1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бола тарбиялаётган ота-онанинг ўзи тарбияланганми?

 

 

 

Одамлар орасида бўлганимизда болаларидан нолиб, шикоят қилиб, улардан меҳр-оқибат талаб қилиб юрганларни учратамиз, эшитиб қоламиз. Ҳатто фарзандларидан оқибат кўрмаётган  ота-оналарга ачиниб ноқобил фарзандлардан ёзғириб ҳам қўямиз, баъзида. Аммо биз кўп ҳолда вазиятга бир томонлама ёндашиб ўрганганмиз.  Мулоҳаза қилинганида  аён бўладики, айни чоғда ўғил-қизидан нолиб, фарзандларини меҳрсизликда айблаб юрганларнинг аксарияти болаларига берган тарбиясининг натижасидан “баҳраманд”  бўлишяпти.  Халқда, “ҳар ким экканини ўради” деган ибратомуз нақл бор. Бу ҳикмат айнан фарзанд тарбиясига  қарата айтилган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, бола тарбиясида ота-она

Экканини ўради!

Иттифоқо қаердир ўқиганим бир ҳикоят ёдимга тушди:
Бир йигит ўз oтaсини ҳaқoрaт қилиб ураётганини кўргaн oдaмлaр нaфрaтлaниб, у aдaбсиз ўғилгa ҳужум қилмoқчи бўлибдилaр. Йигитнинг oтaси эса oдaмлaрни тўxтaтиб:
— Бирoдaрлaр, ўғлимгa ҳужум қилмaнг, бу ишдa ўғлим эмaс, ўзим aйбдoрмaн. Йигитлигимда бир кун xудди мaнa шу eрдa oтaмни ҳaқoрaт қилиб ургaндим. Oтaмгa қилгaн aндишасизлигим жaзoсини ўзим ҳам тортиб турибмaн. Отaмгa қaндaй муoмaлa қилгaн бўлсaм, бугун ўшaндaй муoмaлa ўз ўғлимдaн қaйтди. Экканимни ўраяпман, биродарлар. Мeн oтa-oнaмни ҳурмaт қилмaдим, диллaрини oғритдим. Улaр мeндaн нoрoзи бўлиб кeтдилaр. Энди ўғлим aйбдoр эмaс, бирoдaрлaр, aйб ўзимдa,- дeб ўксиниб-ўксиниб йиғлaган экан, йигит oтaсининг сўзлaридaн тaъсирлaниб, дoд-фaрёд қилибди. Дaрҳoл oтaсини қучoқлaб, ўпиб, ундaн узр сўрaбди. Oтa ҳaм ўғлининг гунoҳини кeчириб юборган экан.
Қиссадан ҳисса лўнда: ҳар ким экканини ўради.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бола атак-чечак қадамлар билан дунёга қадам ташлаётган бир пайтда, биз — ота-оналик масъулиятини тўла англамай, унинг мартабасидан ҳаволаниб юрган бир тўп ғофиллар фарзандимизга энага ёллаб ёки опа ё синглимиз, умуман бирор яқинимизга ташлаб пул топиш, мол-дунё йиғиш дардида изғиб юраверамиз.  Ора-сирада сўраганларга, “бола-чақани деб югуриб юрибмиз-да” деб қўямиз. Ҳаттоки фарзандларимизга  “сизларни деб куну туним баробар бўлиб тентирайман, сизлар учун ишлаяпман” деб писанда қилиб қўйишни ҳам унутмаймиз. Умуман олганда, фарзандимизга маънавият, одоб-ахлоқ, бурч ва масъулиятни ўргатишимиз керак бўлган пайтларда биз дунёвий ҳаваслар оғушида маст бўламиз. Ён-атрофимиздагиларга қараб ҳасад ва кибрдан ёрилай деймиз.  Югурамиз, чопамиз. Кечқурун нажот истаб, меҳр кутиб оёқларимизга ёпишган қизалоғимизни жаҳл билан нари итарамиз:
—    Бор, ёпишма, нариги хонага ўтиб ўйналаринг! Ўзим итдай чарчаб, бир аҳволда келдим..
Мунчоқдек кўзларига мунг тўлади бояқишнинг. Тирикчилик ташвишида тошдан қаттиқлашиб қолган қалбимиз жигарбандимиз кўзидаги мунгни қайдан англасин?! Ёки фақат пул топиш, қўшнимиздан бойиб кетиш режасидаги ўйлар ғалаёнида нотинч бўлган ҳиссиз юрагимиз билан бугун мактабда аъло баҳо олиб, ўқитувчисидан олқиш эшитган ўғилчамизнинг қувончига қандай шерик бўламиз?! Ўзимиз, ўзимиз уларни меҳрсиз, тошбағир қилиб ўстирамиз. Ҳали мурғаклигидаёқ юракчаларини тошга айлантириб бораверамиз, бораверамиз...  Кези келиб, қилмишларимиз пировардида болаларимиздан оқибат кўрмай, эътиборга муҳтож бўлиб қолганимизда эса таниган-танимаганларга зурриётларимиздан шикоят қилиб айюҳаннос солиб юрамиз. Афсуски, шундай...

Отанинг дастидан...
—    Асли водий шаҳарларининг бириданман. Эллик йил аввал Тошкентга узатилдим. Онам, “тоғамнинг ўғлига сени узатаман, орадаги қариндошлик ришталари узилмасин” дегандилар. У пайтлари ота-онанинг истаги ҳукм ўрнида эди, кўнмай қаёққа ҳам борардим. - дейди таҳририятга қўнғироқ қилиб кўз ёшларини тиёлмай аччиқ қисматини ҳикоя қилган онахон. - Бизга “хотин эрнинг мулки, эркак нима қилганда ҳам хотин сабр билан чидаш бериши керак, эрдан келган озорни эҳтиром билан қабул қилишинг лозим” деб тарбия берганлар. Турмуш қурганимиздан то ҳанузгача, эримдан бир оғиз яхши гап эшитмадим, бир бурда беминнат нон емадим. Лекин тиш ёриб бировга дардимни дастурхон қилмаганман ҳам. Фақат ҳозирги айрим ёшларнинг арзимаган майда-чуйда дилхираликларни важ қилиб, эрига ҳурматсизлик қилиши, турмушдаги кичик қийинчиликлардан фожиа ясаб оиласини бузишгача бораётганини кўриб, эшитиб, тақдиримни мисол келтириш билан ундайларни тўғри йўлга бошлашни мақсад қилдим. Тақдирдан нолиш —Аллоҳга исён қилиш. Не кунларни кўрган бўлсам ҳам, тақдиримдаги  битик шу экан, деб сабр қилиб яшадим. Аммо эримнинг қилмишлари жабрини фарзандларим тортаётганини кўриб, тўғриси чидай олмаяпман. Бир неча марта кўчадан енгилтак аёлларни уйга бошлаб келиб, кўз олдимда хиёнат қилган. Камига мени таҳқирлаб, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, хўрларди. Оёғи гўрга борибди-ки, ақли кирмади, ўзини ўнгламади. Ҳозиргача менга кўзи тушса, илон пўст ташлайдиган ҳақоратларни ёғдиради. Ўй-фикри бузуқ хаёллар билан банд, зинокор эримнинг менга қилган жабру жафолари бир томон, бегуноҳ фарзандларимнинг отаси содир қилган қилғиликлар касрига қолаётгани бир томон бўлди. Айтсам, биров ишонмайди, Худога рост, иймонсиз эрим келинимга ёмон кўз билан қараб, ўғлимнинг гулдай оиласини бузди, икки неварам икки томонда сарсон бўлиб, бири ота, бири она меҳрига зор бўлиб ўсишяпти. Ўғлимни иккинчи маротаба уйлантирдим. Шукр, бахтимга келиним оқила, фаросатли чиқди. Чидаяпти, сабр қиляпти. Қизларим эри, қайнбўйинлари олдида хижолат чекиб, бўйнини қисиб юради. Болаларимнинг қисматида айбдор бўлмай, қизларим борган жойида таъна -маломат эшитмай, тиниб-тинчиб кетишсин деб эримдан кўрган зулмларни бировга билдирмадим. Қариган чоғида чолим биздан бўлак яшаяпти.

Маҳалла -куйда яна ўғлимнинг боши эгик...
Одам боласи фарзандини ўйламаса, унининг тақдирига дахлдорлигини, ҳар бир яхшилигию ёмонлиги ажрини фарзандида кўришини англамаса, кечирасизу ҳайвондан баттар бўлиб қоларкан-да. 
Айримлар ота ё она бўлишни фақат насл қолдириш деб ўйлайди, назаримизда. Ваҳоланки, Яратган Эгам насл қолдириш хусусиятини ҳайвонлару  паррандаларга, умуман ер юзидаги барча жонзотга тақдир қилган. Қўполроқ қилиб айтганда бола туғдиришу бола туғишга ваҳший ҳайвонлар ҳам қодир. Инсоннинг фарқи —тарбияда, масъулиятда, фарзандига инсоний фазилатларда ўрнак бўлишда! Биз вазиятнинг шу томонини ҳисобга оляпмизми? Аниқ ишонч билан айта оламизки, ҳамма ва ҳамиша ҳам эмас! Хўш, нега? Сабаблар кўп. Асосийси эса

Ота-онанинг фарзанд тақдирига эътиборсизлиги!
Моҳиятан таҳлил қиладиган бўлсак, болаларимизни жуда ёш, ҳали улар ўзлари болалигидаёқ, оиланинг муқаддаслигини ҳис қиладиган бўлмаслариданоқ уйлантирамиз, узатамиз. Ота-онасидан, ўз оиласида меҳр кўрмаган, эсини таниб дунёга назар ташлаганидан кўргани пул топиш, тўкин яшаш учун эрта кетиб кеч қайтадиган ота-онасини кўрган бола эртага турмуш қуриб, фарзандли бўлгач, боласига қандай тарбия берсин? Ундай оиладан чиққан одам  дунёда “тарбия” деган сўз борлигини, фарзандли бўлган кишининг елкасига масъулият юкланишини қандай англасин?!
—    Айрим пайтларда эримнинг қилғиликларини кўриб ҳам жаҳлим чиқади, ҳам раҳмим келади,- дейди бир дугонам. Эр-хотин уйда болалар билан ўтирганимизда, ўғилчамними, қизчамними ўйната туриб уларни йиғлатиб қўяди. Бир куни қизчам тўлиқиб - бўғриқиб йиғлаб олдига келди. Нима гаплигини сўрасам, “дадам бурнимдан чимчиладилар, қаранг қон оқяпти” деб қон тўла кафтчасини кўрсатди. Ўғимнинг ҳам сонларини кўкартириб чимчилайди, баъзан болалар ўйнайдиган ўйинчоқларни яшириб қўйиб уларни йиғлатиб ўзи роҳатланади. Руҳий касалми, деб ўйласам, туппа тузук ақлли, олий маълумотли врач бўлса. Ўйласам, биз хўжайиним билан синфдош эдик. Ўқувчилик давримизда у тез-тез юз-кўзи қонаган, боши ёрилган, гоҳида қўллари гипсда мактабга келарди. Болалар, “дадаси ичиб келиб онасига қўшиб буларни ҳам дўппослайди” деб масхара қилишарди. Улғайиб жамиятда ўрнини топган бўлса-да, ҳануз болалигида кўрган кечирганлари ҳаётида таъсир кўрсатяпти. Эрим ёмон одам эмас, болаларимизни ҳам яхши кўради. Лекин меҳрини кўрсатиш учун уларга озор етказиб қўйишини тушунмайди. Унинг феълидаги бу хусусиятлар ҳақида таниш руҳшунос билан суҳбатлашганимда, у  “эрингиз оиласида ота-онасидан меҳр кўрмай ўсган. Балки болалигида ота-онаси болаларининг кўз олдида кўп жанжаллашишган ёки эрингизни кўп калтаклашган, бу унинг руҳиятида чуқур из қолдирган. Шунинг учун ҳам эрингиз болаларига ўзи истамаган ҳолатда озор беради” деди. Унинг гапларини эшитиб тўғриси эримга жуда раҳмим келди. Ахир руҳшунос уни тўлиқ билмайди, болаликдаги ўтмишидан бехабар ҳолатда эримга тўғри ташхис қўйганди-да. Ҳаётда оилавий муҳит, ота-онанинг фарзандига муносабати ҳар қадамда кишига таъсир кўрсатишига яна бир бор амин бўлдим...

Оиламиз нотинч эди...
Ёшликнинг бебош кўчаларида янглиш қадам қўйган ёш-ёш қизчалар, ахлоқ тузатиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган йигитчаларни суҳбатга тортсангиз, жавоблар бир-бирини такрорлайди:
—    ... Онам ўлганидан кейин дадам бошқа хотинга уйландилар. Биз билан қизиқмадилар. Қаерга боришимни, кимлар билан учрашишимни сўрамасдилар...
—    ... Дадам ҳар куни ичиб келиб онамни дўппослардилар, онамни қутқармоқчи бўлсам мени ҳам урардиар. Уйдан чиқиб кетганман...
—    ...Ота-онам хорижга ишлагани кетганлар. Бизга бувим қарардилар. Уларга қулоқ солмай шу йўлга кириб кетганман...
—    ...Оиламиз нотинч эди. Ураш жанжаллардан безиб, уйдан бош олиб кетгандим...- ва ҳоказо ва ҳоказолар... 
Фарзандимиз тақдирида салбий таъсирни энг аввал ўзимиз берамизу, лекин ҳеч қачон айбимизни тан олмаймиз. Тан олгимиз келмайди. Аксинча, қоқилиб бурни қонаган боламизни баттарроқ койиймиз:
—    Кўзингга қарасанг бўлмайдими? Сен қачон одам бўласан-а?!..

Юракдаги оғриқ
—    Ота-онамнинг инон-ихтиёрлари билан турмушга чиққан эдим. Гарчи келинлик уйимда қайнона-қайнотам, эрим ва  қайнбўйинлардан бир оғиз ширин сўз, ҳурмат эътибор кўрмаган бўлсам-да, аввало фарзандимни деб, қолаверса, ота-онамнинг обрўларини ўйлаб ҳар қандай  йўл билан бўлса ҳам оиламни сақлаб қолишга уриндим, -дейди маълум сабабларга кўра турмуши бузилган ҳамкасб опамиз.- Аммо ҳеч иложи бўлмади, барибир дарз кетган оилани асраб қололмадим. Ажрашганимдан кейин бир бола билан ота уйимга қайтиб, кўрганим изтироб, эшитганим таънаю дашном бўлди. Тушкунликка тушиб, қийналиб-эзилиб юрганимда ота-онам маънавий қўллаб – қувватлаш, кўнглимни кўтариб, яхши кунларга умид уйғотиш ўрнига тинмай мени айблайверишарди.  Онам бир неча марта “Сенга асл матолардан қанча кўрпа-кўрпачалар қилгандим, сепингга фақат қимматбаҳо нарса-буюмлардан қилгандим. Шунча нарсани ўтга совурдинг” деб аллақайдаги буюмларга ачинардилару, менинг ўн йиллик умримга, кемтик бўлган кўнглимга, синган бахтимга ҳеч куйинмасдилар. Бошимга тушган оғир кунларни бир ўзим енгиб ўтдим. Болам билан ижарама-ижара юриб, не кунларни кўрмадим. Шукр, ҳаммаси ўтиб кетди. Ҳаётим изига тушиб кетди, қийин кунларимни эртакдай эслайдиган бўлдиму ота-онамнинг ўша пайтлардаги совуққонлиги бир умрга юрагимдан кетмайдиган доғ бўлиб қолди-да...
Эътибор берган бўлсангиз, мулоҳазаларимиз аввалидан охирига қадар фақат бир фикр атрофида — ота-онанинг фарзанд тақдирига дахлдорлик ҳиссини, бола фитратида ота-оналарнинг ўзлиги намоён бўлиши хусусида мушоҳада юритяпмиз. Замондош, сизнингча, бугунги кун ота-оналарининг ҳам юқоридаги хулосалар хусусида чуқурроқ ўйлаб кўришлари мавриди келмадимикан? Зеро, фарзандларимиз биздан кўра соғлом, ақлли, кучли ва албатта бахтли бўлишлари учун аввало улар юксак маънавият, гўзал ҳусну хулқ ҳамда энг чиройли тарбия билан зийнатланган бўлишлари даркор эмасми? Нима дедингиз?

Умида АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 299 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ