳалол топиб, бу топганингдан муҳтожга ёрдам қилсанг савоби янада ортади.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 19 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ