Сайт бўлимлари
Бола ҳуқуқи туғилган кунидаёқ кучга киради
- Подробности
- Бўлим: Фарзанд
- Чиққан санаси: 25 Январь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Динимиз кишиларни юксак ахлоқ, чинакам инсоний фазилатларга тарғиб қилиш баробарида кичикларга раҳм-шафқатли, марҳаматли бўлишга, ҳаттоки ёш болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳимоя этишга чақиради. Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) "жаннат райҳонлари" деб эъзозлаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари исломиятда ҳар томонлама муҳофаза этилгандир.
Қуръони каримдан:
"Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир" (Бақара, 233).
"(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар — уларга ҳам, сизларга ҳам биз ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шак-шубҳасиз, катта хатодир" (Ал-Исро, 31).
"(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни, ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни, қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўйманг, балки уларни ўша моллардан едириб-кийдиринг ва уларга яхши сўзлар билан муомала қилинг" (Нисо, 5).
"Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) "ёмон"лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) ҳукм чиқарурлар" (Наҳл, 58-59).
Ҳадиcи шарифдан:
"Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва болаларингизга адолат қилинглар" (Муслим ривояти).
"Кимнинг учта (бошқа бир ривоятда: иккита) қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши муқаррардир" (Бухорий ривояти).
"Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхши бандаларни "аброр" деб мақтади, чунки улар оталарига яхшилик қилганларидек, болаларига ҳам яхшилик қилган эдилар. Сенинг бўйнингда отангнинг ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам ҳаққи бор" (Бухорий. "Адабул муфрад").
"Ким кичикларга раҳм-шафқат қилмаса, катталарга иззат-ҳурмат кўрсатмаса, у биздан эмас" (Термизий ривояти).
"Ё Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ҳаққи нимадан иборат?" деган саволга Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин): "Унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш", дедилар (Байҳақий ривояти).
"Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар" (Ибн Можа ривояти).
"Исломда инсон ҳуқуқлари" анжумани ҳужжатларидан:
"Ҳар бир бола дунёга келган кунидан бошлаб ота-оналари, жамият ва давлат томонидан кўрсатиладиган зарурий парвариш, таъмин, шунингдек, моддий, гигиеник ва маънавий кўмак олиш ҳуқуқига эга. Болага ҳам, онасига ҳам махсус парвариш ва ёрдам кўрсатиш қонунчиликда белгилаб қўйилади" (7-модда).
"Ислом боланинг асосий манфаатларини ҳимоя қилади, болага муҳаббат, эътибор кўрсатувчи ва хавфсизлигини асрашни таъминловчи табиий муҳит сифатида оилани муҳофаза этади" (8-модда).
"Билим олишга интилиш болага фарз ва мажбурият, уларга етарли билим берилишини таъминлаш эса жамият ва давлатнинг бевосита вазифаси ҳисобланади. Давлат таълим олишнинг имконият ва воситаларидан фойдаланишни таъминлаши, кишиларга инсоният бахт-саодати йўлида Ислом дини ва коинот илми билан танишиш имкониятини бериш учун билимларнинг ҳартомонлама бўлишини кафолатлаши керак".
"Ҳар бир киши турли ўқув юртларида ҳам диний, ҳам дунёвий билим олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир киши турли ижтимоий институтлар, шу жумладан, оила, мактаб, университет, оммавий ахборот воиталари ва бошқалар раҳбарлигида шахс сифатида ҳартомонлама шаклланиш, Аллоҳга имонини мустаҳкамлаш, мусулмонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳурмат қилиниши ва ҳимоя этилишини таъминлаш ҳуқуқига эга" (9-модда).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, фазийлатли шайх:
Бола ота – онаси ҳузуридаги омонатдир. Унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига ота – онаси ва мураббийси шерик бўладилар. Агар ёмонликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг гуноҳи валийсига бўлади. Валий уни сақлаши, таълим – тарбия бермоғи лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин. Уни ёмон болалардан сақласин. Неъматларга қизиқишга одатлантирмасин. Уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтирмасин. Токим катта бўлганда зебу зийнат ортидан юриб умрини зое қилмасин...
Юсуф Қарзовий, машҳур олим:
"Агар кимдир боланинг отаси эмаслигини билатуриб, унга оталикни даъво қилса, унга жаннат эшиклари ёпилгандир".
Ёт болани ўзиникидай қилиб рўйхатдан ўтказиб асраб олишни Ислом тақиқлаши сабаби хусусида Шайх бундай дейди:
"Ислом бола асраб олишнинг бу усулини табиий тартиб ва аслиятни сохталаштириш деб баҳолайди".
Бегона болани оилага аъзо қилиб олиш ва унга маҳрам бўлмаган аёллар билан унинг ёлғиз қолишига йўл бериш хатодир. Агар фарзанд асраб олишдан бошқа чора бўлмаса, асраб олинган болага унинг ҳақиқий ота-онаси ким эканини албатта айтиш ва зеҳнига сингдириш лозим. Акс ҳолда, жуда хунук оқибатлар келиб чиқади. Яъни, асранди бола ўзининг асл ота-онасини билмаса ёки билдирилмаса, катта бўлганида ўзининг ака-укаси ё опа-синглиси билан эр-хотин бўлиб қолишдек жирканч эҳтимоллар юз бериши мумкин. Аллоҳ асрасин.
Яқинда ишлаб чиқилган сунъий ҳомила қилишнинг илмий усулига келсак, у фақат "уруғ аёлнинг эридан олинмаганидагина" тақиқланади.
Маҳмуд Шалтут, Мисрдаги "Ал-Азҳар" дорулфунунининг собиқ шайхи:
"Бегона эркакнинг уруғидан фойдаланиб сунъий ҳомила пайдо қилиш зино қаторига қўшилади. Аёлни ўз эри уруғи ёрдамида сунъий ҳомиладор қилиш насл давомийлигининг қонуний усулидир".
Ҳаммод Абдуллатиф, таниқли олим:
"Бола учун масъулият ҳис этиш ва қайғуриш ҳам диний аҳамиятга, ҳам ижтимоий манфаатларга бирдай тааллуқли масаладир. Боланинг ота-онаси бор-йўқлигидан, уларнинг соппа-соғлиги ёки оғир хасталигидан, номи машҳурлиги ёки номаълумлигидан қатъи назар, болага энг зарур ёрдам кўрсатилиши зарур. Боланинг фаровонлиги учун масъул бўлган кишилар, улар боланинг яқинлари бўладими ёки васийлик қилувчиларми — барибир, ўз бурчларини бажариш учун бор куч-имкониятларини ишга солишлари керак. Агар боланинг яқин қариндошлари бўлмаса, унга ғамхўрлик кўрсатиш бу иш учун махсус тайинланган масъулларнинг ҳам, оддий фуқароларнинг ҳам, хуллас, бутун мусулмон жамиятининг умумий мажбуриятига айланади".
Муҳаммад Абдул Рауф, олим:
ЮНИСЕФ бундай аянчли маълумотларни келтиради: ер юзида 2,6 милён бола СПИД хасталиги вирусини ташувчи саналади, бу хасталик 5 милён боланинг отаси ёки онасининг ҳаётига зомин бўлган. Йилига бир милён бола ноқонуний жинсий бузуқликлар савдосининг молига айланади.
Исломга кўра:
— Болалар ҳуқуқи улар туғилган кундан бошлаб кучга киради.
— Қизлар ва ўғил болалар ота-оналари томонидан эътибор ва ғамхўрликда баб-баравар ҳуқуқларга эгадилар. Улар тегишли озиқ-овқат, кийим-кечак, соғлиқни сақлаш ва таълим олишга ҳақлидирлар.
— Қиз-ўғиллар баравар илм олиш ҳуқуқига эгадирлар. Қуръоннинг илк нозил бўлган ояти "Ўқи!" деб бошланган. Пайғамбар (у зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) илм олишни ҳар бир муслим ва муслимага фарз деганлар.
— Агар она бошқа эрга тегса ва унинг янги эри яқин қариндош бўлмаса, болалар отанинг қариндошлари тарбиясига берилади.
— Рашкдан четланиш учун бирорта бола бошқаларига қараганда ота-онасининг кўпроқ имтиёз ва эътиборига сазовор бўлмаслиги керак.
— Ота ҳам, она ҳам болани яхши тарбиялашда, чиройли хулқ билан унга намуна бўлишда баравар масъулдирлар.
— Болаларни иқтисодий жиҳатдан эксплуататсия қилиш, корхона, дала-фермаларда ишлатиш, хонадонларда хизматкор сифатида ёллаш Ислом қоралаган маънавий жиноят ҳисобланади. Боланинг соғлиғи ва хавфсизлигига раҳна соладиган ҳар қандай иш қаттиқ тақиқланади.
— Болалар дам олиш ва ўйнаш ҳуқуқига эга. Уларни руҳий ва жисмоний тарбиялаш учун уларга отда юриш, сузиш, мерганлик каби спорт турлари билан шуғулланиш тавсия этилган.
— Оталар, Қуръон ҳукмига кўра, фарзандларини мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум этолмайдилар.
— Ёш болалар ҳам катталар каби жинояти ўз тасдиқини топмагунича айбсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. Улар одил судлов текширувига ва ўз ҳақларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларни жисмоний, руҳий қийнаш ва хўрлашнинг бошқа ҳар қандай усулларини қўллаш тақиқланади.
— Агар ота ёки она Исломга зид келадиган нарсани талаб қиладиган бўлсагина, болалар уларга бўйсунмаслиги мумкин.
— Исломда инсон ҳуқуқлари болалар ҳуқуқидан бошланади, улар маънавий тавсиялар бўлиб қолмасдан, шариатда қонуний мустаҳкамлаб қўйилган.
— Бола ҳуқуқи ҳар бир фуқаро учун ҳам, жамоа ва жамият учун ҳам мажбурий дастур ҳисобланади. Бола учун оила, фуқаролик жамияти ва ҳукумат масъулдир.
Интернет материаллари асосида тайёрланди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 258 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар