Сайт бўлимлари
Тирноқсиз аёл билан суҳбат
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 23 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
— Эр-хотин фарзанд кўрмадик. Яратганнинг тирноқ беришини кута-кута анча йил бирга яшаб қўйдик. Бир неча бор шифокорлар кўригидан ўтдик. Улар эримда «айб» борлигини айтишди. Эркак ва аёлни оилада боғлаб турган ришта бола бўлар экан. Шунинг учун кўпчилик эр-хотинлар фарзанд кўришмаса ажрашиб кетишади. Аммо биз ундай қилмадик.
— Нега? Агар тақдирингизни бошқа инсон билан боғлаганингизда балки фарзанд кўрармидингиз?
— Билмадим! Иккаламиз бир-биримизга жуда боғланиб қолган эдик. Қолаверса ўзимдан кўра эримни кўпроқ ўйладим. Эрим бола кўрмаслигини эшитгач еру кўкка сиғмай қолди. Шундай пайтда мен уни ташлаб кетсам, уйидагилар яна бошқасига уйлантиришади. Агар иккинчи хотиндан ҳам бола кўрмаса, бечоранинг ҳоли не кечади? Эримга тегишли сирни ҳеч кимга, ҳатто унинг яқинларига ҳам ошкор қилмадик. Иккимиз маслаҳат қилиб, бола асраб оладиган бўлдик. Ажаб эмас, боланинг қадами қутлуғ келиб, орқасидан ўзимиз ҳам фарзандли бўлсак, деб ўзимизни қаттиқ ишонтирдик… Бола ахтариш билан ўзим шуғулланиб, кўп сарсон бўлдим. Бир куни «Болалар уйи» дарвозаси олдида турсам бир киши билагимдан маҳкам ушлади. Ўгирилиб қарасам ёнимда ранги докадек оқарган бир қиз турарди. У ҳадик ичра:
— Мабода сизга бола керак эмасми? — деди.
— Қаерда экан, ўша бола?! — дедим юрагим орзиқиб.
— Қиз бўлсачи?!
— Менга барибир, танламайман, бола бўлса бас!
— Ой куним яқин, узоғи билан беш-олти кун ичида туғар эканман, шифокорлар айтишди, — деди суҳбатдошим қорнидаги ҳомиласига ишора қилиб. — Илтимос, мени уйингизга олиб кетинг, кўзим ёригач, кетаман.
— Қаёққа кетар экан? Нега у боласидан кечмоқчи бўлди?
— У ҳали турмушга чиқмаган экан. Шаҳарга ўқигани келиб ҳомиладор бўлиб қолибди. Ўқийдиган жойидаги ётоқхонада турган экан, дугоналари туғишини билиб қолишиб, сиғдирмай қўйишибди. Гапнинг қисқаси унинг ҳомиладорлигини ота-онаси ва яқинлари билишмас экан.
— Ўша қизнинг ким экани, қандайлиги сизни қизиқтирмадими?
— Йўқ, заррача қизиқтирмас, тезроқ туғишини кутардим, боласини ўзимнинг номимга расмийлаштириб, уни истаган манзилига кузатиб қўйишни кўзлар эдим холос. Қолаверса боланинг ўзи оёқларим остидан чиққанига қувонардим. Айрим сабабларга кўра, уни бир қариндошимизникига етаклаб бордим. Янглишган экан, орадан саккиз кун ўтиб қиз эмас ўғил туғди. Ёнида ўзим туриб, нима даркор бўлса ҳаммасини муҳайё қилдим. Шифохонадан чиққач, болага тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб уни кузатиб қўйдим. Аммо уйимни қаердалигини асло билдирмадим.
— Бола асраб олганингизга яқинларингиз, эрингизнинг уйидагилар қандай қарашди?
— Чақалоқни олиб келган куним уйимиз меҳмонларга тўлиб кетди. Қайнона-қайнисингилларим, овсинларим, баримиз жам бўлдик. Шунда оппоқ йўргакли боламни — Умиджонимни кўтариб қайнонамга пешвоз чиқиб:
— Энаси, мана неварангиз, — дедим.
— Ҳм, ко-о-о-тта йигит бўлсин, — чимирилди қайнонам. Унинг пичинг аралаш гапидан «ҳаромидан бино бўлган» деган ишора сезилиб турарди.
— Вуй, кеннойи, мунча мушук боласидек, нима бало чала туғилганми? — «чақиб» олди кенжа қайнисинглим. Хуллас, етимчани ҳеч ким қўлига олмади.
— Уларнинг гаплари сизга оғир ботгандир?
— Юрагим увишиб, хўрлигим келиб кетди. Агар ўз болам, ўз жигарпорам бўлганида эди, қайнонам «туф-туф»лаб қўлига олган, қайнисингилларим бир нималар деб меҳримни товлаган бўлар эди. Афсуски, бола меники эмас, унинг томирларида ўзга бир аёлнинг, ўзга бир эркакнинг қони оқаётганди.
— Чақалоқни боқиш қийин бўлгандир-а?
— Умиджон жуда йиғлоқи чиқди. На сўрғичга кўнади, на бошқа овунчоққа. Туни билан она-бола бедормиз. Бола чир-чир йиғлайверади, унинг сари дадасининг асаби бузилиб сўкинади. Бошини тўшакка буркаб олади. Мен бўлсам болани ҳали бешикка, ҳали беланчакка солиб тебратаман, қани кўнса.
— Эрингизнинг нега аччиғи келди. Ахир унинг розилиги билан бола олдингиз-ку?!
— Ўшанда уни тушунишга ҳаракат қилдим. Аёл киши бир нимадан сиқилса, ранжиса аламини кўз ёшидан олади. Аммо эркак-чи… у барча ғам-андуҳни ичига ютар экан. Умиджонни кўтариб илк бора уйга кириб келган куним эрим «келдингизми?» деди-ю, болага қайрилиб ҳам қарамади. Ўшанда бола ўзиники бўлганида қандай бўларди-я, шошиб қўлига олармиди, деб унга юрак-юракдан ачиниб кетган эдим…
— Болангизни бирон жойи оғригандир-да, ўшанда?
— Негадир Умиджон йиғлашдан бўшамай қолди.
— Дўхтирга олиб боринг, падар лаънатини, нимага йиғлайди, — дарғазаб бўлди дадаси бир куни.
— Бу ҳам митти одам, яшайман деб йиғлайди-да! — дедим мен ҳам тутоқиб.
Қоринчасини авайлаб силайман, кинналаб ҳам кўраман, барибир чакаги тинмайди. Уни юпантира олмай бир гал кўкрак тутиб кўрдим, у буни фаҳмлай олмади. Дўхтирга олиб борсам, ошқозон-ичак йўллари касалланган экан, ётиб даволандик. Шу митти одамчага меҳрим тушиб қолди. Уйқусиз тунлар, адоғи йўқ аллалар, буларнинг ҳаммаси менинг юрагим билан бола юраги ўртасига тўғри чизиқ тортган эди.
— Болали бўлиб, эр-хотин анча ғам-андуҳни унутгандирсизлар?
— Қани эди шундай бўлганида. Фарзандсиз юриш қанчалар оғир бўлса, уни асраб олиш ундан ҳам баттар экан. Кўчага чиқсам таниш-билишлар бир-бирига худди мени бармоқларининг учида кўрсатаётгандек туюлаверарди.
Она-бола иккимиз кўп қийналдик. Мен ҳамма ишни йиғиштириб қўйдим, бутун ихтиёрим боламда. Бола она сутини эммагани учун нимжон бўлиб қолмасин деб, турли меваларнинг шарбатини бериб кўрдим. Ҳеч эринмай оёқ-қўлларини уқалайман. Кечалари ғашлик қилиб ухламайди. Даст ўрнимдан туриб сут пишираман, кашасини тайёрлайман. Тонг оқариши билан унинг кўзига уйқу илинади.
…Кунлар шу зайл ўтаверди. Ниҳоят кўз қорачиғимиз икки ёшга кирди. Дўмбоққина, кўзлари тим қора суйгулик бўлди. Эндигина оналик ҳиссини, ғурурини туйиб, боламнинг келажагидан умидланиб юрганимда тўсатдан Латофат — боламнинг туққан онаси ҳақида хабар келди. У қариндошларимизникига боласини излаб келганмиш. Яхшиям улар уйимнинг қаердалигини айтишмабди. Бу хабарни эшитиб юрагим дукурлаб урди, биров кўксимдан бир чимдим этни узиб олгандай эди. «Тополмайди барибир. Топса ҳам икки дунёда унга бермайман, боламни!» дердим.
Эшитишимча, Латофат турмушга чиқмабди. Туғиб қўйгани ошкор бўлгач, ўқишидан ҳайдалибди, ота-онаси оқ қилибди. Отинг ўчгур ҳалигинақанги «касб»ни этагидан маҳкам тутиб олганмиш. Бирни қўйиб, бирни кияр, ялагани мой, худди бойваччалардек яшаётганмиш.
— Шундай экан, бола нимага керак бўлиб қопти унга?
— Худди шу савол мени ҳам эзиб юборди. Боламга қараб бир қувонсам, онаси ёдимга тушса бир эзиламан. Хаёлимда бир кун боладан айрилиш ғамини тортадигандай бўлавердим.
«Келмас-ов, келсаям қонун биз томонда, ахир ўзи рози бўлиб боласидан кечди-ку!» дейди эрим вазмин хўрсиниб. Чунки болага эримнинг ҳам меҳри тушиб қолган эди.
Онам бўлсалар: «Ер ютгур, болани нима қилармиш, керак бўлса яна туғиб олмайдими?» дейдилар жонсараклик билан.
Бу хабар қайнона-қайнисингилларимга мойдек ёқди: «Боласини бериб юборинг, худо берса ўзингиз туғиб оласиз» дейишди. Билишмайди-ки, акалари билан мени фарзанд кўра олмаслигимизни…
Оҳу нолаларим Худога етиб, Латофат қайтиб боласини дараклатмади.
Умиджоннинг еттига кирганига ҳеч ишонгим келмасди. Кеча эмасмиди бир парча этни жонимда асраганларим, митти юракчасининг дукурлашига қулоқ тутиб яшаб кетармикин, дея қайғурганларим, бари ўтди. Биринчи синфга боришига оз қолганида кам-кўстларини бутлаш мақсадида ўзим билан бирга бозорга олиб бордим. Савдо расталарини зерикмай айланиб, кўнгилдагидек буюмларни харид қилдик. Бозордан чиқиб, катта йўлдан кетаётсак, қаршимиздан бир аёл чиқди-ю, турган ерида мисоли тошдек қотиб қолди. Аввал танимадим. Кейин онгимда «ярқ» этиб исми чақнади. Юрагим баданим узра сидирилиб тушгандай, терс ўгирилиб боламни қўлидан маҳкам тутиб, жон ҳолатда таксига чопдим. Машина йўлга тушганида Латофат ортимиздан бесўз тикилиб турарди.
Анча вақтгача ўзимга келолмай юрдим. Қон босимим ошиб кетган, икки чаккам лўқилларди. Бунинг устига ўғлим савол беришдан чарчамайди:
— Ойи, нимага ўша хотиндан қочдик, нима у душманимизми?
Болага нима деб жавоб беришни билмай карахт бўлиб туравераман.
— Кейин нима бўлди, Латофат уйингизни қаердалигини билмас эди, топа олмагандир?
— Бир куни кўча эшикдан биров отимни айтиб чақирди. Дарвозани очиб, кўзларимга ишонмадим. Ахир ўғлимнинг туққан онаси эди бу аёл.
— Келинг, — дедим кўнглим хушламай.
— Келдим, — деди безрайганича юзимга тик боқиб.
Шу пайт ичкаридан болажоним югуриб чиқди. Латофат уни маҳкам бағрига босди. Болам бир унга, бир менга мўлтираб турарди. Ўша-ўша Латофат менга билдирмай келадиган бўлди. Болани совға-салом билан ақлини ўғирлаб қўйди. Охир-оқибат боламизни ўғирлаб кетди. Шундан бери эрим иккимиз нима қиларимизни билмаймиз. Иложи бўлса бизга ёрдам беринглар. Ким нима деса десину, дадаси иккимиз Умиджонни жуда соғиндик. У бизнинг фарзандимиз.
Азизанинг изтиробли сўзларини эшитар эканман, таскин тасалли беришдан ўзга чора топа олмадим. Чунки бундай ишлар билан тегишли идоралар шуғулланишади. Шуғулланишганидаям гўдаклигида ўз боласига меҳр улаша олмаган онани асло ҳимоя қилишмайди. Бир нарсага аминманки, қонун томонидан Азиза ва унинг эри ҳақ. Чунки улар онаси ташлаб кетган бир парча этни боқиб олишиб, машаққат билан улғайтиришди. Бор меҳрини беришди. Умид қиламизки, Умиджон албатта ўз ота-онасининг бағрига қайтади. Ахир туққан эмас, боққан она деб бежиз айтишмаган-ку!
ЁРҚИНОЙ ҚОСИМОВА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 28 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар