1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

А

Абд, Abd (ар.) – банда, қул, хизматкор (“Аллоҳнинг қули” маъносида) * 1) Абд ибн Замъа ибн Қайс ибн Абдушамс ибн Абдун (саҳобий, уммул мўминин Савда онамизнинг туғишган биродарлари), 2) Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Абу Муҳаммад (табаа тобеинлардан илм ўрганган, муҳаддис, ҳадис илмига оид таснифотлар муаллифи).

Аббод, Abbod (ар.) – кўп ибодат қилувчи; доимий тарзда, тинимсиз ибодат қилувчи; Аллоҳга ҳақиқий бандалик қилувчи.

Аббода, Аббода (ар.) – “Аббод”нинг муаннас шакли.

Аббос, Abbos (ар.) – довюрак, жасур, қўрқмас, ботир * 1) Аббос ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф Абулфазл ал-Қуроший ал-Ҳошимий (саҳобий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилар, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг отаси), 2) Аббос ибн Мирдос ибн Абу Омир Абул Ҳайсам ас-Суламий (машҳур саҳобий), 3) Аббос ибн Убайдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб ал-Қуроший ал-Ҳошимий (тобеин).

Абдол, Abdol(ар.) – тоат-ибодат қилувчи.

Абдузоҳир, Abduzohir(ар.) – барча нарсадан устун, олий, атрофдаги нарса ва ҳолатлар Унинг зоҳирлигига далолат қилувчи Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулатиф, Abdulatif (ар.) – лутф кўрсатувчи, карамли, мулойим, меҳрибон, ҳар бир нарсанинг ўта дақиқ ва нозик жиҳатларигача билиб турувчи Аллоҳнинг бандаси * Абдулатиф ибнАбдулъазиз ибн Амийнуддин ал-Кармоний (ҳанафий фақиҳи, фиқҳга оид “Шарҳул мажмаъил баҳройн”, усулга оид “Шарҳул манор” асарлари муаллифи).

Абдулъаввал, Abdul’avval(ар.) – бошланишининг аввали бўлмаган, барча нарсадан аввал бўлган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулъафувв, Abdul’afuvv(ар.) – бандаларининг гуноҳу маъсиятларини кенг раҳмати билан кечириб юборувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулъаҳад, Abdul’ahad(ар.) – Ўз зоти ва сифатида Яккаю Ёлғиз бўлган Аллоҳнинг бандаси.

Абдулъадл, Abdul’adl(ар.) – адолатли, мутлоқ адолат қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулъазиз, Abdulaziz (ар.) – куч ва қувват Эгаси, ҳеч қачон мағлуб бўлмайдиган, барча нарсадан Ғолиб келувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулъазиз ибн Усайд ат-Тоҳий ал-Басрий (тобеин), 2) Абдулъазиз ибн Башир ибн Каъб ал-Адавий ал-Басрий (тобеин), 3) Абдулъазиз ибн Абдуллоҳ ибн Холид ибн Усайд Абул Ҳажжож ал-Қуроший ал-Умавий (тобеин), 4) Абдулъазиз ибн Марвон ибн Ҳакам ал-Қуроший ал-Умавий (кичик тобеин, халифа Абдулмаликнинг туғишган биродари, машҳур халифа Умар ибн Абдулъазизнинг отаси), 5) Абдулъазиз ибн Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб Абу Муҳаммад ал-Қуроший ал-Адавий (табаа тобеин), 6) Абдулъазиз ибн Абу Ҳозим Салама ибн Дийнор ал-Маданий Абу Таммом (табаа тобеин, муҳаддис ва фақиҳ, Ибн Ҳанбал у ҳақида: “Мадинада Моликдан кейин Ибн Абу Ҳозимдан ҳам фақиҳроқ бирон олим бўлмаган”, деган).

Абдулъазим, Abdul’azim(ар.) – инсон ақли ва тафаккури тасаввур қила олмайдиган даражада улуғ ва буюк Аллоҳнинг бандаси.

Абдулъалий, Abdulaliy(ар.) – жуда олий мартабали бўлган Аллоҳнинг бандаси * Абдулъалий Муҳаммад ибн Низомиддин Муҳаммад Абу Аббос ал-Ансорий (машҳур ҳанафий фақиҳи, “Баҳрул улум” лақаби билан танилган, кўплаб асарлар муаллифи).

Абдулъалим, Abdul’alim(ар.) – барча ҳодиса ва нарсаларнинг ботиний ва зоҳирий, энг нозик ва энг катта жиҳатларигача Билувчи, илми мазкур нарсаларни мукаммал суратда қамраб олган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулбарр, Abdulbarr(ар.) – бандаларига чексиз яхшиликлар қилувчи, лутфу карами ва эҳсонининг чеки бўлмаган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулбасийр, Abdulbasiyr(ар.) – ҳар бир нарсани кўриб турувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулборий, Abdulboriy(ар.) – йўқдан бор қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулбосит, Abdulbosit(ар.) – Ўз карами ва раҳмати билан хоҳлаган бандасининг ризқини кенг қилувчи, бандаларнинг ҳаётлик чоғларида жасадлари ичидаги руҳларини қўйиб юборувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулботин, Abdulbotin(ар.) – махлуқотлар назаридан беркинган, уларга кўринмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулбоқий, Abdulboqiy(ар.) – ўхшаши йўқ бўлган нарсаларни йўқдан бор қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулвадуд, Abdulvadud(ар.) – Ўзининг валий ва солиҳ бандаларини яхши кўрувчи, валий ва солиҳ бандалари томонидан севилувчи Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулвакийл, Abdulvakiyl(ар.) – бандаларининг ишларини амалга ошириб, уларга манфаат етказишга кафил бўлган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулвалий, Abdulvaliy(ар.) – ёрдам берувчи, валий бандаларини яхши кўрувчи, бутун оламдаги махлуқотларнинг ишларини бошқариб, таваллий қилиб турувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулваҳҳоб, Abdulvahhob (ар.) – бандаларига эваз ёки бирон ғаразни ният қилмаган ҳолда кўплаб неъмат ва инъомларни доимий суратда ато этувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулваҳҳоб ибн Бухт Абу Убайда ал-Қуроший ал-Умавий (тобеин), 2) Абдулваҳҳоб ибн Абу Бакр ал-Маданий (табаа тобеин), 3) Абдулваҳҳоб ибн Ҳакам ибн Нофеъ Абулҳасан ал-Варроқ (Имом Аҳмаднинг шогирдларидан), 4) Абдулваҳҳоб ибн Аҳмад ибн Али ал-Ҳанафий (ҳанафий фақиҳи, “Мадорикус соликийн ва иршодут толибийн ила маротибил ъулмоъ ал-ъомилийн” асари муаллифи).

Абдулвожид, Abdulvojid(ар.) – хоҳлаган нарсасини хоҳлаган вақтида топувчи, ҳеч қачон фақир бўлмайдиган даражада бой Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулволий, Abdulvoliy(ар.) – барча нарсанинг Эгаси, уларни тасарруф этувчи Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулворис, Abdulvoris(ар.) – барча махлуқотлар ўлиб кетганидан кейин ҳам боқий қолувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулворис ибн Абу Ҳанифа ал-Куфий (катта табаа тобеин), 2) Абдулворис ибн Саид ибн Заквон Абу Убайда ат-Тамимий ал-Анбарий (табаа тобеин).

Абдулвосиъ, Abdulvosi’(ар.) – раҳмати барча нарсадан кенг, хоҳлаган бандасининг ризқини кенгайтирувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулвоҳид, Abdulvohid (ар.) – Яккаю Ягона, шериги бўлмаган Зот – Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулвоҳид ибн Айман Абулқосим ал-Қуроший ал-Махзумий (кичик тобеин), 2) Абдулвоҳид ибн Абдуллоҳ ибн Буср ал-Мозиний ал-Ҳимсий (кичик тобеин), 3) Абдулвоҳид ибн Қайс Абу Ҳамза ас-Суламий (кичик тобеин), 4) Абдулвоҳид ибн Зиёд Абу Бишр ал-Абдий (табаа тобеин), 5) Абдулвоҳид ибн Али ибн Умар ибн Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Бурҳон (фиқҳ, сарф-наҳв ва тарихга оид асарлари бор, жумладан “Ал-Ихтийару фил-фиқҳ” асари муаллифи).

Абдулжаббор, Abduljabbor (ар.) – махлуқотлари устидан мутлоқ Ғолиб, уларга Ўзи хоҳлаган амр ва наҳийларни жорий қилувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулжаббор ибн Воил ибн Ҳажар Абу Муҳаммад ал-Ҳазромий ал-Куфий (тобеин, Алқама ибн Воилнинг туғишган биродари), 2) Абдулжаббор ибн Аббос ал-Ҳамдоний ал-Куфий (катта табаа тобеин), 3) Абдулжаббор ибн Вард ибн Абу Вард ал-Қуроший ал-Махзумий (катта табаа тобеин), 4) Абдулжаббор ибн Умар Абу Умар ал-Айлий ал-Қуроший ал-Умавий (катта табаа тобеин).

Абдулжалил, Abduljalil(ар.) – улуғлик сифатини ўзида жамлаган, буюк, улуғ, олий Зот – Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулжалил ибн Ҳумайд Абу Молик ал-Яҳсобий (катта табаа тобеин), 2) Абдулжалил ибн Атийя Абу Солиҳ ал-Қайсий (катта табаа тобеин).

Абдулкабир, Abdulkabir(ар.) – ўта улуғ, махлуқотлари устидан мутлоқ Ҳоким, азалий, абадий Зот – Аллоҳнинг бандаси * Абдулкабир ибн Абдулмажид ибн Абдуллоҳ Абу Бакр ал-Басрий (кичик табаа тобеин).

Абдулкарим, Abdulkarim (ар.) – карами ва саховати чексиз бўлган, инъом қилиш билан хазинаси камайиб қолмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулкарим ал-Уқайлий ал-Басрий (кичик тобеин), 2) Абдулкарим ибн Рашид (кичик тобеин), 3) Абдулкарим ибн Абдураҳмон ал-Бажалий ал-Куфий (табаа тобеин), 4) Абдулкарим ибн Муҳаммад Абу Муҳаммад ал-Журжоний ал-Қозий (табаа тобеин).

Абдуллоҳ, Abdulloh (ар.) – Ўз зоти ва сифатида Ягона бўлган, Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ бўлмаган, ибодат қилинишга энг муносиб Зот – Аллоҳ таолонинг бандаси (ҳадис шарифда айтилишича, Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлган исм) * 1) Абдуллоҳ ибн Усмон (Абу Қуҳофа) ибн Омир ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб Абу Бакр Сиддиқ ат-Таймий ал-Қуроший (машҳур саҳобий, Исломдан олдинги исми “Абдулкаъба” бўлган, насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Мурра ибн Каъбда бирлашган), 2) Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ибн Ҳабиб Абу Абдураҳмон ал-Ҳузалий (машҳур саҳобий, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яқин сирдошларидан, у зот вафот этганларидан сўнг Куфа байтул молига раҳбарлик қилган), 3) Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб Абул Аббос ал-Қуроший ал-Ҳошимий (машҳур олим саҳобалардан, “таржаманул қуръан” (Қуръони каримнинг таржимони, муфассири шарафига сазовор бўлган), 4) Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб Абу Абдураҳмон ал-Адавий (машҳур саҳобий, олтмиш йил давомида одамларга фатво берган, Маккада энг охирги вафот этган саҳобий), 5) Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом ал-Қуроший ал-Асадий (ҳижратдан сўнг Мадинада биринчи туғилган саҳобийлардан, Зубайр ибн Аввом ва Асмоъ бинти Абу Бакр розийаллоҳу анҳумоларнинг ўғли, машҳур саҳобий), 6) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (Қурайш қабиласидан бўлган машҳур саҳобий), 7) Абдуллоҳ ибн Абдулъасад ибн Ҳилол ибн Умар Абу Салама (саҳобий, илк иймон келтирганлардан, Умму Салама онамизнинг аввалги завжаси, Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилган, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашиб, жароҳат олган ва кейинчалик шу сабабли вафот этган).

Абдулманнон, Abdulmannon(ар.) – бандаларига покиза ризқ ва неъматларни муттасил тарзда бериб турувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмажид, Abdulmajid(ар.) – шуҳрати ниҳоятда чексиз, қадри баланд, карамининг чеки йўқ ва ўта сахий бўлган Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулмажид ибн Абу Язид Абу Ваҳб ал-Уқайлий ал-Омирий (тобеин), 2) Абдулмажид ибн Суҳайл ибн Абдураҳмон ибн Авф Абу Ваҳб ал-Қуроший аз-Зуҳрий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси), 3) Абдулмажид ибн Абдулъазиз ибн Раввод Абу Абдулҳамид ал-Аздий (кичик табаа тобеин).

Абдулмалик, Abdulmalik (ар.) – барча мулк ва тасарруфотларнинг ҳақиқий Эгаси, Ундан ўзга эга йўқ бўлган Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулмалик ибн Муғийра ибн Навфал ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф Абу Муҳаммад ал-Қуроший ал-Ҳошимий (тобеин), 2) Абдулмалик ибн Саид ибн Сувайд ал-Ансорий ал-Маданий (тобеин), 3) Абдулмалик ибн Убайд (кичик тобеин), 4) Абдулмалик ибн Абдулъазиз ибн Журайж Абулвалид (ўз даврида Ҳижоз аҳлининг имоми, Ҳарами шарифнинг фақиҳи бўлган).

Абдулматийн, Abdulmatiyn(ар.) – ўта қувватли ва матонатли, бирон ишни амалга оширгач, Уни чарчоқ ҳам, заифлик ҳам тутмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулможид, Abdulmojid(ар.) – шон-шуҳрат Эгаси, қадри баланд, карамли ва сахий Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмуаххир, Abdulmuaxxir(ар.) – хоҳлаган нарсасини ортга суриб, уларни ўз жойига қўювчи, ким ёки нима ортга сурилишга муносиб бўлса, ортга сурувчи Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмужийб, Abdulmujiyb(ар.) – бандаларининг ихлос ва хушуъ билан қилган дуоларини қабул қилувчи, уларга ижобат этувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмунтақим, Abdulmuntaqim(ар.) – ғазабини қўзғаган бандаларидан интиқом олиб, уларни жазоловчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмусоввир, Abdulmusovvir(ар.) – ҳар бир махлуқотига ўзига яраша, ўзга махлуқотлардан ажралиб турадиган даражада сурат берувчи, бандаларига оналари қорнида турган ҳолларида Ўзи ҳохлаган тарзда сурат-шакл берувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмутаъолий, Abdulmuta’oliy(ар.) – бандаларининг У Зотга нисбатан айб тақашларидан Олий, бошқа бандаларининг ҳамду саноларидан Олий, бандаларнинг қилаётган солиҳ амаллар ва маъсиятларидан Олий бўлган Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмуъизз, Abdulmu’izz(ар.) – бандаларидан кимни хоҳласа иймон йўлига ҳидоят қилиб азизу мукаррам қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмуқийт, Abdulmuqiyt(ар.) – махлуқотларини омонликда сақловчи, уларнинг насибасини тақсимловчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмуқоддим, Abdulmuqoddim(ар.) – хоҳлаган нарсасини олдинга суриб, уларни ўз жойига қўювчи, ким ёки нима олдинга сурилишга муносиб бўлса, олдинга сурувчи Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмуқсит, Abdulmuqsit(ар.) – Ўз ҳукмида, жазо бериши ва маҳрум этишида ҳам адолатли бўлган Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмуқтадир, Abdulmuqtadir(ар.) – куч-қудратга чексиз, ниҳоятда қудратли Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмуҳаймин, Abdulmuhaymin(ар.) – барча нарсани кузатиб турувчи, уларни Ўз ҳифзида ҳимоя қилувчи, махлуқотларининг ҳар қандай ҳолатидан огоҳ бўлиб, уларни кузатиб турувчи, ишончли, ваъдасига вафо қилувчи Аллоҳнинг бандаси * Абдулмуҳаймин ибн Аббос ибн Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий ал-Ансорий ал-Маданий (табаа тобеин).

Абдулмуҳсий, Abdulmuhsiy(ар.) – ҳар бир нарсани Ўз илми билан ҳисобга олувчи, илми барча нарсани қамраб олган, ҳар бир нарсанинг энг дақиқ – нозик жиҳатларини ҳам, эътиборга молик бўлган аҳамиятли томонларини ҳам инобатга олувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмуғний, Abdulmug’niy(ар.) – бандалари орасидан кимни хоҳласа ўшани беҳожат ва бой қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулмўмин, Abdulmo’min(ар.) – дунёда жамики бандаларига омонлик берувчи, Охиратда эса фақат мўмин бандаларигагина омонлик берувчи, омонатга вафо қилувчи, бандаларига жаннат ҳақида башорат бериб, бунинг тасдиқи ўлароқ Қиёмат кунида уларни жаннатга киритувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулмўмин ибн Холид Абу Холид ал-Ҳанафий (катта табаа тобеин), 2) Абдулмўмин ибн Абдуллоҳ Абу Убайда ас-Садусий (табаа тобеин).

Абдулъохир, Abdul’oxir(ар.) – махлуқотлар ўлиб кетганидан сўнг ҳам боқий қолувчи, ҳеч қачон ўлмайдиган, охири бўлмаган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулфаттоҳ, Abdulfattoh(ар.) – бандаларига ризқ ва раҳмат эшикларини очувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулхобийр, Abdulxobiyr(ар.) – ҳар бир нарсанинг ҳам зоҳирий, ҳам ботиний жиҳатларидан хабардор бўлган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулхолиқ, Abdulxoliq(ар.) – аввал йўқ бўлган нарсаларни Яратувчи, ҳар бир нарсани аниқ ўлчов ва мезон билан халқ қилувчи * 1) Абдулхолиқ (кичик тобеин), 2) Абдулхолиқ ибн Салама Абу Равҳ аш-Шайбоний (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси).

Абдулхофиз, Abdulxofiz– (қаттиқ “х” ва “зод” ҳарфи билан) кофир, мушрик ва осий бандаларининг мартабаларини пасайтирувчи Аллоҳнинг бандаси.

Эслатма: мазкур исмни “Абдулҳафиз” билан адаштириб юбормаслик лозим.

Абдулқайюм, Abdulqayyum(ар.) – ўз-ўзидан қоим бўлувчи ва бошқаларни ҳам қоим қилувчи, ҳар бир нарсанинг устида гувоҳ бўлиб турувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулқаҳҳор, Abdulqahhor(ар.) – барча махлуқотларидан устун, уларга Ўзининг адолатли ҳукмини юргизувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулқобиз, Abdulqobiz(ар.) – Ўз ҳикмати билан баъзи бандаларининг ризқини тор қилувчи, ўлим чоғида бандалари руҳини олувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулқовий, Abdulqoviy(ар.) – куч-қувват Эгаси, бирон амални бажаришга заифлик қилмайдиган, мутлоқ қудрат Эгаси бўлган Аллоҳнинг бандаси.

Абдулқодир, Abdulqodir(ар.) – ҳар бир нарсага қодир бўлган, хоҳлаган ишини қилишдан ожиз қолмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулқоҳир, Abdulqohir (ар.) – 1) Абдулқоҳир ибн Сиррий Абу Рифоъа ас-Суламий (табаа тобеин, Қайс ибн Ҳайсамнинг ўғилларидан), 2) Абдулқоҳир ибн Абдуллоҳ (табаа тобеин), 3) Абдулқоҳир ибн Шуайб ибн Абу Саид ал-Ҳабҳоб ал-Миъвалий (табаа тобеин), 4) Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Бағдодий (усули фиқҳ уламоларидан).

Абдулқуддус, Abdulquddus(ар.) – ҳар қандай айб, камчилик ва нуқсондан пок, мукаммал Зот – Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулқуддус ибн Ҳажжож Абу Муғийра ал-Хавлоний (кичик табаа тобеин), 2) Абдулқуддус ибн Бакр ибн Хунайс Абу Жаҳм ал-Куфий (кичик табаа тобеин), 3) Абдулқуддус ибн Муҳаммад ибн Абдулкабир ибн Шуайб ибн Ҳабҳоб Абу Бакр ал-Миъвалий ал-Ҳабҳобий (табаа тобеинлардан илм олганлардан).

Абдулғаний, Abdulg’aniy (ар.) – махлуқотларнинг ҳожатини раво қиладиган, Унинг эса ҳеч қимга ҳожати тушмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулғаний ибн Абдуллоҳ ибн Нуъайм ибн Ҳаммам ал-Қайний ал-Урдуний (катта табаа тобеин), 2) Абдулғаний ибн Толиб ал-Ғониймий ад-Димашқий (ҳанафий фақиҳи, “Китабул-лубоб шарҳул қудурий” ва бошқа асарлар муаллифи), 3) Абдулғаний ибн Аҳмад ибн Абдулқодир ар-Рофеий ал-Фаруқий (фақиҳ).

Абдулғафур, Abdulg’afur(ар.) – бандаларнинг гуноҳларини кечириб, уларнинг айб-камчиликларини беркитувчи.

Абдулғаффор, Abdulgaffor (ар.) – ҳақиқий тавба ва истиғфор қилувчи бандаларининг хато, камчилик ва гуноҳларини доимий суратда кечириб турувчи, уларнинг нуқсонларини беркитувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулғаффор ибн Ҳакам ал-Қуроший ал-Умавий (табаа тобеинлардан илм олганлардан), 2) Абдулғаффор ибн Довуд ал-Бухорий (табаа тобеинлардан илм олганлардан), 3) Абдулғаффор ибн Довуд ибн Маҳрон ибн Зиёд ибн Раддод ибн Робийъа ибн Сулаймон ибн Умайр Абу Солиҳ ал-Бакрий (табаа тобеинлардан илм олганлардан).

Абдулҳай, Abdulhay(ар.) – доимо тирик, ҳеч қачон ўлмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдулҳакам, Abdulhakam(ар.) – мутлоқ Ҳоким, ҳеч ким Унинг ҳукмига эътироз билдириб, қаршилик кўрсата олмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулҳакам ибн Абдуллоҳ ал-Қасмалий ал-Басрий (кичик тобеин), 2) Абдулҳакам ибн Заквон ас-Садусий ал-Басрий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси).

Абдулҳаким, Abdulhakim(ар.) – ҳар бир тадбирини ҳикмат билан, мукаммал ҳолда амалга оширувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулҳалим, Abdulhalim(ар.) – бандаларнинг исёнидан тезда ғазаби келмайдиган, уларга имкон берувчи, осий бандаларига азоб беришга шошилмайдиган, уларни фақат мавриди келгандагина жазоловчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулҳамид, Abdulhamid (ар.) – ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай шароит ва замонда ҳамду санога энг муносиб, бандалари томонидан тинимсиз мақталиб, ҳамду-сано айтилиб туриладиган Зот – Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдулҳамид (тобеин, Бани Ҳошим қабиласининг мавлоси), 2) Абдулҳамид ибн Дийнор (тобеин), 3) Абдулҳамид ибн Солим Абу Солим (тобеин, Амр ибн Зубайрнинг мавлоси), 4) Абдулҳамид ибн Абдураҳмон ибн Зайд ибн Хаттоб Абу Умар ал-Қуроший ал-Адавий (тобеин), 5) Абдулҳамид ибн Мунзир ибн Жоруд ал-Абдий ал-Басрий (кичик тобеин), 6) Абдулҳамид ибн Жубайр ибн Шайба ибн Усмон ибн Абу Талҳа ал-Қуроший ал-Абдарий ал-Маккий (кичик тобеин).

Абдулҳасийб, Abdulhasiyb(ар.) – кифоя қилувчи, махлуқотлари кифоя қиладиган даражада ризқлантирувчи, Қиёмат кунида бандаларини ҳисоб қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулҳафиз, Abdulhafiz(ар.) – Ўзи хоҳлаган муддат мобайнида махлуқотларини ҳалокатдан сақлаб турувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулҳақ, Abdulhaq(ар.) – мавжудлиги ҳақиқатан тасдиқланган ҳақ Зот, ҳақни зоҳир қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдулҳодий, Abdulhodiy(ар.) – хоҳлаган бандасини Тўғри Йўлга ҳидоят қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдунофиъ, Abdunofi’(ар.) – хоҳлаган бандасига манфаат келтирувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдуроббиҳ, Abdurobbih (ар.) – Раббининг (яъни, Аллоҳнинг) бандаси * 1) Абдуроббиҳ ибн Саид ибн Қайс ибн Амр ал-Ансорий ан-Нажжорий (кичик тобеин), 2) Абдуроббиҳ ибн Атоъ ал-Қуроший (табаа тобеин), 3) Абдуроббиҳ ибн Нофеъ Абу Шиҳоб ал-Киноний (табаа тобеин).

Абдураззоқ, Abdurazzoq (ар.) – ризқларни яратиб, уларни махлуқотларига етказувчи, махлуқотларини доимий ризқлантириб турувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдураззоқ ибн Умар Абу Бакр ад-Димашқий (табаа тобеин), 2) Абдураззоқ ибн Ҳаммам ибн Нофеъ ал-Ҳимярий (кичик табаа тобеин, ишончли ҳадис ровийси, Суфён ибн Уйайнанинг устози, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маиъйнларнинг шогирди), 3) Абдураззоқ ибн Умар Базийъ ал-Базийъий (табаа тобеинлардан дарс олганлардан), 4) Абдураззоқ ибн Умар ибн Муслим ад-Димашқий (табаа тобеинлардан даср олганлардан).

Абдурауф, Abdurauf(ар.) – ўта Меҳрибон, ниҳоятда Шафқатли, Раҳмли Аллоҳнинг бандаси.

Абдурашид, Abdurashid(ар.) – Тўғри Йўлга ҳидоят қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдураҳим, Abdurahim(ар.) – Меҳрибон, Раҳмли, Қиёмат кунида фақат мўминларни Ўз раҳматига олувчи, улардан Ўзига ҳақиқий иймон келтирганларнинг гуноҳларини кечириб, жаннатга киритувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдураҳим ибн Сулаймон Абу Али ал-Киноний (табаа тобеин, ишончли ровий, бир неча таснифотлари бор), 2) Абдураҳим ибн Маймун Абу Марҳум ал-Маданий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси), 3) Абдураҳим ибн Ҳорун Абу Ҳишом ал-Ғассоний (кичик табаа тобеин), 4) Абдураҳим ибн Абдураҳмон ибн Муҳаммад Абу Зиёд ал-Муҳорибий (табаа тобеинлардан илм олганлардан), 5) Абдураҳим ибн Муторриф ибн Унайс ибн Қудома Абу Суфён ар-Рувосий (табаа тобеинлардан илм олганлардан).

Абдураҳмон, Abdurahmon (ар.) – ўта карамли, бутун махлуқотларига – мўминга ҳам, кофирга ҳам, ҳайвонот ва бошқа мавжудотларга Меҳрибон, уларни доимий ризқлантириб турувчи Аллоҳнинг бандаси (ҳадиси шарифда айтилишича, Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлган исмлардан бири) * 1) Абдураҳмон ибн Авф ибн Абдуъавф ибн Абд ибн Ҳорис ибн Заҳро Абу Муҳаммад ал-Қуроший (машҳур саҳобий, ашараи мубашшарлардан), 2) Абдураҳмон ибн Сохр Абу Ҳурайра ад-Давсий (машҳур саҳобий, саҳобалар ичиданНабий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган киши саналади, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 5344 та ҳадис ривоят қилган, жоҳилият давридаги исми “Абдушамс” бўлган, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни “Абдураҳмон” деб атаганлар), 3) Абдураҳмон ибн Абза ал-Хузоий (саҳобий), 4) Абдураҳмон ибн Абу Бакр Сиддиқ ибн Абу Қуҳофа Абу Абдуллоҳ (саҳобий), 5) Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон (ҳанафий фақиҳи, “Мажмаул анҳур фий шарҳи мултақол абҳур” ва “Назмул фаваид фий масаилил хилаф фит тавҳийд” асарлари муаллифи).

Абдурофиъ, Abdurofi’(ар.) – мўмин бандаларининг мартабасини баланд қилувчи, авлиё бандаларини Ўзига яқинлаштирувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдуроқийб, Abduroqiyb(ар.) – ҳар бир нарсани кузатиб, билиб турувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдусалом, Abdusalom (ар.) – айбу нуқсонлардан саломат, Пок, бандаларини ҳалокатлардан сақлаб, уларга омонлик, офият берувчи, хотиржамлик бахш этувчи Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдусалом ибн Абу Ҳозим Абу Толут ал-Абдий ал-Қайсий (тобеин), 2) Абдусалом ибн Ҳафс Абу Мусъаб ал-Лайсий (катта табаа тобеин), 3) Абдусалом ибн Абу Жануб ал-Маданий (табаа тобеин), 4) Абдусалом ибн Ҳарб ибн Силм Абу Бакр ан-Наҳдий ал-Мулоий (табаа тобеин), 5) Абдусалом ибн Шуайб ибн Ҳабҳоб ал-Миъвалий ал-Басрий (кичик табаа тобеин).

Абдусамад, Abdusamad(ар.) – мутлоқ Ҳоким, доимий барҳаёт турувчи, ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган, аксинча Унга барча махлуқотларнинг ҳожати тушадиган Зот – Аллоҳнинг бандаси * 1) Абдусамад ибн Маъқил ибн Мунаббиҳ ал-Йамоний (катта табаа тобеин), 2) Абдусамад ибн Абдулворис ибн Саид Абу Саҳл ат-Тамимий ал-Анбарий (кичик табаа тобеин), 3) Абдусамад ибн Абдулваҳҳоб Абу Бакр ал-Ҳазромий (табаа тобеинлар илм олганлардан), 4) Абдусамад ибн Сулаймон ибн Абу Матар Абу Бакр ал-Атакий (табаа тобеинлардан илм олганлардан).

Абдусамиъ, Abdusami’(ар.) – ҳар бир нарсани эшитиб турувчи, бўлаётган ҳар қандай воқеа ва ҳодиса унинг эшитиши ва илмидан холи бўлмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абдусобур, Abdusobur(ар.) – ўта сабрли, гуноҳкор ва осий бандаларини жазолашга шошилмайдиган, балки уларга узоқ муддат имконият берувчи, ҳидоят йўлига юриб, ўзларини ислоҳ қилишлари учун шароит яратувчи меҳрибон Аллоҳнинг бандаси.

Абдутаввоб, Abdutavvob(ар.) – бандаларининг ихлос билан қилган тавбаларини доимий суратда, ҳар қандай шароитда қабул қилувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдушакур, Abdushakur(ар.) – итоаткор ва солиҳ амаллар қилувчи бандаларига ниҳоятда кўп миқдорда савоб берувчи, оз амал қилувчи бандаларига ҳам ниятларига яраша кўп ажр-савоб берувчи Аллоҳнинг бандаси.

Абдушаҳийд, Abdushahiyd(ар.) – ҳар бир бўлаётган ҳодисаниг устида ҳозир бўлиб турувчи, ҳеч бир нарса Унинг гувоҳлигидан четда қолмайдиган Зот – Аллоҳнинг бандаси.

Абон, Abon(ар.), (э.и.) – 1) Абон ибн Усмон ибн Аффон Абу Саид ал-Қуроший ал-Умавий (тобеин, мужтаҳид фақиҳ, Амр ибн Усмоннинг туғишган биродари), 2) Абон ибн Солиҳ ибн Умайр ибн Убайд Абу Бакр ал-Қуроший (кичик тобеин), 3) Абон ибн Абу Айёш Абу Исмоил ал-Басрий (кичик тобеин), 4) Абон ибн Язид Абу Язид ал-Басрий (катта табаа тобеин), 5) Абон ибн Абдуллоҳ ибн Абу Ҳозим ибн Сохр ибн Айла ал-Бажалий ал-Аҳмасий ал-Куфий (катта табаа тобеин).

Аброр, Abror(ар.) – пок, солиҳ, тақводор.

Абубакр, Abubakr(ар.) – гуноҳсиз, маъсум боланинг отаси; сўзма-сўз.“Бакрнинг отаси”.

Абубашир, Abubashir(ар.) – хушхабар келтирувчи; сўзма-сўз. “Хушхабар келтирувчининг отаси”.

Абулкарам, Abulkaram(ар.) – сахий, саховатли, карами кенг.

Абулмаҳосин, Abulmahosin(ар.) – келишган, чиройли; яхшилик соҳиби.

Абулфазл, Abulfazl(ар.) – яхшиликлар соҳиби, фазилат эгаси.

Абулфайз, Abulfayz(ар.) – файзли; олийжаноб, саховатли, мурувватли.

Абулфараж, Abulfaraj(ар.) – қийинчиликлардан чиқиб кетувчи, мусибатларга мардонавор сабр қилиб, уларни енгиб ўтувчи.

Абулхайр, Abulxayr (ар.) – хайр-барака ва яхшилик соҳиби * Абулхайр Насриддин Байзовий Абдуллоҳ ибн Умар (машҳур муфассир, “Анварут-танзийл” асари муаллифи).

Абулқосим, Abulqosim(ар.) – тақсимловчи, улашувчи. сўзма-сўз. “Қосимнинг отаси”.

Абулҳасан, Abulhasan(ар.) – яхшилик ва эзгулик соҳиби.

Абусаид, Abusaid(ар.) – бахтли, саодатли, омадли.

Абусаодат, Abusaodat(ар.) – бахт ва омад эгаси, муваффаққият соҳиби.

Абяз, Abyaz(ар.), (э.и.) – ранги оқ; нурли, равшан; чиройли.

Абқорий, Abqoriy(ар.) – жаноб, саййид; энг яхши; энг сараси.

Абқория, Abqoriya(ар.) – гўзал, жамила (“Абқорий”нинг муаннас шакли).

Аввом, Avvom (ар.) – жуда чопағон отнинг номи * 1) Аввом ибн Ҳамза ал-Мозиний ал-Басрий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган), 2) Аввом ибн Ҳавшаб ибн Язид Абу Исо аш-Шайбоний ар-Рубаъий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган), 3) Аввом ибн Убод ибн Аввом ал-Воситий (табаа тобеинлардан илм олганлардан).

Авлиё, Avliyo(ар.) – “Валий”нинг кўплик шакли. Маъноси: “Аллоҳнинг яқин бандаси”.

Авн, Avn (ар.) – ёрдам, кўмак, мадад, (“Наср” исмининг бошқа шакли) * 1) Авн ибн Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ ас-Сувоий ал-Куфий (тобеин), 2) Авн ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд Абу Абдуллоҳ ал-Ҳузалий (тобеин), 3) Авн ибн Абу Шаддод Абу Маъмар ал-Уқайлий (кичик тобеин), 4) Авн ибн Солиҳ ал-Бориқий (катта табаа тобеин).

Авона, Avona(ар.), (э.и.) – “Авн” билан маънодош.

Авс, Avs (ар.) – 1) Авс ибн Абу Авс Ҳузайфа ас-Сақофий (саҳобий, Умар ибн Авснинг отаси), 2) Авс ибн Абу Авс ас-Сақофий (саҳобий), 3) Авс ибн Сомит ал-Ансорий ал-Хазражий (саҳобий, Убода ибн Сомитнинг туғишган биродари), 4) Авс ибн Замъож ал-Куфий (катта тобеин), 5) Авс ибн Абдуллоҳ Абул Жавзоъ ар-Робаъий (тобеин).

Авсат, Avsat (ар.) – ўртача, ўртаҳол * Авсат ибн Исмоил Абу Исмоил ал-Бажалий (катта тобеин, ишончли ҳадис ровийси).

Авф, Avf (ар.) – меҳмон; ҳолати ва вазияти яхши бўлган киши * 1) Авф ибн Молик ибн Абу Авф Абу Ҳаммод ал-Ашжаъий ал-Ғатафоний (саҳобий), 2) Авф ибн Молик ибн Назла Абул Аҳвас ал-Ашжаъий ал-Жушамий (тобеин), 3) Авф ибн Ҳорис ибн Туфайл ибн Сахбара ал-Аздий (тобеин).

Авфо, Avfo(ар.), (э.и.) – берган ваъдасига вафо қилувчи, аҳдини бажарувчи.

Адиб, Adib(ар.) – устоз, мураббий, тарбиячи; одобли.

Адиба, Adiba(ар.) – “Адиб”нинг муаннас шакли.

Адий, Adiy (ар.) – 1) Адий ибн Ҳотим ибн Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Ҳазраж ибн Тоий Абу Ваҳб (машҳур саҳобий, ҳижрий еттинчи йилда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб мусулмон бўлган, отаси Ҳотим Тоий ўз саховати билан машҳур бўлган), 2) Адий ибн Зайд ал-Ансорий (саҳобий), 3) Адий ибн Умайра Абу Зурора ал-Киндий (саҳобий).

Адолат, Adolat(ар.) – ҳақ, тўғрилик, адолат, одиллик белгиси.

Адҳам, Adham(ар.) – қора рангли; қимматбаҳо, ноёб.

Ажлон, Ajlon (ар.) – солиҳ амалларга шошилувчи * 1) Ажлон ал-Маданий (тобеин, Мушмаъилнинг мавлоси), 2) Ажлон ал-Маданий (тобеин, Фотима бинти Утба ибн Робийъанинг мавлоси, Муҳаммад ибн Ажлоннинг отаси).

Ажмал, Ajmal(ар.), (э.и.) – энг чиройли, энг гўзал.

Азаматуллоҳ, Azamatulloh(ар.) – Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги, азамати (“Кибриёуллоҳ” исми билан маънодош).

Азизберган, Azizbergan(ар.-ўз.) – куч ва қувват Эгаси – Аллоҳ берган фарзанд.

Азизберди, Azizberdi(ар.-ўз.) – “Азизберган” билан маънодош.

Азизқул, Azizqul(ар.-ўз.) – куч ва қувват Эгаси бўлган Аллоҳнинг бандаси.

Азимберган, Azimbergan(ар.-ўз.) – улуғ ва буюк Зот Аллоҳ берган фарзанд.

Азимберди, Azimberdi(ар.-ўз.) – “Азимберган” билан маънодош.

Азимқул, Azimqul(ар.-ўз.) – улуғ ва буюк Аллоҳнинг бандаси.

Азмия, Azmiya(ар.) – азму қарорли, бир сўзли, кучли ирода соҳибаси бўлган аёл.

Азро, Azro (ар.), (а.и.) – бокира; ҳаёли, иффатли; маъсума; чиройли, гўзал.

Азҳар, Azhar (ар.) – аниқ, равшан; ёруғ, нурафшон; чиройли, хушбичим * 1) Азҳар ибн Рошид ал-Басрий (кичик тобеин), 2) Азҳар ибн Саид ал-Ҳарозий ал-Ҳимярий ал-Ҳимсий (кичик тобеин), 3) Азҳар ибн Абдуллоҳ ибн Жамиъ ал-Ҳарозий ал-Ҳимярий ал-Ҳимсий (кичик тобеин).

Айёш, Ayyosh (ар.) – “Оиш”нинг кучайтирма шакли * 1) Айёш ибн Абу Робийъа Амр ибн Муғийра ибн Абдуллоҳ Абу Абдуллоҳ ал-Қуроший (саҳобий), 2) Айёш ас-Суламий (тобеин), 3) Айёш ибн Амр ал-Омирий ат-Тамимий ал-Куфий (кичик тобеин), 4) Айёш ибн Уқба ибн Кулайб Абу Уқба ал-Ҳазромий (катта табаа тобеин).

Айёша, Ayyosha(ар.) – “Айёш”нинг муаннас шакли.

Айман, Ayman (ар.) – ўнг томон соҳиби * 1) Айман ибн Хурайм ибн Ахром ибн Шаддод ибн Амр ибн Фотик Абу Атийя ал-Асадий (саҳобий эканида ихтилоф қилишган, баъзилар уни тобеин, дейишган), 2) Айман (тобеин), 3) Айман ал-Ҳабаший ал-Маккий ал-Қуроший ал-Махзумий (тобеин), 4) Айман ибн Собит Абу Собит ал-Куфий (тобеин), 5) Айман ибн Нобил Абу Имрон ал-Ҳабаший (кичик тобеин).

Айюб, Ayyub (қад.яҳ.) – қилган хато ва гуноҳларига пушаймон чекувчи, афсусланувчи; сабр-бардошли; тавбага юзланувчи * 1) Айюб ибн Амвас ибн Барзоҳ алайҳис салом (Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бири, насаби Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳис саломга бориб етади), 2) Айюб ибн Башир ибн Саъд ибн Нуъмон ибн Акол ибн Лавзон ибн Ҳорис ибн Умайя ибн Муовия ибн Молик Абу Сулаймон ал-Ансорий ал-Муовий ал-Маданий (катта тобеин), 3) Айюб ибн Холид ибн Сафвон ибн Авс ибн Жобир ибн Қурт ибн Қайс ал-Ансорий ан-Нажжорий ал-Маданий (тобеин), 4) Айюб ибн Абдуллоҳ ибн Микроз ибн Ҳафс ибн Ахйаф ал-Қуроший ал-Омирий (тобеин), 5) Айюб ибн Ховт Абу Умайя ал-Басрий (кичик тобеин).

Акиф, Akif(ар.) – ғайратли, ҳаракатчан; бирон ишга қаттиқ киришиб, уни мукаммал суратда бажарувчи.

Акифа, Akifa(ар.) – “Акиф”нинг муаннас шакли.

Акмал,Akmal(ар.) – комил, мукаммал, етук.

Акмалуддин, Akmaluddin(ар.) – иймон комил бўлган банда.

Акрам, Akram(ар.) – энг сахий, қўли очиқ; ҳурматли, эътиборли, обрўъли; энг тақводор.

Алвон,Alvon(ар.) – “Алибилан маънодош.

Алёс, Alyos– “Илёс” исмининг бошқа кўриниши.

Али, Ali (ар.) – юксак, олий, юқори мартабали * 1) Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф Абул Ҳасан ал-Қуроший ал-Ҳошимий (машҳур саҳобий, амирул мўминин, ашараи мубашшаралардан, Хадийжа онамиздан сўнг иймон келтирган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоғларида тарбияланган), 2) Али ибн Толқ ибн Мунзир ибн Қайс ибн Амр ал-Ҳанафий ал-Ямомий (саҳобий), 3) Али ибн Шайбон ибн Муҳриз ас-Суҳаймий ал-Ямомий ал-Ҳанафий (саҳобий, Абдураҳмон ибн Али ибн Шайбоннинг отаси), 4) Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб Абул Ҳусайн ал-Қуроший ал-Ҳошимий (машҳур тобеин, “Зайнул обидийн” лақаби билан машҳур бўлган), 5) Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмуттолиб Абу Муҳаммад ал-Қуроший ал-Ҳошимий (тобеин, Али ибн Абу Ҳамла у ҳақида: “Али ибн Абдуллоҳ бир кунда минг марта сажда қилар эди”, деб айтган), 6) Али ибн Холид ад-Дувалий ал-Маданий (тобеин, ишончли ҳадис ровийси), 7) Али ибн Ҳакам Абул Ҳакам ал-Буноний (кичик тобеин).

Алиаббос, Aliabbos (ар.) – “Али” ва “Аббос” исмларининг бирикмаси.

Алиакбар, Aliakbar(ар.) – “Али” ва “Акбар” исмларинингбирикмаси.

Алибек, Alibek(ар.-ўз.) – “Али”га “бек” қўшимчаси қўшиб ясалган исм.

Алимберган, Alimbergan(ар.) – ҳар бир нарсанинг асл ҳақиқатидан мутлоқ хабардор бўлган Аллоҳ берган бола.

Алимберди, Alimberdi(ар.-ўз.) – “Алимберган” билан маънодош.

Алимқул, Alimqul(ар.-ўз.) – ҳар бир нарсанинг асл ҳақиқатидан мутлоқ хабардор бўлган Аллоҳнинг бандаси (“Абдулъалим” исмининг ўзбекча шакли).

Алишер, Alisher(ар.-фт.) – шердек жасур ва қўрқмас бўлсин деган ниятда қўйиладиган исм.

Ал-Йасаъ, Al-Yasa(ар.) – кўпаювчи, кенгаювчи * 1) Ал-Йасаъ ибн Шофот (Аллоҳ таолонинг пйғамбарларидан бири, Илёс алайҳис саломдан сўнг Бани Исроилга пайғамбар бўлган, тахминан милодддан аввалги 840 йилларда вафот этган, Ал-Йасаъ алайҳис саломнинг исми Қуръони каримнинг икки ўрнида – Анъом сурасининг 86-ояти ва Сод сурасининг 48-оятларида келган), 2) Ал-Йасаъ ибн Муғийра ал-Қуроший ал-Махзумий (тобеин).

Аллоҳберган, Allohbergan(ар.-ўз.) – Аллоҳ ато этган фарзанд.

Аллоҳберди, Allohberdi(ар.-ўз.)– “Аллоҳберган” исмининг ўзга шакли (Ушбу икки исм ва Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига “-берди”, “-берган” қўшимчалари қўшиб ясаладиган бошқа исмлар фарзанд туғилганда хурсандчилигини изҳор этиш, Аллоҳ таолога шукр ва ҳамд айтиш маъносида, келажакда у Аллоҳнинг ҳақиқий мўмин бандаларидан бўлсин деган мақсадда қўйилади).

Аллоҳқул, Allohqul(ар.-ўз.)– Аллоҳнинг бандаси (“Абдуллоҳ”нинг ўзбекчалашган шакли).

Ало, Alo (ар.) – юксалиш, юқорилаш; юқори мартаба * 1) Ало ибн Ҳазромий (саҳобий), 2) Ало ибн Абдураҳмон ибн Яъқуб Абу Шибл (кичик тобеин), 3) Ало ибн Зайд Абу Муҳаммад ас-Сақофий (кичик тобеин), 4) Ало ибн Ҳорис ибн Абдулворис Абу Ваҳб ал-Ҳазромий (кичик тобеин), 5) Ало ибн Абдуллоҳ ибн Рофеъ ал-Ҳазромий ал-Жазарий (катта табаа тобеин).

Алоуддин, Alouddin (ар.) – Ислом Динининг улуғлиги, буюклиги рамзи * 1) Алоуддин ибн Масъуд ибн Аҳмад Абу Бакр ал-Косоний (машҳур ҳанафий фақиҳи, “Бадоъеус сонаиъ фий тартибиш шароиъ”, “Ас-султонул мубийн фий усулид дийн” ва бошқа асарлар муаллифи), 2) Алоуддин Али ибн Халил Абул Ҳасан ат-Тароблусий (ҳанафий фақиҳи, Қуддус шаҳрида қозилик қилган).

Алқама, Alqama (ар.), (э.и.) – дарахт тури * 1) Алқама ибн Қайс ибн Абдуллоҳ ибн Молик Абу Шибл ан-Нахаъий (катта тобеин, Иброҳим Нахаъийнинг тоғаси,Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт эканликларида туғилган, Сиффин жангида қатнашган, саҳобалардан кўплаб ҳадислар ривоят қилган, Ироқ диёрининг фақиҳи бўлган), 2) Алқама ибн Ваққос ибн Миҳсон Абу Яҳё ал-Лайсий ал-Маданий (катта тобеин), 3) Алқама ибн Назла ибн Абдураҳмон ибн Алқама ал-Киноний (кичик тобеин).

Амал, Amal(ар.), (а.и.) – умид, ишонч, мурод.

Аматуллоҳ, Amatulloh(ар.), (а.и.) – Аллоҳнинг бандаси (“Абдуллоҳ” исмининг муаннас шакли).

Амин, Amin(ар.) – ишончли; омонатдор; хавфсиз, тинч, осойишта (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан бири – Муҳаммад Амин).

Амина, Amina(ар.) – “Амин”нинг муаннас шакли.

Аминуддин, Aminuddin (ар.) – Диндаги ишончли, омонатдор банда.

Аммор, Ammor (ар.) – кўп умр кўрувчи, узоқ яшовчи * 1) Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик Абул Йақизон ал-Ансий (машҳур саҳобий), 2) Аммор ибн Саъд ибн Оиз (тобеин), 3) Аммор ибн Абу Аммор Абу Умар ал-Маккий (тобеин), 4) Аммор ибн Зурайқ Абул Аҳвас аз-Зоббий (табаа тобеин).

Аммора, Ammora(ар.) – “Аммор”нинг муаннас шакли.

Амр, Amr (ар.) – яшовчи, умр кўрувчи * 1) Амр ибн Зоида ал-Қуроший ал-Омирий (саҳобий, Ибн Умму Мактум исми билан танилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззинлари, баъзи манбаларда унинг исми “Абдуллоҳ” деб келтирилган), 2) Амр ибн Ос ибн Воил Абу Абдуллоҳ ал-Қуроший (саҳобий, Миср диёрининг фотиҳи), 3) Амр ибн Ҳорис ибн Абу Зирор ибн Ҳабиб ибн Оиз ал-Хузоий ал-Мусталиқий (саҳобий, уммул мўминин Жувайрия онамизнинг акалари), 4) Амр ибн Умайя ибн Хувайлид ибн Абдуллоҳ ибн Иёс Абу Умайя аз-Зомрий (машҳур саҳобий, ўзининг жидду-жаҳди ва жасурлиги билан танилган), 5) Амр ибн Ахтоб ибн Рифоъа Абу Зайд ал-Ансорий (машҳур саҳобий).

Амра, Amra(ар.) – “Амр”нинг муаннас шакли.

Амриддин, Amriddin(ар.) – Ислом Динининг амри, буйруғи, фармони; Ислом аҳкомларига тўлиқ амал қилувчи солиҳ банда.

Амровайҳ, Amrovayh(ар.-форс.) – “Амр” билан маънодош.

Амруллоҳ, Amrulloh(ар.) – Аллоҳнинг амри, буйруғи; Аллоҳнинг амри – буйруғига итоат этувчи банда.

Анас, Anas (ар.) – дўст, ҳамроҳ; фараҳ, қувонч * 1) Анас ибн Молик ибн Назр ибн Замзам ибн Зайд ибн Ҳаром ибн Жундуб ибн Омир ибн Ғонм ибн Адий ибн Нажжор Абу Ҳамза ан-Нажжорий ал-Хазражий (машҳур саҳобий, кўп йиллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматларида бўлган), 2) Анас ибн Молик Абу Умайя ал-Каъбий ал-Қушайрий (саҳобий), 3) Анас ибн Сийрин Абу Мусо ал-Ансорий (тобеин), 4) Анас ибн Ҳаким аз-Зоббий ал-Басрий (тобеин).

Анбар, Anbar(ар.), (а.и.) – хушбўй, ёқимли, муаттар.

Анвар, Anvar(ар.) – энг нурли, энг ёруғ, жуда нурафшон; бахтли, толеъи баланд.

Анзират, Anzirat(фт.), (а.и.) – тенгсиз, беназир; ноёб, камёб.

Анис, Anis(ар.) – дўст, ҳамроҳ, улфат.

Аниса, Anisa(ар.) – “Анис”нинг муаннас шакли.

Анон, Anon(ар.), (а.и.) – булут; баланд мартабаларга эришувчи.

Ансор, Ansor(ар.) – ёрдам берувчи, кўмаклашувчи; Аллоҳ йўлида мўмин биродарларига ёрдам берувчи (Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб борган муҳожирларга ёрдам берган – уларни уй-жой ва озиқ овқат билан таъминлаб, Аллоҳ йўлида катта ёрдам кўрсатганлар “Ансорлар” деб аталади).

Ансора, Ansora– “Ансор”нинг муаннас шакли.

Аржаҳ, Arjah(ар.) – тўғри, маъқул; кучли далил эгаси; фикри асосли олим.

Арзақ, Arzaq (ар.) – ризқлантирилган, насибали, ризқли.

Арофат, Arofat(ар.) – ҳаж амали бажарувчилар Арафа куни тўпланадиган тепалик номи.

Аршад, Arshad(ар.) – ҳидоят топган, рушдга эришган.

Арқам, Arqam (ар.) – баён қилувчи; белгиловчи; ёзувчи * Арқам ибн Шураҳбил ал-Авдий ал-Куфий (тобеин, Ҳузайл ибн Шураҳбилнинг туғишган биродари).

Асадуллоҳ, Asadulloh(ар.)сўзма-сўз. “Аллоҳнинг шери”, маъновий жиҳатдан “Аллоҳнинг довюрак, жасур бандаси” маъносини англатади (Бу ном Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ал-Қуроший ал-Ҳошимий розийаллоҳу анҳунинг лақаби саналади).

Асбар,Asbar(ар.) – энг сабрли, бардошли.

Аслам, Aslam (ар.) – жуда соғлом; хотиржам, тинч-омон * 1) Аслам Абу Холид ал-Қуроший ал-Адавий (катта тобеин, Умар ибн Хаттобнинг мавлоси, Зайд ибн Аслам ва Холид ибн Асламларнинг отаси), 2) Аслам ибн Язид Абу Имрон ат-Тажибий ал-Мисрий (тобеин), 3) Аслам ал-Ижлий ар-Робаъий ал-Басрий (тобеин).

Асмар, Asmar (ар.) – бўғдойранг, жигарранг * Асмар ибн Музоррис ат-Тоий (саҳобий).

Асмоъ, Asmo(ар.), (а.э.и.) – юксак ва баланд мартабали * 1) Асмоъ бинти Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа (машҳур саҳобия, Зубайр ибн Аввомнинг завжаси, яъни Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг онаси), 2) Асмоъ бинти Язид ибн Сакан ибн Рофеъ ибн Имрулқайс ибн Абдулъашҳал Умму Салама ал-Ансорийя ал-Ашҳалийя (машҳур саҳобия), 3) Асмоъ бинти Зайд ибн Хаттоб ал-Қурошийя ал-Адавийя (саҳобия), 4) Асмоъ бинти Саид ибн Язид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ал-Адавийя (саҳобийя), 5) Асмоъ бинти Шакл ал-Ансорийя (саҳобийя), 6) Асмоъ бинти Умайс ал-Хосъамийя (саҳобия, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Маймуна бинти Ҳорисга она томондан сингил ёки опа бўлади), 7) Асмоъ бинти Абдураҳмон ибн Абу Бакр Сиддиқ (тобеийя).

Изоҳ: Юқорида келтирилган мисоллардан “Асмоъ” исми асосан аёлларга қўйилишини билиб олдик. Нодир ҳолларда эркакларга ҳам “Асмоъ” исми қўйилади. Масалан, Асмоъ ибн Ҳакам Абу Ҳассон ал-Фазорий деган тобеин ўтганлиги манбаларда зикр қилинган.

Асомиддин, Asomiddin(ар.) – Ислом Динининг тутқичи ёки таянчи.

Асъад, As’ad(ар.) – энг бахтли, энг саодатманд.

Асқад, Asqad(ар.) – жуда хурсанд, энг омадли, бахтли.

Атийя, Atiyya (ар.), (э.и.) – совға, ҳадя, туҳфа * 1) Атийя ал-Қурозий (саҳобий), 2) Атийя ибн Буср ал-Мозиний (саҳобий, Абдуллоҳ ибн Бусрнинг туғишган биродари), 3) Атийя ибн Буср ал-Ҳилолий (саҳобий), 4) Атийя ибн Омир (саҳобий), 5) Атийя ибн Урва ибн Саъд ас-Саъдий (саҳобий), 5) Атийя ибн Омир ал-Жуҳаний (катта тобеин).

Атиф, Atif(ар.) – меҳрибон, раҳмдил; мурувватли (инсон қалбининг сифати).

Атифа, Atifa(ар.) – “Атиф”нинг муаннас шакли.

Атиқ, Atiq(ар.) – озод бўлган, қутқарилган, холос бўлган, нажот топган (Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳунинг сифати. Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: “Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирди ва у зот: “Сен Аллоҳнинг “Атиқ”исан (яъни, Аллоҳнинг жаҳаннамдан озод қилган бандасисан)”, дедилар ва шундан бошлаб у “Атиқ” деб атала бошлади” (Имом Термизийривояти).

Атиқа, Atiqa(ар.) – “Атиқ”нинг муаннас шакли.

Ато, Ato (ар.) – ато қилинган нарса, совға, туҳфа * 1) Ато ибн Абу Рабоҳ Абу Муҳаммад ал-Қуроший ал-Фиҳрий (машҳур тобеин, Абу Хайсамнинг мавлоси, Макка аҳлининг муфтийси, Шофеъий фақиҳларидан бири), 2) Ато ибн Йасор Абу Муҳаммад ал-Ҳилолий (катта тобеин, уммул-мўминин Маймуна бинти Ҳориснинг мавлоси, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Салом ва бошқа саҳобалардан илм олган, ишончли ҳадис ровийси), 3) Ато ибн Фаррух ал-Ҳижозий ал-Маданий (тобеин), 4) Ато ибн Соиб ибн Молик Абу Муҳаммад ас-Сақофий ал-Куфий (кичик тобеин), 5) Ато ибн Ажлон Абу Муҳаммад ал-Басрий ал-Ҳанафий (кичик тобеин).

Атоуллоҳ, Atoulloh(ар.) – Аллоҳ берган совға, туҳфа (яъни, Раббим Аллоҳ берган бола).

Аттор, Attor(ар.) – мушку-анбар ва хушбўйликлар сотувчи; хушбўй бўлиб юрувчи.

Атқо, Atqo(ар.), (э.и.) – энг тақводор, Аллоҳга энг кўп тақво қилувчи (Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари).

Афзал, Afzal(ар.) – афзал, устун, юқори.

Афиф, Afif(ар.) – ҳаром ишлардан ҳаё қилувчи банда * 1) Афиф ал-Киндий (саҳобий), 2) Афиф ибн Амр ибн Мусаййиб ас-Саҳмий (кичик тобеин), 3) Афиф ибн Солим Абу Амр ал-Мусилий ал-Бажалий (табаа тобеин).

Афифа, Afifa(ар.) – “Афиф”нинг муаннас шакли – ҳаёли, номусли; бокира, маъсума.

Афлаҳ, Aflah(ар.) – дунё ва Охиратда нажот топувчи.

Афоф, Afof(ар.), (а.и.) – иффатли, ҳаёли, иболи, ор-номусли, бокира.

Афраҳ,Afrah(ар.)энг бахтли, энг саодатли; жуда хурсанд, қувноқ.

Афсаҳ, Afsah(ар.) – тили фасоҳатли, тили бурро; ширинсухан, нотиқ.

Аффон, Affon(ар.) – 1) Аффон ибн Сайёр Абу Саид ал-Боҳилий (табаа тобеин), 2) Аффон ибн Муслим ибн Абдуллоҳ Абу Усмон ал-Боҳилий (табаа тобеинлардан илм олганлардан).

Ашраф, Ashraf(ар.) – энг ҳурматли, шон-шарафи баланд.

Аъбад, A’bad(ар.) – Аллоҳ таолога ихлос билан энг кўп ибодат қилувчи.

Ақида, Aqida(ар.), (а.и.) – Ислом Динининг ақидаси, эътиқоди; эътиқоди тўғри ва ақидаси мустаҳкам банда.

Ақийл, Aqiyl (ар.) – ақлли, оқил, доно * 1) Ақийл ибн Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий ал-Маданий (тобеин, Абдураҳмон ибн Жобир ва Муҳаммад ибн Жобирларнинг туғишган биродари).

Ақийла, Aqiyla (ар.) – 1) Ақийла бинти Асмар ибн Музоррис (тобеийя), 2) Ақийла ал-Фазорийя (тобеийя, Бани Фазора уруғининг мавлоси, Али ибн Ғуробнинг бувиси).

Аҳлам, Ahlam(ар.) – энг мулойим, жуда ҳилмли.

Аҳмад, Ahmad (ар.) – мақтовга сазовор, олқишга муносиб (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Муҳаммад”дан сўнг иккинчи исмлари) * 1) Аҳмад ибн Муфаззал Абу Али ал-Қуроший ал-Умавий ал-Ҳафрий (табаа тобеин), 2) Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Али Абу Бакр ал-Байҳақий (машҳур муҳаддис, “Шуабул-иймон” ва шу каби кўплаб асарлар муаллифи), 3) Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил (ҳанафий фақиҳи, “Ҳошиятуд дуррил мухтор” асари билан машҳур бўлган), 4) Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Саломат ибн Салама Абу Жаъфар ал-Аздий ат-Таҳовий (Шофеий мазҳабиннинг етук фақиҳларидан бўлиб етишган, сўнгра Ҳанафий мазҳабига ўтган, “Ал-Мухтор фил фиқҳ” ва “Ал-Ихтилаф байнал фуқоҳа” асарлари муаллифи), 5) Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Қудурий ал-Ҳанафий (машҳур ҳанафий фақиҳи, “Мухтасурул Қудурий” асари муаллифи).

Аҳмадайюб, Ahmadayyub(ар.-қад.яҳ.) – “Муҳаммад” ва “Айюб” исмларининг бирикмаси.

Аҳмадали, Ahmadali(ар.) – “Муҳаммад” ва “Али” исмларининг бирикмаси.

Аҳмадамин, Ahmadamin(ар.) – ишончли ва тўғрисўз Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадбашир, Ahmadbashir(ар.) – иймон, тақволи ва солиҳ бандаларга жаннат башоратини берувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадзокир, Ahmadzokir(ар.) – Раббини бир зум ҳам унутмайдиган, доимо У Зотни зикр қилувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадзоҳид, Ahmadzohid(ар.) – зуҳду тақво қилувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадкозим, Ahmadkozim(ар.) – ғазаби чиққанда Аллоҳ розилиги учун ўзини босувчи, сабр қилувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадлатиф, Ahmadlatif(ар.) – илтифотли, мулойим бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадмансур, Ahmadmansur(ар.) – Аллоҳ таолонинг нусратига сазовор бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадмасдуқ, Ahmadmasduq(ар.) – содиқлиги ўзгалар томонидан тан олинган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадмаҳмуд, Ahmadmahmud(ар.) – мақталган, олқишланган ва бандалар ичида мақтовга энг муносиб бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадмухтор, Ahmadmuxtor(ар.) – Аллоҳ томонидан рисолатни етказиш учун танлаб олинган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадмуҳсин, Ahmadmuhsin(ар.) – ҳаммага бирдек яхшилик қилувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадмўмин, Ahmadmo’min(ар.) – Аллоҳ таолога ҳақиқий иймон келтирувчи, мўминларнинг энг иймони кучлиси ва энг тақводори бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадназир, Ahmadnazir(ар.) – бандаларни Охират азобидан огоҳлантирувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадрауф, Ahmadrauf(ар.) – меҳрибон, рамҳдил Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадрашид, Ahmadrashid(ар.) – тўғри йўлга бошловчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадраҳим, Ahmadrahim(ар.) – шафқатли, раҳмдил Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадсаййид, Ahmadsayyid(ар.) – инсониятнинг саййиди бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадсарвар, Ahmadsarvar(ар.-фт.) – Сарвари коинот Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадсиддиқ, Ahmadsiddiq(ар.) – ўта ростгўй бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадсобир, Ahmadsobir(ар.) – турли азият, кулфат ва балоларга сабр қилувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадсобит, Ahmadsobit(ар.) – тўғри йўлда собитқадам турувчи; ўз аҳдида мустаҳкам бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадсодиқ, Ahmadsodiq(ар.) – ростгўй, тўғрисўз бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадсолиҳ, Ahmadsolih(ар.) – салоҳиятли, Аллоҳнинг энг солиҳ бандаси бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадфозил, Ahmadfozil(ар.) – ақлли, доно ва ҳикмат эгаси бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадфотиҳ, Ahmadfotih(ар.) – куфр ва ширк диёрларига Ислом динини олиб кирувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадхалил, Ahmadxalil(ар.) – Аллоҳнинг яқин дўсти бўлган Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадшариф, Ahmadsharif(ар.) – ҳурматли, азиз ва улуғ Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадшакур, Ahmadshakur(ар.) – Ўз Раббига жуда кўп ва домий суратда шукр қилувчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадюнус, Ahmadyunus(ар.-қад.яҳ.) – “Аҳмад” ва “Юнус” исмларининг бирикмаси.

Аҳмадюсуф, Ahmadyusuf(ар.-қад.яҳ.) – “Аҳмад” ва “Юсуф” исмларининг бирикмаси.

Аҳмадяъқуб, Ahmadya’qub(ар.-қад.яҳ.) – “Аҳмад” ва “Яъқуб” исмларинниг бирикмаси.

Аҳмадқосим, Ahmadqosim(ар.) – кишилар ўртасида адолатли ҳукм қилувчи ва ўлжалар тақсимловчи Муҳаммаднинг уммати.

Аҳмадҳабиб, Ahmadhabib(ар.) – Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси Муҳаммаднинг уммати (“Аҳмадхалил” исми билан маънодош).

Аҳнаф, Ahnaf (ар.) – фақат Аллоҳгагина ибодат қилиб, ширк амаллардан йироқ юрувчи, Дин аҳкомларига ихлос билан амал қилувчи * Аҳнаф ибн Қайс ибн Муовия ибн Ҳусойн Абу Баҳр ат-Тамимий ас-Саъдий (катта тобеин, ишончли ҳадис ровийси. “Аҳнаф” мазкур тобеиннинг лақаби бўлиб, унинг асл исми “Заҳҳок”, бошқа манбаларда “Сохр” деб келтирилган).

Аҳсан, Ahsan(ар.) – энг чиройли, жуда кўркам; кишиларга кўп яхшилик қилувчи.

Ҳозир сайтимизда 135 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ