1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

«Болаларни ёқтирмайман»

Эслашга ҳатто уяламан...
Бир неча йиллар илгари болаларни ёмон кўраман деб кўп такрорлаб юрардим. Уларнинг шовқини, хархашаси ва бошқа муаммолари кўзимга тоғдай кўринарди. Уйлангунича "кўча боласи", энди эса ота бўлган танишлардан нимани ҳис қилаётганини тушунтириб беришни, қандай қилиб ўзидан кўра севимлироқ кишиси бўлмаган одам болаларни яхши кўриб қолишини, аниқроғи ўша ҳиссиётни айнан қачон пайдо бўлишини айтишларини илтимос қилсам, улар алланималарни мисол келтиришарди. Тузукроқ жавоб ололмагач, фикрим ўзгаришсизлигича қоларди... Болалар билан бўладиган мулоқотнинг ҳар туридан безиллаб турардим. Ўша Ғарб киноларидаги яккаликни яхши кўрадиган, тинмай «Ненавижу детей!» дейдиган салбий қаҳрамонларнинг ўзи эдим.
Кеч тунда аввал ўқиганим, аммо унчалик тушунмаганим Экзюперининг «Кичкина шаҳзода»си қўлимга тушиб қолди. Бир нафасда ўқиб чиқдим. Китобни шундай ўқиган одам менинг ҳолатимни жуда яхши тушунади. Эмоция устига эмоциялар устимдан муздай сув каби қуйилавериб борган сари китобга ичкари шўнғиб боравердим. Қисса тугагач, ичим аллақандай товланувчан ўйларга тўла ҳолатда уйқуга кетдим...
Тонг... Ёз қуёши ҳали тандирини қиздиришга чиқмаган, атроф кўкимтир хира тортган, салқин шабада эсадиган пайт. Уйғониб, ювингани турарканман, акамнинг уйидан ҳали икки яримдан сал ўтган жияним Билол чиқиб келди (унинг ҳаммадан вақтли туриб оладиган одати бор). Шовқин солиб, бошқаларнинг асабини бузмасин яна, деган ўйда секин олдига бордим. Ўзим билан ювиниш хонасига олиб кирдим. Оппоқ юзини юварканман, сувдан қўрқади десам, йўқ, жим куларди. Қўлимга олганимдан бери на у, на мен бирор товуш чиқардик. Юзини ювиб бўлдим-да, сувдан бир қадам ортимга тик турғизиб қўйиб, дағалроқ тарзда тайинладим: «Мен ювингунимча ҳовлига ўзинг чиқиб кетма, тушундингми?». Сўзларимни унчалик тушунмаса-да, гап оҳангимдан жойидан жилмаслик кераклигини тушуниб бош ирғади. Жўмракка ўгирилиб, сал букилган ҳолда энди ювинаман дегандим, бола орқамдан келиб иккала тиззамдан маҳкам қучоқлаб олди. Қотиб қолдим. Аллоҳ ҳаққи томоғимга бир нарса тиқилди. Ахир бу беғубор, фитратда бўлган, ғайирлигу шумликни, риёни билмайдиган ёш гўдакнинг бу қучоқлаши чин кўнгилдан бўлмай, нима бўлсин?...
Сув шалдираб бекор оқарди. Шу зайлда бир неча сония шуларни ўйлаб қолдим. Юзимни тез ювиб, кафелли полга у билан бўйим тенг бўлиши учун тиззамни қўйдим. Юзини артмаган эканман. Бўйимиз тенглашганини кўргач, энди бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олди. Шарт ердан кўтариб, ҳовлига чиқдим. Миямда эса, ўша «кўча боласи» тушунтириб беролмаган саволлар тугуни бир-бир ечилиб борарди...

Ибн Маъруф

Ҳозир сайтимизда 46 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ